1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шайтон ёқангиздан олмасин!

12:30 / 01.11.2018 3881 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кимки ўзини мўмин деб билса, олимларни ва солиҳларни севиши, уларнинг давра суҳбатларига қатнаши, билиши шарт бўлган масалаларни сўраб ўрганиши, насиҳатларини олиши, ёмон амаллардан узоқлашиши ва шайтонни ўзига душман деб билиши вожибдир.

Аллоҳ буюради:

“Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур” (Фотир сураси, 6-оят).

Оятни мана бундай деб тушуниш керак:

“Аллоҳга итоат этиш орқали шайтонга душманлик қилинг. Аллоҳга қарши исён қилиб, шайтонга итоат этманг. Чин юракдан, самимият билан қилинган хатти-ҳаракатларингизда, сажияларингизда ва ишончларингизда шайтондан қочинг. Ишингизни ақлни ишлатиб қилинг. Чунки шайтон амалларингизга қайта-қайта риё аралаштиради ва ёмон ҳаракатларингизни кўзингизга яхши қилиб кўрсатади. Шайтоннинг ўйинига тушмаслик учун Аллоҳдан ёрдам талаб қилинг.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳикоя қилади:

“Бир кун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир чизиқ чизди ва: «Бу – Аллоҳнинг йўли!» – деб айтди. Кейин бу чизиқнинг ўнг ва сўл тарафига яна биттадан чизиқ чизди ва «Булар ҳам йўл, уларнинг ҳар бири узра шайтон бор, у сизни шу йўлларга чорлайди!» – деди, сўнгра шу оятни ўқиди:

“Албатта, мана шу менинг Тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар. Бошқа йўлларга эргашмангизки, улар сизларни унинг (Аллоҳнинг) йўлидан узиб қўяр, у (Аллоҳ) шояд тақво қилсангиз деб сизларни шунга буюрди” (Анъом сураси, 153-оят

Эй биродарим, билиб қўйки, юрак бир қалъага ўхшайди. Шайтон эса бу қалъага кириб, уни ишғол этиб, унга эга бўлишни хоҳловчи бир душмандир. Қалъа, фақат дарвозалар қўриқланиб, бузилган жойлари таъмирлангандагина душмандан муҳофаза қилинади. Душман кирадиган эшикларни қандай қўриқлашни билмаганлар душман қўлига тушишга маҳкумдир. Юракни шайтоннинг васвасаларидан муҳофаза қилиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасига юкланган вазифадир, ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Бу мажбуриятни бажармоқ учун нималарни билиш лозим бўлса, ўшаларни ўрганиш ҳам вожибдир. Фақат Шайтоннинг кириш йўлларини билган одамгина унинг васвасаларини даф эта олади. Шайтоннинг кириш йўллари ва эшиклари кишининг сифатлари ва ёмон феъл-атворлари устига қурилади. Булар эса беҳисобдир. Жумладан, баъзи бирларини кўриб чиқайлик:

Ғазаб ва ҳавойи нафс

Ғазаб бир онда ақлни ишдан чиқаради, яъни жаҳл келганда ақл кетади ва инсон тўғри гапни англаш қобилиятини йўқотади. Ана шундай пайтда шайтон ўз васвасалари билан ҳужумга ўтади. Инсон аччиқланган пайтда, ёш бола бемалол копток ўйнаб ўтирганидай, Шайтон уни бемалол ўйинчоқ қилиб ўйнайди. Бир куни Шайтондан сўрашибди:

– Сен инсонларни қандай мағлуб этиб, йўлдан оздирасан? Шайтон шундай жавоб берибди:

– Мен инсон ғазабланганда ва ҳавойи нафсга берилганда унинг ёқасидан оламан.

Ҳасад ва ҳирс

Ҳасис одам кўрдир, кардир. Ичида ғимйрлаётган ҳирс уни кўр ва кар қилади. Шайтон эса ана шу ҳирсли кишини васвасага солиш учун пайт пойлайди. Ҳирсли кишининг нафси истаётган нарса ҳаром, тақиқланган ва ёмон иш бўлишига қарамай, ҳаммасини унга чиройли ва ёқимли қилиб кўрсатади. Шу тариқа ҳирсли кишининг ақдидан ҳаром-ҳалол тушунчаси маҳв этилади. Шундан сўнг у (ҳирсли киши) ҳар ёққа талпина бошлайди. Ҳамма нарсани қўлга киритмоқчи бўлаверади. Ҳикоя қиладилар:

– Нуҳ Алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига кўра ҳар жонивордан бир жуфтдан олгандан сўнг кемасига чиқади. Бир маҳал қараса, кеманинг бир бурчагида у танимаган бир чол ўтирган эмиш.

Сўрайди:

– Сени бу ерга ким чиқарди?

Чол:

– Ўзим чиқдим. Сенинг одамларингнинг юрагига васваса солиб, қалбларини мен билан, танларини эса сен билан қолдириш учун!.. Нуҳ унинг шайтон эканлигини англайди ва:

– Даф бўл бу ердан! Аллоҳнинг душмани! Лаънати! – дейди.

Шунда Шайтон шу сўзларни айтади:

– Беш нарса борки, мен ўшалар билан инсонларни тўғри йўлдан чиқараман. Буларнинг фақатгина учтасини айтай сенга! Қолган иккитасини айтмайман.

Лекин худди шу асно Аллоҳ, Нуҳ Алайҳиссаломга ваҳий йўли билан ишора қилиб дерки:

– Сенинг у учтага эҳтиёжинг йўқ. Қолган иккитасини айтсин! Бу хабардан сўнг Нуҳ Алайҳиссалом, қолган иккитасини айтишингни истайман, дейди:

Шайтон шунда дейди:

– Қолган иккитаси шундай нарсаларки, мени ҳеч ким ёлғончига чиқаролмайди. У икки нарса шундай хислатга эгаки, ҳеч ким мени ташлаб кетолмайди. Шу икки нарса билан мен мўлжалга бехато ураман. Шу икки нарса билан мен инсонларни ҳалок этаман. Ҳирс, ҳасад!.. Ҳасад туфайли мен Аллоҳнинг лаънатига учрадим, қувғин бўлдим. Ҳирс масаласига келинса, Жаннатда Одамга бир дарахтдан бошқа ҳар нарса мубоҳ қилинган эди. Мен ҳирснинг ёрдами билан ниятимга етдим: Одам ҳирс туфайли тақиқланган мевага қараб борди.


Абу Ҳомид Ғаззолий,   

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араб тилида .ражо, сўзи умидсизликнинг тескариси, .умидворлик, маъносини англатади. Фақат ражода умидга хавф ҳам аралашган бўлади. Уламолар ражони қуйидагича давоми...

945 19:00 / 09.09.2023
Одам боласига шайтоннинг тасири борлигида шубҳа йўқ. Фақат Аллоҳ таоло сақласагина бу нарса бўлмас. Инсоннинг заиф томонларидан унга тасир қилиш учун шайтон давоми...

4023 05:00 / 28.02.2017
Баъзи бир ояти карималарда .тақво, сўзи .ихлос, маъносини англатади. Тавба сурасидаги қуйидаги ояти карималарда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади давоми...

962 19:00 / 25.11.2023
Азиз биродарим, билиб қўйки, қонуний йўлда зўр бериб ишлагани ҳолида яна фақирона яшаётган кимса қаноатли бўлиши, тамагир бўлмаслиги, кўзи бошқаларнинг давоми...

3211 16:00 / 25.12.2018