1446 йил 23 шаввол | 2025 йил 21 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг жисми шарифларининг васфи

19:54 / 28.04.2017 4158 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли – новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас; тиниқ рангли – ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас; (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар. 

Қирқ ёшларида у зотга (ваҳий) нозил этилди. Бас, Маккада ўн йил (ваҳий) нозил бўлиб турди. Мадийнада ўн йил. Ул зот қабз қилинганларида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди».

Анас розияллоҳу анҳунинг гапларига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма йил ваҳий тушганга ўхшаб кўринади. Аслида эса, йигирма уч йил. Бу ерда сўз набийликни одамларга етказиш ҳақида кетмоқда. Ана ўша таклиф Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтдан уч йилдан сўнг, у зот қирқ уч ёшга тўлганларида бўлган экан. Биринчи уч йилдаги даъват яширин равишда бўлган. 

Демак, Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтидан вафотларигача бўлган муддатни эмас, балки, набийлик таклифларини одамларга етказиш ҳақидаги амрдан вафотларигача бўлган муддатни қайд қилганлар. 


Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп бўлиб, елкаларига тушиб турадиган киши эдилар. Устиларида қизил рангли кийим бўларди. Ҳеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ нарсани кўрмаганман».

Иккисини Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Баро розияллоҳу анҳу васф қилаётган қизил рангли кийимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий киймаганлар. Кўпроқ оқ рангли кийим кийганлари маълум. Мазкур қизил рангли кийимнинг бошқа рангдаги ҳошияси ҳам бўлган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали, роса новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар».

Икки Шайх ривоят қилишган. 


Баро розияллоҳу анҳудан:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?» – деб сўралди. 

«Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди», – деди у».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган. 


Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», – деди. Унга:

«Ул зотни кўрганингда қандай эдилар?» – дейилди.

«Хушрўй оқ, мўътадил қоматли эдилар», – деди у».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Унинг бир лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ул зот хушрўй оқ бўлиб, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», дейилган».

Абу Туфайл розияллоҳу анҳунинг «ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деганларининг ўз маъноси бор. Мана шу гапни айтаётган пайтларида саҳобаи киромлардан тирик қолган шахс фақат шу киши эди. Абу Туфайл розияллоҳу анҳу юзинчи ҳижрий санада вафот этганлар. 


Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонларининг гўшти оз эди».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл-оёқлари катта, бошлари катта бошлардек катта, кўкрак жунлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан, худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. Ул зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим».

Термизий ривоят қилган.


Али розияллоҳу анҳу қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилса:

«Жуда новча ҳам, жуда пакана ҳам эмасдилар. Қавм ичида ўртача эдилар. (Сочлари) ўта жингалак ҳам, ўта юмшоқ ҳам эмас эди. Баданларида ҳам, юзларида ҳам гўштлари кўп эмас эди. Думалоқ юзли эдилар. Ранглари қизғиш оқ эди. Юрсалар, пастликка тушиб кетаётгандек юрар эдилар. Бурилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисмлари билан бурилар эдилар. 

Икки кураклари орасида муҳри нубувват бор эди. У Набийларнинг муҳридир. 

Одамларнинг энг қўли очиғи, энг кўнгли очиғи эдилар. 

Одамларнинг энг ростгўйи, энг ювоши, энг муомаласи осони эдилар. 

Биринчи бор кўрган одам у зотдан ҳайиқар эди. Ул зотга аралашиб, танишган одам муҳаббат қилиб қолар эди. Ул зотни васф қилувчи: «У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим», дер эди».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан кўра гўзалроқ нарсани кўрмаганман. Худди ер у зотга ўралиб келаётганга ўхшар эди. Биз ўзимизни қийнаб юрамиз. Ул зот эса, бемалол юрардилар».

Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади.Мен бу кишини Алийни ирода қилиб, йўлга чиқдим. Абу Бакра учраб қолди ва .Эй Аҳнаф, қаёққа, деди. .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4702 15:10 / 25.08.2019
600. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Умар ибн Хаттоб Шом томон йўлга чиқди. У Сарғга етганда, унга Ажноднинг аҳлидан Абу Убайда Жарроҳ ва давоми...

3716 17:00 / 17.12.2021
. .Асҳоби суффалардан бўлган Жарҳад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга ўтирдилар. Соним очиқ давоми...

3558 12:01 / 12.01.2020
618. Абдурроҳман ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй Абдурроҳман ибн Самура, амирликни сўраб олма Агар давоми...

3188 17:00 / 21.01.2022