1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (5-қисм)

14:28 / 15.03.2018 3358 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадис. «Дўзах аҳлининг баданларини қичима қоплайди. Бас, улар қашланадилар. Ҳаттоки улардан бирининг (қашланавериб) териси тушиб, суяги кўриниб қолади. Унга: «Бу сенга азият беряптими?» деб нидо қилинса, «Ҳа» деб жавоб беради. Нидо қилувчи: «Бу (жазо) мўминларга озор берганинг эвазигадир», дейди».[1]

Оят. «Ҳар бир ҳумаза ва лумазага вайл бўлсин. У мол жамлади ва уни санаб турди».[2] Муфассирлар бу оятнинг омм (умумий) ёки хос экани борасида ихтилоф қилганлар. Баъзи муфассирлар бу оят хос бир киши ҳақида нозил бўлиб, бу оятда фақат ўша одам назарда тутилган, дейдилар. «Тафсири Жалолайн» муаллифи ёзади: «Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва мўминларни ғийбат қилган Валид ибн Муғийра ва унинг шериклари ҳақида нозил бўлган». Калбийнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, бу оят Ахнас ибн Шарийқ ҳақида нозил бўлган, чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳамиша ғийбат қилар, асосий вақтини мўминларни ёмонлашга сарфлар эди.

Баъзи муфассирлар: «Ҳумаза ва лумазадан мурод хос бир киши эмас, бу оят ҳар бир ғийбат қилувчи шахсга тегишли», дейдилар. Буни Кархий Мужоҳиддан нақл қилган бўлиб, муҳаққиқларнинг мазҳаби ҳам шудир. Ушбу фикрга кўра, гарчи бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ғийбат қилган кишилар ҳақида нозил бўлган бўлса ҳам, у ҳар бир ғийбат қилувчига тўғри келаверади, хоҳ Ахнас ибн Шарийқ бўлсин, хоҳ Валид ибн Муғийра бўлсин ёхуд бошқа одам бўлсин. Имом Розий ҳам «Тафсири кабир»да шу фикрга қўшилганлар.

Муфассирлар «ҳумаза» ва «лумаза» сўзларининг маъносида ҳам ихтилоф қилганлар. «Жавоҳирут-тафсир»да нақл қилинишича, баъзилар иккисида ҳам ғийбат қилувчилар назарда тутилган, дейдилар. Калбийнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятига кўра эса, ҳумаза – орқадан ғийбат қиладиган, лумаза эса одамни бошқалар ёнида юзига лаънатлаб, сўкадиган кишидир. Аммо Сулаймон Жамал «Тафсири Жалолайн»га ёзган ҳошиясида («Ал-Футуҳотул илаҳийя») Ҳасан Басрийдан бунинг аксини нақл қилган, яъни ҳумаза – одамлар олдида кишини ёмонлайдиган, лумаза эса орқадан ғийбат қилувчи кишидир. Имом Розий «Тафсири кабир»да имом Абу Зайддан: «Ҳумаза – одамларга қўли билан озор берадиган, уларни урадиган кимса, лумаза эса одамларга тили билан озор берадиган кишидир», деган сўзни келтиради. Хуллас, бу оятда Аллоҳ таоло ғийбат қилувчиларга ўта қаттиқ азобни ваъда қилган. Одамларга ҳайронман, бошқаларни ғийбат қилиб, ўзини Аллоҳ таолонинг қаҳру ғазабига гирифтор қилишади. Ҳеч шубҳа йўқки, агар Аллоҳ таоло адолат билан ҳисоб-китоб қилса, ичимизда бирор киши нажот топа олмайди.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўз иноят назари билан қарасин! Омин.

Ҳикоя. Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади:

 

Тариқатшиносони собит қадам,

Ба хилват нишастанд чандий ба ҳам.

 

Яке з-он миён ғийбат оғоз кард,

Дари зикри бечорае боз кард.

 

Касе гуфта-ш эй ёри шўрида ранг.

Ту ҳаргиз ғазо карда-и дар Фаранг.

 

Гуфт аз паси чор девори хеш,

Ҳама умр наниҳодаам пой пеш.

 

Чунин гуфт дарвеши содиқ нафас,

Надидам чунин бахт баргашта кас.

 

Ки, кофир зи пайкораш эмин нишаст,

Мусулмон зи жаври забонаш нараст.

 

Назмий маъноси:

 

Неча собитқадам аҳли тариқат,

Бирга ўлтирдилар хилватда бир вақт.

 

Бирови ғийбатни бошлади секин,

Очди бир ғарибнинг айблов эшигин.

Бири унга деди: «Эй шўрлик башанг,

Фарангда кофир-ла қилганмисан жанг?

 

Деди: «Мен уйим тўрт деворидан ҳам

Умрбод ташқари қўймадим қадам».

 

Деди содиқ нафас дарвеш ул они:

«Кўрмадим ҳеч сендек бахтиқарони,

 

Кофир тиғингдан ҳеч зарар кўрмабди,

Мусулмон тилингдан омон бўлмабди».

 

Насрий баёни: Тариқатни билувчи, қадами собит кишилардан бир нечаси хилватда бирга ўтирган эдилар. Улардан бири ғийбатни бошлади. Бир бечорани зикр қилиш, яъни ёмонлаш эшигини очди. Бир киши унга: «Эй шўрпешона дўст, сен ҳеч Фарангда (кофирлар билан) уруш қилганмисан?» деди. У: «Умр бўйи ўзимнинг тўрт деворимдан ташқарига қадам қўймаганман», деди. Содиқ нафасли дарвеш унга шундай деди: «Сендек бахтиқаро кишини кўрмадим. Кофир унинг урушидан эсон-омон ўтирса-ю, мусулмон унинг тили жабридан қутула олмаса», яъни кофир унинг қўлидан азоб кўрмаса-ю, мусулмон унинг тилидан саломат бўлмаса.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин»да Мужоҳиддан нақл қилинган.

[2] Ҳумаза сураси, 1-оят.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.Бу дунё ўткинчидир. Қачондир бу ердан сафар қилишимиз аниқ. Бир шаҳардан яқин кунда кетишини билган киши сафар давоми...

3498 15:10 / 23.03.2018
4691. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Истиғфорнинг саййиди ndash .Аллоҳумма Анта Роббии. Лаа илааҳа илла анта. давоми...

6434 16:57 / 13.10.2017
Амалларнинг гўзаллиги аҳволларнинг гўзаллиги натижасидир. Аҳволларнинг гўзаллиги эса мақомларнинг манзиллари рўёбга чиққанидандир.ndash Амал ndash жисмнинг куч давоми...

3451 19:09 / 07.01.2018
Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўптўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. давоми...

3777 13:51 / 02.03.2018