1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ақд -

АҚД (синонимлари ижоб, қабул, қубул, сиға) - битим, шартнома. Исломдаги А. меъёрлари жоҳилият ва Рим-Византия ҳуқуқий тасаввурларига бориб тақалади. Қуръони каримда А. - қасам билан мустаҳкамланган битим. Фиқҳда А. - ўзаро мажбуриятлар ҳақидаги икки ёки кўп томонлама шартнома бўлиб, шартноманинг мавзуи фақат мавжуд буюм ва муносабатлар бўлиши, унга келишувчи томонларнинг ҳуқуқи қўлланилиши лозим. Исломда битимга доир муносабатларнинг ягона назарияси ишлаб чиқилмаган, шу туфайли битим турлари ва шакллари ҳамда уларнинг кафолатлари турли гуруҳга мансуб фиқҳшунослар ва айрим фақиҳлар таъбири бўйича бир-бирига мос келмайди. Бироқ уларнинг аксарияти А.ни тўрт катта гуруҳга жамлайди: ҳокимият, васийлик, ҳимоялаш, раҳнамолик А.и ва б.; бирор нарсани сотиш, ҳадя этиш, мерос қолдириш, ён босиш ва б. йўл билан мулкка бўлган ҳуқуқни тўлиқ топширганлик ҳақидаги А.; ижара, топшириш, ваколат бериш, сақлаш, гаровга бериш ва б. йўл билан у ёки бу нарсага вақтинчалик эгалик қилиш ҳуқуқини топшириш ҳақидаги А.; ҳамкорлик, иш юзасидан топшириқ бериш, иш юзасидан шериклик ва б. ҳақидаги А. Ҳар қандай ақли расо инсон ижтимоий мавқеидан ва қайси динга мансублигидан қатъи назар А. тузиш ҳуқуқига эга. Лекин, кўпчилик фақиҳларнинг фикрича ўзаро қасам ичиб кафолат бериладиган ҳолатларда мусулмонлар билан ғайридинлар ўртасида А. мумкин эмас. Бошқа бир фақиҳлар буни мумкин деб ҳисоблайдилар, лекин бунда А. тузиш тартиби алоҳида бўлиши лозим. Балоғат ёшига етмаганлар ва ақли норасолар чекланган, маълум ҳоллардагина А. ҳуқуқига эга (мас., хайрия мақсадида ҳадя қилиш). А. тузиш вақтида томонлар унинг шартлари ва бу шартлар бузилган ҳолда бериладиган кафолатлар ҳақида тўлиқ хабардор қилинишлари лозим. А.ни расмийлаштириш тартиби маҳаллий урф-одатлар ва тайин шароитларга боғлиқ. Агарда қайси бир шахс худди А.тузилгандек ҳаракат қилса ва унга эътироз бўлмаса (васийлик бериш, ижара ва б.) А. ўтган давр ҳисобида ҳам тузилиши мумкин. Бир томонлама мажбурият (эҳсон қилиш, назорат ва б.) айримларнинг фикрича Аллоҳ билан тузилган битим яъни қасам сифатида қаралади, бошқаларнинг фикрига кўра эса - бутун жамоа билан тузилган битим деб қаралади, унда бошқа томоннинг вакили сифатида қози ёки ҳар қандай гувоҳ (шоҳид) бўлиши мумкин. Агарда битим мавзуи муҳим ёхуд ғайри оддий ёки томонлардан бири ишончсиз (фосиқ) бўлса А. тузилаётган вақтда учинчи бир шахснинг ҳозир бўлиши шарт ҳисобланади. Агарда барча зарурий шартларга риоя этилган бўлса, яъни томонларнинг акди жойида, битим мавзуи аниқ, мажбуриятлар келишилган бўлса, А. ҳақиқий (саҳиҳ) ҳисобланади. Бордию, улардан биронтаси бузилса, мас., янглишса ёки хабардор бўлмаса А. ҳақиқий эмас(фосид) деб топилади, лекин у камчиликлар бартараф этилгандан сўнг ҳақиқий бўлиши мумкин. Агарда қайсидир шартлардан бири умуман бўлмаган бўлса, мас., фирибгарлик, мажбур қилиш ва б. зўравонлик ҳолатларвда А. тўлиқ равишда яроқсиз (ботил) деб топилади.Борди-ю, томонлар етказилган зарарни қоплаш ҳақида бир битимга кела олишмаса, ҳар бир томон ҳам судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. А. шартларини қўпол суратда бузиш ҳолларида айбдорлар етказилган зарарни қоплашларидан ташқари жиноий жавобгарликка тортилади. Маиший турмушдаги келишув, битим ва шартномаларнинг аксарияти А. сифатида расмийлаштирилади.