1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари (7-қисм)

19:09 / 24.02.2018 4458 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

6. Ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш. Ошкора гуноҳ қиладиган, масалан, одамларга зулм қиладиган; зино қиладиган; намоз ва рўзани тарк қилишга одатланган ва шунга ўхшаш гуноҳларни ошкора қиладиган кишиларни пастга уриш ниятида ғийбат қилиш дурустдир.

Насиҳат. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ғийбатнинг тўрт тури бор.

Биринчиси шуки, бир инсон бир мусулмонни ғийбат қилади. Агар унга ғийбат қилма десангиз, бу ғийбат эмас, мен унинг бор айбини айтяпман, дейди. Бу ҳолатда ғийбат қилувчи кофир бўлади, чунки ҳаромни ҳалол дейиш куфрдир.

Иккинчиси шуки, киши бир инсоннинг номини айтмай ғийбат қилади, лекин эшитувчилар гап ким ҳақида кетаётганини билиб туришади. Бундай ғийбат қиладиган одам мунофиқдир, чунки бу одам кўринишдан кишининг номини айтмай, ғийбатдан сақланаётган бўлса-да, аслида ғийбатга мубталодир.

Учинчиси шуки, киши бир инсонни ғийбат қилади, унинг номини ҳам айтади. Шу билан бирга, ғийбатнинг ёмон ишлигини ҳам билиб туради. Бундай одам гуноҳкор бўлади.

Тўртинчиси шуки, киши бир фосиқни ғийбат қилади ва бу иши учун савоб олади, чунки одамлар бу ғийбатни эшитса, фосиқдан ўзларини эҳтиёт қилишади».

Эслатма. Фақиҳ Самарқандийнинг айтишларича, ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш дурустлигининг сабаби шуки, бундай одам ғийбат қилинса, одамлар у билан мулоқот қилишдан, унга дўст бўлишдан сақланадилар. Лекин бу мукаммал сабаб эмас, чунки ҳолатидан барча хабардор бўлган, шу билан бирга, одамлар ундан ўзини эҳтиёт қиладиган ошкора фосиқни ғийбат қилиш ҳам дурустдир. Менимча, фосиқни ғийбат қилиш фақиҳ Самарқандий келтирган сабабдан ташқари яна икки сабаб билан ҳам дуруст бўлади.

Биринчиси – ғийбат сабабли фосиқ одам ўзининг ёмон ишларидан тўхташи, яъни одамлар у ҳақида ёмон гаплар айтаётганини эшитса, уялганидан қилаётган гуноҳидан қайтиши мумкин. Фосиққа салом бериш макруҳлигининг сабаби ҳам шу, яъни фосиққа салом берилмаса, бу унга танбеҳ бўлади ва у ўз ишларидан тийилади.

Иккинчиси – ошкора гуноҳ қиладиган фосиқнинг Аллоҳ таоло наздида ҳеч қандай иззату обрўси йўқдир. Зеро, ҳадиси шарифда: «Фосиқ мақталса, Аллоҳ таоло (мақтовчига) ғазаб қилади ва бу мақтовдан Арш ларзага келади»,[1] дейилган. Шунинг учун бандалар ҳам унга иззат кўрсатмасликлари керак, лекин шу билан бирга, шариат чегарасидан чиқиб ҳам кетмасликлари лозим. Шунинг учун саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам, ҳақ йўлдаги олимлар ҳам мунофиқ, кофир ва золимларнинг айбларини баён қилар эдилар, уларга асло иззат кўрсатмас, аммо чегарадан ҳам чиқиб кетмас эдилар. Валлоҳу аълам.

