1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Баҳоулло -

Баҳоулло -  (араб. - Аллоҳ нури, жилоси; асл исми Мирзо Ҳусайн Али Нури) (1817 - 1892) - баҳоийлик асосчиси. Бобийлик ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаларидан. Мозандаронда туғилган. Бобийларнинг Эрон шоҳига уюштирган суиқасди муваффақиятсизликка учрагандан кейин Б. Ироққа қочган (1852), бу ерда ўзини Боб ишини давом эттирувчи ва худодан ваҳий олган маҳдий деб эълон қилган. 1858 йилда Бағдодда чиққан "Китоби иймон" ("Ишонч китоби") асарида Боб таълимотига бўлган муносабатини акс эттирган. 1873 йилда Фаластинда "Китоб ал-акдас" ("Энг муқаддас китоб") асарини ёзади, унда баҳоийлик таълимотининг асосий ғояларини баён этади. Кейинчалик Б. ўз таълимотини давом эттиришни катта ўғли Аббос афандига (тахаллуси Абдулбаҳо, 1920 й.в.э.) васият қилади. Унинг авлодлари ҳамон ўз ғояларини тарғиб этмоқда.