1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ўғирланган туш

16:31 / 24.01.2018 5629 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли, дейдилар. Чунки тарих кишининг асл илдизидирки, ўзининг келиб чиқишини яхши билмаган инсон эртанги кунига қандай ғоя, қандай назар билан боқишни билмайди.

Халқимиз орасида "Биз фалонларданмиз" деган гап тез-тез қулоққа чалинади. Бундай кишилар ўзларининг келиб чиқишларини, авлодларини, тарихларини яхши билганлари учун келажакка бошқача назар, бошқача кўз  билан қарайдилар. Улар фақат яхши ҳолатларда эмас,  балки ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз оиласининг қарашларига, эътиқодига, фикрига тобе бўладилар. Шунинг учун ҳам ўз мафкураси билан бизларга босим ўтказган коммунистик ғоя эгалари бир неча йиллар давомида аввало ўзбек халқининг илдизини кесишга, томирини қуритишга ҳаракат қилишди. Қанчадан-қанча бойликларимизнинг олиб чиқиб кетилгани ёки йўқ қилингани буюк тарихимиздан узилганимиздек катта фожиа олдида ҳеч нарса эмас. Йиллар ўтиши билан йўқотилган бойликларнинг ўрни тўлиши, ҳатто аввалгидан ҳам зиёда бўлиб кетиши мумкин, аммо тарихсиз йўқотилган кунларни, илдизсиз суғорилган зеҳнларни қайтадан жонлантириш осон иш эмас.

Бутун дунёга илм-маърифат тарқатган энг кучли, манаман деган олимларни ўзининг илм даргоҳига худди оҳанрабодек тортган, дунёни лол қолдирган буюк сиймоларнинг бугунги аждодлари боболарининг суратлари остида қайд этилган таваллуд  ва ўлим саналарини кўрсатиб, «Бу телефон рақамларими деб ўйлабман», дея катта-катта залларни тўлдириб ўтирган кишиларнинг олқишини олиб, уларни кулдирадиган ҳолатга келди.

Тушларимизни ўғирладилар!

Бу мафкура эгалари бизларнинг асл томиримизни кесиб, дунёқарашимизни ўзгартириб юборишди. Келажакка Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Улуғбек, Бобур, Сайфиддин Қутз каби буюк аждодларимиз сингари мардона боқишни унуттиришди. Улар каби тушлар кўролмайдиган, улар каби эл, юрт ғамида ёна олмайдиган ҳолатга келтиришди.

Дунёга Амир Темур каби нигоҳидан ўт чақнаб, мағрур боқиш ўрнига ҳуркиб, қўрқув ва ҳасад билан боқишни ўргатишди. Мактабларда Бухорий, Улуғбек каби буюк аждодларимизнинг сиймолари, фаолиятлари, умр йўллари ўрганилмади. Натижада зеҳнимизда Бухорий оддий ҳадис йиғувчи, Улуғбек шунчаки мунажжим, Абу Али ибн Сино эса оддий бир табиб бўлиб шаклланди. Бухорийнинг тақвою ихлос билан Ислом ва инсоният барқарорлиги учун қилган хизматларини, бутун миллат ва дунё учун қилган яхшиликларини бир четга улоқтирдик.

Модомики, томирларимизда бу буюк аждодларнинг қони оқар экан, қуриб битмаган илдиздан яна ниҳол ўсиб чиқажагини, ундан яна янги-янги куртаклар чиқиб, мағрур дарахт бўлиб қад ростлашини билганлари  учун "Тарихдан совутиш" режаси остида ғоялар мажмуасини ташкил этишди. Унга кўра бу миллат ўз аждодларини унутмоғи ёки фақатгина исми ва касбинигина билмоғи лозим эди. Уларни қолоқ, жоҳил, янги дунёга қолип бўла олмайдиган эскилик сарқити, дея таърифладилар.

Алишер Навоий, Нодирабегим ва Увайсийларни ўқувчиларга мистик шоир деб таништиришса, Ленин, Карл Маркс, Фридрих Энгельс, Юлий Цезарларнинг «қаҳрамонларча» кечирган ҳаётларини «реал воқелик», дея энг майда икир-чикирларигача ўқувчилар зеҳнига сингдириб боришди.

