1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Доимо кузатувдасиз

21:36 / 10.04.2018 4177 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор. Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича, ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавм­га ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ.

Аввалги оятда васф қилинган шахснинг, яъни ҳар бир одам боласининг

«олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор».

Яъни унинг ҳар тарафида кузатиб юрувчи фаришталар мавжуд. Ушбу фаришталар ҳақида имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар. Кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар келади. Улар Бомдод ва Аср намозида жам бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганларида, улардан, Ўзи сизларнинг ҳолингизни жуда яхши билса ҳам:

– Бандаларимни қайси ҳолда тарк қилдингиз? – деб сўрайди. Фаришталар:

– Уларнинг ҳузурига борганимизда, намоз ўқишаётган экан, уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди, – дейишади», – деганлар».

Бошқа бир ҳадисда эса:

«Албатта, сиз билан бирга, сизни хало ва жимоъ пайтидан бошқа вақтда тарк этмайдиган зотлар бор. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», – дейилган.

Мазкур фаришталарнинг вазифаларини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади:

«Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар».

Яъни ўша фаришталар у бандани Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Ушбу оятдаги «муҳофаза» сўзи «сақлаш» ва «ёдлаб – эслаб қолиш» деган маъноларни билдиради. Бандага бириктирилган фаришталар ушбу икки ишни бажарадилар. Яъни бандани турли ёмонликлардан сақлаб турадилар ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб борадилар.

Ушбу оят ва ҳадисларга ҳамда шу маънодаги яна бошқа ҳужжатларга суянган ҳолда, уламоларимиз қуйидагиларни таъкидлайдилар:

Бандани турли ҳодиса ва ёмонликлардан ҳимоя этиш учун фаришталар навбат билан қўриқчилик қиладилар. Шунингдек, унинг амалларини ёзиб бориш учун ҳам кечаю кундуз маълум фаришталар алмашиб турадилар. Иккитаси ўнг ва чап тарафда туради: ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани гуноҳ амалларини ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқа тарафдан уни қўриб турадилар. Демак, банда доимо тўрт фариштанинг ўртасида юради. Улар кундузи ва кечаси алмашиб туришади.

Аллоҳ, Ўзи юқорида зикр қилганидек, ҳамма нарсаларни, ҳатто бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим. Чунки

«Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича, ўзгартирмас».

Яъни банда бир яхшиликка эришмоқчи бўлса, ўша яхшиликка етаклайдиган хислатларни ўзида мужассам этиши ва унга эришиш учун уриниши лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг ишида яхши томонга ўзгариш ҳосил қилади. Шунингдек, банданинг ўзидан ўтмаса, Аллоҳ унга ёмонликни раво кўрмайди:

«Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ».

Ғамхўр дўсти ҳам йўқки, бирор чора кўрса.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар .Анавилар Роббилари шаънига ёлғон давоми...

3805 05:00 / 23.01.2017
Иорданиялик ҳамаср олимлардан Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи уч қисмдан иборат асарлар силсиласини режалаштирган. Бу силсила қуйидаги асарлардан иборат давоми...

2481 16:10 / 08.06.2021
Қуръон ndash Аллоҳ таолонинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган. Қуръон билан қилган давоми...

11817 18:48 / 14.08.2017
Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига шубҳа ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон давоми...

5544 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

211024 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130283 14:35 / 11.08.2021