1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Мусулмон ўзини қандай поклайди?

21:21 / 24.04.2016 2982 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларига йўлланган савол: Ҳазратларидан нафсини покламоқчи бўлган инсон босиб ўтадиган нафсни поклаш, ҳоллар ва мақомлар босқичлари ҳақида қисқача айтиб ўтишларини илтимос қиламиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳ таолога ҳамд айтаман, Унинг расули Муҳаммадга, у кишининг оилалари, саҳобаларига саловот ва саломлар йўллайман. 

“Тазкия” (покланиш) қуръоний сўз бўлиб, нафсни ҳалокатга туширадиган, Аллоҳга бўлган иймонини маъносиз ва фойдасиз кўринишга айлантириб қўядиган кирлардан поклашдир. Ана шу кирларнинг энг хатарлиси кибр, кейин ужб (ўзидан мағрурланиш), гина, дунё, унинг кўринишлари бўлган мол, обру, бошлиқлик каби нарсаларни яхши кўриш. 

Покланиш йўли, қисқача айтганда, тавҳиднинг ақлга мустаҳкам ишонч бўлиб ўрнашиши, яъни тавҳид тил қайтараётган “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасидан Аллоҳ таолонинг зоти, сифатлари ва ишларида бир экани, буларнинг ҳеч бирида Унга ҳеч ким шерик эмаслиги, Унинг ўзигина бутун борлиқнинг ишини юритувчи, йўқни бор, борни йўқ қилувчи, зарар ва фойда етказувчи, берувчи ва ман қилувчи экани тўғрисида қатъий ақлий ишончга айланишидир. 

Лекин тавҳид тилдаги гапдан ақлдаги мустаҳкам ишончга, сўнг виждонга таъсир этувчи кучга фақатгина Аллоҳ муроқабасини (Унинг кўриб турганини ҳис этиш) кўпайтириш билан,бу эса Уни кўп ёдга олиш билан бўлади. Тил эса мана шу ёдга олиш учун восита холос. Ана шу ёдга олишнинг энг яхши йўли ўзига келаётган неъматларни доимо Мунъим (Неъмат берувчи)га боғлаши, ҳар сафар унга неъмат келганида Неъмат берувчини ёд этиши, бу неъматнинг Ундан келаётганига ишонишидир. Унинг неъматлари эса сонсиз-саноқсиз. Мана шу саййидимиз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аллоҳ азза ва жаллани зикр этишдаги йўллари эди. 

Агар банда ана шу зикрда давом этса, тавҳид эътиқоди унинг ақлида мустаҳкам бўлади. Бошқа нарсаларнинг қалбаки таъсири унинг ақли ва фикридан йўқолади. Сўнг ана шу эътиқодий ишонч унинг қалбида муҳаббат, маҳобат ва қўрқув бўлиб акс этади. Чунки энди у борлиқдаги ягона эзгулик ато этувчи, бандалар ва яралмишлар ишини бошқарувчи Аллоҳ эканини ақли билан билади, қалби билан ҳис қилади. Шунда ана шу кучли туйғулар ҳовуридан нафсга ёпишган кирлар эриб кетади. 

Шунда у такаббур қилиши учун ўз зотида бир қиймат кўрмайди. Дунё ва ундаги барча нарсаларни бор йўғи Аллоҳ азза ва жалланинг измидаги бир қўшин деб билади. 

Фано ва бақо каби ҳолатлар эса, кейинги давр мутасаввифлари ва ушбу асрда уларнинг йўлидан юрганлар бу ҳолатларни солик уларга етишишни, сўнг эса улардан кейинги босқичларга ўтишни қасд қилиши лозим бўлган даражалар деб эътибор қилишган. 

Лекин бу тасаввур унинг асосидаги сулук билан бирга салафи солиҳлар, шу йўлнинг имомлари, хусусан, “Қушайрия”даги имомлар йўлига хилофдир. 

