1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Мўмин бир ошқозон ила ейди

11:43 / 15.12.2018 4729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Одам ота ва момо Ҳаввонинг жаннатдан чиқарилишларига ҳам айнан қорин шаҳвати сабаб бўлган. Қорин шаҳвати туфайли молга ўч бўлиш, фарж шаҳвати ва бошқа кўплаб бало-офатлар келиб чиқишини кўпчилик яхши билади.

Қорин шаҳватига берилишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қатор ҳадиси шарифларида огоҳлантирганлар.

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши жуда кўп таом ер эди. Бас, мусулмон бўлди ва оз таом ейдиган бўлиб қолди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди. Шунда у зот:

«Албатта, мўмин бир ошқозон ила ейди. Кофир эса етти ошқозон ила ейди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Уқба Росибийдан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Ҳасаннинг олдига кирсам, овқатланаётган экан. У менга:

«Кел!» деди.

«Ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўйиб олганман», дедим.

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон одам ҳам ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўядими?!» деди».

Баъзи бир зоҳидлар оз таом ейиш ва очликка чидашда муболаға даражасига ўтиб кетганлар. Бу эса нотўғри ва мўътадилликдан оғиш даражасига етган ишдир. Таомланишдаги мўътадиллик бир оз иштаҳа қолганда ейишдан тўхташдир. Бунда энг гўзал ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганларидир.

Мўътадил овқатланиш ила бадан соғ бўлади ва беморликнинг олди олинади. Сурункали кам овқат ейиш қувватни олади. Баъзи қавмлар таомини камайтиравериб, фарз амалларда ҳам нуқсонга йўл қўядиган бўлиб қолганлар. Ўзларича, жоҳилликлари туфайли буни фазилат деб ўйлаганлар. Аслида ундай эмас. Улуғларимиздан ким очликни мадҳ қилган бўлса, албатта, ўртача бўлишни кўзда тутган.

Ўта тўйиб юришга одатланиб қолган кишиларнинг қорин шаҳватини синдириш бўйича риёзатлари қуйидагича бўлади: у одам вақт ўтиши билан оз-оздан таомини камайтириб боради. Аввал айтиб ўтилган мўътадиллик ҳолатига етганда тўхтайди.

Зотан, ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Бинобарин, ибодатдан ман қилмайдиган ва қувватнинг боқий қолишига сабаб бўладиган даражада таом емоқ энг тўғри йўлдир.

Овқатланувчи очликни ҳам, тўйганликни ҳам сезмайдиган бўлсин. Ана ўшанда бадан соғ, ҳиммат жам ва фикр соф бўлади. Кўп овқатланиш уйқуни кўпайтиради, зеҳнни паст қилади ҳамда бошқа хасталикларга сабаб бўлади.

Шаҳватлардан баъзисини тарк қилаётган шахс риёкорликдан ҳазир бўлсин. Ўтган азизлардан баъзилари иштаҳаси тортган нарсани сотиб олиб, уйига илиб қўяр, ўзи унга тегмас ва шу иши ила зоҳидлигини беркитар эди. Мана шуни зоҳидлик дейдилар. Ўзи ичида зоҳидлик қилади. Аммо сиртда аксини кўрсатади. Бу сиддиқларнинг ишидир. Чунки у ўз нафсига сабр аччиғини икки марта ичиради. Иккинчиси аччиқроқ бўлади.

“Руҳий тарбия” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу адолат билан ҳукм қилар, бу борада аввало ўзи бошқаларга намуна бўлар эди.Абу Мусо розияллоҳу анҳу бир кишини уриб, сочини олдириб давоми...

4527 20:05 / 20.07.2017
Учинчи қисм. Фарз амални тарк қилиш масалан, намозни тарк қилиш, қасддан таҳоратсиз намоз ўқиш, бировнинг намоз ўқишига тўсқинлик қилиш, закот беришдан бош тортиш, давоми...

3647 16:23 / 28.03.2018
878. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кеча уйқулари қочди. Шунда у зот.Саҳобаларимдан бир солиҳ киши келиб, мени давоми...

8163 20:37 / 14.07.2017
Яхшилаб ўрганилганидан сўнг, бундай ишларнинг сони ўн биттага етади1. Тавба.Аллоҳ таоло.Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, Марям сураси, давоми...

12815 14:00 / 02.07.2019
Аудиолар

213453 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132667 14:35 / 11.08.2021