1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сеҳр ва сеҳргарлик – ҳаром иш

17:12 / 06.10.2018 4464 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сеҳр» сўзи луғатда чиқиб келган жойи дақиқ ва латиф, сабаби махфий бўлган нарсага нисбатан ишлатилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, баённинг сеҳрлиси ҳам бор», деганлар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

«Фалончини сеҳрлаб қўйди» деган иборада «алдади» деган маъно бўлади. Аслида сеҳр бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буришдир. Бунда сеҳргарнинг ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиши кўзда тутилган. «Лисонул араб» китобида айтилишича, арабларнинг сеҳрни сеҳр деб аташи соғлиқни беморликка, яхши кўришни ёмон кўришга бургани учундир.

Сеҳрнинг таърифида уламолар турли фикрларни айтишган. Байзовий: «Сеҳрдан мурод ҳосил бўлиши учун шайтонга яқинлашиладиган, инсон ўзи қила оладиган нарсадир. Бу нарса ёмонликда ва нафсининг ифлослигида иблисга муносиб бўлган кимсалардагина ҳосил бўлади. Аммо ҳийла, турли асбоб ва даволар воситасида одамларни ажаблантирадиган нарсаларни қилиш, қўлини чаққон ҳаракатлантириб ҳунар кўрсатиш мазаммат қилинмайди. Бундай ишларни сеҳр дейиш унинг дақиқлигидан, холос. Сеҳр аслида сабаби махфий нарсадир», деган.

Таҳонавий «Кашшофу истилоҳотил улум вал фунун» номли китобида сеҳр ҳақида қуйидаги таърифни келтиради: «Сеҳр илмнинг бир нави бўлиб, уни жавҳарларнинг хусусиятларини ва юлдузларнинг буржларини билишдан истифода қилинади. Ана ўша нарсадан сеҳр қилинган кишига ҳайкал олинади ва унинг учун бурждаги махсус вақтни кутилади. Сўнгра шариатга хилоф куфр ва фаҳш сўзлар талаффуз қилинади. Бунга шайтонларнинг ёрдами билан эришилади. Буларнинг ҳаммаси жамланишидан сеҳр қилинган кишида ғаройиб ҳолатлар юзага келади».

Қалюбий сеҳрни қуйидагича таърифлайди: «Сеҳр шариатда ифлос руҳларни махсус сўз ва амаллар орқали ишлатиб, одатдан ташқари ҳолатларни келтириб чиқаришдир».

Ҳанбалийлар сеҳрни қуйидагича таърифлашади: «Сеҳр тугунлар, сўзлар, дам солиш ёки бир нарсаларни ёзиш, ёхуд қилиш орқали кишининг бадани, қалби ёки ақлига бевосита таъсир қилишдир».

Мазкур таърифларни жамлаб ўргансак, уларнинг ҳар бирида сеҳрнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз бораётганини кўрамиз. Демак, ушбу таърифларнинг йиғиндисидан сеҳрни янада тўлароқ англаб оламиз.

Сеҳрга алоқаси бор нарсалар:

1. Шаъваза.

Шаъваза бизда кўпроқ «бахшилик» деб юритилади. Бу аслида қўл енгиллигидан иборат бўлиб, чаққон ҳаракатлар билан бир оз ҳийла ишлатиб, бирор нарсани бошқача қилиб кўрсатишдир. Сеҳрнинг мазкур тури билан шуғулланувчи ўзининг бирор ерига беркитиб олган нарсани беморнинг ичидан олган қилиб кўрсатади.

2. Нашра.

Бу дам солишнинг бир тури бўлиб, унда жин теккан деб гумон қилинаётган одам муолажа қилинади. Бошқача қилиб айтганда, беморни ўраб олган дард­нашр қилинади, яъни ёзиб юборилади, деган даъво қилинади. Бу иш ҳам сеҳр ҳисобланади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нашра ҳақида сўралди. Шунда у зот:

«(У) шайтоннинг амалидандир», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

3. Азайимхонлик.

Бу сўз «азиймат»дан олинган бўлиб, «қасам ичиш» маъносини билдиради. Бунда азайимхон маълум исмлар билан қасам ичиб, жин текканларга шифо сўрайди. Уларнинг даъвосича, мазкур исмлар Сулаймон алайҳиссалом жинларнинг қабилаларига муваккал қилиб қўйган фаришталарнинг исмлари эмиш. Агар ўшалардан бирининг исми билан қасам ичса, у ўзига тобе жинни ишга солар эмиш.

4. Тилсим.

Юлдузларга боғлиқ деб гумон қилинган исмлардир. Улар баъзи бир маъдан ёки бошқа нарсаларда бўлиб, ўшалар билан кишиларни даволаш даъво қилинади.

5. Авфоқ.

Бунда турли рақамлар ҳандасавий шаклларнинг ичига махсус услубда ёзиб чиқилади. Ким ўша шакллар солинган қоғозни ўзи билан олиб юрса, у туғишни осонлаштиради, бир лашкарнинг бошқаси устидан ғалабасини таъминлайди, маҳбусни қамоқдан чиқаради, деган даъволар қилинади.

6. Мунажжимлик.

Бу сўз луғатда юлдузга назар солишни англатади. Аммо истилоҳда фалакдаги шакллардан ердаги ҳодисаларни билиб олишни даъво қилишдан иборатдир.

Сеҳргар эса турли услубларни ишлатиб, кишиларга таъсир ўтказувчи шахсдир. Қуръони каримда сеҳр тўғрисида келган оятда эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилувчилар ҳам сеҳргар экани айтилган. Сеҳргар Қуръони каримда қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида бундай марҳамат қилади:

«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас» (69-оят).

Сеҳр ва сеҳргарлик ҳадиси шарифларда ҳам қораланган ва мўмин-мусулмон бандаларнинг бу ҳаром ишга мутлақо яқинлашмасликлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илоҳий каломда бир сўзки қутлуғ,Фаришталар ундан ўтмас ҳаёда.Онадан афзалроқ, отадан улуғРасулуллоҳ деган зот бор дунёда.Ўтганлар ўтдилар, келганлар давоми...

1693 11:00 / 10.10.2021
Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари. Маълумки, жаннатда эркаклар учун ҳурлар ваъда қилинган. Саволим шундан иборатки, аёлларга ҳукм қандай, эркак ва аёл эрхотин давоми...

17351 17:00 / 14.12.2018
Солиҳ Муррий ҳикоя қилади .Жума тунларидан бирида қабристонда тунаб қолдим. Туш кўрдим қабрлар ёрилиб, ўликлар чиқиб келди ва ҳалқаҳалқа бўлиб ўтиришди. Сўнг давоми...

4718 07:00 / 15.01.2019
Абу Атийянинг ўғли Ҳаммод ибн Саид айтади .Отам Абу Атийянинг ўлими яқинлашганда бироз бетоқат бўлдилар. У кишига .Ўлимдан қўрқяпсизми, дейишди. Отам шундай жавоб давоми...

1536 07:09 / 28.07.2019