1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳдан қўрқинг!

16:31 / 24.10.2018 4068 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Фахри коинот пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

– Жаннатга кириш учун кўпроқ қайси амалда бардавом бўлиш керак?

Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

– Аллоҳга тақво қилиш ва гўзал ахлоқ!

Бухороий, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар. 

Бу ерда Набий алайҳиссалом Аллоҳ ва бандаларининг ҳаққини  баробар келтирадилар. Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳақи Ундан қўрқиш ҳамда ҳалол ва ҳаром ўлчовларига риоя қилишдир.  Тақво – барча пайғамбарларнинг умматларидан талаб қилинган муҳим хислат.

 Жаноби Ҳақ Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Сиздан аввалгиларга айтилганидек, сизларга ҳам “Аллоҳдан қўрқинг!” дея буюрдик!» (Нисо, 131).

 Ҳақиқий тақво – банда билан ҳаром ва тийилиши лозим бўлган ишлар орасида қалқон каби бўлади. Банданинг Аллоҳга тақвоси – ўзи ва Роббисининг ғазаби ҳамда жазоси орасига тўсиқ қўйиш учун ҳаракатидир.  Бу тўсиқ эса Ҳақ Таоло буюрган ишларни бажариш ва Унга  қарши исён саналадигани ишлардан тийилишдир. Инсон дунё ҳаётининг ўткинчи, умр қисқа ва охират диёрининг абадийлигини руҳига сингдира олса, тақводор бўлиши осонлашади. Банда бутун борлиғи билан Роббисига таслим бўлса,  тақво ҳаёт тарзига айланади. Тақвосиз, Аллоҳга муҳаббат ва Ундан қўрқувсиз ҳаёт кечиришни тасаввур қилолмайди. Бу Ҳақ таолога бўлган ихлоснинг баракоти, Илоҳий ишқ самараси ва Ундан бандага келган гўзал ҳадядир.

Роббимиз шундай марҳамат қилади: “Аллоҳдан қўрқинг, зеро бир кун ҳузурига қайтасиз!” (Моида, 96).

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинг! Ҳаммангиз эртангиз учун нима қилганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинг, чунки Аллоҳ барча ишингиздан хабардордир!” (Ҳашр, 18) 

Мукаммал тақво қуйидагилардан иборат:

* Фарзларни ўз вақтида мукаммал адо этиш.

* Ҳаром ва шубҳаларни тарк қилиш.

* Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш.

* Макруҳлардан тийилиш.

Мана шу тўрт ҳолатга риоя қилинган ҳаёт тарзи тақвонинг асл мартабасидир.

Ансорлардан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Қиёмат кунида мутаққийлар (тақводорлар) қаерда? деб сўралади. Улар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг ҳимоясида бўладилар”. Ўтирганлар Муоз ибн Жабалдан:

– Мутаққийлар кимлар? – дея сўрадилар.

– Мутаққийлар – ширкдан, бут-санамларга сиғинишдан тийилган, ибодатини чин ихлос билан фақат Аллоҳ учун бажарганлардир, – дея жавоб бердилар у зот.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Тақводорлар нафсоний орзуларини тарк этиб, Аллоҳнинг азобидан қўрққан, Аллоҳдан келганларни тасдиқлаган, Унинг  раҳматидан умидвор бўлганлардир”.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ҳам  шундай деганлар: “Тақво кундузи рўза тутиб, тунлари ибодатда қоим бўлиш ва улардан бошқа ҳар қандай ишга қўл уриш эмас. Аллоҳ таолога ҳақиқий тақвода бўлиш Аллоҳ ҳаром қилган барча ишлардан тийилиш, фарзларни ўрнига қўйиш демакдир. Булардан ташқари, Аллоҳ Таоло бир бандасига бошқа хайрларни ҳам берса, у энди хайр устига хайр бўлади”.

Олим саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Эй, имон келтирганлар, Аллоҳдан муносиб тарзда қўрқинг!” (Оли Имрон, 102) оятини шундай изоҳлаганлар:

– Аллоҳдан қўрқиш – тақво қилиш, итоат этиб, исён қилмаслик, ҳар лаҳза Уни эслаш, берган неъматларининг шукрини адо этиб, ношукрлик қилмасликдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бир киши тақво ҳақида сўраганида шундай деганлар:

– Сен бирор марта тиконзор йўлдан ўтганмисан?

– Ҳа, – дея жавоб қилади сўровчи.

– Қандай кечиб ўтдинг?

– Йўлимдан тикон чиқса эҳтиёт бўлиб айланиб ўтдим ёки устидан сакраб, йўлимда давом этдим.

– Тақво ҳам айнан шундай, – дедилар сўровчига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу.

Ибн-ул Муътоз розияллоҳу анҳу ҳам бир шеърида тақвони Абу Ҳурайра таъкидлаганларидек таърифлайди. “Катта-кичик гуноҳлардан тийил, ана шу тақво бўлади”. Тиконзорда юргандек яша дунёда. Йўлингда учраган гуноҳ тиконларидан эҳтиёт бўл. “Тикон майда бўлса-да, уни кичик кўрма. Улкан тоғлар ҳам тошлардан бунёд бўлади”.

Ҳақ таоло бандаларига тақвони буюрганидек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига мукаммал тақвода бўлишни таъкидлаганлар. Ҳадиси шарифда севикли пайғамбаримиз Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам қўшинга қўмондон тайинлаётганларида, унинг Аллоҳга тақвоси ва мусулмонларга гўзал муомалада бўлишига аҳамият берганлар.

Тақво махфий ҳолатларда ҳам Аллоҳдан ҳаё қилишга сабаб бўлгувчи туйғудир. Тақводор киши қаерда бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ ҳар ишини кўраётганини, қалби ва амалидан, барча ошкору махфий ишларидан  воқиф эканини ҳис қилиб яшайди. Бу ҳақиқат ёлғиз қолганида ҳам бир лаҳза хаёлидан фаромуш бўлмаса, махфий ҳолатларда ҳам гуноҳга қўл уришдан тийилади.

Муборак ал-Ҳусайний


Таржимон
Умида Адизова
Мавзуга оид мақолалар
ҳаётий ҳикояКампир оҳиста қадам ташлаб ўз хонасидан чиқди. Меҳмонхонадан келини ва набирасининг товуши эшитилиб турарди.ndash Ўғлим, дастурхон ёздим, шўрва суздим, давоми...

13084 19:10 / 17.01.2019
Зирор ибн Муррадан ривоят қилинади .Хуросонда Заҳҳокни учратиб қолдим. У билан кўришганимда эгнимда эски мўйна бор эди. Заҳҳок кийимимнинг эски ва shyбироз давоми...

2586 08:00 / 19.11.2019
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймОламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсинҲозирги давоми...

8499 12:20 / 22.05.2013
Оилада ёки жамиятда содир бўладиган каттакичик жанжалларни диққат билан кузатар эканмиз, уларнинг кўпчилигига асосан қўпол сўз ва ёмон муомала сабаб давоми...

6770 18:02 / 30.10.2018
Аудиолар

211018 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130277 14:35 / 11.08.2021