1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бақара 285-286

05:00 / 19.01.2017 36437 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

285. Пайғамбар унга ўз Роббисидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирди. Унинг Пайғамбарларининг бирорталарини ажратмаймиз. Ва эшитдик ва итоат қилдик, (эй Роббимиз), мағфиратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир, дедилар.

Ушбу ояти карима ва кейинги оят иккалови ўзларида ушбу суранинг хулосасини мужассам қилгандир. Бу икки оятнинг ҳар бир сўзи улкан маъно англатади. Уларда ақида, иймон хусусиятлари, банданинг ўз Роббиси билан бўладиган ҳоли, фарз қилинган амалларга муносабат ва бошқалар келган.
«Пайғамбар унга ўз Роббидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам».
Пайғамбарнинг иймонидай кучли иймон бўлмайди. Чунки у тўғридан-тўғри Аллоҳдан қабул қилиб олинган иймондир. Оятда ўша иймонга мўмин бандаларнинг шерик қилиниши, улар учун улкан шарафдир.
«Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирди».
Бу қиёматгача инсониятнинг барчасига йўлбошчи бўладиган умматга хос иймондир.
Аллоҳга иймон келтириш исломий тасаввурнинг асосидир. У ҳаётий йўлнинг негизидир. Одоб, ахлоқ, иқтисод, сиёсат хуллас, банданинг ҳар бир ҳаракати ва нафасининг ҳам асосидир.
Аллоҳга иймон кетиришнинг маъноси–Унинг илоҳликда, тарбиякунундаликда ва ибодатда ягона Ўзи ҳақдор эканини эътироф қилишдир. Инсоннинг қалбига, виждонига, ҳаётидаги ҳар бир ишига хўжайинлик ягона Аллоҳга хос, деб эътироф қилишдир. Бу ишларда Аллоҳга ҳеч қандай шерик йўқ.
Унинг яратувчиликда шериги йўқ. Ҳамма нарсани Ўзи яратган.
Тасарруфотда ҳам Унинг шериги йўқ. Барча ишларни ягона Ўзи тасарруф қилади.
Унинг ризқ беришда шериги йўқ. Ҳаммага ягона Ўзигина ризқ беради.
Унинг фойда беришда шериги йўқ. Ҳаммага фойдани ягона Ўзигина беради.
Унинг зарар етказишда шериги йўқ. Ҳаммага зарар етказишни ягона Ўзи амалга оширади.
Борликдаги каттию кичик ҳар бир нарса Аллоҳнинг изни ва иродаси билан бўлади.
Унинг ибодатга ҳақдорликда шериги йўқ. Барча ибодат ва барчанинг ибодати ягона Аллоҳнинг Ўзигадир. Унинг итоатга ҳақдорликда ҳам шериги йўқ. Барча тоат ва барчанинг тоати ягона Аллоҳнинг Ўзигадир.
Унинг бандалар қалби ва виждонига хожа эканлигида ҳам шериги йўқ. Ҳамманинг қалби ва виждонига ягона Аллоҳнинг Ўзи хожадир.
Унинг бандалар ҳаётига раҳнамолик қилишда ҳам шериги йўқ. Ҳамманинг ҳаётий йўлини, қонунларини, иқтисодини, муомалаларини ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб беради. Шомил иймон, Аллоҳга иймон келтириш худди шуни тақозо қилади.
Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш Аллоҳга иймон келтиришнинг ичида бор. Фаришталарга иймон келтиришга Аллоҳ буюрган. Шунинг учун ҳам иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалардан олдин Аллоҳга иймон мустаҳкам бўлиши керак, дейилади. Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш ҳис этиш аъзолари таъсирига тушмайдиган, улардан юқори бўлган ғайб нарсаларга иймон келтиришнинг бир қисмидир. Инсонни яратган Аллоҳ унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билганидан, ушбу ғайбий нарсага–фаришталарга иймон келтиришга буюрган.
Ўзи билан доимо фаришта бирга юришига, яхши-ёмон барча ишларни ёзиб боришига ва фаришталарнинг бошқа хусусиятларига иймон келтирган одам фақат яхшилик қилиб, ёмонликдан четда бўлади. Бундай ҳис-туйғу эса, ҳар бир одам боласи учун зарурдир.
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга, жумладан, фаришталарга ишонишдадир. Бундай иймони бор инсон ҳис этиш аъзолари чегарасида тор жойда ўралиб қолмайди. Балки тасаввур доираси чексиз бўлади.
Аллоҳнинг китобларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан ўсиб чиқадиган иймондир. Илоҳий китобларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Ундан келган хабарларга ҳам ишониши керак.
Аллоҳнинг Пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан ўсиб чиқадиган иймондир. Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Унинг Пайғамбарларига ҳам ишониши керак.
«Унинг Пайғамбарларидан бирорталарини ажтармаймиз».
Яъни, Аллоҳ юборган барча Пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз. Шундай қилиб, мусулмон уммати ҳамма Пайғамбарликларнинг ягона ва охирги меросхўри бўлиб қолган.
Иймон неъматидек улуғ неъмат мусулмонларга насиб қилган. Бу иймон уларни икки дунё саодатига етказади.
«Ва эшитдик ва итоат қилдик, (эй Роббимиз), мағфиратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир, дедилар».
Буларни фақат Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига ва Пайғамбарларига ҳақиқий иймон келтирган кишиларгина айта оладилар.
Аллоҳ томонидан келган ҳар бир нарсани эшитиш, Аллоҳдан бўлган ҳар бир амрга итоат қилиш ҳақиқий мўминнинг ишидир.
Аллоҳдан келган ҳар бир хабарни эшитиб, ҳар бир амрга итоат қилиб туриб, яна мўмин киши ўзида нуқсон борлигини ҳис қилади ва:
«Эй Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз»,
дейди. Эътибор қилинг-а, аввал эшитиш, кейин итоат қилиш ва, ниҳоят, мағфират сўраш. Баъзи бир гумроҳлар эшитмайди ҳам, итоат қилмайди ҳам, лекин мағфиратни даъво қилади.
Мўмин кишининг бунчалик серташвиш бўлишига сабаб бор, чунки у қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзига эканлигини жуда яхши билади.
Банда эшитишга ва итоат қилишга доим тайёр тургани билан Аллоҳ таоло унинг тоат даражасини, нимага қодиру нимага қодир эмаслигини яхши билади ва унга тоқатидан ташқари таклиф қилмайди.


286. Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил.
Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди–яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас».
Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Ҳар бир банданинг:
«Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан»
Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, насли-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон-ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо унинг ўзига ёлбориб дуо қилиши зарур.
«Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин».
Мўмин банда бор имконини ишга солиб Аллоҳнинг фармонига мувофиқ иш юритишга ҳаракат қилади. Бу борада кўпгина тўсиқларни енгиб, қийинчиликларга бардош беради. Лекин у фаришта ҳам эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилиб қўяди ёки баъзи нарсаларни унутиб, эсдан чиқаради. Шунинг учун ҳам дуонинг аввал-бошида мазкур нарсалар учун азобга тутмасликни Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрамоқда. Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ушбу дуосини қабул этган.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Умматимдан уч нарса–хато, эсдан чиққан ишлар ва мажбур қилинганлик кўтарилди», деганлар.
«Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин».
Маълумки, Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларга улар қилган осийликлари учун қийин-қийин таклифлар юборган.
Баъзиларига тавба қилиш учун ўзини ўлдиришни амр қилган бўлса, бошқаларга нажосатни кетказиш учун кийимини кесишни буюрган. Шунга ўхшаш оғир ишлар Ислом умматига ҳам бўлмаслиги сўралмоқда.
«Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин».
Мўминлар Аллоҳнинг амри қанчалик бўлса ҳам бажаришга доим тайёрлар. Лекин Аллоҳнинг раҳмати кенглигидан умидвор бўлиб, ўзларини кичик фаҳмлаб, бу дуони қилишмоқда.
«Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт».
Мўмин банда ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, бандалик бурчини тўлиқ адо эта олмаслигини яхши билади. Шунинг учун доимо ўзига Аллоҳнинг афви, мағфирати ва раҳматини сўраб туради.
«Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб эт».
Ҳақиқатда мўмин бандага Аллоҳнинг Ўзидан бошқа хожа йўқ. Ёрдамчи йўқ. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ҳаётларидаги энг муҳим нарсалардан бири–кофир қавмлар билан бўладиган курашда Унинг Ўзидан ғолибликка ёрдам сўралмоқда.
Бақара сурасининг охиридаги икки оят ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Жумладан: Имом Насаий ибн Аббосдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ алаҳиссолату вассалом Жиброил билан ўтирган эдилар. Юқоридан бир овоз эшитилди. Жиброил осмонга бурилиб қаради-да: «Бу осмоннинг эшикларидан бири, ҳеч очилмаган эди, бугун очилди», деди. Ундан бир фаришта тушди ва Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг ҳузурларига келиб: «Суюнчи, сендан аввалги Пайғамбарларга берилмаган икки нур сенга берилди, сураи Фотиҳа ва Бақара сурасининг охири. Улардан ўқиган ҳар бир ҳарфингга, албатта,(савоб ва жавоб) бериласан», деди».
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сураи Бақаранинг охирги икки оятини ўқи, улар менга аршнинг остидаги хазинадан берилган», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», деганлар...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салафлар ndash Исломнинг аввали, яъни биринчи асрларида ўтган саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар.Халафлар ndash салафлардан кейин келган мусулмонлар давоми...

3231 13:06 / 01.09.2020
11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни давоми...

3250 05:00 / 23.01.2017
Халаф уламолар мазҳабига кўрабиринчи мақола 1. Аллоҳнинг қўли ndash қудрати..Қўл, сўзи луғатда инсон жисмидаги маълум аъзони англатади. У инсон бармоғининг учидан давоми...

3310 13:00 / 27.10.2020
Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат давоми...

3582 19:13 / 12.03.2018
Аудиолар

120318 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41957 14:35 / 11.08.2021