1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?!

21:14 / 12.04.2018 4538 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга иймон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?!

Ояти каримада жуфти ҳалол, фарзанд ва набира каби неъматлар ҳақида сўз кетмоқда.

Бу орқали ўша улуғ неъматларни беришга ягона Аллоҳнинг Ўзи ҳақли экани таъкидланади. Шунингдек, Аллоҳ таоло мазкур неъматлардан баҳраманд бўлган бандаларнинг ягона илоҳи – маъбуди бўлишга ҳам ҳақли эканига ишора қилинади.

«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар қилди…»

Аллоҳ сизларни эр-хотин бўлиб, жуфт бўлиб яшайдиган қилди. Ўша жуфти ҳалолни ўзингиздан яратди. Эрни ҳам, хотинни ҳам бир жинсдан қилди. Бирини юқори, бошқасини паст жинсдан яратгани йўқ. Балки иккиси ҳам инсон, иккиси ҳам Аллоҳнинг бандаси ўлароқ яратилди. Бу улкан неъматдир. Эркаклар учун аёлларни ёки аёллар учун эркакларни яратиб бермаганида, нима бўлар эди? Эркакларга эркаклик, аёлларга аёллик хусусиятини берган ким? Уларни бир оилада яшаб, фарзанд кўриш бахтига муяссар қилган ким?

«...ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди…»

Аллоҳнинг бандасига фарзанд бериши улкан неъматдир. Шунингдек, жигаргўшасининг фарзандини кўриш, яъни набирали бўлиш ҳам улкан неъмат ҳисобланади.

Инсонга болани ва набирани фақат Аллоҳ таологина беради. Инсоннинг ўзи бола ёки набирани хоҳлаган пайтида яратиб олади, деган гапнинг мантиқсизлигини ҳеч бир инсон, ҳатто мушрику кофирлар ҳам инкор қилмайдилар. Бугунги кунда сунъий равишда ҳомиладор бўлаётганлар эса Аллоҳ яратиб қўйган қонун-қоидалардан ва воситалардан фойдаланмоқдалар, холос.

Аллоҳ инсонни, аввало, жонсиз тупроқдан яратди. Кейин эса нутфа (сперма) орқали кўпайишини қонунлаштириб қўйди. Фақат бу кўпайиш ҳалол-пок йўл билан бўлиши шартлигини Ўз Китобида алоҳида таъкидлаб ҳам қўйди. Демак, инсон ўзига ҳалол жуфт, бола ва набиралар берган Аллоҳ таолога иймон келтириб, Унгагина ибодат қилиб юрмоғи лозим. Акс ҳолда ношукрлик бўлади.

«...ҳамда сизларга пок ризқларни берди».

Аллоҳ инсонга покиза ризқ берувчи ягона Зотдир. Ундан бошқа ризқ берувчи зот йўқ. Демак, бу ўринда ҳам инсон Аллоҳ таолога иймон келтириб, Унгагина ибодат қилмоғи лозим. Лекин одамларнинг кўпи, бунинг тескариси ўлароқ, Аллоҳга куфр ва ширк келтирадилар, исён ва гуноҳ қиладилар. Аллоҳнинг таълимотларига амал этмасдан, Унинг айтганларини бажармасдан, Унга турли бўлмағур буту санамни, табиатдаги мавжудотлар, ҳайвонотлар, одамлар ва тузумларни шерик этадилар. Нима учун шундай қиладилар?!

«Ботилга иймон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?»

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй иймон келтирганлар Сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангизrdquo Бақара сураси, 183оят.Рамазон рўзасини давоми...

4594 05:00 / 23.01.2017
29. Йўқ Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди Ва уларга нусрат бергувчилар давоми...

5363 05:00 / 23.01.2017
Кўпчилик бу одамни танимайди. Бу киши Мисрнинг кўзга кўринган қориларининг тиловатларини ёзиб олган ва Қуръони Каримнинг овозли шаклини жамлаган инсондир.Бу давоми...

15584 15:00 / 03.01.2022
Эй иймон келтирганлар Молларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчилардир.Агар давоми...

4290 16:46 / 25.04.2018