1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Аттор Фаридиддин -

АТТОР Фаридиддин, Муҳаммад ибн Абубакр ибн Иброҳим (1148/51-1220) - форс-тожик мутафаккири, мутасаввиф шоир. Нишопур яқинидаги Хадкана (Кадкон) қишлоғида туғилган. Отасининг изидан бориб, доришунослик ва табиблик қилган. Ҳажга борган, Миср, Ироқ, Шом сафарида бўлган, атоқли сўфийлар билан учрашиб, дин ва тасаввуф арбобларининг ҳаёти ҳамда фаолиятини ўрганган. Замонасининг тариқат пешволаридан бири бўлиб, "Фаридиддин" ("динда ягона") ва шайх унвонларини олган. Мўғулларнинг Эронга биринчи босқини пайтида душман қўлида ҳалок бўлган. Нишопурда дафн этилган."Илоҳийнома", "Мусибатнома", "Мазҳар ул-ажойиб", "Асрорнома", "Ҳайдарнома", "Жавҳар уз-зот", "Ҳайлож", "Мухторнома", "Хусравнома", "Шарх ул-қалб", "Булбулнома", "Меърожнома" каби асарларида илоҳий маърифат ғояларини тарғиб этган. Ҳақ ва ҳақиқат сирларини кашф қилишга уринган. Асосий асарларидан бири "Мантиқ ут-тайр" ("Қушлар мантиғи") достони (1175) сўфийликнинг энг йирик адабий ёдгорлиги ҳисобланади. “Тазкират ул-авлиё” асари ислом оламида машҳур. Унда ўнлаб азиз-авлиёларнинг ҳикматли сўзлари, ибратли ҳаёти, кароматлари баён этилган. А. шеърларида дарвишлик ахлоқи тўғрисидаги ғояларни мужассамлантирган. А. асарларида шиалик ғоялари ва қоидалари мутлақо учрамайди, суннийликка мўтадил муносабатда бўлинади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда "Мантиқ ут-тайр" ва "Илоҳийнома"дан айрим парчалар ("Илоҳийнома", Тошкент, 1994) ҳамда "Тазкират ул-авлиё" ("Авлиёлар китоби", Тошкент, 1997) асари ўзбек тилида нашр этилди.