Соликдан талаб этиладиган нарса мен айтиб ўтган восита билан тавҳид ҳақиқатини тўла англаб етиш, зеҳнида жонлантириши лозим бўлган ягона ғоя унинг борлиқ сабаблари билан Мусаббибнинг ўзинигина кўриш билан муомала қиладиган ҳолатга кўтарилишидир. Ана шу ғояга етганда солик Аллоҳга қулликнинг ҳақиқатини англайди. Мана шу салафи солиҳлар интилган энг юқори даражадир. 

Бу ғоя йўлида баъзи соликлар фано деб аталган ҳолатга дўч келиши мумкин. Бунда улар борлиқдаги нарсаларни кўрмай, уларнинг Яратувчисини кўрадилар. Шу ҳолатда ўз ҳисларини ифодалаб, воқелик ва шариатга хилоф қилишлари мумкин. 

Билишимиз керакки, бу ҳолат вақтинча бўлиб, солик уни ундан ўтиш ёки унда тўхташ лозим бўлган босқич деб ҳисобламаслиги даркор. Балки у имкони борича буни четлаб ўтиши лозим. Агар бу қўлидан келмаса, билсинки, унга Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари, уларга эргашган тобеинлар ва салафи солиҳлар саломат бўлган заифлик етибди. У бу ҳолатдан бақо ҳолатига ўтиб кетиш учун бор имконини қилиши керак. Бақо ҳолати унда солик сабабларни кўрадиган, улар билан шариат мезонларига кўра муомала қиладиган ҳолатдир. Лекин у бу сабабларга ҳеч бир таъсирни нисбт бермайди. 

Ҳолатлар тўғрисида ушбу айтганларим сабр, шукр, ризо, яқийн каби мақомларга ҳам тегишли. Солик шу мақомлардан бир-бир ўтиб, охири яқийн мақомига етишни мақсад қилиши хатодир. У сулуки бошиданоқ яқийннинг энг олий даражаларига етишга бор кучини сарфлаши лозим. Сабр яқийндан айри эмас. Ризо ҳам сабрдан айри бўлиши керак эмас. Балки ўзининг ёмонликка буюрувчи нафсига қарши курашишга қарор қилган кишидан бир вақтнинг ўзида сабр, ризо, шукр, таваккул ва яқийн билан сифатланиши талаб этилади. Бунинг йўли эса, зикр, яъни қуруқ тасбеҳ ўгириш эмас, балки ҳар сафар борлиқдаги бирор нарсани кўрганда унинг Яратувчисини ёдга олиш, ҳар сафар бирор неъматни кўрганда неъмат Берувчини эслашни кўпайтиришдир. 

Сулук тартиби баъзан соликлардан шу мақомларни босқичма босқич ўтишни талаб қилиши мумкин. Лекин булар ўша соликлар учун ихтиёрсиз ҳолатлардир. Барча соликлар учун тарбия усули эмас. 

Кейин бу сўраганларингиз, номи қандай бўлмасин, устида шариат низоми ҳоким бўлган туйғудир, ривоят қилинадиган илм, ижро этиладиган санъат, ризқ топиладиган, мансабга эришиладиган касб эмас. 

Салафи солиҳлардан бир раббоний олим: “Тасаввуф Исломнинг бошида исмсиз жисм эди, ҳозир эса исми бору жисми йўқ  бир нарсага айланди”, деган эди. 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволМан мусофир юрта ишлайман, муборак рамазон ойини биринчи кунида ғафлатда қолиб сахарлик нематидан маҳрум бўлдим. Лекин сахарликсиз ният қилиб рўзани адо давоми...

4420 09:05 / 31.05.2018
СаволАссалому алайкум Махр ҳақида топиб ўқидим раҳмат. Лeкин шуларни ўқиш жараёнида Қалин пули бидъатrdquo дeйилган жавобга рўбарў кeлдим. Бунинг сабаби нима Шу давоми...

10260 09:05 / 14.09.2017
Савол Мен асалари боқаман табиийки асаларига емиш бераётганда чақиш эҳтимоли бор. Агар ари чақса роaposза бузиладимиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ Йўқ

4379 09:05 / 08.06.2018
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Аллоҳ рози бўлсин Устоз, бир катта масдижда жума намозига азон айтилганда тикка туриб оладиганлар бор Бундай давоми...

4023 08:20 / 22.10.2017