1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Иброҳим алайҳиссалом -

Вақти-соати етганда, Аллоҳ таоло уларга Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У киши Ур шаҳрининг қавмидан эдилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарининг исми Озар бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга бориб тақалади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг кунялари Абу Зийфон бўлган, бу «Меҳмондўст» деган маънони англатади. Иброҳим алайҳиссаломнинг уйларига ташриф буюрган меҳмонлар билан бўлган қиссалари Қуръони Каримдаги энг машҳур қиссалардан экани маълум.

Иброҳим алайҳиссалом, бир ривоятга кўра, Бобилда таваллуд топганлар. Маълумки, Бобил ҳозирги Ироқ давлати ҳудудига қарашли бўлган. У зот алайҳиссалом таваллуд топганларида оталари етмиш беш ёшда бўлган экан. Иброҳим алайҳиссалом ўртанча фарзанд бўлганлар.

Иброҳим алайҳиссалом илоҳий таълимотлардан узоқлашган, маънавий қадриятлар издан чиққан бир жамиятда ўсдилар. Ўша вақтда Бобилга Намруд исмли золим подшоҳ ҳукмдорлик қилар эди. У ернинг одамлари мол-дунё ва айш-ишратга ниҳоятда берилган, шу билан бирга, ширк эътиқодида бўлиб, бут-санамларга сиғинишарди. Қавмнинг эътиқоди бузуқлигидан фойдаланган подшоҳ ўзини худо деб эълон қилган эди.

Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари – Ироқ калдонийлари орасида ўсиб-улғайдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларини ҳидоят нури ила мунаввар қилган эди. Шу боис ўсиб-улғайганлари сари Иброҳим алайҳиссаломнинг бу номаъқулчиликларга нисбатан норозиликлари ҳам кучайиб борди. Ақлини танигач, отасининг ҳам, қавми ва бошқа яқинларининг ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут-санамларга сиғинаётганларига гувоҳ бўлдилар.

Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри экани, жонсиз тош ёки қуруқ ёғоч одамлар томонидан бироз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етдилар. Ўзи жонсиз бўлган нарса ўзгаларга қандай қилиб жон ато қила олсин?! Ўзи ақлсиз нарса қандай қилиб ўзгаларга ақл бера олсин?! Ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса қандай қилиб ўзгалардан зарарни даф этсин?!

Вақти-соати етгач, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбарликка танлаб олди. Узоқ тайёргарликлардан сўнг у киши ширкка қарши курашга қатъий бел боғладилар. Бу ишни у зот аввал ўз оилаларидан бошладилар.

Иброҳим алайҳиссалом биринчи навбатда мушрик оталарини ширкни тарк этишга даъват қилдилар.

«Иброҳимнинг ўз отаси Озарга: «Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деганини эсла» (Анъом сураси, 74-оят).

Ота эътироз билдирди, орада мунозаралар бўлди. Иброҳим алайҳиссалом оталарига қилган даъватлари фойда бермагач, оталарига қўшиб қавмларига ҳам хитоб қила бошладилар.

Ўтган умматлар орасида Аллоҳ таолога ширк келтиришда ғоят ном таратган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари эди. Улар нафақат бут-санамларга, балки юлдуз, ой, қуёш каби жисмларга ҳам сиғинишарди. Иброҳим алайҳиссалом уларни бу нарсаларга эмас, уларни яратган Холиққа – Аллоҳ таолонинг Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишга даъват этдилар.

Подшоҳ билан мунозара

Албатта, бўлиб ўтаётган бу гап-сўзлар ўша вақтда худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага чорлади. Ана шу машҳур мунозара Бақара сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Робби ҳақида тортишган кимсани билмадингми? Иброҳим: «Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деди. У: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқарур, сен уни мағрибдан чиқаргин-чи», деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (258-оят).

Бутлар ҳақидаги тортишувларнинг биридан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бутларни парчалаб ташлаш ниятларини амалга оширишга қарор қилдилар. У зот нобакор қавмнинг додини бериш, бутларнинг қўлидан ҳеч вақо келмаслигини амалда исбот қилиш мақсадида бошқача йўл тутдилар.

Тафсирчи уламоларимизнинг келтиришларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмида маълум ва машҳур байрамлар бўлган. Улар байрамларда ўйин-кулги ва кайфу сафога чиқишар, чиқишдан олдин эса сохта худоларининг ҳузурига турли мева-чевалар қолдириб кетишарди. Дилхушлик ва кайфу сафолардан сўнг келиб, ўша егуликларни муборак таом сифатида қайтариб олишарди.

Қавмининг тўғри йўлга юришидан умиди узилгач, Иброҳим алайҳиссалом бир режа тузиб, ана шундай байрам кунини кутдилар. У зот қавмидан кўрган нобакорлик, саркашликлар оқибатида юраклари жуда сиқилган, ҳузур-ҳаловатларини йўқотган, қавмлари учун қайғуриб, қийин аҳволга тушиб қолган эдилар.

Байрамга отланиб чиққан қавм аъзолари Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, у зотнинг ўзлари билан байрамга чиқишларини сўрашди. Шунда «юлдузларга бир назар солди...» (Соффот сураси, 88-оят).

