1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари, насаблари ва исмлари

17:58 / 21.11.2017 4847 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2664. Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз».

2665. «Усмон ибн Аффон Қубоса ибн Ашям ибн Лайс розияллоҳу анҳумдан:

«Сен каттамисан, Расулуллоҳми?» деб сўради.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан катталар. Мен у кишидан туғилишда қадимгироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фил йили туғилганлар. Онам мени маконига кўтариб борганида филнинг ўзгариб кетган яшил тезагини кўрганман», деди».

Иккисини Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фил йилида таваллуд топганликлари таъкидланмоқда. Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бор эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бири бўлган.

Ўша машҳур қиссанинг мухтасари қуйидагича:

Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олгандан сўнг Ҳабашистон подшоси Яманга Абраҳа ал-Ашрамни ҳоким этиб тайинлади. Абраҳа барча ҳабашистонликлар қатори, насроний динида эди. У Яманнинг пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «Қалийс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб, черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққанидан сўнг ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди.

Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани черковига буришни қасд қилди. Шу мақсадда катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди. Арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай, Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, Муғаммис деган жойга аскари билан келиб тушди.

Сўнгра Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб, Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи бўлмиш Абдулмуттолибни етаклаб келди. Абдулмуттолиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди.

Абраҳа уни кўриб, қойил қолди ва тахтидан тушиб, унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга:

«Ундан сўра, менда нима ҳожати бор экан?» деди.

«Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг», деди Абдулмуттолиб.

Абраҳа таржимонга:

«Унга айт! Келганингда сени кўриб, қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб, ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан», деди.

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади», деди Абдулмуттолиб.

«Мендан ҳимоя қилолмас», деди Абраҳа.

«Билганингни қилавер», деди Абдулмуттолиб.

Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмуттолиб Маккага қайтиб, одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо қилиб, дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

Абраҳа аскару филларини тўплаб, Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб, ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса, фил тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди.

Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса, ўша жойда ўлаверди. Аскарлар қирилди. Абраҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб, Санъогача олиб боришди ва ўша ерда вафот этди.

Худди ана шу йили Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қорнида эдилар. Демак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналарининг қорнида ҳомила ҳолида туришларининг ўзи Абраҳанинг аскари ҳалокатига сабаб бўлган. У зот баракали зот эканлигини шундан ҳам билиб олсак бўлаверади.

Душманлар ҳалокатга учрагандан кейин Аллоҳ таоло ирода қилган нур порлаб, дунёга келди. Ушбу нур қуйидаги ривоятда зикри келадиган пок насабдан туғилди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳабибим Нeча йиллар ўтса ҳам орадан, гўё озгина аввал ташриф буюргандeксиз дунёга. Ҳалиҳамон хушбўй исингиз дунёимизни тарк этмади.Боғчалардаги гулларнинг давоми...

4516 16:48 / 08.12.2017
2023 йил 28 сентябрь пайшанба куни шом намозидан сўнг .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжидида .Расулуллоҳ mdash тинчлик элчиси, шиори остида олиб давоми...

1688 18:26 / 27.09.2023
Мавлидни нишонлаш тарихи, умуман олганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига бориб тақалади. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам давоми...

4199 05:00 / 09.03.2017
Жаҳолат ёруғликка айланди у кун,Ечилди юракдаги азалий тугун.Барчани мафтун этиб ёқимли бир ун,Зулматга нур бўлиб келган ҲабибимИсломнинг йўлида қилиб ғазотлар давоми...

2705 09:45 / 05.11.2019
Аудиолар

211042 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130302 14:35 / 11.08.2021