1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ас-Салом (6)

08:15 / 20.04.2017 10202 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ас-Салом 

 «Салом» сифати барча нуқсонлардан саломат Зот, шунингдек, тинчлик, хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот деганидир. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ва соғлик ато қилади. Инсоннинг ўсиб, улғайиши Аллоҳнинг раҳматидир. Бу ўсиш мўътадил ва мақбул чегарага етгач, инсоннинг бўйи ўсишдан тўхтайди. Бир қарашда бу оддий ҳолат бўлиб кўринади, аммо аслида бу ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъмат экан. Зеро, шундай бир хатарли касаллик борки, бунда инсон ўсишдан тўхтамайди.  Олимларнинг таъкидлашича, суяк ҳужайралари одатда қирқ йиллаб ухлайди. Аммр инсондаги суяк синса, ушбу ҳужайралар уйғониб, инсон суягини қайтадан тиклаб, бир бирига улаб қўяди. Бир ўйлаб кўрайлик, синган суяк ўсмаса, бир бирига уланиб, битиб кетмаса нима қилар эдик? Аллоҳнинг ас Салом исмининг мана шу нуқтада гавдаланади.  У Зот инсонни гўзал суратда яратди, унинг жисмини ўз- ўзини даволайдиган, тиклайдиган қилиб қўйди. Тишдаги нервлар унда бирор касаллик бошланаётганини оғриқ воситаси билан билдириб, дарак бериб туради. Шунинг учун дарҳол тиш докторига бориб, уларни муолажа қилдириб оламиз. Акс ҳолда ҳам азоб чекамиз, ҳам тишлардан маҳрум бўламиз. Бундай ўта нозик ҳис қилиш аъзосининг фаолиятида ҳам Аллоҳнинг ас Салом исми намоён бўлади.  Иммунитет тушунчаси бугунги куннинг янги атамаси бўлиб, инсоният уни сўнгги икки аср давомида кашф қилиб, унинг ёрдамида тиббиёт соҳасида жуда кўп муваффақиятларга эришди. Иммунитет Аллоҳ яратган қон таркибидаги аскарлардир. Қонда юрувчи ушбу оқ қон таначалари танага кириб қолган хатарли душманга – вирусга қарши курашади. Аллоҳ мазкур оқ қон таначаларини инсон саломатлигини муҳофаза қилиш учун яратган. Инсон организмининг турли салбий таъсирларга, касалликларга қарши курашиш хусусияти йўқолса, у энг оддий сабаблар билан ҳам тезда ҳалок бўлади. Бугунги кунда бутун дунёни хавотирга солаётган ОИТС касалига чалинганларда ушбу иммунитет сусайиб, йўқолиб кетади. Организм ҳимоясиз қолгач, мадорсизланади, унга турли касалликлар ўрнашиб олади.  Буйрак бўйича мутахассис шифокорнинг айтишича, инсоннинг бир буйраги тўлиқ олиб ташланса, иккинчи буйракнинг ўндан тўққиз қисми ҳам кесиб олинса, ўша қолган озгина қисми ҳам қонни тозалаб, фильтрлашга кифоя қилар экан. Демак, мазкур ҳимоя хусусияти ҳам ас Салом исмининг бир кўриниши экан. Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳнинг ас Салом исми инсоннинг соғ омон юришига кафолатдир. Инсон бир неча кун қаттиқ оч қолганида дон ёки полиз маҳсулотларини истеъмол қилса, ушбу маҳсулотлар танада ёғ ва гўштга айланади. Ваҳоланки инсонга ҳар қанча илм берилса ҳам дон маҳсулотларини гўштга айлантира олмайди. Бу инсоннинг тоқатидан юқори нарса. Лекин инсон жисми дон ва полиз маҳсулотларини гўшт ва ёғга айлантириб берадиган ажойиб ускуна билан жиҳозланган.  Аллоҳнинг ас Салом исми бизнинг соғ омон юришимизга кафилдир. Аллоҳнинг гўзал исмлари ҳақида ҳар қанча фикр юритмайлик, уларнинг адоғига ета олмаймиз.  Аллоҳ таоло инсоннинг энг муҳим аъзоси бўлмиш мияни қаерга жойлаган? Бош чаноғига, суякдан ясалган махсус косага жойлаган. Бу суякни эса устма уст парда билан ўраган. Суяк косаси билан мия оралигида эса махсус суюқлик яратган. Ушбу суюқлик қандай вазифа бажаради? Унинг вазифаси шуки, инсоннинг калласига зарба тушса, унинг оғирлиги аввал ана шу суюқликка тушади.  