1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Саховат ва олийҳимматлик

15:00 / 30.05.2021 7861 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халойиқ ичра гар кўпайса айбинг,
Мазаммат эшитсанг шоҳу гадодин,
Аларни яширмоқ истаса қалбинг,
Либос эт саховат отлиқ матодин.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар зафар топувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом у зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда, айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар».(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

У зотга ер юзининг хазиналари, мамлакатларининг калитлари топширилган, ғаниматлар ҳалол қилинган эди. Шунингдек, у зотга Ҳижоз, Яман, Шом, Ироқнинг бир қисми, Араб ярим ороли фатҳ этилиб, жуда кўп ғанимат, хирож, закот моллари келтирилган, яқин-йироқдаги подшоҳлар ҳад-ҳисобсиз совға-саломлар юборишган эди. Лекин у зот буларни шахсий мулк сифатида ўзлаштирмадилар. Бирортасини ўз эҳтиёжлари учун ишлатмадилар. У зот: «Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, ундан Аллоҳ йўлида сарфлаш учун мўлжалланганидан ташқари бирон динорни олиб қолиш мени хурсанд қилмайди», деган эдилар.

У зот шундай улуғ хайр-саховат эгаси бўлганлар. «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят). 

Шамсуддин Абу Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Саховатпеша инсон ҳар қачон хайр-эҳсон қилар экан, бундан унинг қалби шодликка тўлади, юрагининг чигиллари ёзилиб, кўнгли хотиржам тортади ва юзида мамнунлик ифодаси акс этади. Агарда садақанинг фойдалари фақат мана шулардангина иборат бўлган тақдирда ҳам у бандалар тарафидан кўп ва хўп бажарилишга сазовор бўлган бўлур эди».

Инсон хайр-эҳсон қилар экан, инфоқ-эҳсони зоҳирдан мол-давлатини камайтираётгандек бўлиб кўринади. Аксинча, у мол-давлатга барака киритади. Сарфланган хайр-эҳсон ўрнини Аллоҳ таоло ортиғи билан тўлдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бандалар тонг оттирадиган бирон-бир кун йўқки, магар икки фаришта осмондан ерга тушади. Улардан бириси: «Аллоҳим, инфоқгўй бандангнинг сарфлаган молига эваз бер», дейди. Иккинчиси эса: «Аллоҳим, мумсик (бахил) бандангнинг молига офат юбор», дейди», дедилар (Муттафақун алайҳ),

Саховат киши обрў-эътиборининг покиза сақланишига, эл орасида яхши ном чиқаришига сабаб бўлади. Бегона дилларни бирлаштиради, биродарчилик ришталарини мустаҳкамлайди. Шунингдек, у айбу нуқсонларнинг ёпилиб кетишида ҳам катта аҳамият касб этади.

Саховат ва олийҳимматлик бошқа хил фазилатлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ ва туташдир. Сахий киши кўп ҳолатларда кўнгилчанлик ва кечиримлиликни лозим тутади. Мулойимлик ва ҳалимлик билан зийнатланади. Муомалаларда хушмуомалал бўлади. Биров ҳаққига хиёнат қилмайди, ўзга ҳаққини ўз ҳоҳиши билан чиройли адо этади. Дарҳақиқат, сахий кишини мутавозеъ ҳолатда топасиз. Кибр-ҳаво деган нарса адашиб ҳам унинг ахлоқлари орасига суқилиб кирмайди.

Саховат тушунчаси фақат молни нисор қилиш билангина чекланиб қолмайди, балки унинг мазмун-моҳияти анча кенгроқ, кўринишлари ҳам бундан кўпроқдир. Қуйида айримлари ҳақида тўхталамиз.

1. Бир кишининг бошқа одамнинг гарданида қарзи бўлади. У ҳеч бир зиён ва заҳматсиз ўша пулни ундириб олишга қодир бўлгани ҳолда қарздор биродаридан қарзини шундоқ кечиб юборади ва унинг зиммасидан ўз ҳаққини соқит қилади.

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу сахийликда донг таратган жўмард кишилардан эдилар. Бир куни у киши бетоб бўлди. Лекин биродарларининг ҳадеганда зиёратларига келавермаслиги у кишини таажжубга солди. Шунда у кишига: «Улар сиздан қарздор эканликлари учун келишга истиҳола қилмоқда», дейишди. Қайс ибн Саъд: «Ҳали шунақами?! Ундоқ бўлса, биродарларни зиёратдан тўсадиган ундай молни Аллоҳ хорласин!» деди. Сўнгра жарчини чорлаб, шаҳар бўйлаб жар солишга буюрди: «Кимда-ким Қайс ибн Саъддан қарздор бўлса, бас, у ундан озоддир!». Ўша куни то қош қорайгунча зиёратчиларнинг азбаройи кўпайиб кетганидан Қайс ибн Саъд уйининг остонаси синиб кетди!

