1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Оиша онамизнинг зоҳидликлари

17:10 / 01.01.2019 4570 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳода тақво, зоҳидлик сифатлари ҳам юқори даражада эди. У киши бу дунёнинг орзу-ҳаваси кетидан тушмаган эдилар. Ўзларида бор нарсани кўпроқ муҳтожларга тутишни афзал кўрар эдилар.

Имом Молик «Муватто» китобида қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо рўза тутиб ўтирган эканлар, бир одам таом сўраб келибди. Уйларида бир дона нондан бошқа нарса йўқ экан. Ходима аёлга:

«Унга нонни бер», дебдилар.

«Ифторингиз учун ҳеч нарса йўқ-ку!» дебди ходима.

«Унга нонни бер!» дебдилар Оиша розияллоҳу анҳо.

Ходима айтади:

«Шундай қилдим ҳам. Кечқурун эса бир одам бизга бир қўйнинг қўлини ҳадя қилди. Оиша розияллоҳу анҳо мени чақириб:

«Ол! Бундан егин! Бу сенинг нонингдан яхшироқ», дедилар».

Яна ‎имом Молик ривоят қиладилар:

«Бир мискин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига таом сўраб келди. У кишининг олдиларида узум бор эди.

«Ундан бир дона олиб, мискинга ‎бер!» дедилар.

У таажжубланиб, у кишига қаради. Шунда Оиша:

«Таажжубланяпсанми?! Бу донада неча зарра мисқоли борлигини биласанми?!» дедилар».

Кўриб турибмизки, Оиша онамиз нима қилиб бўлса ҳам, инфоқ қилиш пайида бўлган эканлар.

Энди Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг кийинишдаги зоҳидликларига эътибор берайлик.

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Айман розияллоҳу анҳо:

«Оишанинг олдига кирсам, баҳоси беш дирҳамлик қитр кўйлак кийиб олган экан. Бас, у:

«Менинг чўримни қара! У буни уйда кийишдан кеккаяди-я! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида менинг шундай кўйлагим бор эди. Мадинада қай бир аёл зийнатланадиган бўлса, менга одам юбориб, уни ориятга олиб турар эди», деб айтди», деди».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ҳам содда яшаганликларини шундан билсак бўлади.

Қитр кўйлак Ямандан келтирилган қўпол ва қаттиқ кўйлак бўлиб, баҳоси беш дирҳам (тийин) экан.

Мадинаи Мунавварадек мусулмонлар пойтахтида ҳамма келинларнинг тўй куни кийиб туришлари учун бир дона қитр кўйлак бўлиши ҳам ниҳоятда содда ҳаётдан дарак беради.

Чўрилари уйда кийишни хоҳламаган кийимни ўзлари кийиб юришлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг тақводор ва камтар инсон эканликларини кўрсатади.

У зот розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорилфунунларининг пешқадам талабаси сифатида бу олиймақом сифатларни ўзларида тўлиқ шакллантирган эдилар. У дорилфунунда дарс олган ҳар бир зеҳнли талабада ана шундай малака пайдо бўлар эди.

Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳи «Далоилун-нубувва» китобида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Ансорийлардан бир аёл олдимга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшакларини кўрди. У қайтиб кетиб, менга ичига жун солинган тўшак юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимга кириб:

«Бу нима, эй Оиша?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Фулона Ансория кириб, тўшагингизни кўриб қолди ва қайтиб бориб, менга мана шуни юборибди», дедим.

«Уни қайтариб бер», дедилар.

Мен уни қайтармадим. Унинг уйимда бўлишини жуда ҳам хоҳлар эдим. У зот бўлса, ўз гапларини уч марта такрорлаб:

«Уни қайтариб бер, эй Оиша! Аллоҳга қасамки, агар истасам, Аллоҳ мен билан олтин ва кумуш тоғларини юргизар эди», дедилар».

Зотан, ҳақиқий зоҳидлик ҳам имкони бўлиб туриб, дунёга ўзини урмасликдир. Имкон топа олмай, дунёга қизиқмаганларни зоҳид демаслар.

Бир куни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўзини зоҳид қилиб кўрсатавериб, ўлай деган одамни кўриб, ажабланиб:

«Анавинга нима бўлди?» деб сўрадилар.

«Зоҳид», дейишди.

«Умар ибн Хаттоб зоҳид эди. У гапирса, эшиттирар эди. Юрса, тез юрар эди. Аллоҳнинг йўлида зарба берса, оғритар эди», дедилар.

Ҳа, ҳақиқий зоҳид ана шундай бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг зоҳидликлари обидликларида ҳам зоҳир бўлар эди. У киши ибодатнинг барча турларида нафл ибодатни кўп қилиш билан ном чиқарган эдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо нафл ибодатни кўпгина эмас, хўпгина ҳам қилар эдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг намозлари ва дуолари ҳақида қуйидаги ривоятга эътибор берайлик:

«Оиша розияллоҳу анҳо намозда «‎Бас, Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди ва бизни ‎самум азобидан сақлади‎», оятини ўқир эди ва Роббига дуо қилганда:

«Менга марҳамат қилгин ва мени дўзах азобидан сақлагин», дер эди».

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг намозлари ҳақида қуйидагиларни айтадилар:

«Эрталаб юрадиган бўлсам, Оишанинг уйига бориб, унга салом беришдан бошлар эдим. Бир куни борсам, у тик туриб, намоз ўқиётган экан. У қироат қилар, дуо қилар ва йиғлар эди. Туравериб, зерикиб кетдим. Бозорга бориб, ишимни битирдим. Қайтиб келиб, қарасам, у яна худди аввалгидек тик туриб, намоз ўқиб, йиғламоқда. У киши:

«Агар Лайлатул қадрни кўрсам, Аллоҳдан афв ва офиятни сўрайман», дер эди».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин жуда ҳам кўп рўза тутадиган бўлган эдилар. У киши кўп рўза тутганларидан озиб, заифлашиб ҳам кетар эдилар. Қаттиқ иссиқ кунлари ҳам рўза тутиб юрганлари кўрилар эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларга ҳам жиҳод борми?» деб сўраганлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа. Уларга жиҳод бор, (лекин) унда уруш йўқ. (Бу)  ҳаж ва умра», деб жавоб берган эдилар.

Ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кўп умра ва ҳаж қилар эдилар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом ўзининг одилона ҳукмлари ила аёл кишига нисбатан қаттиқ таклифларни қўймаслик қоидасига биноан, уларни жангда қатнашиш масъулиятидан озод қилди.Шунга давоми...

2596 20:05 / 04.09.2019
IХадийжа бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қурашийя Асадийя .Фил воқеаси,дан ўн беш йил илгари Маккада, эътиборли оилада таваллуд топган. У киши бизнинг давоми...

4583 08:10 / 10.10.2018
Маҳр никоҳ ақди ёки эрхотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериши лозим бўлган молдир.Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда маҳр давоми...

1923 11:00 / 17.06.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изнидир. Агар давоми...

1958 15:00 / 20.05.2020
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40686 14:35 / 11.08.2021