1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аёл киши ва тенг ҳуқуқлилик

19:10 / 06.10.2018 3499 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мавзуда сўз юритишдан олдин «аёл киши билан эркак кишининг орасидаги тенг ҳуқуқлилик» деганда нимани тушуниш керак, унинг нисбийлиги борми ёки мутлақ бир нарсами, аввал мана шуни белгилаб олиш зарур бўлади. Чунки дунёнинг кўпгина жойида аёл кишига эркак киши билан тенг ҳуқуқ бериш шиори остида аёлларга зулм қилинди ва қилинмоқда. Агар барча нарсада истисносиз тариқада аёл билан эркак тенг бўлиши шарт бўлганида, Аллоҳ таоло инсон зотини аёл ва эркак қилиб, икки жинсга ажратиб яратмас эди.

Модомики, инсон аёл ва эркакдан иборат экан, улар биологик ва психологик жиҳатдан ва бошқа жиҳатлардан фарқ қилар экан, албатта, мазкур омиллар ҳисобга олиниши зарур. Аёлларга хос масалаларда уларга эркаклардан кўп ҳуқуқ берилиши лозим. Чунки бу масалалар аёллик табиатига мос масалалардир. Эркакларга хос масалаларда эса эркакларга кўп ҳуқуқ бериш керак. Чунки эркакларнинг ҳуқуқини аёлларга бергандан нима фойда?! Аёллар барибир улардан фойдаланмайди. Ҳам аёллар, ҳам эркаклар учун умумий бўлган масалаларда эса икки томонга тенг ҳуқуқ бериш керак бўлади.

Мисол учун, мусулмонлар баъзи ғарб юртларида аёл кишининг кўмир конида, ер остида ишлаб туриб кўзи ёригани ҳақидаги хабарни газетада ўқишганда кўзларига ёш олиб, ўша бечора аёлнинг ҳуқуқи поймол қилинганига ачинадилар. Шунингдек, мусулмон меҳмонлар собиқ cовет Иттифоқи кўчаларида асфальт ётқизаётган аёлларни кўриб, «қалбим эзилиб кетмоқда», деб дув-дув ёш тўкканларини тушунса бўлади.

Қадимда аёл кишини одам ўрнида кўрмай камситилган бўлса, ҳозирда тенг ҳуқуқлилик номи ила хўрланаётгани сир эмас. Аёллар ҳуқуқи ҳақидаги масалани ўз жойида алоҳида гаплашишни келишиб олайлик-да, ҳозир жорий мавзуимиз – аёллар ва тенг ҳуқуқлилик ҳақида мулоҳаза юритайлик.

Аёл кишининг тенг ҳуқуқлилиги ҳақидаги халқаро ҳужжатлар эндигина эллик ёшга тўлди. Ислом эса бу масалани салкам ўн беш аср илгари ҳал қилган.

Ўша даврда барча халқлар аёл жинсига жирканиш ва таҳқирлаш назари билан қарар эди. Баъзилар, аёл зоти нажас нарса, ундан қанча узоқ юрилса, шунча яхши, деса, бошқалари, аёл жинси ор-номус келтирувчи манба, уни ёшлигида тириклай кўмиб ташлаш керак, дер эди. Аёл кишини мол-мулк тариқасида олди-сотди қиладиганлар, мерос сифатида тақсимга соладиганлар ҳам оз эмас эди.

Ислом эса биринчи бўлиб аёл киши ҳам худди эркак кишидек тўлақонли инсонлигини эълон қилди. Бу маъно Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қайта-қайта баён этилди.

Жумладан, Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» дейди (1-оят).

Демак, одам, инсон сифатида эркак ва аёл тенг, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида:

«Аёллар эркакларнинг туғишганларидир», деганлар.

Термизий ривоят қилган.

Исломнинг бошқа дин ва тузумларда аёлларга нисбатан бўлаётган ноҳақ муомаланинг асосини ташкил этувчи нотўғри эътиқодни тузатиши ҳам аёл зоти учун катта ҳурмат бўлган. Маълумки, қадимдан барча кишилар одам зотининг жаннатдан қувилишига аёл киши, яъни Момо Ҳавво айбдор, деб билар ва шунинг учун аёл зотини таҳқирлар эдилар.

Ислом эса биринчи бўлиб хатони Ҳавво билан бирга Одам ҳам қилганлигини, тавбаларидан кейин Аллоҳ икковларини мағфират этганини эълон қилди. Аёл зотига Момо Ҳавводан мерос бўлиб қолган абадий гуноҳ бор, деган гапни ботилга чиқарди.

Эркак-аёлнинг инсонликда тенг эканликлари эълон қилинганидан сўнг уларнинг фазилатлар касб қилишда ва уларга оладиган савобларда ҳам тенг ҳуқуқли эканликлари эълон қилинди.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

 «Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, хушуъли эркаклар ва хушуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва буюк ажрни тайёрлаб қўйгандир» (35-оят).

Ҳаммага маълумки, Қуръони каримга ўхшаш дастур ҳужжатларда гапни майдалаштириш одат бўлмаган. Ҳар бир тилда, жумладан, араб тилида ҳам хитоб эркак ва аёлга бир хил сийғада бўлаверади. Аммо бу ерда ҳар бир сифатнинг аёлларга хос сийғасини ҳам алоҳида келтиришдан мақсад мазкур нарсаларда уларнинг эркаклар билан тенг эканлигини таъкидлашдир.

Демак, ибодатларда, амали солиҳларда ва уларга бериладиган ажр-савобда ҳам эркак ва аёл тенг ҳақларга эга.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз», деган бўлса (97-оят), Оли Имрон сурасида:

«Робблари уларга: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз», дея ижобат қилди» деган (195-оят).

Ислом эътиқод, дин ва савоб касб қилишдан ташқари, илм-маърифат соҳасида ҳам аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир», дедилар.

Шунингдек, мол-дунё касб қилишда ва уни тасарруф этишда ҳам аёллар эркаклар билан баробар ҳуқуққа эгадирлар...

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Исломда аёл кишига эркак билан тенглик масаласида керакли барча нарсалар берилган.

 

“Иймон” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
София бинти Ҳуяй онамизда барча камолот сифатлари бор эди. У киши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ўлароқ, у зотдан кўп давоми...

12896 11:05 / 03.12.2019
Қиз болада аёллик ҳислари уйғонар экан, у онаси томонидан ўзининг эътироф этилишини, ўртада янги чегаралар ўрнатилишини истайди, у билан ўзаро рақобатлашишни давоми...

4545 11:45 / 10.01.2019
Иккинчи ҳижратлариУлар Маккага қайтиб борганларида ўзлари истаган ҳолатни топа олишмади. Яна хавфхатар ва доимий таҳдид остида яшашга тўғри келди. Улар яна давоми...

1674 20:00 / 25.07.2019
Ҳижрий олтинчи сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. давоми...

2208 19:35 / 02.10.2019
Аудиолар

120113 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41780 14:35 / 11.08.2021