1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Балъамий -

Балъамий - Абу Али Муҳаммад ибн Муҳаммад (? - 974 - Бухоро) - тарихчи олим, давлат арбоби. Сомонийлардан Абдулмалик ибн Нуҳ (954-961) ва Мансур ибн Нуҳ (961-976) замонида бош вазир бўлган. У 963 й. Табарий (839-923)нинг "Тарих ул-анбиё вар-расул вал мулук вал-хулафо" ("Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифалар тарихи") номли йирик асарини форс тилида қайтадан ёзган. Бу Шарқда 9-а.гача бўлган сиёсий воқеаларни ўзида акс эттирган, Ўрта Осиёда янги форс тилида битилган биринчи асар бўлиб, Табарийнинг араб тилида ёзилган ва Лейденда (1879-89) нашр этилган юқоридаги асарига қараганда аниқ маълумотларга бой ва айрим ҳолларда муфассалроқдир. Афтидан, Б. Табарий асарининг аввалги тўлароқ нусхаларидан фойдаланган. Б.нинг бу асари чет тилларига таржима қилинган. Мазкур китоб 1958 ва 1974 й.да тузатишлар билан Теҳронда 2 марта нашр этилди. Унинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланмоқда.