1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

«Дуоларга инган хислатлар» китобидаги ёзувлар ҳақиқатга қанчалик яқин?

20:10 / 27.04.2016 25226 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: «Дуоларга инган хислатлар» китобидаги ёзувлар ҳақиқатга қанчалик яқин? Шунингдек, ундаги «Кимёи саодат» бўлими ҳақида алоҳида тўхталиб ўтсангиз.
Яна бир савол: «Расулуллоҳ ўқиб юрган дуолар» китобига ишониш мумкинми? Бу китобда асосан Аллоҳнинг исмлари зикр этилган. Айтингчи, мана шу исмларни айтиш билан Аллоҳ тилагимизни қабул қилардими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунларда дуо китобларига ружу қўйиш жуда юқори бир нуқтага, чўққига чиқди. Бундай китоблар ҳам жуда сон-саноғи йўқ даражада кўпайиб кетди. Бу каби ҳолатлар кишиларда баъзи-бир тилак-истаклар кўпайган пайтда, бой бўлиб кетиш орзуси тарқалган пайтда, бир зумда бошига тушган мушкулликладрдан тезда халос бўлиши истаги ҳукмрон бўлиб олган пайтда тар-қаладиган одатий нарса.
Турли-туман китобларда мана бу икки саволдаги каби ўқувчини шубҳага соладиган, «шунга ишонса бўлармикин ёки йўқмикин» дейдиган даражада муболағали маълумотлар, гап-сўзлар ҳам бор.
Бу китобларнинг кўплари, ўйламай-нетмай, қаердандир келиб қолган асоссиз, таги-туги йўқ китобларни таржима қилиш, шоша-пиша шулардан бир нарсани жамлаш маъносида қилинган ишлар ҳисобланади.
Юқоридаги саволда келган «Дуоларга инган хислатлар» деган китоб, аввал ҳам чоп этилган экан. Энди дуо китобларининг бозори ривож топганида, яна шу бозорга иштирок этиш маъносида қайта чоп қилингани, айнан мана шу йўлда 2004 милодий йилда чиқарилгани китобнинг ўзидан кўриниб турибди.
Энг қизиғи, китобни тақдим қилиш варақчасида «таржимон фалончи» деб ёзиб қўйилган. Лекин қайси китобдан таржима қилган, қайси тилдан таржима қилган, бу тўғрида ҳеч қандай маълумот йўқ. Мана шунинг ўзиёқ китобнинг савиясини пасайтиради, асли нима эканини билиш учун ўқувчи ҳеч қандай маълумот ололмайди.
«Кимёи саодат» деб аталган дуонинг араб тилидаги маънолари кирилл ҳарфида узундан-узоқ ёзилибди. Бу дуони ким қилган, қачон қилган, қайси китобда бор, ким ривоят қилган, бирор оғиз гап ёки ишора йўқ. Шунингдек, бу дуо матни ёзиб бўлинганидан сўнг «Кимёи саодат» дуосининг хосиятлари деб, бирин-кетин хосиятлари санаб ўтилган.
Агар ўша хосиятларга қараладиган бўлса, уларга эътибор бериб, ишониладиган бўлса, дунёда одам мана шу «Кимёи саодат» дуосини ёдлаб олиб юрса бас–ҳеч қандай муаммо қолмаслиги тушунилади.
Бу дуонинг 50 та хосияти бор эмиш. Мазкур дуо одамларнинг ҳар хил тилак-истакларини бериш, мушкулотлари ва дардлардан халос қилиш кучига эга эмиш. Буларни ўқиган одам ҳайрон қолиб, савол берган тингловчимиз каби, «бу ўзи ростми, ишонса бўладими», деган маънолардаги саволларни бериши табиий. Мисол учун, 48-ҳосиятда, айтибдики «кимки «Полпос» номли дев билан мулоқот қилмоқчи бўлса, етти кунгача ҳар куни 41 марта қуйидаги калимани ўқисин». Ана энди ўшани ўқиса етти кундан кейин ҳалиги дев унга кўринар экан, ўқувчига мушук сифатида, каптар сифатида, кейин одам сифатида келар экан ва хоказо. Бунақа нарсаларни ҳеч ким эшитмаган, ҳеч ким кўрмаган, тажрибада йўқ нарсалар. Энг муҳими, ҳалиги айтганимиздек, бу дуо ва унинг хосиятлари кимдан ривоят қилинган, ким айтган, бу Қуръонда келганми, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида келганми, саҳобаларнинг гапларида келганми, мужтаҳид уламоларникидами, бирортасида на хабар на масдар, манба бор.
