1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Барбод бўлган ўғрилик

14:00 / 30.06.2022 9993 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Қандай қилиб испан роҳибларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини ўғирлашмоқчи бўлганлари ҳақида)

Ёвуз  ниятли кишилар ҳамма даврларда ҳам бўлган. Улар қора ниятларини амалга ошириш учун ҳар қандай разилликка тайёр эдилар.

Мана шундай бадният ишлардан бири тарихда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини Андалусга ўғирлаб кетмоқчи бўлган испан роҳибларининг уринишидир.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ «Ал Бидоя ван Ниҳоя»да  ёзилишларича ўн чоғли кишидан таркиб топган испан роҳиблари мусулмонларнинг Пайғамбари жасадини Европага олиб кетиб, шу йўл билан улар орасига шубҳа ва фитна солиш, умматни боши берк кўчага киритишга уриниш бўлган.

Икки ғайридин Ислом либоси ва шиорлари билан Андалусдан Мадинага келади. Мақсадлари пайғамбаримизнинг муборак жасадларини ўғирлаш эди.

Улар бамисоли ҳажга келган мусулмон қиёфасига кириб, Мадинага кирдилар. Масжидун Набавийнинг қибла тарафидан Равзайи шарифга яқин ердаги бир уйга жойлашишди. Намозларини масжидда ўқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини «зиёрат» қилишар, ҳар тонгда Бақиъ қабристонига, шанба кунлари эса Қубо масжидига боришарди.

Юриш-туришлари ва қилган эҳсонлари билан халқнинг ишончига кирган бу кишилар, Пайғамбаримизнинг муборак жасадларини ўғирлаш ниятида кечалари, ўзлари турган уйдан қабри шариф томон яширин ерости йўли қазий бошладилар. У ердан чиққан тупроқни халталарга тўлдириб, қабрларни зиёрат қилиш баҳонасида Жаннатул Бақиъ қабристонига олиб бориб тўкишар эди. Уларнинг бу ишидан, албатта мусулмонлар  бехабар  эди. Шундай кунларнинг бирида адолатли ҳукмдорлардан бири Салжуқли амирлардан бўлган Нуриддин Маҳмуд Зангий Оқсунгур (1146–1174) таҳажжуд намозини ўқигач ухлайди ва тушида Пайғамбаримизни кўради. Ҳабибимиз икки бегона инсонни кўрсатиб:

 «Эй Нуриддин мени булардан қутқар!» дейдилар.

Ҳукмдор бу тушининг таъсиридан бақирган ҳолда, чўчиб уйғонади. Таҳорат олиб, намоз ўқиб яна уйқуга кетади ва айни тушни яна кўради. Кетма-кет уч марта шу тушни кўргач, ўрнидан туриб, солиҳ инсонлардан бўлган вазири Жамолиддин Мувсилийни ёнига чақирди. Унга кўрган тушни гапириб беради. Ўзаро маслаҳатлашиб Мадинага боришга қарор қилишади. Ҳукмдор, вазир ва йигирмата отлиқ Шомдан Мадинага қараб йўлга тушадилар. Кеча-кундуз йўл юриб ўн олти кунда Мадинага кириб келишади.  Ҳукмдор таҳорат олиб, Масжиди Набавийга кириб, икки ракаат намоз ўқийди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларини зиёрат қилади. Мадина аҳли ҳукмдорнинг ёнига тўпланишади. Шунда вазир:

«Ҳукмдоримиз, Пайғамбаримизни зиёрат қилиш мақсадида келдилар. Ўзлари билан Мадина аҳлига ҳадялар келтирдилар. Ҳар бир Мадиналикнинг исмларини ёзиб рўйхат тузинг» дейди. Ҳамманинг исми ёзилади. Шунга кўра, ҳамма бирма-бир келиб, ўз ҳадясини ола бошлайди.

Бундан мақсад ҳукмдорнинг тушидаги икки кишини аниқлаш эди. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ҳадясини хукмдорнинг ҳузурига ўзи келиб олади. Ҳукмдор ҳар бир келган одамга диққат билан разм солади. Исмлар рўйхати тугаб, ҳамма ҳадясини олиб бўлган, лекин ҳукмдор тушида Пайғамбаримиз ишора қилган икки киши кўринмасди.

«Ҳадя олмаган бирор киши қолдими?» деб  сўради ҳукмдор.

 «Ҳеч ким қолмади, фақат Андалусдан келган икки «тақводор» киши бор. Улар ҳеч кимдан нарса олишмайди, муҳтожларга садақа беришади» дейишди.

Шунда ҳукмдор уларни ҳам чақиришни буюрди. Амир уларни кўргач айнан ўшалар тушида ишора қилинган кишилар эканини билди ва: «Қаердансизлар?» деб, сўради. Улар: «Андалусдан, ҳаж ниятида келганмиз, бир муддат Пайғамбармизга яқин бўлишни хоҳлагандик», дейишди.

Ҳукмдор қаерда туришганини сўраганида улар масжиднинг яқинига жойлашганини айтишди. Амир улар билан бирга уйларига борди. Уйда бир қанча безакли китоблар, қимматбаҳо буюмларни кўрди. Шу аснода халқ уларни ҳар кун рўза тутишини, намозларини масжидда ўқишини, ҳеч бир тиланчини қуруқ қайтармасликларини айтиб уларни мақташарди. Нуриддин Зангий хонани кўздан кечирар экан бўйрани кўтарганди остида қазилган ерости йўли кўринди. Бу йўл Пайғамбаримизнинг равзаларига қадар қазилганди. Буни кўрган халқ хижолатдан айтишга сўз топа олмай қолди. Бу хусусда ҳукмдор у икки кишини сўроқ қилди. Шунда улар ҳақиқатда мусулмон эмасликларини, уларга Пайғамбаримизнинг жасадини ўғирлаб, ўз юртларига олиб кетиш вазифаси юклатилганини тан олишди. Бу қора ниятларига эришиш йўлида «тақводор» қиёфасига кириб, халқ ишончини қозонгандан сўнг кечалари ер ости йўли қазганликларини айтишди ва: «Равзага яқинлашган кечамиз осмонда момоқалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақиб, шундай бир силкиниш вужудга келдики гўё тоғлар ўрнидан силжиб кетди. Бундан қаттиқ қўрқиб кетдик ва эрталаб сизнинг келганингизни эшитдик» дейишди...

Шу воқеадан кейин Нуриддин Зангий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари атрофига чуқур хандақ қаздирди ва бу хандақни эритилган қўрғошин билан тўлдириб, равзайи саодатнинг атрофини қўрғошин билан ҳимоялади.

Бу воқеа ҳижрий 557, милодий 1162-йилда рўй берганди.

 Музайяна таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Бирр, сўзи луғатда яхшиликнинг барча турларини ўз ичига олган.Уламо аҳли .бирр,нинг таърифида турли ибораларни айтганлар. Биз ана шулардан жамловчироқ бир давоми...

4777 19:32 / 10.09.2017
Бугунги кунда мнемоника атамаси билан юритиладиган эсда сақлаб қолиш маҳоратлари ўйлаб кўрсак қадимдан исломий билимларда жуда кенг кўламда қўллаб келинган давоми...

2865 16:00 / 08.12.2023
Мўғулларнинг Бағдодга киргандан сўнг қилган энг ёмон иши китоб ва кутубхоналарни ёққани ва дарёга ташлаганидир.Бағдод бир неча йиллардан сўнг қайтариб олинди. давоми...

2427 17:00 / 06.03.2022
Бир аёл кичик, совуқ қотган, оч қолган илонни кўриб, унга ёрдам бериш учун уйига олиб келди. Уни парваришлаб таом бера бошлади. Илон аёлга ўрганиб, кунданкун катта давоми...

10308 14:12 / 25.06.2022
Аудиолар

120102 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021