Ҳалиги одамларга жавоб беришдан олдин худди ибодатхонадаги бошқа одамлар каби осмонга ўзига хос бир назар солдилар. У зотнинг бу ҳолатлари суҳбатдошларида «У осмондаги юлдузлардан бирор нарсани билиб олди, шекилли» деган гумон пайдо қилиши мумкин эди.

«...ва «Мен беморман», деди» (Соффот сураси, 89-оят).

Бу билан юраклари сиқилавериб, мушкул аҳволга тушиб қолганларини, қавмларига куявериб, қалблари дардга тўлганини билдирдилар. Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алайҳиссаломни қолдириб, йўлларида давом этишди. Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом олди таомга тўла сохта илоҳлар билан ибодатхонада ёлғиз ўзлари қолдилар.

Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар. Энг катта бутга эса тегмасдан, бутун қолдирдилар. Бундан хабар топган мушриклар манзарага тезроқ гувоҳ бўлиш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб, шоша-пиша Иброҳим алайҳиссаломнинг олдиларига етиб келишди.

Улар илоҳларини синдирган кишининг адабини бериб қўйишга қарор қилишди. Бироқ бу жазо чораси омманинг кўз ўнгида бўлиши маъқул кўрилди. Шоядки, бошқалар кўриб, ибрат олиб, «Бундан буён ҳеч ким илоҳларимизга қўл теккизмаса», деб ўйлашди. Ниҳоят Иброҳим алайҳиссаломни одамлар ҳузурида сўроқ қила бошлашди. Унга: «Худоларимизни парча-парча қилиб ташлаган сенмисан?» дейишди. Иброҳим алайҳиссалом: «Йўқ, бу ишни ўша илоҳларингизнинг каттаси қилди, ҳамма кичик илоҳларни синдириб ташлаб, ўзи қолди. Агар менга ишонмасанглар, (ўша бут-санаминглар) гапирадиган бўлса, уларнинг ўзларидан сўраб кўринглар», дедилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гаплари мушрик қавмга таъсир қилди.

«Сўнгра яна бошлари айланиб: «Батаҳқиқ, буларнинг гапира олмаслигини билар эдинг!» дедилар» (Анбиё сураси, 65-оят).

Жиноятчи мушрик қавм бир-бирларига: «Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқадиган жой қуринглар. Унга олов ёқиб, Иброҳимни ўша гулханга отинглар», дейишди. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алайҳиссаломни ўша гулханга отишди.

Олов Аллоҳ таолонинг амри билан Иброҳим алайҳиссаломга салқин ва саломатлик бўлди, у зотга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади.

Аллоҳ таолонинг йўлида юриш ҳақидаги даъватлар, тушунтиришлар ва баҳслар отага ҳам, қавмга ҳам кор қилмади. Улар бу ваъз-насиҳат ва даъватлардан фойда олиш ўрнига зулмга зўр беришди. Эзгулик даъватчисига турли ёмонликлар қилишди. Уни ҳам ўзларининг ботил йўлларига юргизмоқчи бўлишди. Охир-оқибат уни жисмонан йўқ қилишга уринишди, чунки унинг тирик юриши ўша нобакор қавм учун катта таҳлика эди. Оддий халқ унинг орқасидан кетиб қолишидан қўрқишарди.

Шомга кўчиб ўтишлари

Шунча қилинган жидду жаҳдлардан сўнг ҳам Иброҳим алайҳиссаломга у зотнинг жуфти ҳалоллари Сора онамиз ва акалари Ҳороннинг ўғли Лутдан бошқа ҳеч ким иймон келтирмади. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Албатта, мен Роббимга борувчиман. У мени ҳидоят қилур» (Соффот сураси, 99-оят), деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрдилар.

У зот соф ниятларини тушунмаган нобакор қавмдан, эски одатларни тарк этишни хоҳламаётган золимлардан воз кечишни хоҳладилар. Фақат Аллоҳ таоло билан қолишни, Ўзидангина ёрдам сўраб, фақат Аллоҳ таоло буюрганидек яшашни ихтиёр қилдилар. Шунинг учун ҳам ишонч билан «У мени ҳидоят қилур», дедилар.

«Аллоҳ таоло Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди».

Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом инсонлардан биринчи бўлиб (Биби Сора билан) Шом ерларига кўчиб ўтган зотдирлар. Шундай қилиб ҳижрат амалга ошди. Бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ажраб чиқилди.

Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эдилар. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳ таолодан фарзанд сўрадилар.

«Роббим, менга солиҳлардан ато эт». Унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (Соффот сураси, 100–101-оятлар).

Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун бу жуда буюк хушхабар эди. Узоқ давом этган бефарзандликдан кейин фарзандли бўлиш нақадар бахт! Узоқ давом этган бу бефарзандликдан сўнг айниқса ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! У ўғилнинг ҳалим бўлиши янада улуғ бахт! Ана шу фарзанд Исмоил эди!