Шу билан бирга бу дуога ишонмаганларга катта бир таҳдид, хавф, дўқ-пўписа ҳам бор охирида. Айтиладики: «кимки шак келтирса, яъни шу «Кимёи саодат» дуосига ишонмаса, кофир бўлади. «Наузу биллаҳи залик»–Аллоҳ ўзи сақласин, асли Қуръон ояти бўлмаган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси бўлмаган, саҳобаларнинг гаплари бўлмаган, ким айтгани номаълум бир дуони инкор қилиш билан инсон кофир бўлиб қоладими? Албатта бир инсоннинг кофир бўлиши осон иш эмас. Шунинг учун бунақа нарсаларни ёзаётган, қилаётган, китоб қилиб чиқараётган одамлар нимани ёзишяпти, нимани китоб қилишяпти, ким бу китобнинг чиқишига рухсат бераяпти, ким чоп қиляпти–буларни бир ўйлаб қў-йиш керак. Аллоҳнинг олдидаги масъулиятни ҳам унутмаслик керак.
Шунингдек, бу китобни бошидан охиригача уйдирма дейиш ниятимиз йўқ. Мисол учун «Муззаммил» сурасининг фазилатлари дебди. Мана шу тўғрида баъзи бир ҳадислар ҳам ворид бўлган, буларнинг ҳаммасини биз «йўқ» дея олмаймиз.
«Шамъун» исмининг хосияти, касалликни дуолар орқали аниқлаш усули каби нарсалар исломий адабиётимизнинг ишончли манбаларида, тафсирларимизда, ҳадисларимизда, мўътамат китобларимизда, албатта йўқ гаплар.
Шунингдек, «баъзи бир турли хил дуолар ва уларнинг хислатлари» деган сарлавҳа остида келган маълумотлар ичида баъзи бир нарсалар ҳақиқатдан ҳам бор: «Ла илаҳа илла анта субҳанака инни кунтум миназзолимин», бу ояти карима. «Ҳасбунналлоҳу ниъмал вакил» ҳам шундоқ, булар- тўғри нарсалар. Лекин китоб, умуман юқорида айтиб ўтганимиздек, асоссиз нарсаларга тўлиб-тошган.
Яна шунга ўхшаган китоблардан мисол учун, «Тонгдан оқшомгача ўқилувчи дуолар»ни оламиз, бу ҳам қайта чоп қилинган. Бунда ҳам шундай дуоларни айтиш, ёдлатиш учун чоралар кўрилган. Мисол учун китобдаги дастлабки: «уйқу олдидан ва тонгда туриб ўқиладиган дуолар»ни кўриб чиқайлик:
Энг Аввло, дуо қилиш олдидан унинг одобларига риоя этишга эътибор қилинмаган, ҳаттоки, «Бисмиллаҳ» ҳам айтилмаган. Боз устига дуолар нотўғри таржима қилинган. Мана, «уйқу олдидан ва тонгда туриб ўқиладиган дуолар»да «Бисмикаалоҳумма аҳийя ва амуту» маъноси «Эй Аллоҳим, Сенинг исмингни айтаман ва тириламан» деб ўгирилган. Шу таржима нотўғри. «Бисмикаалоҳумма»–«Эй Аллоҳим», «аҳийя - тириламан», «ва амуту-ўламан» дегани. Китобда «айтаман ва тириламан» дебди, арабча матнда «тириламан ва ўламан» дейилади. Дуо мутлақо нотўғри таржима қилинган. Энди арабчани билмаган ўқувчи буни олиб, маънони бошқача тушуниб қилса, дуоси қабул бўладими?
Шундан кейинги иккинчи дуо Имом Бухорийдан: «Пайғамбар соллаллоҳу алай-ҳи васаллам ухлаш олдидан ушбу дуони ўқир эдилар: «Алҳамдуллиллазий аҳяна баъдама аматана ва илайҳин нушур». Маъноси: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бизни тирилтирмоқ унга махсусдир. Бутун ер юзи Аллоҳнинг ҳузуридир». Таржима бутунлай бузиб қилинган. «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, у Зот бизни ўлдирганидан ке-йин тирилтирди ва йиғилиб бориш, тўпланиб бориш Унгадир» деган маъно бор. Бу нотўғри таржима қилинган. «Бизни тирилтирмоқ Унга махсусдир» дебди, аслида эса «Бизни ўлдирганидан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», яъни уйқуни «ўлим» дейиляпти ҳадисда. Уйқу ўлимга ўхшаган нарса, уйқуда ётган инсон ўлиб қолиб кейин турмаслиги ҳам мумкин. Лекин Аллоҳ унга ўлимни ирода қилмади, тирилиб, туриб яшашни берди, шунинг учун банда Аллоҳга ҳамду-сано айтади. «Ва илайҳин нушур» сўзини «бутун ер юзи Аллоҳнинг ҳузуридир» деб ўгириш нотўғри. «Ва илайҳин нушур»–«Ва Аллоҳнинг Ўзигагина тўпланиб бориш бўлур».
Шунингдек, худди шу бетда, худди шу қаторда учинчи келтирилган дуо ҳам Имом Бухорийдан: «Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонганларидан сўнг бу дуони ўқир эдилар: «Алҳамдулиллаҳиллазий робба аълайя руҳий ва афани лижасади ва азиналий бизикриҳи». Бунинг маъноси: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, руҳимни уйғотиш, вужудимга тириклик бериш ва азални зикр учун менга бериш Аллоҳга махсусдир». Бу ҳам нотўғри таржима қилинган. Асл маъноси бундай: «Менга руҳимни қайтариб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Жасадимни офиятли қилган яъни саломат қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин». «Ва азиналий бизикриҳи» дегани «Ва менга Ўзини зикр қилишга изн берган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дегани. Демак, бу ерда ҳам дуо нотўғри таржима қилинган. Кирилл ҳарфидаги дуони бир амаллаб ўқиб олган одам уни нотўғри таржима қилинган ҳолда, маъносини тушунмай илтижо қилса, унинг дуоси ижобат бўладими-йўқми, буни ёлғиз Аллоҳ таоло билади. Аслида арабча оят, ҳадис, дуо, лафз-ларни кириллча ёзишга уламоларнинг рухсати ҳам йўқ
