1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1430

Маккаи мукарраманинг эски ва янги тарихи (Анвар Аҳмад)

22:44 / 19.04.2017 30828 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Муқаддима

Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Юборилган набийлар хотимаси, у зотнинг оила ва асҳоблари ҳамда қиёмат кунигача яхшилик билан уларга эргашганлар учун саловоту саломлар бўлсин. Аммо баъд:
Маккаи мукарраманинг диний ва тарихий жиҳатдан улкан ўрни бор. Аллоҳ бу маконни Каъба, яъни Ўз уйини қуриш учун ихтиёр қилди. Ҳамда Исмоил ва онаси Ҳожар (алайҳимоссалом) яшашларини истади. Бу уйга кўплаб набий ва расул ҳамда солиҳ зотлар интилиб келишган. Бу ерда Масжидул-ҳарам мавжуд бўлиб, одамлар унга сафар учун отланишади. Бундан ташқари бу жойда мусулмонлар қибласи бор. Набий ва расуллар хотимаси, ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам мазкур жойда туғилиб, пайғамбар этиб юборилганлар. Замзам қудуғи ва бошқа тарихий, диний аҳамиятга молик ерлар мана шу жой, яъни Маккададир.
Маккаи мукаррама тарихи ҳақида қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўплаб баҳс қилувчилар томонидан китоблар таълиф қилинган. Аммо қадимги олимлар ёзган китобларнинг баъзисида янги иншоотлар ҳақда ёзилмаган. Ёки жуда катта, кўпжилдли бўлиб, хос кишиларгина ўқий олади. Ёхуд жузъий, муайян бир нарсагина ёзилган, холос. Мазкур китоблар бу муборак шаҳарнинг тарихига аҳамият берувчилар учун жуда ҳам муҳим ва фойдали изланишдир. Мана шу соҳада ҳаракат қилган барча зотларни Аллоҳ яхшилик билан мукофотласин.
Маккаи мукаррама аҳли ва ундан бошқа кимсалар бу шаҳарнинг қадимги-ю ҳозирги тарихи ҳақида осон услуб билан мўъжаз маълумот берувчи бир рисола ёзишимни сўрашди. Аллоҳга суянган ҳолда, бу ҳақда илмим камлигини эътироф қилиб, аввалги ҳамда замондош олимларнинг ишларидан фойдаланиб, маълумотларни жамлашда, тартиблашда ва Қуръон оятлари ҳамда набавий ҳадисларга, саҳоба ва тобеъинлар асарларига боғлашда бор кучимни сарф қилдим. Ҳадисларнинг саҳиҳи ва ҳасанини зикр қилиш билан кифояланишга интилдим. Унинг уламолар наздидаги даражасини баён қилиб, манбасига ҳам ишора қилдим. Китоб узайиб кетмаслиги учун ҳошиясига ҳадисларни тахриж қилиб ўтирмадим. Ким тафсилотини хоҳласа, ишора этилган манбага мурожаат қилсин. Маълумотлар муҳимини намойиш этишда жадваллар тартибидан фойдаландим. Бу нарса енгиллик, очиқ-ойдинлик ва қисқаликни келтиради. Янада очиқ-ойдин бўлсин, деб 100 дан ортиқ сурат ва хариталарни китобга киритдим.
Ишора этмоқни маъқул кўрдимки, аввалгиларнинг китобларида майдон ва масофалар газ ўлчовида берилган. Йўллар хилма-хиллиги, бошланиш ва тугаш нуқтасидаги турфаликка сабаб кимлардир ўлчашни Масжидул-ҳарамдан бошлаган. Яна кимдир эса Макка ҳудуди ва қурилиш тугаган ердан бошлаган. Шунга биноан замонавий китобларда ихтилофлар юзага келган. Чунки барчаларининг фойдаланган манбалари ҳар хил бўлган. Албатта мен ундан кучли бўлганларини ихтиёр этишга барча қувватимни сарф қилдим. Шу билан бирга масофалар ўлчови тақрибан, яъни тахминан баён этилган.
Бу китобни тайёрлашда менга амали, дуоси, кўрсатмаси ва рағбатлантириши билан ёрдам берган, хусусан, Жамил Аҳмад ва Уқайл Аҳмадларга миннатдорчилигимни билдираман. Хотимамизни Аллоҳга ҳамд, берган неъматлари ва бу муборак амалга йўллаб қўйгани учун шукроналар айтиш билан тамомлаймиз. Агар ушбу китобда тўғри нарсаларни топсангиз, у Аллоҳнинг фазли-марҳаматидандир. Борди-ю, хато бўлса, унда мен сабаблидир. Аллоҳдан бу уринишни қабул этиб, Ўзининг розилиги учун холис бўлишини, китобхондан дуосида, хусусан, муқаддас ердаги дуосида каминани унутмаслигини сўраб қоламан.
Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оилалари, саҳобалари, тобеъинлари ҳамда қиёмат кунигача у зотга эргашганларга саловоту саломлар бўлсин.