Шу тариқа янги авлод ўз тарихини унутди, унутмаганлари эса одамлар орасида уларни идеал шахс сифатида эътироф этишдан, гапиришдан уяладиган ҳолга келди. Натижада дунёга асл аждодларига хос нигоҳ билан эмас, балки коммунистик ғоялар билан йўғрилган, тубан нигоҳ билан қарайдиган бўлиб қолди.

Биз Амир Темур билан дунёга адолат байроғини ташиган миллат эдик.Биз Бухорийнинг закоси билан халқларни лол қолдирган ва Абу Али ибн Синонинг мантиқ, фалсафа ҳамда буюк тиб қонунлари билан хаста қалб, тан ва руҳларни даволаган миллат эдик. Биз Жалолиддин ва Қутзлар билан адолат ва мазлумнинг ҳимояси учун жанг қилган миллат эдик.

Бизки, Бобур билан Ҳинд диёрига Исломнинг илк муҳаббат гулларини эккан эдик.

Аждодларимизни унутдик! Уларнинг бизга ёр бўлган мардона руҳларини ҳис қила олмас ҳолга етдик. Уларнинг «Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа билан қарасангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг», дея қурдирган мадраса, масжид ва мақбараларини ёлғизлатиб, ҳувиллатиб қўйдик. Энди эса улар қолдирган буюк илмий меросларни ўқиб ўрганмас, ҳаётимизга татбиқ этмас, кейинги авлодларга асраб-авайлаб етказиб бермас эканмиз, бу бинолар асло жонлана олмас.

Қалбим ўртаниб, дарду аламларимни тўкиб солиш учун қўлимга  қалам олишимга жаноб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илмий меросимизни ўрганиш борасида кўрсатган жонбозлик ва ташвиқотлари сабаб бўлди. Мустақил давлатимнинг ҳур байроғи Аракандаги мазлумлар бошида шафқат-ла ҳилпирагани боис буюк аждодларимизнинг руҳлари қайта тирилгандек бўлди ва ички бир туйғу менга илҳом берди.

Эй буюк халқим! Келинг, улуғ бобокалонларимизга муносиб фарзанд бўлиш учун айрилган туш ва ўй-хаёлларимизни қайтариб олишга астойдил ҳаракат қилайлик. Зеро, ҳеч бир мақсадга у ҳақда сурилган ўй-хаёлсиз эришиб бўлмайди.

Яна қайтадан гўзал хаёллар сурайлик, буюк режалар тузайлик. Халқимизнинг адолат тарозисининг муносиб эгаларига айланганини, динлари, ирқлари, урф-одатларидан қатъи назар, эмин-эркин яшай бошлаганларини кўрган чоғимизда худди аждодларимиз каби қучоғимизни дунёларга кенг очайлик! Чунки биз буюк халқнинг авлодларимиз!

 

Муҳаммад Али Юсупов.

Миср Араб Республикасида таҳсил олаётган талаба.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тулайҳа ибн Хувайлид Асадий аслида коҳин эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида пайғамбарлик даъвосини қилди. Унга ўз қавмидан ва давоми...

1911 18:37 / 25.10.2023
Капрал Ҳасан Туркиянинг Игдир вилоятидаги Усмонлилар армиясининг салмоқли пулемётлар жамоаси таркибида бўлган. У вафот этгунига қадар Қуддусни 65 йил қўриқлаган давоми...

1868 09:07 / 16.11.2023
.Меърож ҳодисаси Ислом аҳли учун улкан аҳамият касб этади. Зеро, бу тунда Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларга намоз ўқиб берганлар. У зот давоми...

1369 18:56 / 15 февраль
У зотнинг насаблари Ҳорун алайҳиссаломга туташади.Соффот сурасида Илёс алайҳиссалом ҳақларида қуйидаги оятлар келган.Албатта, Илёс ҳам расуллардандир, давоми...

7754 11:40 / 14.03.2019
Аудиолар

120108 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41774 14:35 / 11.08.2021