1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Фитр садақасининг вожиб бўлиш шартлари

11:12 / 28 март 5072 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитр садақаси (садақаи фитр) ҳур, мусулмон ва ўсмаса ҳам закот нисобига эга бўлган одамга вожиб бўлади. Бир кишининг нисобга етган моли бўлиб, у ўсадиган бўлса, закот берар эди. Аммо садақаи фитрда молнинг ўсиб бориши шарт эмас. Нисобга етса бўлди, ўсмаса ҳам садақаи фитр бериши вожиб бўлаверади, чунки фитр садақаси бериш имкони борларга вожиб қилинган.

Нисоб туфайли уларга садақа олиш ҳаром бўлади ва қурбонлик ҳамда яқинларига нафақа бериш вожиб бўлади. Кишининг молу мулки кўпайиб, нисобга етганидан кейин у бойга айланади. Бой одамга ўзига яраша молиявий вазифалар юкланади. Унинг закот ва садақа олиши ҳаром бўлади. Бой кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бой одамга ўз яқин қариндошларининг нафақаси ҳам, садақаи фитр бериш ҳам вожиб бўлади.

У садақаи фитрни ўзи, фақир бўлгани учун ёш боласи, мулки бўлгани учун ходими учун, агар у мудаббар, умму валад ёки кофир бўлса ҳам, беради. «Мудаббар» – хожаси «мен ўлганимдан кейин озодсан» деб қўйган қул. «Умму валад» – хожасидан бола кўрган чўри. Бу икки тоифанинг нафақаси хожага вожиб бўлади ва уларни сотиб юбориш мумкин бўлмайди. Бунинг далили қуйидаги ҳадиси шарифдир:

Кишининг хотини, катта ёшли фарзанди ва ҳатто ёш фарзанди ҳам бой бўлишса, уларнинг номидан садақаи фитр бермайди. Шунингдек, киши ўзининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган қули (фақат у қайтганидан кейин), шерикликдаги қулининг номидан ҳам садақаи фитр бермайди.

Ҳукми боқий қолганлари эса қуйидагилар:

1. Хотини. Хотин мустақил шахсдир, у эрига мулк ҳам эмас, тўла қарам ҳам эмас. Хотинда эрнинг фақат жуфти ҳалоллик ҳаққи бор, холос. Хотиннинг мустақил мулк тутиш ҳаққи бор. Шунинг учун садақаи фитр каби молиявий ибодатларни унинг ўзи адо этади. Аммо эр ўз ихтиёри билан хотини номидан садақаи фитрни адо этса, жоиз бўлади.

2. Катта ёшли фарзанди. Балоғатга етган бола ўзи мустақил шахс ҳисобланиб, мукаллаф бўлади. Ўзидан содир бўлган ишларга жавобгар бўлади. Унинг ўзида мулк мустақиллиги бор. Бинобарин, у молиявий ибодатларини ўзи адо этади.

3. Бой бўлган ёш фарзанди. Чунки бу боланинг ўз бойлиги бор. Шунинг учун унга вожиб бўлган садақаи фитрни ўзининг молидан адо этилади.

Ҳанафий мазҳаби уламолари фитр садақасини бериш ийд куни тонг отиш билан вожиб бўлади, дейишади. Аммо Рамазоннинг аввалидан бераверса ҳам бўлади, намоздан кейинга қолдирмаслик керак. Мабодо ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради-ю, савоби кўп бўлмайди, аммо бериши шарт.

Садақаи фитр мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар, ийд кунлари қувончларига қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин, дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Мўминнинг қалқони китобидан)

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
183. Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз.Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло давоми...

2623 05:00 / 11.01.2017
Рўза қачон фарз қилинганРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан бир ярим йил ўтиб, ҳижрий иккинчи йилда Шаъбон ойида фарз давоми...

4017 05:00 / 13.01.2017
Рўза тутишнинг жуда катта ва зарурий бўлган маънавий аҳамияти бор. 1. Рўза неъматларга шукр қилишга, неъматларнинг қадрини билишга васила бўлади. Чунки, нафс ейиш, давоми...

1667 11:00 / 13.04.2023
Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар. Лекин афсуски, бу тайёргарликларнинг кўпи Рамазони давоми...

3276 05:00 / 11.01.2017