1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Талаб – нарса сўраш эмас, бандалик изҳоридир

15:57 / 27.01.2018 5284 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талаб – нарса сўраш эмас, бандалик изҳоридир

Талабинг Ундан атога сабаб бўлиб, Унинг ҳақида фаҳминг озаймасин. Талабинг бандаликни изҳор қилиш ва рубубият ҳақларини адо қилиш учун бўлсин.

       Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида банданинг Аллоҳ таолодан талаби қандай бўлиши ва бўлмаслиги ҳақида сўз юритмоқда. Бу эса ўз-ўзидан яна бир бор банданинг талаби ва дуоси ҳамда ушбу икки нарса орасидаги фарқ ҳақидаги тушунчамизни янгилашни ва тўлатишни тақозо қилади. Дуо ва талабнинг таърифи ҳамда улар орасидаги фарқ ҳақида аввал қуйидагилар айтилган эди:

«Дуо» сўзи араб тилида чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча дуо қилиш ҳамда бирон нарсани талаб қилиш маънолари бир-бирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.

Талаб – сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. «Менга тилаган нарсамни бергин» каби.

Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қила бошлаши билан бўлади.

Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра, икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзларини такрорлаётган бўлади.

Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда эса бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одам ҳақида «Фалончи Аллоҳ таолодан талаб қилмоқда – сўрамоқда», дейишимиз мумкин. Аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда», дея олмаймиз.

Кўпчилик бирор нарсага эришмоқчи бўлса, турли дуоларни ўрганиб, ёд олади. Уларни такрор-такрор ўқиб, Аллоҳ таолодан ўз тилагини сўрайди. Аммо сўраган нарсасига етиша олмай юраверади, чунки у ҳақиқий дуо қилгани йўқ, шунчаки талаб – сўраш билан банд. Дуо деб аталадиган нафсий ҳолатга эришгани йўқ».

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, талаб талаб қилинган нарсага эришиш учун қилинадиган ҳаракатнинг бир туридир. Дуо эса энг улуғ ибодатлардан биридир.

Агар банда дуони талаб қилган нарсасига эришиш учун сабаб деб ҳисобласа, дуога мақсадга эришиш учун ишга солинадиган сабаблардан бири дея юзланса, унинг Аллоҳ таолога илтижо қилиб айтаётган сўзлари дуо эмас, талаб бўлади. 

Ушбу маънони яна ҳам яхшироқ англаб етиш учун мисол келтирайлик. Бир оила келин олиш мақсадида бошқа бир оилага совчилик қилиб, қизларини келинликка сўради. Уларни рози қилиб, кўнгилларини хушлаш учун турли чора-тадбирлар кўрилди. Мақтов сўзларини айтишди, совғалар беришди. Уларнинг ушбу ишлари талаб дейилади.

Қизнинг оиласи совчиларга рад жавобини берди. Хушомадлар уларга таъсир қилмади. Совғалар рад этилди. Шунда баъзи кишилар совчилик қилган тарафга бу ишда Аллоҳ таолодан кўмак сўрашни, У Зотнинг Ўзига ёлворишни маслаҳат беришди. Совчилик қилаётган оила ихлос билан дуо қилишга тутинди. Уларнинг бу ишлари дуо эмас, талаб ҳисобланади.

Дуо ўзига хос ибодатдир. Талаб эса мақсадга эришиш учун ишга солинадиган восита, сабабдир. Ушбу маънода гоҳида дуо сабаб ҳам бўлади. 

Бас шундай экан, банда ўз ҳаётини фақатгина нафсининг хоҳишини қондириш учун талаб кетидан талаб қилиш билан ўтказиши керак бўладими? Албатта, йўқ! Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу биз ўрганаётган ҳикматида айтмоқдаки:

«Талабинг Ундан атога сабаб бўлиб, Унинг ҳақида фаҳминг озаймасин». 

Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарсанг доимо У Зотдан ато олишга боғланиб қолмасин. Агар шундай бўладиган бўлса, бу сенинг Аллоҳ таоло ҳақидаги фаҳминг озлигига далил бўлади. Бунда гўё бировга иши тушганда уни мақтаб, унга тавозе кўрсатиб, ёрдам беришини сўраган, керакли ёрдамни олгандан сўнг ташаккур айтиб кетаверган ва ёрдам берган шахсни эсдан чиқарган одамга ўхшашлик бор. Бундай одамнинг қачон Аллоҳ таолога ҳожати тушса, У Зотдан ҳожатини раво қилишини ёлвориб сўрайди. Ҳожати тушмаса, эсга ҳам олмай юраверади. Албатта, бундай ҳолатдаги одамнинг Аллоҳ таоло ҳақидаги фаҳми жуда ҳам оз бўлади. Мазкур ноқулай ҳолатга тушиб қолмаслик учун

«Талабинг бандаликни изҳор қилиш ва рубубият ҳақларини адо қилиш учун бўлсин».

– Бандалик – убудият инсоннинг бутун борлиғини ва ҳис-туйғуларини қамраб олган хорлик ва зорликдан иборат бўлиб, у инсонни ўз Холиқини улуғлашга, Ундан ҳайиқишга, Унга илтижо қилишга, истиғфор айтишга, дуо қилишга ва Ундан умидвор бўлишга чорлайди. 

Дуо бандаликдан иборат бўлиб, унинг сири ҳожатмандликни изҳор қилишдир.

Баъзилар демишлар: «Дуонинг фойдаси У Зотнинг ҳузурида ҳожатмандликни изҳор қилишдир. Аслида Аллоҳ таоло нимани истаса, шуни қилади».

Дуо ҳожатмандликни Аллоҳ таолога эълон қилишдир. Бандалик ва ҳожатмандлик хорлиги ила У Зотнинг ёлғиз Ўзига бурилишдир. Бошқача қилиб айтганда, дуо ўзига хос ибодатдир. Дуо ижобат бўладими, йўқми, барибир ибодат қилганлик эътибори бўлаверади. 

– Рубубият – робблик ўзида кўпгина маъноларни мужассам қилган бўлиб, жумладан, мулк – эгалик, ҳифз – сақлаб туриш, тадбир – чора кўриш ва тарбия – бир нарсани аста-секин камолга етказиш маъноларини ҳам ўз ичига олади. 

Уламоларимиз: «Убудиятда содиқлик билан рубубият ҳуқуқлари бир-бирига чамбарчас боғлангандир», дейдилар. Бошқача қилиб айтганда, убудиятдаги содиқлик билан рубубият ҳуқуқларини адо этиш бир ишдир. 

«Банданинг ушбу йўсинда Аллоҳ таолодан талаб қилишининг аломати учтадир, – дейди шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ. – Қасдда тафвийз, яъни Аллоҳ таолога ҳавола қилиш.  Юзланишда таваккул қилиш. Бериш ёки ман қилиш воқелигига рози бўлиш. Бас, берганда шукр қилади ва ман қилганда, эътирозсиз ва иккиланишсиз қабул этади». 

Шайх Абул Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Тағин дуодаги насибанг Хожангнинг муножотидан эмас, ҳожатинг раво бўлишидан хурсандликдан иборат бўлиб, тўсилганлардан бўлиб қолмагин».

Талабимиз Аллоҳ таолодан атога сабаб бўлиб, Унинг ҳақида фаҳмимиз озаймасин! Талабимиз бандаликни изҳор қилиш ва рубубият ҳақларини адо этиш учун бўлсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  (хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маҳзунлик йилиАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

4045 18:30 / 14.03.2017
Робиъа ибн ҲайсамРобиъа ибн Ҳайсам ҳар тунни бедор ўтқазардилар. Бир куни у зотнинг қизилари Аллоҳ яратганлари ичида энг афзали кимrdquo деб сўради. Ибн Ҳайсам давоми...

2945 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло .Аллоҳ сизларни Ўз азобидан огоҳ қиладир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зотдир,, деган Оли Имрон, 30.Шарҳ Ҳазир бўлиш келажакда бўладиган ишларда ҳушёр ва давоми...

3038 05:00 / 01.03.2017
Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик давоми...

1633 00:00 / 23.10.2022
Аудиолар

118751 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40710 14:35 / 11.08.2021