1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Сизга муборак Рамазон ойи келди

18:26 / 18.05.2018 7769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1194. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар». 

Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Рамазон ойи муборак ой эканлиги. 

Бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир.

2. Аллоҳ таоло мусулмонларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилганлиги.

Ушбу ҳадисни бу бобда келтиришдан мақсад ҳам мана шу ҳукмни, яъни Рамазон ойининг рўзасини тутиш ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан жорий этилган фарз эканлигини маълум қилмоқдир.

3. «Унда осмонларнинг эшиклари очилур». 

Ўша эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб, осмонга кўтарилур.

4. «Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур».

Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилур. Кишиларга Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уларга яхши имконлар яратиб берилур. Рўза тутиб, ибодат қилган кишилар жаҳаннамдан қутулур.

5. «Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур». 

Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Рўзадорлар хайрли ишлари ва ибодатларини бемалол қиладилар.

6. «Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир».

Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат – яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишни бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Қадр кечаси ҳам беҳуда ўтмаслиги лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, кунлар, ойлар ўтиб, яна Қуръони Карим ойи ndash Рамазон ойи бетакрор шукуҳ билан кириб келди. Буюк алломалар юрти Ўзбекистонда давоми...

1913 16:36 / 29.03.2023
Эй қалбим Шунча азоб оятларини, жаҳаннам ҳақидаги оятларни эшитиб нега қўрқмайсанЭй кўзим Сенчи, нега сенда жола йўқ, нимага ёш тўкмайсанСизларни давоми...

2700 13:00 / 29.04.2022
Биринчи аломат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлишича, қадр кечасининг аломати .Қуёш тонгдан нурсиз бўлиб чиқишидир,. Имом Муслим ривояти. Иккинчи давоми...

7178 11:30 / 08.04.2024
Маълумки, Қадр сураси Қуръоннинг нозил бўлиши, Қадр кечаси ҳақидадир. Барча сураларда бўлганидек, ушбу сурада ҳам эъжоз ақлни лол қилиб, ожиз қолдирувчи нарса давоми...

4226 17:00 / 08.05.2021
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021