1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Барсиса -

Барсиса - Барсис - Қуръонда (59: 16-17) зикр этилган инсон номи. Қуръони каримда "Мана у (шайтон) инсонга деди: "Кофир бўл!" Инсон кофир бўлганида, у деди: "Мен сендан юз ўгардим. Мен бутун дунёнинг раббиси Аллоадан қўрқаман!" Уларнинг ҳар иккиси ҳам охир-оқибатда то абад дўзах ўтига ташландилар. Кофирларнинг ҳоли шу бўлур!". Бу оятлар Иблис-шайтоннинг тимсолини акс эттиришда жуда муҳимдир. Шайтон гарчи инсонни тўғри йўлдан оғдира олса ҳам, уни Аллоҳнинг ғазабидан ҳимоя эта олмайди. У Аллоҳга рақиб эмас, лекин унинг заиф душмани. Қиёматда шайтон ўзи йўлдан урган кишилари қаторида тенг жазоланади. Қуръони каримдан кейинги ривоятларда айтилишича, Б. исмли зоҳид ака-укалари томонидан ташлаб кетилган бемор қизнинг ҳол-аҳволидан бохабар бўлиб туришга розилик берган. Шайтоннинг сўзига кирган Б. зино иш қилиб, сўнгра жиноятини яшириш мақсадида қизни ўлдирган; қизнинг ака-укалари келганида Б. қизни хасталикдан вафот этганини айтган. Бироқ Шайтон ака-укаларга сингиллари ўлимининг асл сабабини етказган, улар зоҳидни ўлдириш қасдида тутиб олишган. Шунда Шайтон Аллоҳдан юз ўгириш эвазига уни халос этишини таклиф этган. Б. юз ўгирган, лекин шу заҳоти Шайтон ҳам ундан юз ўгирган. Бу ҳикоядан панд-насиҳатларга оид адабиётларда кенг фойдаланилади. Фуқаҳолар ундан Шайтоннинг усуллари, кирдикорларини кўрсатишда яққол мисол сифатида фойдаланадилар: инсоннинг ғойибона хоҳиш-истакларидан фойдаланиб, Шайтон уни гўё солиҳ амалларни (юқоридаги ҳолатда - бемор қизнинг ҳол- аҳволидан бохабар бўлиш) қилишга, аслида эса, уни ҳалокатга етакловчи амалларни бажо этишга ундайди.