1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қалб ғийбати

19:10 / 11.01.2019 5139 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (12-оят).

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам «Кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейилмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ўзаро рақиб бўлманг ва ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор».

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўп ҳолларда бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.

Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Солиҳ ибн Дирҳам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳажга жўнаб кетдик. Йўлда олдимиздан бир киши чиқиб, .Сизларга яқин давоми...

1272 20:16 / 20.07.2024
Ғазаб руҳий разолатлардан бўлиб, кишилар орасида пайдо бўлган дарғазаблик ҳолати улар яшаётган жамиятда катта ёмонликларга сабаб бўлади ва бу нарса дўстлик давоми...

4708 13:40 / 15.12.2018
Фақиҳ олимлардан Алий ибн Абу Зиё Нуриддин Шабромаллисий Қоҳирий ҳазратлари 1589 йили Қоҳиранинг ғарбий қисмидаги Шабромаллис қишлоғида дунёга келади. Уч ёшда давоми...

2371 13:05 / 13.10.2024
Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига сабаб ўлимни унутишларидир. Ўлимини ўйламаган одам ҳар қандай гуноҳни тап тортмай давоми...

3355 17:30 / 02.06.2020