1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳ таолонинг муҳаббатини жалб қилувчи сабаблар

16:05 / 30.01.2019 4327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазкур сабаблар ўнтадир:

1. Қуръони каримни тадаббур ила, маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.

2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш. Бу нарса муҳаббат даражасидан ўтиб, маҳбубиятга эриштиради.

3. Барча ҳолатларда – тил, дил, амал ва ҳол билан Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлиш. Банданинг зикрдан бўлган насибасига қараб, муҳаббатдан бўлган насибаси белгиланади.

4. Ҳавойи нафс ғалаба қилганда Унинг муҳаббат қилган нарсаларини ўзинг муҳаббат қилган нарсалардан устун қўймоғинг.

5. Қалбнинг У Зотнинг исмларини, сифатларини яхши мутолаа ва мушоҳада қилиши ҳамда таниши. Бас, ким Аллоҳ таолони исмлари, афъоллари ва сифатлари билан таниса, шубҳасиз, Унга муҳаббат қилади.

6. У Зотнинг зоҳирий ва ботиний яхшилигини, эҳсонини, неъматларини мушоҳада қилиш.

7. Аллоҳ таолонинг олдида қалбнинг бутунлай синиши.

8. Илоҳий нузул вақтида (кечанинг учдан бири қолганда) У Зот билан холи қолиб, муножот этиш ва каломини тиловат қилиш. У Зотнинг ҳузурида бандалик одобларини ўрнига қўйиш ва бу ҳолни истиғфор ҳамда тавба ила хатм қилиш.

9. Содиқ муҳаббатлилар мажлисларида ўтириб, уларнинг каломларидан энг ширин меваларни териш.

10. Аллоҳ таоло билан қалб орасида тўсиқ бўладиган ҳар бир нарсадан узоқда бўлиш.

Аллоҳнинг муҳаббати ҳақидаги оятлар:

Аллоҳ таоло Моида сурасида бундай деб марҳамат қилади:

ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ  ﮩ...

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур...» (54оят).

Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита – сабаб қилади. Ушбу шарафли ишга мусулмон уммати танланган.

Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадирлар:

Биринчиси – ўзаро муҳаббат.

«Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур».

Яъни Аллоҳ таоло уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар. Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳ таоло муҳаббат қилар экан.

Аллоҳнинг севгисини қозонган бандалар Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт!

Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севгидир.

Бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади.

Мазкур бандаларнинг сифатларидан иккинчи ва учинчиси...

Бинобарин, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини ихтиёр қилган қавмдан бўлиш:

«Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир».

Аллоҳнинг бундай кенг фазли-карамидан баҳраманд бўлган кишилар бу улуғ иноятнинг қадрига етишлари лозим.

Аллоҳнинг муҳаббати аломатлари:

1. Аллоҳга йўлиқишни севиш.

2. Аллоҳга маъсият қилмаслик.

3. Аллоҳнинг тоатини лозим тутиш, дангасалик ва ҳавойи нафс-га эргашишдан йироқ бўлиш.

4. Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш.

5. Аллоҳга Унинг Китобини тиловат қилиш, таҳажжуд намози ўқиш каби амаллар ила унс пайдо қилиш.

6. Аллоҳнинг зикрисиз ва тоатисиз ўтган ҳар бир соатга афсус қилиш.

7. Аллоҳнинг тоатини оғир санамай, тоатдан ҳузурланиш.

8. Аллоҳнинг бандаларига меҳрибон бўлиш.

9. Аллоҳга бўлган муҳаббатини беркитиб, уни даъво қилишдан йироқ бўлиш.

10. Аллоҳдан унс топиб, У Зотдан рози бўлиш.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва зикри билан тўлиб-тошган бўлса, бундай қалбда дунёнинг муҳаббатига жой қолмайди. Бундай банда бадани билан молу мулк учун ҳаракат қилаётган чоғида ҳам унинг қалби доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлади.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир бой одам кўнгли тусаган, хаёлига келган ҳар қандай нарсани сотиб олаверарди. Бир фақир киши эса ўзи хоҳлаган нарсани сотиб ололмас, фарзандларига таом, либос давоми...

3300 14:00 / 10.07.2022
Касалликлар инсонни тарбиялашдаги сабаблардан биридир. Аллоҳ таоло барча жиҳозларимизга... Жисмимиздаги барча аъзоларимизга улкан эҳтиёткорликни қилса эди, давоми...

4436 16:00 / 28.02.2023
.Мусулмон мусулмонни қўрқитмайди,. Имом Абу Довуд ривояти. Кўчада машинасини чийиллатиб қўзғатган ёки эшитганда одам музлаб кетадиган қўрқинчли сигналини давоми...

1147 17:31 / 28.10.2022
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари ndash ана ўшалар унга иймон келтирадилар. Ким давоми...

2462 11:04 / 20.02.2020