1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Баҳоуддин Нақшбанд -

Баҳоуддин Нақшбанд - Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин ан-Нақшбанд ал- Бухорий (кўпроқ Баҳоуддин ёки Хожа Баҳоуддин Балогардон, Хўжаи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳур) (1318-1389) - машҳур авлиё, нақшбандийлик. тариқатининг асосчиси. Бухоро вилояти ҳоз. Когон туманидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилиб, шу ерда вафот этди. Бу қишлоқ кейинчалик Б.Н. шарафига Қасри орифон деб аталган. Б.Н.нинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Унинг Муҳаммад пайғамбар авлодларига мансуб саййидзодалардан эканлиги қайд этилган. Отаси тўқувчи ҳамда ўйма нақш солувчи (нақшбанд) бўлган. Б.Н. ҳаётида бобосининг алоҳида хизмати бор. У сўфийлар билан яқин алоқада эди. Шу сабабли набирасида илоҳиётга катта қизиқиш уйғотди. Б.Н. Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, мавлоно Ориф, Халил ота, Қусам Шайх каби устозлардан сабоқ олди. Б.Н.нинг деярли бутун умри Бухоро ва унинг атрофидаги қишлокларда сўфийлик билан ўтган. У икки марта ҳаж қилган. Рарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати - деҳқончилик ва кейинроқ кимхобга нақш (гул) солиш билан кун кўрган. Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдулҳолиқ Ғиждувоний ғояларига асосланган. Таълимотининг асосида "Дил-ба ёр-у, даст-ба кор" ("Кўнгил Худода бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин") деган шиор ётади. Б.Н. тасаввуфдаги илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўтадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унингча, Аллоҳга интилиш кўнгил билан амалга ошиши керак. Қўл эса, иш - меҳнат билан банд бўлаверсин. Б.Н.нинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силкимай туриб ҳам Аллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлади. Б.Н.нинг Бухородаги қабри зиёратгоҳ ҳисобланади. Б.Н. ва унинг таълимоти ҳамда нақшбандий шайхлар тўғрисида талай асарлар яратилган. Биргана Узбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик ин-ти қўлёзмалар хазинасининг ўзида а нақшбандийликка доир 195 китоб мавжуд. Б.Н. таваллудининг 675 йиллиги (1993) Ўзбекистонда кенг нишонланди. Унга бағишлаб қатор асарлар нашр этилди, халқаро илмий анжуманлар бўлиб ўтди. Б.Н. номи билан боғлиқ ёдгорликлар қайта тикланди.