2. Бирор кимсанинг юмушини бажариб, ажрга лойиқ бўлгач, ўз ҳаққини ўз хоҳиши билан тарк этиши. Бу ҳам саховатдир.

3. Одамларнинг ҳожатларини раво қилиш, ташвишларини аритиш йўлида саъйи ҳаракат қилувчилар ҳам сахийлардир.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бирорта биродаримнинг ҳожатини чиқаришим мен учун йил бўйи эътикоф ўтирмоқдан ҳам севимлироқдир!»

Ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳдан сўрашди:

− Сиз учун энг суюкли бўлган амал нима?

− Мўмин кишининг қалбига хурсандчилик олиб кириш!

− Қандай мол-дунё сизга энг маҳбуб?

− Унинг-ла биродарларга илтифот ва мурувват кўрсатиладиган мол!

4. Кишининг ўз унвони, обрў-эътибори ва эгаллаб турган мансаб-мартабаси билан хотамтойлик қилиши. Бунда у ўз мартабасини эзгулик йўлларида сарф қилади, обрў ва нуфузини ҳақни қарор топтириш, мазлумга ёрдам бериш, заифни ҳимоя қилиш ва ҳожатманд кишини ҳожатини раво қилиш каби ишларни қилади.  Аллоҳ таоло айтади:  «Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз ҳиссаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир» (Нисо сураси, 85-оят).

Пайғамбаримиз  алайҳиссалом марҳамат қилади: «Шафоат қилинг ажр оласиз!» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

5. Раислиги ва бошлиқлиги билан саховат қилмоғи. Бунда унинг саховати илтимос қилиб келган кишининг ҳожатини раво қилишидир.

6. Ўзининг истироҳати ва қимматли вақтини одамларга манфаатли бўлган ваъз-насиҳат ва иршод ишларида аямаслик ҳам саховатдир.

7. Илмда саховатпешалик қилиш. Бу шубҳасиз, саховатнинг энг юксак мартабаларидан бири бўлиб, мол билан саховат қилишдан-да, шарафлироқдир.

8. Саховат бобларидан яна бири инсоннинг ўз ор-номусини ҳиммат қилишлигидир. Бунда у ўзини қоралаган ва иффатига тил теккизган одамни кечириб юборади. Саховатнинг бу тури қалбнинг саломат бўлиши, кўнгилнинг роҳатига сабаб бўлади. Одамлар билан адоватда бўлишдан қутулишда муҳим ўрин тутади.

9. Сабр ва таҳаммул, кўнгилчанлик ва айбу нуқсонлардан кўз юмиш билан саховат кўрсатиш. Бу шундай шарафли бир мартабаки, фақат буюк нафсоният эгаларигина унга ноил бўладилар.

10. Одамларга гўзал хулқ, хушмуомалалик, хушчақчақлик, табассум ва очиқ чеҳра билан саховат кўрсатиш. Албатта бу – сабр, таҳаммул ва кечиримлилик билан мурувват қилишдан бир поғона юқорида туради. У соҳибини кундузлари соиму кечалари қоим бўлган одамнинг даражасига олиб чиқади. Ўз ортидан эргашиб келувчи турли-туман хурсандчилик ва манфаатларга сабаб бўлади. Савобу гуноҳлар тортиладиган мезонга қўйиладиган энг оғир амал ҳам шудир!

11. Инсонларни яхшиликка тарғиб қилиш, эзгулик йўлларига далолат қилиш ҳамда саховатпешаларга раҳмат айтиш, уларга ташаккур ва миннатдорчилик изҳор қилиш, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиш ҳам саховатдир.

 12. Саховатнинг яширин ва мақтовга лойиқ кўринишларидан бири нафснинг ҳасад иллатидан ва мақтовга сазовор хислатларни якка ўзи эгаллаб олиш касаллигидан ўзини олий тутишлигидир. Бу нарса кишининг ўзи учун яхши кўрган нарсасини биродарларига ҳам яхши кўришида, ўзи учун ёмон кўрган нарсасини биродарлари учун ҳам ёмон кўришида намоён бўлади ва амалга ошади. Бунда киши ўз биродарлари учун ҳам турли-туман соҳаларда фаолият майдонларини очиб беради. Уларга ижодкорлик, нутқ ва турли тадбир ва анжуманларда иштирок этиш каби ўзларини кўрсата олишлари учун муҳим саналган фурсат ва имкониятларни тақдим қилади. Уларнинг ютуқ ва муваффақиятларидан хурсанд бўлади. Муваффақиятсизликлари учун хафа бўлади. Мана шулар саховатнинг ўта пинҳоний кўринишларидандирки, камдан-кам кишиларгина уни англаб, идрок эта олурлар.

13. Саховатнинг энг зўри ва энг ажабтовури кишининг ўз жонини саховат қилишидир. Жонни саховат қилишнинг энг ажойиби, Аллоҳ азза ва жалла йўлида қилинадиганидир.

