1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Исро сураси, 9-10

05:00 / 23.01.2017 6970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

9. Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.


Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги илоҳий таълимотларини қамраб олган китобини–Қуръони Каримни қиёмат кунигача инсониятни икки дунё саодатига элтиш учун, энг тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун нозил этди.

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур».

Қуръон ҳамма замон ва макондаги инсонларни ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодатига ҳидоят қилади. Инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларида энг тўғри йўлга йўллайди. Қуръони Карим ҳидояти ақида, эътиқод, маънавият, қадрият, руҳоният, мафкура бобидаги энг тўғри ҳидоятдир.

Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг ўзига, Роббига, бошқа инсонларга ва уни ўраб турган турли махлуқотларга нисбатан алоқаси қандай бўлишининг энг тўғри йўлини кўрсатади.

Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг бу дунёдаги ахлоқий, иқтисодий, ижтимоий, оилавий ва сиёсий ҳаётини энг тўғри йўлга бошловчи ҳидоятдир.

Қуръони Карим ҳидояти ҳаммани охират саодатига бошловчи энг тўғри ҳидоятдир.

Қуръони Каримдан ўзга тўғри йўлга ҳидоят қилувчи ҳеч бир китоб, мафкура, тузум ва дастур йўқдир. Фақат Қуръони Каримгина энг тўғри йўлга ҳидоят қила олади. Чунки борлиқни яратган зот ҳам, борлиқда инсонни ўзининг халифаси қилиб яратган зот ҳам Аллоҳдир. Борлиқ Алоҳнинг махлуқи, инсон Аллоҳнинг бандаси, Қуръон эса, Аллоҳнинг дастури. Аллоҳ Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган бандасини Ўзи нозил этган китобига амал қилиб яшасагина, икки дунё саодатига эриштиради. Аллоҳ яратган борлиқда Аллоҳ яратган инсон Аллоҳ нозил қилган Қуръондан ўзга энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи нарсани икки дунёда ҳам топа олмайди. Шу билан бирга, Қуръони Карим:

«...яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур».

Демак, фақат мўмин бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди, яхши амаллар ҳам бўлиши керак. Шунингдек, яхши амалларнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди, иймон бўлиши керак. Бу умумий қоида. Иймонсиз яхши амал ва яхши амалсиз иймон бўлмайди.

Бу умумий қоиданинг акс томони ҳам бор:


10. Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга, ўшаларга, аламли азобни тайёрлаб қўйдик.

Иймонсизлик тўғри йўлдан адашишдир. Тўғри йўлдан адашганлар ҳеч қачон мақсадга ета билмайдилар. Аввало, бу дунёда мақсадга эриша олмайдилар. Чунки уларнинг иймони йўқ, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръони йўқ. Шунингдек, охиратда ҳам мақсадга эриша олмайдилар. Бу ҳам иймонлари йўқлиги, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръонлари йўқлигидандир. Натижада улар ўзларини турли йўлларга урадилар. Ҳавои нафслари айтган кўйига тушадилар. Ўзларига нима фойда ва нима зарарлигини билмай, турли ҳолатларга гирифтор бўладилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким давоми...

13234 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Эй одамлар Батаҳиқ, сизга Роббингиздан мавъиза, кўкслардаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди,, деган .Юнус, давоми...

1627 19:00 / 23.06.2025
.Сабаби нузул, илмининг фойдалари кўп бўлиб, улардан баъзилари қуйидагилардан иборатБиринчи фойда Аллоҳ Қуръони каримда нозил қилган нарсанинг муайян ҳикматини давоми...

6096 13:30 / 08.06.2019
иккинчи мақола4. Бир калимани бошқа калимага алмаштиришдаги ихтилофлар.Бунда кўпинча ушбу калималар ўзаро муродиф ndash маънодош синоним бўлади. Ушбу муродиф давоми...

6700 13:55 / 11.02.2020