Аммо ўша ҳалим ўғил дунёга келгунгача ҳали олдинда анчагина воқеалар бор эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Набий Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида (Китобида) «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида. У киши бир жабборнинг (золим подшоҳнинг) ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У (Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Мана бу жаббор сенинг хотиним эканингни билса, сен(га етишиш) учун менга куч ишлатади. (Шунинг учун) агар сендан сўраб қолса, менинг синглим эканингни айтгин. Сен менинг Исломдаги синглимсан. Мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди.

Улар унинг ерига кирганларида уни жабборнинг аҳлидан баъзилари кўриб қолиб, унинг олдига бориб: «Сенинг ерингга бир аёл келди. У сендан ўзгага муносиб эмас», дейишди.

У одам юборди. Уни олиб келишди.

Иброҳим алайҳиссалом намозга турди.

(Сора) унинг (золим подшоҳнинг) олдига кирганида ўзини тута олмай, қўлини унга узатган эди, кўли қаттиқ тиришиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Сенга зарар етказмайман», деди. У унинг айтганини қилди, лекин жаббор яна ёмонликка қайтди. Қўли аввалгидан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Унга яна аввалги гапини қайтарди. У унинг айтганини қилди, лекин жаббор яна ёмонликка қайтди. Қўли аввалги иккисидан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Аллоҳга қасам, сенга зарар етказмайман», деди. У унинг айтганини қилган эди, қўли бўшади. Уни олиб келган одамни чақириб: «Сен менга одам эмас, шайтонни олиб келибсан! Уни менинг еримдан чиқариб юбор! Унга Ҳожарни ҳам бер!» деди.

У жўнаб кетди. Иброҳим алайҳиссалом уни кўриб, намозини тугатди ва: «Нима гап?!» деди.

«Яхшилик! Аллоҳ фожирнинг қўлини тийди! Хизматчи ҳам берди», деди».

Абу Ҳурайра: «Ана ўша сизнинг онангиз бўлади, эй осмон суви фарзандлари!» деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги «жаббор»дан мурод золим подшоҳ, «жабборнинг ери»дан мурод Мисрдир. Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерда бир золим одам подшоҳлик қилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Набий Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида (Китобида) «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида» деган гапларидан зинҳор-базинҳор «Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар» деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»дан сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.

Қиссанинг давоми шуки, Сора онамиз золим подшоҳ ўзларига совға қилган Ҳожар исмли аёлни эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. Эҳтимол, ўзлари бефарзанд бўлганлари учун эрларининг бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар, ажаб эмас.

Ҳожар онамиз ҳомиладор бўлиб, Исмоилни дунёга келтирдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эдилар.

Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан Сора онамизнинг рашклари қўзиди. Охири бориб Ҳожар онамизни гўдаклари билан бошқа бир жойга олиб бориб қўйишга келишилди.

Зурриётни гиёҳсиз водийга жойлаштириш

Иброҳим алайҳиссалом жуда узоқ йўл юргандан сўнг ҳозирги Каъбаи муаззаманинг ўрнига Ҳожар онамиз билан гўдак Исмоилни қолдириб, ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб, у зот она-болани кўрадиган, улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб, Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар:

«Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалокатга гирифтор қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган қилди. Ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамай, у жойнинг аҳолисини турли мевалар билан ризқлантириб қўйди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб, оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб-улғайиб борди.

Кейин нима бўлганини Соффот сурасининг қуйидаги оятларидан билиб оламиз.

Қурбонлик қилиш

«Бас, (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўряпман, бир ўйлаб кўр, нима дейсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилган ишни бажар, иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан эканимни кўрурсан», деди» (102-оят).

Иброҳим алайҳиссалом қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг иродаси Исмоилнинг қонини тўкиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан катта бир қўчқорни сўйиш учун юборди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйдилар. Бу ишлар Минода – ҳозирда ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди.

Байтуллоҳнинг қурилиши

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ва у зотнинг солиҳ амалли зурриётларига имомлик, раҳбарликни ваъда қилди. Ушбу имомликнинг кўринишларидан бири – Байтуллоҳни қуриш ва унга тегишли ишлар бўлди.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун қиссада, жумладан, қуйидаги иборалар ҳам бор:

«Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди.

Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди.

(Иброҳим) «Сен ёрдам берасанми?» деди.

(Исмоил) «Ёрдам бераман», деди.

«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош ташир, ота қурар эди».

Ҳажнинг бошланиши

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айнан ўша зотга насиб этди.

Демак, Байтуллоҳни қуриш иши Аллоҳ таолонинг бевосита кўрсатмалари асосида бўлган.

Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан мукофотланишлари юқорида зикр этилган нарсалар билан чекланиб қолмади. Аллоҳ таоло у зотга яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, пайғамбарлардан бўлишининг хушхабарини берди.

Иброҳим алайҳиссалом ажаллари етиб, бу дунёни тарк этдилар. Неча йил яшаганлари аниқ эмас, аммо 200 йилдан кам. Оила аъзолари у зотни Макфила номли ғорга, завжалари Сора онамизнинг ёнларига дафн қилдилар. У жой ҳозирда Фаластиннинг Халил шаҳридадир.