1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Талбия

20:28 / 01.08.2020 71440 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талбия биз томонларда «лаббайка айтиш» номи билан машҳур. Ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида талбиянинг лафзлари, унинг фазли ва вақти каби мавзулар билан яқиндан танишамиз.

1410. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари у зотни кўтариб, Зул-Ҳулайфа масжиди олдида тик турганида: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда ваннеъмата лака вал мулк. Лаа шарийка лак!» дер эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Талбиянинг худди мана шу сийғаси бутун дунё мусулмонлари орасида машҳур ва ҳозирги кунда ҳам айтилиб келинаётир.

Ушбу сийғанинг маъноси қуйидагича;

«Лаббай Сенга Аллоҳим, лаббай! Сенга лаббай! Сенинг шеригинг йўқ, Сенга лаббай! Албатта, ҳамд ҳам, неъмат ҳам, мулк ҳам Сеникидир! Сенинг шеригинг йўқдир!»

1411. Бухорийдан бошқалар қуйидагиларни зиёда қилганлар:

«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлаган талбиялари ила ҳалиги калималарни айтар ва: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка ва саъдайка. Вал хойру фии ядайка. Лаббайка вар роғбау илайка вал амалу» дер эди».

Шарҳ: Аммо бу зиёдани айтиш кўпчиликка урф бўлмаган.

Унинг маъноси қуйидагича: «Лаббай Сенга Аллоҳим, лаббай! Сенга лаббай! Сени розилар қиламан! Яхшилик қўлингдадир. Сенга лаббай! Орзу-истак ва амаллар Сенгадир!»

1412. Соиб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб, саҳобаларимга ва мен билан бирга бўлганларга иҳлолда (ёки талбияда) овозларини кўтаришни  амр қилишимни буюрди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ деган.

Шарҳ: Жумҳури уламолар «Талбияни баланд овоз билан айтиш мустаҳабдир», деганлар. Аммо бошқаларга халақит бермаслик керак. Аёл киши ўзи эшитадиган қилиб айтиши лозим.

1413. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қандай ҳаж афзал?» деб сўралди.

«Баланд овозли ва қон оқизгани», дедилар».

Шарҳ: Албатта, бу саволда ҳажнинг рукни ва вожибларидан кейинги афзал амали ҳақида сўралмоқда. Бу ҳадисдан «лаббайка»ни баланд овоз билан айтиб, қурбонликларни яхшилаб сўйиб, ҳаж ибодатининг шиорини ошкора қилиш афзал эканлиги келиб чиқади.

1414. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир мусулмон талбия айтса, албатта, унинг чап ва ўнгидаги тошлар, дарахтлар ва кесаклар ҳам талбия айтади. Ҳаттоки ер у жойдан, бу жойдан кесилиб кетади», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан талбия айтиш жуда фазилатли иш эканлиги англашилади. Тошлар, дарахтлар ва кесакларнинг талбия айтган мусулмонга қўшилиб талбия айтиши шуни кўрсатади. Уларнинг талбияси қандай бўлиши ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига аён.

1415. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамъдан Миногача Фазлни мингаштириб келдилар. Фазлнинг менга хабар беришича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то Ақобада тош отгунларича талбия айтишда бардавом бўлганлар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятдаги «Жамъ» сўзидан мурод Муздалифадир. Фазл эса машҳур саҳобий, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғиллари Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудир. Фазл ибн Аббос ва ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Аббос ака-укадирлар.

Бу ҳадисдан жумҳури уламолар «Ҳажда талбия айтиш Ақобага тош отилиши билан тўхтатилади», деган ҳукмни чиқарганлар. 

1416. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умра қилувчи то ҳажарни истилом қилгунича талбия айтади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда умра қилувчи киши Ҳажарул асвадни ўпгунча ёки унга қўли билан ишора қилиб, қўлини ўпгунча талбия айтади. Ҳажарул асвадни истилом қилиши билан талбия айтишни тўхтатади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Тонга қасам. Зулҳижжа ойидаги аввалги ўн кечага давоми...

26000 10:00 / 17.06.2023
Ҳoжилaр Aқaбa тошини отганларидан сўнг агар қирон ёки таматтуъ ҳажи қилувчи бўлсалар, шукр қурбoнлигини ҳам сўйганларидан кейин ёки умра қилувчилар умрa aркoнларини давоми...

4643 05:00 / 16.01.2017
Эҳромга киргандан кейин муҳрим зийнатли кийим, атр ва хушбўй нарсаларни истеъмол қилиши ҳаромдир. Эркак киши тикилган кийимларни кийиши ҳаром бўлади. давоми...

4842 05:00 / 16.01.2017
Ёд этинг, Биз Байтни Каъбани инсонларга савоб қозониш бир тан, бир жон бўлиш учун жамланиш ва омонлик маскани қилдик. Сизлар мақоми Иброҳимдан бир давоми...

6206 05:00 / 16.01.2017