1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 125-оят

13:45 / 22.11.2017 3227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик ва: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг», (дедик). Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», – деб амр этдик. Бақара 125. 

Оятдаги «масаба» сўзи Қуръони Каримнинг мўъжизалигига, ҳамда араб тилининг қанчалик бой тил эканига далолат қилади. Тилимиздан бу сўзнинг айнан маъносини ифода этадиган сўзни топа олмай, унинг ўзини ёзиб қўйдик. «Масаба» «одамлар қайта-қайта келиб, тўймайдиган жой» деганидир. Каъбатуллоҳга неча бор келса ҳам, одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келгиси келаверишининг боиси ҳам шу ояти карима шарофати билан бўлса керак.

«Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик».

Аллоҳ бу ерни омонлик юрти ҳам қилиб қўйган, ким бу ерга келса, омон бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Жиноятчи Байтуллоҳга кириб олса, уни тутиб, жазолаб бўлмайди», – дейишган.

Маълумки, араб мушриклари ҳам «Биз Иброҳим алайҳиссаломнинг набираларимиз», – деб фахрланишар эди. Хўш, улар бу муқаддас даргоҳнинг ҳурматини жойига қўйдиларми? Йўқ, улар Исломга қарши турдилар, мусулмонларни ҳайдаб чиқардилар, омонлик йўриғини оёқости қилиб, уларни хавф-хатар остига қўйдилар, кўпларини ўлдирдилар ёки ўлдирмоқчи бўлдилар.

«…ва: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг», (дедик)».

Иброҳим алайҳиссаломнинг келинлари – Исмоил алайҳиссаломнинг хотинлари Байтуллоҳни қуришда иштирок эта туриб, у зотга бир тош узатган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом ўша тош устида туриб, Каъбатуллоҳни қурганлар. Шунда ўша тошга оёқ излари тушиб қолган. Шу тош ҳозирда ҳам бор. «Мақоми Иброҳим» ўша тош ва унинг атрофидир. Ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан сўнг ўша ерда намоз ўқиганлар. Аллоҳ таоло мусулмонларга ўша жойни намозгоҳ қилиб олишни буюрмоқда. Шунга биноан, тавофдан кейин ҳамиша ўша ерда икки ракъат намоз ўқилади.

Имом Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳи Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳажарул Асвадни истилом қилиб, уч марта тез (паҳлавон юриш билан) ва тўрт марта оддий юриш билан тавоф қилдилар. Сўнгра мақоми Иброҳимга ўтиб, «Ваттахизуу миммақоми Иброҳима мусолла»ни ўқидилар ва у жойни ўзлари билан Каъбанинг орасида қолдириб, намоз ўқидилар».

Иброҳим алайҳиссаломнинг набирасиман, деяётган мушриклар Байтуллоҳга буту санамларини ўрнатиб, уларга чўқинар эдилар. Аллоҳ таоло эса:

«Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», – деб амр этдик», – демоқда.

Яъни «Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик», – демоқда. Бу эслатма араб мушрикларининг бундай муқаддас Байтни маънавий нажас бўлмиш уч юз олтмишдан ортиқ бут билан, ширк ақийдаси билан ифлос қилганликлари нақадар ёмон иш эканини кўрсатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, Биз сени ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ва сен дўзах соҳиблари ҳақида сўралмассан. Бақара 119. Аллоҳ таоло ушбу оятда бир неча давоми...

2907 20:15 / 16.11.2017
Қачон уларга .Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар,, ndash дейилса, .Йўқ Балки биз отабоболаримизни нимада топган бўлсак, ўшанга эргашамиз,, ndash дерлар. Отабоболари давоми...

2979 08:20 / 08.01.2018
Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари ndash ана ўшалар унга иймон келтирадир. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар ndash ўзлари зиён давоми...

3077 09:55 / 18.11.2017
Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар аёлларининг бир йилгача чиқарилмасдан, баҳраманд бўлишини васият қилсинлар. Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида давоми...

3002 09:30 / 21.03.2018
Аудиолар

121472 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42967 14:35 / 11.08.2021