1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Аъроф -

 АЪРОФ (араб. тўсиқлар) - ислом манбаларида, хусусан, Қуръонда таърифланган жаннат билан дўзах ўртасидаги баландлик жой - девортўсиқ. Ўзбек тилида А. ўрнида одатда Арасот истилоҳи ишлатилади. Ислом ақидасига кўра, қиёмат куни жаннатга ҳам, дўзахга ҳам тушмай ўртада қоладиган одамлар А.да турадилар. Улар жаннатда роҳат қилаётганларни ҳам, дўзаҳда азоб тортаётганларни ҳам кўриб турадилар, уларни таниб, улар билан суҳбатлашадилар. Баъзи ривоятларда А. устидан боғлар униб, анҳорлар оқиб туради, дейилади. Демак, унинг қалинлиги ҳам ҳийлагина бўлган. А.даги одамлар кимлар эканлиги ҳақида уламолар ўртасида икки хил фикр мавжуд. Биринчиси: улар яхшилик ва ёмонликлари тенг келиб, на жаннатга, на дўзахга ҳукм бўлмай қолган кишилар. Иккинчиси, ўз қавмига пайғамбарларнинг ҳақ даъватларини етказиб, уларни яхшиликка бошлаган даъватчилар, уламолар ва шуҳадолардир. Маълум муддатдан сўнг Аллоҳ таоло А. аҳлига жаннатга киришликни амр этади ва улар биҳиштдан ўз мақомларига яраша жой оладилар. Қуръоннинг 7-сураси А. деб номланган.