Аллоҳ таоло бош мияни мустаҳкам сандиққа жойлаган. Ушбу сандиқнинг мустаҳкам бўғимлари бўлиб, улар ҳам баъзи зарбаларни ўзига сингдириб юборади. Ушбу бўғимлар бўлмаса, бош чаноғи салгина зарбага ҳам синиб кетар эди. Мияга зарба тушганда суяклар бир бирига киришиб, сўнг ўз ўрнига қайтади. Буларнинг ҳаммаси инсоннинг саломат яшаши учундир. Узоқ муддат, бир неча кун ёки ой эмас, йиллаб изланиш олиб борсак ҳам, Аллоҳнинг ас Салом исми билан боғлиқ неъматларни санаб тугата олмаймиз. Қалбда хавотир, қўрқинч ва безовталик пайдо бўлса, бунинг давоси фақат Аллоҳнинг зикридир. Ҳарчанд қидирмайлик, бирор нарса инсонга Аллоҳнинг зикричалик бахт саодат улашмайди. Темир занглагани каби, қалб ҳам занглайди. Унинг жилоси Аллоҳнинг зикри ва Қуръон тиловатидир. Аллоҳнинг ас Салом исмини зикр қилсак, саломатликни ҳис қиламиз, хавф ва хавотирларимиз арийди, хотиржам бўламиз. Аллоҳдан йироқ бўлган кимсаларнинг қалбини эса хавф хатар чулғаб олади, чунки улар У Зотга ширк келтиришади ва шу сабабли Аллоҳ уларнинг қалбига қўрқинч солади. Ас Салом исмининг аввалги маъноси Аллоҳнинг зотига тааллуқлидир, яъни Унинг Зоти барча айблардан холи, сифатлари барча нуқсондан йироқ, феъллари барча ёмонликдан покдир.  Бу исмнинг иккинчи маъноси шуки, Аллоҳ таоло бандаларига саломатлик ато этади. Бу исмнинг зикри инсонга омонлик, хотиржамлик ва саломатлик бахш этади. Инсон Аллоҳга боғланиш билан нафсини айблардан, бахилликдан, зиқналикдан, нафратдан, ҳасаддан, кибру ҳаводан сақлайди. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таоло бандаларини субулус саломга – саломатлик, салимлик йўлига йўллайди.  Масалан, ҳар бир инсоннинг оиласи бор. Кимнингдир уйида жанжал-тўполон, нафрат ҳукм суриши, эр хотинни дўппослаши, иш талоққача бориб етиши мумкин. Бундай хонадон ўзаро нафратга маҳкум бўлиб, барбод бўлиши муқаррардир.  Аммо инсон Қуръон таълимотига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дастурларига эргашса, Аллоҳ уни саломатлик, тинчлик, барқарорлик йўлига йўллаб қўяди. Бу йўлга мушарраф бўлганларнинг уйида роҳат фароғат, хотиржамлик, меҳр оқибат ва ўзаро муҳаббат ҳукм суради. Зеро, бундай одам Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, уйига кирганда аҳлига «Ас Салому алайкум» деб салом айтиб киради, шу саломи туфайли шайтон бу уйдан узоқлашади. Уй эгаси салом бермай кирадиган хонадонга шайтон кириб олиб, ҳамтовоқларига: «Мана, ҳаммизга ётоқ топилди», дейди. Оила аъзолари дастурхон атрофига ўтириб, бисмиллаҳни айтишмаса, шайтонлар: «Ана, овқат ҳам топилдик», дейишади. Оқибатда бундай хонадонда муаммолар кўпайиб кетади. Рибога (судхўрликка) аралашган одамнинг қарзлари кўпайса кўпаядики, озаймайди. Бундай кимса муаммоларга кўмилиб кетади, савдоси ҳам тўхтаб қолади. Қўлидаги қимматбаҳо қоғозлар ҳам фойда бермай қўяди. Агар у Аллоҳнинг амрига, набавий суннатга бўйсунса, даромад топишда бунчалик муаммога дуч келмас эди.  Демак, тижоратда, оилавий алоқаларда, қўшнилар билан муносабатда саломатлик, салимлик йўлида юрсак, Аллоҳ бизни «субулус-салом», яъни салом йўлига йўллаб қўяди. Ас Саломнинг маъноси мана шудир.  Инсон ҳаётига Қуръонни татбиқ қилса, барча ишларда, барча йўналишда ва барча томонлама саломга йўллаб қўйилади. Оқибатда эса Аллоҳ уни дорус-саломга, яъни жаннатга йўллайди.  Ас Салом сифати ғоятда роҳатбахшдир. Саломат одам хотиржам бўлади, роҳатда яшайди, коинотнинг Холиқи у билан бирга эканини, уни ташлаб қўймаслигини, душманга топшириб қўймаслигини, уни муҳофаза қилиб, нусрат беришини ҳис қилиб ҳаёт кечиради. Ҳаётимизга Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилсак, Аллоҳ бизга бу дунёдаёқ саломатлик ва омонлик беради. Аллоҳга юзлансак, Аллоҳ бизга нафс саломатлигини ато этади. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида Аллоҳнинг амрларига итоат қилсак, Аллоҳ бизга охиратда омонлик ҳам беради. Билишимиз керакки, чинакам омонлик ва саломатлик Аллоҳ билан бирга бўлишда, Аллоҳнинг амрига мувофиқ яшашда, Аллоҳни танишда, Аллоҳга ибодат қилишда, Аллоҳнинг Китобини тушунишда ва Аллоҳнинг шариатига амал қилишдадир.  «Аллоҳ тинчлик диёри – жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур» (Юнус сураси, 25 оят).  «Агар у ўнг томон аҳлидан бўлса, у ҳолда, сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай (эй саодатманд бандам)!» (Воқеъа сураси, 90 оят) Инсон фарзанди уч ҳолатда энг заиф ва ёрдамга муҳтож бўлади. Банданинг дунё ва охирати учун энг муҳим бўлган ушбу уч ҳолат унинг эсон-омон туғилиши, иймонли ҳолида вафот этиши ҳамда қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинишидир. Аллоҳнинг ас Салом исми туфайли бу жараёнлар осон ва хайрли кечади. «Унга (Яҳё алайҳиссаломга) туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам салом бўлсин» (Марям сураси, 15 оят). Аллоҳ таоло инсонни динда ҳам саломат қилади. Диндаги саломат уч мақомда бўлади: шариат мақоми, тариқат мақоми, ҳақиқат мақоми. Шариат мақоми – ақлнинг бидъат хурофот ва шубҳалардан, бузуқ ақийдадан, қалбнинг ҳавои нафс ва шаҳватлардан саломат бўлишидир.  Тариқат мақоми – ақлнинг шаҳват ва ғазаблар устидан ҳукмрон бўлиши, уларга асир бўлмаслигидир.  Ҳақиқат мақоми – фақат Аллоҳгагина юзланишдир. Шунинг учун ҳадисда: «Ҳақиқий мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир», дейилган. Баъзи уламолар: «Инсоннинг ўзи нафс ҳавоси ва шаҳватига асир бўлса, қандай қилиб одамлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишади», дейишган. Мўмин банданинг ушбу исм билан боғлиқ қандай мажбуриятлари бор?  Ҳақиқий мўминнинг саломатлиги шариатнинг кўрсатмаларига на ошкора, на яширинчи мухолиф бўлмаслик, зоҳирий ва ботиний айблардан йироқ бўлишдир.  Аллоҳ таоло: «Ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар», деб айтган (Анъом сураси, 120 оят). Ким гуноҳлардан омонда бўлса, айблардан йироқ бўлибди. Биз ас Салом исмига ана шундай муносабатда бўлишимиз керак. Ана шунда: «У Кунда Аллоҳнинг ҳузурига салим қалб билан келганлардан бошқаларга на мол-давлат, на бола-чақа фойда бермас» ояти ҳаётимизда ўз тасдиғини топади (Шуаро сураси, 88 89 оят). Салим қалб, тоза дил деганда шак шубҳа, ширк, нифоқ ва риёдан холи бўлган қалб тушунилади. Демак, қалби шак шубҳадан, нафси шаҳватдан, ақли гумонлардан омонда бўлган кишининг қалби салим бўлар экан. Бу банданинг ас Салом исми олдидаги мажбурияти эди. Аммо банданинг ас Салом исми устида ҳам ҳақлари бор экан. Масалан, бир киши иймон келтирди, Аллоҳнинг коинотдаги мўъжизалари устида фикр юритди, Аллоҳнинг буйруқларида мустаҳкам турди, илм мажлисларида иштирок этди, шаҳватлари устидан ҳукмрон бўлди, аъзоларини тийди: кўзини ҳаромга қарашдан тўсди, қулоғини шаҳвоний нарсаларни эшитишдан тўсди, бегона аёлларга аралашмади, шариатига мухолиф бўлмади, солиҳ амал қилди. Мана шундай амал қилган одамни соғ омонликда, яъни дунёда озор берувчи нарсалардан, оғир мусибатлардан омон сақлаб, яхшиликларда бардавом қилиш Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир. Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбимизни, жисмимизни саломат қилсин, ҳузурига салим қалб билан боришни насиб қилсин!

 

Манба: islom.uz

Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. У кишининг исми ва юрти. У киши ndash Садруддин Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз Ҳанафий Азроъий Димашқий. 2. У кишининг туғилишлари. У киши 731 ҳижрий санада давоми...

1613 19:00 / 15 январь
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига ndash ким шунга лойиқ бўлса ndash ва унда Мункар ва давоми...

6047 15:25 / 13.04.2020
. У Зот зидлардан ва тенгдошлардан олийдир. Шарҳ Зид ndash мухолиф дегани, тенгдош ndash ўхшаш дегани. Аллоҳга мухолифлик қилувчи ҳам, ўхшаш ҳам йўқ. Аввал давоми...

618 19:00 / 09 сентябрь
Аллоҳ таоло .Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир. Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар,, дейилур. Уларнинг дилларидаги ғиллиғиштларни чиқариб давоми...

5868 21:51 / 01.12.2016
Аудиолар

134239 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54582 14:35 / 11.08.2021