1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тавба ва истиғфор (1-қисм)

10:56 / 15.03.2018 6508 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло гуноҳкор бандаларининг тавбасини қабул қилиши У Зотнинг уларга раҳматидандир. Ваҳоланки, бирор кишига нисбатан хато қилиб қўйсак, ўша одам биздан ҳеч бир узр қабул қилмайди.

Кўп одамлар «Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир» деган жумланинг маъносини нотўғри талқин қилиб олиб, У Зотнинг мағфиратидан умид қилади, аммо маъсиятда бардавом бўлаверади. Бунинг тўғри маъноси шуки, Аллоҳ таоло истиғфор айтиб, тавба қилганлар, хатоларини ислоҳ қилганлар учун мағфиратли, раҳмли Зотдир.

Гуноҳлар икки хил бўлади: сағира – кичик гуноҳлар ва кабира – катта гуноҳлар.

Кичик гуноҳлар истиғфор айтиш, катта гуноҳлардан четланиш, таҳорат, намоз, масжидлар сари қадам ташлаш, ҳаж, умра, Рамазон рўзасини тутиш, таровеҳ намозини ўқиш, Қуръон қироати каби солиҳ амаллар билан мағфират қилинади. Бу ҳақда оят ва ҳадисларда шундай дейилган:

«Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан (гуноҳи кабиралардан) четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизларни карамли манзилга киритурмиз» (Нисо сураси, 31-оят).

«Куннинг икки тарафидаги ва кечанинг бир қисмидаги намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса эсловчиларга эслатмадир» (Ҳуд сураси, 114-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонлик ортидан яхшилик қил. Бу уни ўчиради», деганлар (Термизий ривоят қилган).

Кўп ҳадисларда «Ким фалон ишни қилса, мағфират қилинади» дейилган бўлиб, уларда солиҳ амаллар кичик гуноҳларни ўчириб юбориши айтилган.

Гуноҳи кабираларга келсак, солиҳ амаллар қилиш билан бирга насуҳ тавба – ҳақиқий, рост, чин дилдан тавба қилиш орқали кечирилади. Насуҳ тавбанинг учта шарти бор: 

1. Қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш, надомат чекиш.

2. Аллоҳдан қўрққанидан гуноҳдан тийилиш.

3. Ўша гуноҳга қайтмасликка чинакам азму қарор қилиш.

Агар тавба қилинаётган гуноҳ-маъсиятлар бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқига тегишли бўлса, у ҳолда насуҳ тавбанинг шартларига тўртинчи шарт ҳам қўшилади: 

4. Уларнинг ҳақларини адо қилиш. Масалан, молни эгасига қайтариш ёки ҳаққини кечиб юборишини сўраш. Бирор кишига нисбатан хатога йўл қўйган бўлса, ундан узр сўраш, ёмонлаган бўлса, уни одамлар ораси мақташ, ёмонлик қилган бўлса, яхшилик қилиш ва ҳоказо.

Агар тавбадан кейин гуноҳ яна такрорлангудек бўлса, тавбани ҳам янгилаш керак, чунки гуноҳ қанчалар такрорланмасин, шундан кейин қилинган тавбани Аллоҳ таоло қабул қилади. Бу хусусда «Аллоҳни ғазаблантирдинг, энди сени ҳеч қачон кечирмайди» деган шайтон васвасасидан ҳазир бўлиш керак. Айниқса бир гуноҳдан тавба қилиб, кейин яна ўша гуноҳни қилиб қўйган одам бундай васвасадан эҳтиёт бўлсин, чунки шайтон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилиб қўйиши турган гап.

Аллоҳим, барчамизни мағфират қил, гуноҳларимизни кечир!

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоят. Суфён ибн Ҳусайн айтади .Иёс ибн Муовиянинг1 ёнида ўтирган эдим, бир одам ўтиб қолди. Мен уни ғийбат қилдим. Шунда Иёс ибн Муовия менга .Жим бўл,, деди. Сўнг .Эй давоми...

4342 14:26 / 15.03.2018
Насиҳат. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади .Одам боласи билан доим бирга бўладиган фаришталар бор. Бир инсон биродарини яхшилик билан эсласа, ўша фаришталар унга .Сенга давоми...

4593 19:41 / 31.03.2018
Қачон У Зот сенга ато берса, сени яхшилигига шоҳид қилади. Қачон сени ман қилса, сени қаҳрига шоҳид қилади. Барчасида ҳам сенга Ўзини яхшилаб танитувчидир ва сенга давоми...

4270 18:28 / 08.04.2018
7. Муҳофаза ва ҳимоя қилиш ниятида ғийбат қилиш. Бир кишидан бошқаларга зарар етса ва улар ўша зарарнинг етишидан бехабар бўлишса, зарар етказувчини уларга давоми...

5095 20:02 / 28.02.2018
Аудиолар

213177 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132396 14:35 / 11.08.2021