1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Саййид Шариф Журжоний -

Амир Темур даврида Самарқандда яшаб, илмий ҳаракатда иштирок этган ва бутун дунёга донғи кетган алломалардан яна бири Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳидир. 

Бу улуғ зотнинг тўлиқ исми Имом Фозил Аллома Саййид Шариф Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайнийдир. Исмдан кўриниб турибдики, бу кишининг насаблари имом Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳуга етиб боради.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Журжоннинг Астробод вилоятига қарашли Току шаҳрида ҳижрий 740 сана, шаъбон ойининг 24-куни (милодий 1340 сана, март ойининг 2-куни) таваллуд топган. Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сулолаларидан бўлиб, у киши билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларида ўн учта ота бордир. У киши ҳижрий 287, милодий 900 йили вафот этган имом Муҳаммад ибн Зайд Доъий раҳматуллоҳи алайҳининг авлодидандир.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи бошланғич илмларни ўзи туғилган ватанида олди. Сўнгра тахминан ҳижрий 762 санада илм талаб этиш ниятида Ҳиротга сафар қилди. У кишининг бу сафардан кўзлаган нияти машҳур олим Қутбиддин Розий Таҳтонийга шогирд тушиб, у зотнинг мантиқ илми бўйича ёзган «Шарҳуш шамсия» ва «Шарҳул Матолеъ» номли китобларини ўзидан таълим олиб, ўқиш эди. Маълум муддатдан сўнг шайх Қутбиддин Розий Таҳтоний Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳига ёши улғайиб қолганини баҳона қилиб, узр айтди ва Мисрга бориб, ўзининг мантиқ илмида кўзга кўринган шогирди Муборакшоҳдан дарс олишни тавсия қилди.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи шайх Қутбиддин Розий Таҳтоний раҳматуллоҳи алайҳининг тавсиясига амал қилиб, илм илинжида Миср томон равона бўлди. У киши бу сафари давомида Онадўли диёридан ҳам ўтди. Ўша ерда ўзи шуҳратини яхши билган ва ҳақида одамларнинг мақтовини эшитган машҳур олим шайх Жамолиддин Оқсароийдан илм олмоқчи бўлди. Одамлар шайх Жамолиддин Оқсароийни китоб ёзишдан кўра дарс беришга уста, деб мақташган эди. Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Оқсаройга бориб, шайх Жамолиддин Оқсароий раҳматуллоҳи алайҳининг вафот этганидан хабар топди.

Сўнгра Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи шайх Жамолиддин Оқсароийнинг шогирди Мулла Фанорий билан бирга Миср томон юришини давом эттирди. У киши сафар машаққатларини чекиб, охири ўзи кўзлаган Миср диёрига етиб борди.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Мисрда ўн йилча яшаб, катта олимлардан дарс олди. У киши ақлий илмларни асосан шайх Муборакшоҳ раҳматуллоҳи алайҳидан ўрганди. Нақлий илмларни эса Акмалиддин Бобартий раҳматуллоҳи алайҳидан таълим олди. 

Саййид Шариф Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайний раҳматуллоҳи алайҳининг ўша даврда талабаликдаги шериклари ичида шайх Бадриддин Симовий, шоир Аҳмадий ва Тоййиб Ҳожи Пошша каби кейин машҳур бўлган зотлар ҳам бор эди.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Мисрда турган пайтида катта олим бўлиб етишди ва китоб ёзиш ишларини ҳам бошлаб юборди. У кишининг ҳаёти ва илмий фаолиятини яхшилаб ўрганган тарихчиларнинг таъкидлашларича, Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи ўша пайтда Қутбиддин Розийнинг «Шарҳи Матолиъул анвор» китобига ҳошия ёзган.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Мисрда илм олишни тугаллаганидан кейин ўша замонда усмонийлар давлатининг маркази бўлмиш Бурса шаҳри орқали ўз она ватанига қайтди. 

Бу ерда Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи у зотни ўша ернинг подшоҳи Шоҳ Шужоъга таништирди. Подшоҳ Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳини «Доруш шифо» мадрасасига мударрис қилиб тайинлади. У зот ушбу даргоҳда ўн йил давомида дарс берди, фатво билан машғул бўлди ва китоблар ёзди. Аста-секин Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳининг шуҳрати атрофга тарқалди. У киши айниқса ақлий илмларнинг алломаси сифатида кенг доирада машҳур бўлди.

Ҳижрий 789, милодий 1378 санада Шерозни забт этган Амир Темур Кўрагоний Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳини ўзи билан Самарқандга олиб кетди. Амир Темур Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳини мударрисларнинг бошлиғи мансабига қўйди. Самарқандда ўтган ўн саккиз йиллик давр у зотнинг буюк ҳаётларининг энг самарали йиллари бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. У киши ўзининг кўплаб асарларини айнан Самарқандда ёзди. Кўпчиликка турли илмлардан дарслар бериб, машҳур шогирдларини тарбиялаб етиштирди. Ўша вақтнинг Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи каби машҳур алломалари билан турли илмий мунозаралар, баҳслар ва сўзлашувлар ўтказди. 

Амир Темур Кўрагоний Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳини олимлиги учун ниҳоятда ҳурмат қилар эди. Олимларнинг ичида саййид ва шарифлардан  – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларидан бўлганлиги учун, яна алоҳида эъзозлар эди. Шунингдек, уламолар орасида ҳам Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳининг эътиборлари юқори эди.

Саййид Шариф Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайний раҳматуллоҳи алайҳи Самарқандда Хожа Алоуддин Аттор Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи билан танишиб, бирга бўлдилар. У киши Хожа Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг халифаларидан эдилар. У киши билан танишув Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳида тасаввуфга алоҳида аҳамият билан қараш ҳиссини уйғотди ва нақшбандия тариқатига мансуб бўлди. 

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Самарқандда нақшбандия тариқатининг яна бир улкан намояндаси Мавлоно Низомиддин Хомуш раҳматуллоҳи алайҳи билан дўст бўлди ва у кишининг тасаввуф мажлисларида фаол иштирок этди.

Ҳижрий 807, милодий 1405 йили Амир Темур вафот этди. Сўнгра Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз она ватани Шерозга қайтиб кетди ва умрининг охиригача илмий фаолиятини давом эттирди.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи Шерозда ҳижрий 816 санада, робийъус соний ойининг олтинчисида (м.1413 йил, 14 июль) чоршанба куни вафот этди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло у зотни раҳмат қилсин!