Бешинчи бетда «Кийим кийилаётганда ўқиладиган дуолар» бобида «Аллоҳумма инни асъалука мин хойриҳи ва хойри ма ҳува лаҳу ва аъзубуки мин шарриҳи ва шарру ма ҳува лаҳу» деган дуо таржима қилиб айтиладики, маъноси: «Эй Аллоҳим, мен бу либоснинг хайрини ва у либосни кийиш хайрини Сендан сўрайман» деган. Аслида эса: «Эй Аллоҳим, албатта мен Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсани яхшилигини сўрайман ва мен Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилган ёмонликдан паноҳ сўрайман», дейилган. Дуони ярми нотўғри таржима қилинган, ярми мутлақо таржима қилинмаган.
Мана шу ҳолатлар, бунга ўхшаган нарсалар кўпаяверади. Инсонларда бир зумда бой бўлиш, бир зумда мушкулотидан қутулиш, баъзи-бир лафзларни айтиши билан мурод ҳосил бўлиш руҳияти ҳозир юқори даражага чиққан. Бундан фойдаланган баъзи-бир кишилар китобини бозорга солиш учун шошилишиб қолган. Лекин ҳеч ким ўйламайдики, мана шу лафзларни билиб-билмасдан қайтариш билан мурод ҳосил бўладими!
Иккинчи саволда: Расулуллоҳ ўқиб юрган китобларга ишониш мумкинми? Бу китобда асосан Аллоҳнинг исмлари зикр этилган, айтингчи мана шу исмларни айтиш билан Аллоҳ тилакларимизни ҳосил қилардими?», дейилган Албатта Аллоҳнинг исмини зикр қилиш яхши нарса. Маълум савобни берадиган нарса. Лекин тилакни бериш маъносида қандай бўлади? Бу ерда яхши билишимиз керакки, «дуо» бу маълум бир лафзларни қуруқ такрорлаш эмас. Маълум бир сўров лафз-ларини такрорлаш «талаб» дейилади. Менга у бер, менга бу бер, мени ундоқ қил, мени бундоқ қил, деган сўзлар талаб маъносида бўлади. «Дуо» эса бутун вужуди билан, имон-эътиқодга тўлган ҳолда, бутун ҳисси туйғусини Аллоҳга йўналтириб бор вужуди билан илтижо ҳолатига ўтишдир. Афсуски буни кўпчилик билмайди ва қуруқ лафзларни такрорлаш билан овора.
Кейин дуо қилишнинг алоҳида одоблари бор. Дуони қабул қилиш вақтлари бор, замонлари бор, пайтлари бор, амаллари бор, ана уларни ўрнига қўйиш керак. Энг муҳими дуоим қабул бўлсин деган инсон ўтган гуноҳларига тавба қилиши, луқмасини ҳалол қилиши керак, ана ўшанда дуоси қабул бўлади, муродига етади. Бу нарсаларни тушунмасдан, маълум бир лафзлар маъносини ёки юқоридагидай нотўғри таржималарга ишониб, нотўғри тушуниб, қуруқ такрорлаш билан дуонинг қабул бўлиши даргумон. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни тўғри йўлга бошласин, дуоларни тўғри қилишимизни ва уларни қабул бўлишини насиб этсин. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволУстоз бу савол ҳақида жуда кўп ўйлаб қоламан. Инсонга Аллоҳ таоло билмаган нарсасини ўргатган ва .Билмасангиз аҳли зикрдан сўранг, деган. Саволим куни кеча давоми...

4791 09:00 / 23.09.2017
СаволАссалому алайкум Устозлар, ҳаж ибодати учун йиғилаётган маблағдан шу маблағ закот нисобига етганда закот бериладими Жавобингиз учун олдиндан давоми...

2984 10:01 / 27.06.2018
Савол Шак куни рўза тутса бўладимиЖавоб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Шак куни нафл рўза тутмоқ одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар ва хос давоми...

3366 03:27 / 29.05.2017
Ёшим 21 да, мени қийнаётган нарса ўзимнинг ёмон хулқимдир. Беадаблигим туфайли қаерга борсам, ўша ерда ёмон таассурот қолдиришим, одамлардан танбеҳ эшитишим, давоми...

3378 14:19 / 24.04.2016
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41803 14:35 / 11.08.2021