1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Бу дунёнинг моҳияти

23:38 / 29.04.2017 5812 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда мазаммат қилинаётган дунёнинг ўзи нималигини, унинг нимасидан четда бўлиши кераг-у, нимасидан четланмаса ҳам жоизлигини билмагунича, уни ёмон деб билишнинг ўзи фойда бермайди.

Аслида дунё ва охират икки ҳолатдан иборатдир. Улардан яқин турадигани дунё бўлиб, у ўлимдан муқаддам туради. Кейинги ўринда турадигани охират деб аталади ва у ўлимдан сўнг келади.

Ўлимдан олдинги насиба, ғараз, шаҳват, лаззат бор ҳолат дунёдир. Ҳар бир майл, насиба ва ҳисса бор нарса ёмон бўлавермайди. Бундай нарсалар уч қисмга тақсимланади.

Биринчи қисм – банда билан бирга охиратга ҳам борадиган, ўлимдан кейин ҳам самараси қоладиган нарсалар. Улар илм ва амалдир.

«Илм» деганда Аллоҳ таолони, Унинг сифатлари, фаришталари, китоблари, расуллари, еридаги ва осмонидаги мулклари ва Набийсининг шариати ҳақидаги илм англанади.

«Амал» деганда эса Аллоҳ таолонинг розилиги учун ихлос билан қилинадиган ибодат тушунилади.

Гоҳида олим киши учун илм бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланиб қолади. Шунинг учун у илм лаззати деб таомдан, уйқудан ва никоҳдан воз кечиши мумкин. Чунки илм унинг учун мазкур нарсалардан кўра лаззатлироқдир.

Баъзи обидлар ибодат лаззатига шунчалар бериладики, агар уни бу нарсадан ман қилинса, бу унинг учун энг қаттиқ азобга айланиб қолади. Чунки унинг учун ибодат бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен учун бу дунёингиздан уч нарса маҳбуб қилинди: аёллар, хушбўй нарсалар ва намоз кўзимнинг қорачиғи қилинди», дедилар».

Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда намоз бу дунёнинг лаззатларидан ҳисобланмоқда. Шунга ўхшаш бир қанча нарсалар бор. Улар бу дунёнинг нарсалари бўлиб, кўзимиз билан кўриб турамиз.

Иккинчи қисм – банда билан бирга охиратга бормайдиган, ўлимдан кейин самараси у билан бирга қолмайдиган нарсалар. Уларга маъсиятлар, эҳтиёждан зиёда бўлган мубоҳ нарсалар, керагидан ортиқ жамланган мол-дунё, беҳуда ҳойи-ҳавас ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар киради.

Учинчи қисм – юқорида зикр қилинган икки қисмнинг ўртасидаги нарсалардир. Охират амаллари учун ёрдам берадиган бу дунёнинг нарсалари ушбу учинчи қисмни ташкил қилади.

Мисол учун, керакли озиқ-овқат ва кийим-кечак. Соғ-саломат яшаб юриш, илм ва амалга эришиш учун зарур бўлган нарсалар ҳам шунга дохил бўлади. Булар биринчи қисмдаги нарсаларга ўхшаб дунё нарсалари эмас, аммо ўша биринчи қисмга ёрдам берувчи воситалардир. Банда илм ва амалга етишиш учун уларни ҳар қанча тановул қилган бўлса ҳам, бу дунё учун бўлмайди.

Агар ўша нарсаларни илм ва амал учун эмас, оний лаззат учун тановул қилган бўлса, бу дунё учун бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлАзизАлАзиз сифатли Аллоҳ барчанинг устидан ғолибдир. Ундан ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Жамики азизлик маъноси Унинг Ўзига хосдир. давоми...

18874 08:19 / 20.04.2017
699ndash767 Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача давоми...

6081 12:10 / 11.06.2019
Ва гўзал амал қилувчи мўминларни Аллоҳ таоло афв этиб, Ўз раҳмати ила жаннатга киритишини умид қиламиз ва улар ҳақида хотиржам бўла олмаймиз, жаннатга киришларига давоми...

6285 13:45 / 27.05.2019
.Халафлар, деганда .кейин келганлар, маъноси англанади. Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари турлича тушуниш мумкин бўлган давоми...

7137 13:10 / 25.02.2019
Аудиолар

213495 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132708 14:35 / 11.08.2021