1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (ўн олтинчи мақола)

13:59 / 24.10.2021 1857 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳалли қиёмни қўллаб қувватловчиларнинг кўпчилиги ушбу ҳодисани далил сифатида келтиришади. Аммо бу ерда айрим мулоҳазали жиҳатлар бор. Биринчидан, бу йиғин мавлид мажлиси дейилмаган, хатм дейилган. Иккинчидан, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ҳақида гап йўқ. Оддий бир нашидхонлик қилинган ва унда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларини тинглаганда тингловчилар ўринларидан туриб кетсалар ҳам кам», деган маъно келган. Учинчидан, бу одатий иш эмас, балки ўша мажлисдаги руҳият таъсирида, беихтиёр амалга оширилган таъзим бўлган. Бироқ, бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гап кетганда таъзим учун ўриндан туриш жоизлигини, яхши иш эканини тушуниш мумкин.

7. Хатиб Бағдодий ўз санади билан Абу Заръадан ривоят қилади: «Эшитдимки, Аҳмад ибн Ҳанбал касаллиги сабабли суяниб ўтирганида, унинг ҳузурида Иброҳим ибн Таҳмон зикр қилинибди. Шунда у киши тикланиб ўтира туриб, «Солиҳлар зикр қилинса ю, суяниб ўтирилса, бу ҳеч ҳам дуруст эмас», дебди». 

Бу воқеа Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Таҳзибут таҳзиб»ида, Заҳабийнинг «Сийару аъламин нубала» асарида ва тарихга оид бошқа китобларда ҳам зикр қилинган.

Бу ҳам умумий маънодаги иш, айнан бир йиғилишга ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини зикр қилишга боғлиқ бўлмаса да, ундан солиҳ кишилар зикр қилинганда ғойибона эҳтиром кўрсатиш мандублиги, жумладан, уларга ҳурмат изҳор қилиш маъносида ўнгланиб олиш, ўриндан туриш яхши иш эканини тушуниш мумкин.

Маҳалли қиёмни ёқлайдиганлар бу ишга яна бошқа далилларни ҳам келтиришган. Аммо асосийлари шулар бўлиб, бошқаларини шуларнинг атрофидаги гаплар, десак ҳам бўлади.

Мазкур далилларга умумий равишда эътироз бўлмаса да, ушбу таъзимни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш ва буни диний амал даражасига олиб чиқиш, диний одат қилиб олиш барибир бидъат бўлади, чунки ҳурмат изҳор қилишни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш динда кўрсатилмаган, дейди мухолифлар.

Ўз навбатида маҳалли қиём тарафдорлари ҳам қуйидагича жавоб берадилар: 

«Бу йиғилиш мавлид ойида, кўпинча мавлид кечасида бўлади. Мавзу ўзи мавлид бўлгач, унда эҳтиром учун туришга энг муносиб пайт таваллуд зикр қилинган он бўлишини табиий завқ ҳам тақозо қилади. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топганларини эшитганимизда ўша пайтда юз берган ҳодисаларни, борлиқдаги ўзгаришларни, шодлик ва сурурни ўйлаб, тасаввур қилар эканмиз, эҳтиросларимиз жўшиб, туйғуларимиз қайнаб кетадики, бу ҳол бизни индамай ўтираверишга қўймайди, шу боис, бехос ўриндан туриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим изҳор этамиз, таваллудларига шодлик намойиш этамиз. Иккинчидан, биз буни диний мажбурият деяётганимиз йўқ, бу ушбу вазиятга ярашадиган бир одат, холос».

Хуллас, бу ҳақда гапирилса, яна гап чиқаверади, баҳс мунозара давом этаверади. Айрим тарафдорлар масалани қаттиқ олганиданми ёки ўз вақтларидаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқибми, «Бугунги кунда маҳалли қиёмда туриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилишнинг белгиси, рамзи бўлиб қолди. Бинобарин, бу ўринда турмаслик у зотга ҳурматсизлик ҳисобланади, ҳокимлар бундай кишиларнинг таъзирини беришлари керак бўлади», дейишгача борган бўлса, қарши тараф: «Буни қилганлар бидъатчилар, адашганлар, ундайлар, бундайлар» деб, ҳаммасини қоралайди. Холис туриб айтганда, ҳар икки тарафнинг ҳам ўз ҳолларида ниятлари яхши бўлган, аммо ёндашувлари фарқлидир. Ўртада тушунмовчилик ҳам бор.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз мусулмонлар Робиул аввал ойини ўзгача иштиёқ ва соғинч билан йил бўйи кутамиз. Чунки, бу ойда Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд давоми...

3013 14:08 / 04.11.2019
Уламоларнинг таъкидлашича, Пайғамбаримиз алайҳиcсалом бошқа пайғамбарларга нисбатан ўнта фазилатга эга бўлганлар.1. Бошқа расуллар ва набийлар бу дунёни тарк давоми...

5829 17:41 / 25.11.2017
097Туғилмасдан бўлди етим, зийнати бор,Акси бўлса душманларни миннати бор,Ғайб сиридан огоҳ, Эгам ҳикмати бор,Аста аста тарбияни, бошлар АЛЛОҲ.098Кунлар ўтар, ҳафта давоми...

4305 17:47 / 25.11.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир роҳимМана Робиъул аввал ойи ҳам кириб келди. Бу ой инсоният учун нажот умидини тақдим этган, улкан бахту саодатлар эшиги очган ойдир. Бу ой давоми...

9960 10:32 / 24.03.2017
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021