1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Бувайҳийлар -

Бувайҳийлар - Ғарбий Эрон ва Ироқтса ҳукмронлик қилган сулола (932-1055). Асосчилари - ака-ука Аҳмад, Ҳасан ва Али. Уларнинг отаси Бувайҳ (сулола номи шунинг исмидан олинган) Эрон подшоҳи Баҳром Гўр наслидан бўлиб, Дайлам (Гилон вилоятининг тоғлик қисми)дан жангари қавмлар сардори эди. Шу боисдан мазкур сулола вакиллари "дайламийлар" деб ҳам аталган. Бувайҳ 930 й. сомонийлардан ажраб чиқиб, зиёрийларга қўшилган. Зиёрийлар ҳукмдори Мардовиж (928-935) Бувайҳнинг ўғилларидан Алини Караж ш.га волий, Аҳмад ва Ҳасанни эса, йирик ҳарбий қисмларга бошлиқ қилиб тайинлаган. Сўнг, Б. 932-945 й.ларда Арражон, Нубинжон, Исфаҳон, Ҳамадон, Рай, Кирмон, Аҳвоз, Шероз ш.ларини босиб олганлар. Шунда Бағдод халифаси Ал-Мустакфий Биллоҳ (Абдуллоҳ) (944-946) ака-ука Б.ни ўзлари истило қилган вилоятларга ноиб этиб тайинлашга мажбур бўлиб, Алига "Имодуддавла" ("Давлат таянчи"), Ҳасанга "Рукнуддавла" ("Давлат устуни") ва Аҳмадга "Муъиззуддавла" ("Давлат қудрати") деган фахрий унвон берган. Кейин, Б. 945 й. Бағдодни ҳам босиб олиб, аббосийлар халифалигининг сиёсий мавжудлигига чек қўйганларда, амалда давлатни ўзлари бошқара бошлаганлар. 10-а.нинг 2-ярмида Б. қад. Эрон ҳукмдорларининг "шаҳаншоҳ" деган унвонини қабул қилганлар. Б.нинг энг машҳур вакили - Адудуддавла (949-983) мамлакатдаги барча улусларни бирлаштиришга муваффақ бўлган. Унинг даврида суғориш тармоқлари кенгайтирилган, Шероз, Бағдод ва б. ш.ларда катта қурилиш ишлари олиб борилган, иқтў ерлари кўпайтирилган, илм-фан ва санъат бирмунча тараққий этган. Адудуддавла вафотидан сўнг мамлакатда бошлаган тахт учун кураш оқибатида Б. заифлашиб қолиб, мамлакат ерларининг шарқий қисми Маҳмуд Ғазнавий томонидан ишғол этилган (1029 й.). Салжуқийларнинг 1055 й. қилган босқини эса, Б. сулоласи ҳукмронлигини бутунлай тугатган.