Ҳикоя. Ҳорун ар-Рашид уламоларни жуда севар, солиҳлар билан ўтириб, мажлис қуришни яхши кўрар эди. Ҳорун ар-Рашид халифа бўлганида барча уламолар у кишини муборакбод қилгани келишди, фақат Суфён Саврий келмади. Шунда Ҳорун ар-Рашид Суфён Саврийга хат ёзди. Унда: «Эй Суфён! Мен сенга дўст эдим, ҳалиям дўстлик риштасини узганим йўқ. Султон бўлмасам эди, олдингга борар эдим. Мен султон бўлгач, ҳамма одамлар зиёратимга келди, лекин сен келмадинг. Эй Суфён! Байтулмолни очиб, барчага мол бердим, энди сенга муштоқман. Ҳозироқ мен томонга отланиб йўлга чиқ. Тамом», деб ёзди. Ҳорун бу хатни Аббод Толқонийга бериб, уни Куфага, Суфённинг олдига жўнатди. Аббод Куфага етиб келгач, ҳазрати Суфённинг масжидига борди. Бу пайтда Суфён имом бўлиб, намоз ўқиб бераётган экан. Аббод Ҳоруннинг хатини у кишининг олдига отди. Суфён намозни тугатиб, салом берди, лекин хатга эътибор ҳам бермади. Зеро, у киши Ҳоруннинг салтанатини ҳеч нарса деб ҳисобламас эди. «Золим Ҳоруннинг хати келди, мен унга қўл теккизмайман ва бу хатни ушлаш билан қўлимни нопок қилмайман. Эй одамлар! Бу хатни очиб, мазмунини менга эшиттиринглар», деди. Одамлар хатни у кишига ўқиб эшиттиришди. ­Суфён: «Жавобини шу хатнинг орқасига ёзинглар», деди. Одамлар: «Эй Суфён, Ҳорун султон бўлди, унга хатни алоҳида вараққа ёзиш яхшироқ бўлади», дейишди. Суфён: «Золимнинг хатига жавобни ўзининг қоғозига ёзинглар», деди. Хатда: «Эй Ҳорун! Мен сен билан дўстлик риштасини уздим, муҳаббатингдан юз ўгирдим. Сен байтулмолнинг молини сарфланиши керак бўлган жойга сарф қилмай, зое қилдинг. Биз қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида бунга гувоҳ бўламиз, сенинг ҳақиқатингни очамиз. Эй Ҳорун! Сен уламолар суҳбатини тарк қилиб, иймон лаззатидан ажрадинг. Салтанатни танлаб, улуғ гуноҳни гарданингга юкладинг. Тахтга ўтириб, ипак кийимлар кийишни бошладинг. Золим бўлишни ёқтириб, уларга бошлиқ бўлдинг. Эй Ҳорун! Агар қиёматда ҳақ эгалари этагингдан тутсалар, сенинг яхшиликларинг уларга, уларнинг ёмонликлари эса сенга олиб берилса, ҳолинг нима бўлади? Эй Ҳорун! Бу васиятни ёдингда сақла, Аллоҳдан қўрқ. Эй Ҳорун! Энди менга хат ёзма, мен билан учрашишни харгиз ўйлама. Тамом», деб хатни якунладилар. Аббод Суфённинг хатини Ҳорунга етказди. Ҳорун хатни ўқиб, қаттиқ хавотирланди. Шу тариқа хат унинг дунёдан ўтгунича ёнида бўлди.[2]

Ҳикоя. Товус[3] раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маккадалик чоғимда Ҳажжож мени чақирди. Ҳузурига борган эдим, мени ёнига ўтқазиб, бир ёстиққа суянтирди. Гаплашиб ўтирган эдик, баланд овоз билан айтилаётган ҳаж талбияси («лаббайка») эшитилиб қолди. У «Менга ўша одамни келтиринглар», деган эди, ўша одамни олиб келишди. У одам келгач, Ҳажжож: «Сен кимсан?» деб сўради. У: «Мусулмонман», деди. Ҳажжож: «Мен сенинг шаҳринг ва қавминг ҳақида сўрадим», деди. У: «Яман аҳлиданман», деб жавоб берди. Ҳажжож: «Келаётганингда Муҳаммад ибн Юсуфни қандай ҳолда қолдириб келдинг?» деб сўради (у Ҳажжожнинг укаси бўлиб, Яман ҳокими эди). У киши: «Муҳаммад ибн Юсуф жуссали одам эди, ипак либос кияр эди», деди. Ҳажжож: «Мен сендан унинг сийратини сўрадим», деди. У одам (умуман қўрқмасдан): «У ниҳоятда кўп зулм қилувчи, махлуққа итоатли, Холиққа исён этувчи эди», деди. Буни эшитиб, Ҳажжож ғазабланди ва: «Сен менинг ҳузуримда Муҳаммад ибн Юсуфнинг даражаси қандай эканини билмайсанми? Қандай қилиб менинг олдимда укамнинг айбларини айтяпсан?» деди. У киши: «Эй Ҳажжож! Сенинг наздингда укангнинг мартабаси қай даражада бўлса, Аллоҳнинг наздида менинг мартабам ундан зиёдадир. Чунки мен унинг Пайғамбарини тасдиқ қиламан, Байтининг меҳмониман», деб жавоб берди. Мардларча, қўрқмасдан гапирилган бундай гапни эшитиб, Ҳажжож жим бўлиб қолди. У одам изн сўрамасдан чиқиб кетди. Товус айтади: «Ўша одам Ҳажжожнинг ёнидан чиқиб кетгач, мен унинг ортидан етиб олиб, «Эй одам, мен сенга дўст бўлмоқчиман», дедим. У киши: «Йўқ. Рози эмасман. Ахир сен ҳозиргина ёстиққа суяниб ўтирган эмасмидинг? Одамлар Аллоҳнинг динида сендан фатво сўрашмасмиди?» деди. Мен: «Ҳажжож ниҳоятда забардаст султон бўлгани, мени сўрагани учун боришга мажбур бўлдим, ўзинг ҳам у чақирганда келдинг-ку?» дедим. У: «Ундай бўлса, нима учун хотиржам бўлиб, суяниб ўтирибсан? Унга насиҳат қилиш сенинг зиммангда вожиб эмасмиди?» деди.[4]

