1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Одобнинг манбаи (2-қисм)

14:47 / 18.10.2018 2860 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яна Луқмон сурасида марҳамат этилади:

ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ ﰕ

«Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир» (19-оят).

Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи, сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам. «...ва овозингни пасайтир». Баланд овозда бақир-чақир қилиб, ҳамма ёқни бошингга кўтарма. Бақир-чақир қилиш, ҳаддан зиёд баланд овозда гапириш ёмон нарса, суҳбатдошингга малол келади. Билиб қўй: «...овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир».

Эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб, ҳамманинг тинчини бузади. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг нақадар хунуклиги ва ёқимсизлигини ифодалаш учун унинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу энг ёмон овоз экани ҳам таъкидланмоқда.

Юриш-туриш, одамлар билан муомала, муносабатлар ва одам ўзини жамиятда қандай тутиши кераклиги борасидаги олий ва ибратли мисол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидир. У зотнинг бутун ахлоқлари, фазилат ва хислатлари Қуръони каримга асосланган эди. У зот инсонларнинг энг одоблиси, энг гўзал хулқлиси эдилар. Барча билан муомалада ўта одобли, марҳаматли ва самимий бўлганлар, ҳеч кимга қаттиқ гапирмаганлар, ўзганинг дилини оғритмаганлар, бировга ғазаб қилмаганлар. Шахдам қадамлар билан мўътадил юрганлар ва овозларини баланд кўтармай, дона-дона гапирганлар, кулганда қаҳ-қаҳ отмай, овозсиз табассум қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб ҳақидаги ҳадисларидан баъзи намуналар:

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ أَوْ أَحَدُكُمْ وَلَدَهُ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَتَصَدَّقَ كُلَّ يَوْمٍ بِنِصْفِ صَاعٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

 

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши фарзандини ёки бирингиз фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

 

عَنْ أَنَسِ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ   ، عَنْ رَسُولِ اللهِ ﷺ قَالَ: أَكْرِمُوا أَوْلَادَكُمْ وَأَحْسِنُوا أَدَبَهُمْ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза бир гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, яхши, одобли бўлиб ўсади. Бунинг савобига эса ота-онаси ва устоз-мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон, бадхулқ бўлиб ўсади. Бунинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Боланинг тарбиясига мутасадди киши (ота-она, валий) уни турли ёмонликлардан, ахлоқсизликлардан сақлаши, унга муносиб таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатишсин, уни ёмон болалар таъсиридан сақлашсин, ўткинчи, ҳавойи лаззатларга қизиқишга одатлантиришмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтиришмасин. Токи, катта бўлганида зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.

Мусулмон фақиҳлар «Шаръий одобларга оид китоблар» дея аталган алоҳида йўналишда ҳам кўплаб асарлар ёзишган. Бу йўналишдаги китобларда ҳар бир мўмин-мусулмон риоя қилиши лозим бўлган шаръий одоблар ҳақида атрофлича сўз юритилади. Ҳанафий олимлардан Абу Саъид Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Мустафо Ходимий раҳматуллоҳи алайҳининг «Барийқаи маҳмудия фии шаръи торийқаи Муҳаммадия» китоби диёримизда авваллари кенг тарқалган эди. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг аксарияти ва кўпчилиги Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган, деган гапда заррача муболаға йўқ.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамловчи китобларнинг ҳар бирида алоҳида «Китобул адаб» номли ички «китоб»лар бор. Уларда одобга оид ҳадиси шарифлар келтирилади. Бундан ташқари, муҳаддисларимиз одобга бағишланган алоҳида китоблар ҳам таълиф қилишган. Бунга мисол қилиб буюк ватандошимиз, мўминларнинг ҳадис бўйича амири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг «Адабул-муфрад» китобларини келтириш мумкин. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи шоҳ асарлари «Жомеъус-саҳиҳ»да «Китобул адаб»га ўрин берганларига қарамай, бу масалани ўта аҳамиятли билганларидан алоҳида китоб тузишга киришганлар. У киши «Адабул-муфрад» китобида турли одобларга оид бир минг уч юз йигирма иккита ҳадиси шарифни олти юз қирқ тўрт бобда келтирганлар.

Тасаввуф шайхларининг ёзган барча китоблари одобнинг олий намуналарига оиддир десак, хато қилмаган бўламиз. Хусусан, имом Ғаззолийнинг «Иҳяу улумид-дин» китоблари, имом Ҳорис Муҳосибийнинг «Рисолатул-мустаршидийн» китоби, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Китобуз-зуҳд» асарлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Бу масала бўйича мусулмон адиблар ҳам кўплаб асарлар битишган. Уларнинг ичида машҳурларидан бири имом Мовардийнинг «Адабуд-дунё вад-дин» китобидир. Бу борадаги китобларнинг саноғига етишнинг ўзи мушкулдир.

“Ижтимоий одоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
677. Анасдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп қилар эдилар.Аллоҳим Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва давоми...

9541 15:14 / 26.04.2018
119. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Эй Аллоҳнинг Расули Фалон аёл кечаси намозда қоим бўлади, кундузи рўза тутади, яна бошқа давоми...

4525 19:20 / 29.01.2018
Инсон табиатида маданийлик, одамларга аралашиш, улар билан муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуддир. У ўзига ўхшаган инсонлар билан учрашиш, дўстлашиш, жамланиш, давоми...

4892 17:05 / 16.02.2018
Барча халқларда қадимдан ўтган улуғ кишиларни, машshyҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш, бу байрамларда давоми...

4618 12:45 / 14.06.2018
Видеолар

2474 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

118754 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40712 14:35 / 11.08.2021