1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Соғлик ва фароғат

08:44 / 03.01.2019 3460 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда сиҳат-саломатлик, тани соғлик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг улкан неъматларидан бири ҳисобланади.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қолурлар. Улар соғлик ва фароғат», деганлар.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлиқнинг бандага берилган неъмат эканини очиқ-ойдин қилиб айтмоқдалар.

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Меҳсон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани ризқи бўлса, гўёки дунёни қўлига киритибди».

Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик деб эълон қилинишининг ўзи Исломда кишиларнинг саломатлигига қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Чунки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган тинч-омонлик ва егулик-ичгулик неъматлари бўлса ҳам, соғлиқ неъмати бўлмаса, кишига татимайди. Баъзи вақтларда инсон бутун бойлигини сарфлаб бўлса ҳам тани сиҳатликни топа олмайди.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат унга «Сенинг жисмингни соғлом қилган эмасмидик? Сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик?» дейилишидир», деганлар.

Соғлиқ неъмати Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири бўлгани учун ҳам охиратда биринчи бўлиб у ҳақда сўралади. Шундай экан, банда бу нарсанинг қадрига етиши керак. Бундай неъматни берган Зотга шукр қилмоқ лозим. Неъматнинг шукри эса уни берувчи Зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат берувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.

Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз уматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар. Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган».

Яқийн – мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги, иккинчи ўринда соғлиқ турар экан.

Имом Насоий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳдан афвни, офиятни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин мустаҳкам соғлиқчалик яхши нарса берилмагандир», деганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ана ўша неъматларини ато қилсин. Омин!

Ислом соғлиқнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади.

 “Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Шақиқ Балхий шогирди Ҳотам алАсомдан .Ҳузуримга келганингдан бери мендан нима ўргандинг, деб сўради. Ҳотам алАсом шундай деди .Олти нарсани давоми...

1281 08:00 / 24.10.2020
Абу Бакр ибн Муслим Ҳадрамийнинг ўлим соати яқинлашди. У зот Қуръон тиловат қила бошладилар. Тоҳа сурасининг .Мен эса рози бўлишинг учун Сен томон шошдим, Роббим, давоми...

2844 08:14 / 13.06.2020
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч давоми...

4152 20:00 / 06.01.2019
Ўшанда ёшим ўн иккида эди. Тирикчилик илинжида уймауй юриб газета тарқатар эдим. Ҳозир исмини эслолмайдиганим кекса бир аёл менинг мижозим эди. Ўша аёл кечира давоми...

6113 09:00 / 15.07.2022
Аудиолар

211055 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130316 14:35 / 11.08.2021