1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг кўп қилган дуолари (1-қисм)

15:14 / 26.04.2018 11083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

677. Анасдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп қилар эдилар:

«Аллоҳим! Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин!»

Шўъба айтди: «Мен Убодага айтган эдим, «Анас бу дуони қилар эди. Аммо кўтармаган», деди».

Шарҳ: «Кўтармаган» дегани ривоятини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказмаган, деганидир.

Бу – мусулмонларнинг дуоси. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар. Чунки Ислом дини икки дунёнинг ободлигига чақиради.

Мўмин-мусулмонлар динсизу худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳойи-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифаларга ўхшаб, фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар.

Бу дуода юксак одоб ҳам аниқ-равшан кўриниб турибди. Сўраладиган нарсани тайин қилиб, номини айтмасдан, умумий қилиб «яхшилик» деб айтилмоқда. «Яхшилик»нинг нималигини Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади.

Имом ибн Касир: «Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаб, ёмонликларни четлатган», деганлар.

Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Байтуллоҳнинг) бурчагидан ҳар ўтганимда, «Омин!» деб турган фариштани кўрдим. Унинг ёнидан ўтсангиз, «Роббана аатина фиддуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қинаа азаабан-наар»ни ўқинглар», деганлар.

Бу дуо Набийимиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломнинг кўп қиладиган дуолари эди.

Ибн Аби Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилган:

«Анас ибн Моликнинг ҳузурида эдик. Собит у кишига: «Биродарларингиз дуо қилишингизни сўрашяпти», деди. Анас ибн Молик «Роббана атина…»ни ўқиди.

Бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Турмоқчи бўлишганда:

«Эй Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқчи, уларни бир дуо қилсангиз», деди.

Шунда Анас ибн Молик:

«Сизларга ишларни майдалаб беришимни хоҳлайсизми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг яхшилигини бериб, дўзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бўлади-ку», деди».

678. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим! Мен Сендан фақирликдан, камликдан ва хорликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан зулм қилишдан ва зулмга қолишдан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги дуода ҳам бир неча нохуш нарсалардан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаш бор.

1. Фақирлик.

«Фақирлик» сўзи аслида «фақр», яъни умуртқа поғонасининг синишидан олинган. Бундай мусибатга учраган одам қўлидан ҳеч нарса келмай, ўзгаларга муҳтож бўлиб, қимирлай олмай ётиб қолади. Фақирлик ҳам шунга ўхшаш, кишига муҳтожлик келтиради.

2. Камлик.

Яъни яхшилик ва хайр-бараканинг озлиги. Бу ҳам муҳтожликнинг аломати ва инсон бошига тушган кулфат бўлади.

3. Хорлик.

Кишининг бошқалар олдида ҳақорат қилиниши хорлик бўлади. Бошқалар одам ўрнида кўрмаган, ҳурмат қилмаган ва у билан ҳисоблашмаган одам хор бўлади. Бу ҳам ҳар бир киши учун катта мусибат бўлади.

4. Зулм қилиш.

Бу ишни қилган одам золим бўлади. Золимнинг кимлиги ва оқибати қандай бўлишини ҳамма яхши билади.

5. Зулмга қолиш.

Бунга дучор бўлган одам «мазлум» дейилади. Бу ҳолат ҳам ҳеч кимга муносиб кўрилмайдиган нарсалардан.

Уламолар: «Ушбу дуолардан мурод, умматга таълим беришдир», деганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
., ., ., . ,. Баҳз ибн Ҳаким отаси орқали бобосидан ривоят қилади .Эй Аллоҳнинг Расули Кимга яхшилик қилай, дедим. .Онангга,, дедилар. .Кимга яхшилик давоми...

1450 15:53 / 11.11.2025
Отаона ҳар бир инсон учун ниҳоятда мўътабар, ҳар қанча эъзозга лойиқ кишилардир. Ислом дини, отаона ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурматэҳтиром қилишга давоми...

909 09:03 / 01.11.2025
Имом Бухорий биринчи бобни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китоби Қуръони Каримдаги бир ояти карима билан номладилар. Бошқа муҳаддисларнинг ҳам одатлари шундай ndash давоми...

5930 16:37 / 23.01.2018
391. Абу Дардодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми, дедилар..Ҳа Айтиб беринг, давоми...

6643 20:07 / 04.04.2018