Эслатма. Баъзи одамлар «Фосиқни ёмонлаш ғийбат бўлмайди» деган гапни фосиқ кишини хоҳлаганча ғийбат қилавериш жоиз деб тушунадилар. Ҳолбуки, бундай эмас. Бир киши очиқ-ойдин фисқу фужурга мубтало бўлса, мисол учун, ошкора ароқ ичиб юрса, унинг ортидан биров «Бу ароқ ичади» деса, бу ғийбат бўлмайди. Чунки унинг ўзи ароқ ичишини одамлардан яширмай, эълон қилиб юради. Шундай бўлгач, унинг ароқ ичиши ҳақида ортидан гапирилса, унга оғир ботмайди. Шу сабабли унинг бу ишини гапириш ғийбатга кирмайди. Лекин фосиқнинг бошқаларга кўрсатишни хоҳламайдиган гуноҳини ўзи йўқлигида гапириш ғийбат бўлади. Дейлик, бир одам ошкора ароқ ичгани ёки ҳаммага билдириб судхўрлик қилгани билан яширинча қиладиган, одамлар билиб қолишини истамайдиган, шу билан бирга бошқаларга зарар бермайдиган гуноҳлари бор. Унинг мана шу гуноҳларини ортидан гапириш ғийбат ҳисобланади.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Байҳақий ривоят қилган, «Мишкотул масобиҳ»да нақл қилинган.

[2] «Иҳёу улумид-дин».

[3] Товус ибн Кайсон (ҳ. 33–106/м. 653–724) – динда фақиҳлик, ҳадис ривоят қилиш, ҳаётда содда яшаш, халифа ва шоҳларга журъат билан насиҳат қилишда тобеъинларнинг энг улуғларидан. Асли Форсдан, лекин Яманда туғилиб-ўсган. Ҳажга борганда Муздалифа ёки Минода вафот этган. Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик ҳам ўша йили ҳажга борган эди. Жанозани шу киши ўқиган. (Зириклий, «Ал-Аълом»).

[4] Дамирий бу ҳикояни «Ҳаётул ҳайвон»да Товус раҳматуллоҳи алайҳнинг зикрида баён қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир.Ушбу ояти давоми...

5714 19:30 / 26.09.2017
Борлиқнинг барчаси зулматдир. Албатта, фақатгина Ҳақнинг унда зоҳир бўлишигина уни нурлантирадир. Бас, ким борлиқни кўрсаю, унда ёки унинг ёнида, ёки ундан олдин, давоми...

3939 14:08 / 24.09.2017
Таълимтарбияга оид адабиётлардан шуни биламизки, инсоннинг гўзал хулқ ва одоби ташқи қиёфасидаги гўзалликалардан кўра афзалроқ саналади. Чунки гўзал хулқ инсон давоми...

4198 09:05 / 16.07.2018
Амалларнинг гўзаллиги аҳволларнинг гўзаллиги натижасидир. Аҳволларнинг гўзаллиги эса мақомларнинг манзиллари рўёбга чиққанидандир.ndash Амал ndash жисмнинг куч давоми...

3439 19:09 / 07.01.2018
Аудиолар

119947 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41641 14:35 / 11.08.2021