1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара 1. Алиф лаам мийм.

19:50 / 10.05.2017 4108 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақара 1. Алиф лаам мийм.

Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси юқоридагига ўхшаш ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар «Ҳуруфул муқаттаот» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «Ҳуруфул ҳижо» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «Фавотуҳус сувар» – «сураларни очувчилар» деб атайдилар.

Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, баъзи сураларнинг улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: «Бу Аллоҳ билан Набий алайҳиссалом ўрталаридаги сир», – дейдилар. Бошқа бирлари эса уларга ўзларича бошқа маъно берганлар.

Ихтилофнинг асосий сабаби, улар ҳақида на Набий алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз, улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари – улар билмаган нарсаларинигина сўрар эдилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар ва асосий эътиборни шунга қаратардилар. Билган нарсалари ҳақида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди.

Кўпгина тафсирчилар, айниқса, тафсирчиларнинг кейинги авлоди: «Баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланиши арабларга «Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лам», «мим»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган. Қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи», деган маънони англатиш учун қилинган», – деганлар.

Аввал эслатганимиздек, Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда араблар ўзларининг сўзга усталиклари билан фахрланар, шоирлар ҳамда сўз усталари мўътабар шахслар ҳисобланар эдилар. Доимо шеърхонлик, ваъзхонлик бўйича мусобақалар ўтказиб туриларди. Ҳатто ғолиб шоирларнинг шеърлари Каъбаи Муаззаманинг деворига осиб қўйиларди. Қуръони Карим уларнинг нозик жойларидан тутиб «Агар сўз устаси эканингиз рост бўлса, ўзингиз ишлатиб юрган оддий ҳарфлардан тузилган Қуръонга ўхшаш нарса келтиринг-чи», – деди.

Бу худди тупроқнинг мисолига ўхшайди. Оддий тупроқдан кимдир лой қилиб, ғишт қуяди, кимдир сопол идишлар ясайди ва ҳоказо. Лекин Аллоҳ таоло ушбу оддий тупроқдан инсонни яратди, унга жон ато этди. Шунга ўхшаб, араб алифбосининг оддий ҳарфларидан араб сўз усталари шеър тўқийдилар, ваъзхонлик қилиб, одамларни қойил қолдирадилар. Аммо Аллоҳ таоло ўша ҳарфларнинг айнан ўзидан ҳамма-ҳаммани ожиз қолдирувчи Қуръонни нозил қилди!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Марям, 31. Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики, ҳаёт эканман, намоз ва закотни тавсия қилди.

3520 03:15 / 08.06.2017
Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг Бақара 47.Ўша пайтларда пайғамбарлар, илоҳий китоблар ва давоми...

3058 10:05 / 27.08.2017
Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Бақара 86.Охиратни сотиб, дунёни олиш яҳудийларнинг давоми...

4065 01:29 / 12.10.2017
Агар очиқойдин ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. Бақара 209. Шунчалик тушунтиришлар, ҳужжат, давоми...

2933 16:20 / 16.02.2018