Саховатпешалар бир-бирлари билан саховату жўмардликда мусобақалашар эканлар, ҳимматларининг кўламию, нафсларининг олижаноблиги миқдорига қараб саховат даражаларидан бир-биридан тафовут қилувчи ўринларни эгаллайдилар.

Қуйида ана шулар ҳақида сўз юритамиз.

1. Инфоқ-эҳсон қилиш жиҳатидан тафовут қилишлари. Пинҳона инфоқ қилувчи киши фақатгина ошкора равишда инфоқ қилувчи кишидан афзалроқ ва комилроқдир.

2. Инфоқ қилинаётган нарсани ҳақир ёхуд буюк санаш жиҳатидан тафовут қилишлари. Эзгулик йўлида бирор нарса инфоқ қилгач, уни тезда эсидан чиқариб юборадиган ёки ҳеч бўлмаганда эсдан чиқаришга ҳаракат қиладиган киши албатта бирор нарсани эҳсон қилгач, мудом уни эслаб юрадиган ва эслатадиган кишидан (хусусан, агар эслатиш миннат қилиш ўрнида бўлса) сахийроқ бўлади.

3. Кишилар инфоқ қилишга шошилиш ёки уни пайсалга солиш жиҳатидан ҳам бир-бирларидан фарқ қилади. Ҳожатманд кишининг ҳожатини сезиб қолган заҳоти унга мурувват қўлини чўзадиган одам фақат сўралгандан кейингина молини сарфлайдиган одамдан устун туради.

4. Ўзига таниш бўладими, нотаниш бўладими, ажратмасдан, хайр-эҳсон қилишда асосан ҳожат ўрнини муҳим деб билувчи киши фақат ўзи танийдиган ёки уни танишадиган маълум одамларнигина ўз муруввати билан хослайдиган кишидан кўра сахийроқдир.

5. Қилаётган хайр-эҳсонидан кўнгли ҳузурланиб, мамнуният билан берадиган киши оғриниб берадиган кишидан сахийрокдир.

6. Ҳузурига ёрдам сўраб келганларга – токи уларнинг иззат-нафс ва ғурурлари поймол бўлмаслиги учун – одоб, ширинсуханлик ва самимийлик билан муомала қилишлиги кишининг саховат бобида нечоғли собитқадам эканлигидан дарак беради.

7. Кишининг аслзодалиги, олижаноблиги ва саховат фазилатида нечоғлик собитқадам эканлигига энг кўп далолат қилувчи нарса, бу – унинг ҳожатманд кишига жони ачиши, раҳми келиши ва гарчи у ўзининг душманларидан бўлса-да, унга эҳсон қўлини чўзишлигидир. Бу нарса буюк нафсоният, олижаноблик ва адоват деган тубан иллатдан ўзни олий тутиш фазилатидан келиб чиқади.

8. Саховатда собитқадамлик аломатларидан яна бири: бирор нарса сўралганда агар ўша нарса ўзида бўлмаса, бундан қаттиқ изтиробга тушиши, ич-ичидан эзилиши ва афсус чекишидир.

9. Сахийлар ичра саховат бобида шу даражада юксак мақомларга кўтарилганлари ҳам борки, ундай одам фазлу марҳаматни, илтифоту саховатни ўзидан эмас, балки ўзидан нарса сўраб келган кишидан деб билади. Негаки, ундан ҳожатини сўраган киши у ҳақда чиройли гумон қилганидан шундай қилди. Унга Жаводу Кариймнинг марҳаматларига сазовор бўлиш имкониятини юзага келтирди. Бас, шу жиҳатдан унинг наздида у сўровчига эмас, балки сўровчи унга мурувват ва илтифот кўрсатди. Шубҳасизки, бу саховатнинг ажиб кўринишларидандир.

10. Саховат даражаларининг энг юқори чўққиси шуки, киши ўз қўлидаги бирон нарсага қаттиқ эҳтиёж сезгани ҳолда уни тарк қилиб, ўзидан ўзга муҳтожларга раво кўради. Мана шу «ийсор» (бошқани ўзидан устун қўйиш) деб аталади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу воқеа балиқни музлатиб сақлайдиган корхоналардан бирида бўлган эди. Бир куни корхона ишчиларидан бири шу кунги охирги ишини якунлаб қўйиш учун балиқ давоми...

1673 09:00 / 28.02.2023
Англиялик машҳур футбол дарвозабони Сэмюэл Бартрэмнинг футболчилик фаолиятида қизиқ воқеа юз берди. 1937 йил 25 декабрь куни .Челси,га қарши .Стемфорд Бридж, футбол давоми...

5390 14:00 / 29.05.2022
ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ 1ҚИСМЗинонинг ҳаром эканиЗино луғатда фужурrdquo, яъни фожир, жирканч иш маъносида келади. Уламолар зинога турли ҳил таърифларни берганлар. давоми...

34667 10:58 / 19.09.2017
....Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир, Луқмон сураси, 34оят.Аллоҳ давоми...

4963 16:15 / 02.02.2018
Аудиолар

118723 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40691 14:35 / 11.08.2021