Аллоҳга муҳтож Муҳаммад Илёс Абдулғани

Маккаи мукарраманинг жойлашган ўрни

У Саудия Арабистони подшоҳлигининг ғарб томонида, Ҳижоз ерларида жойлашган. Атрофи тоғлар билан ўралган бўлиб, бу тоғлар Каъбаи мушаррафани доира шаклида ўраган. Макканинг пасттекис минтақалари Батҳо деб номланади. Масжидул-ҳарамнинг шарқи эса Муалло деб аталади. Ундан ғарбга ва жанубга чўзилган жойлар эса Мусфала дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муалло аҳлидан бўлиб, унда туғилиб, то ҳижрат қилгунларича яшаганлар. Макка фатҳи асносида ҳам ўша томондан келганлар.
Маккаи мукаррамага учта асосий кириш йўли бор: Муалло, Мусфала ва Шабина. У энига 19, 21, 25 даража шимолда ва узунликда 46, 49, 39 даража шарқда жойлашган. Денгиз сатҳидан 300 метр баландликда. У ернинг киндиги ва ўртасидадир.

Маккаи мукарраманинг фазилатлари

Аллоҳ азза ва жалла Маккани Ўз Байтининг биноси, охирги пайғамбарининг таваллуд ва рисолат макони учун танлади. Шунингдек, ибодат қилиш ўрни этдики, унга узоқ ва яқиндан келишни вожиб қилди. Яна улар Маккага дунё аҳлининг либосини ечган ҳолда бошяланг, тавозеъли ҳолатда қўрқиб кирадилар. Маккани омонлик макони қилди, унда қон тўкилмайди. Унда тушиб қолган нарса эгасини топишдан бошқа мақсадда олинмайди. Маккани ҳаж қилиш ўтган гуноҳларга каффорат қилинди. Маккадан бошқа жойни зиёрат қилиш қодир бўлган кишилар учун вожиб қилинмайди. Маккадаги Байтни тавоф қилиш машруъ қилинди. Ер юзида рукни яманий, ҳажарул-асваддан бошқасини ўпиб силашлик машруъ қилинмади. У билан Қуръони каримнинг икки жойида қасам ичилади. Масжидул-ҳарамда ўқилган намознинг ажри зиёдалаштириб берилади. Макка ер аҳлининг ҳаммаси учун қибладир. Қазои ҳожат пайтида унга орқа ёки олдини қилиб ўтириш ҳаромдир. У ерда ёмон ишларни қилиш у ёқда турсин, уни ўйлашликнинг ҳам иқоби бор. Қолаверса, ёмон ишларнинг миқдори ҳам зиёдалаштирилади. Чунки Аллоҳнинг ҳарамида қилинган ёмон иш ернинг бошқа жойида қилинганидан буюкроқдир. Макканинг қалбларни тортишдаги кучи магнитнинг темирни тортишдаги кучидан қувватлироқдир. Одамларнинг ундан ҳожатлари тугамайди. Унга ҳамиша эҳтиёжлари бор. Уни қанча кўп зиёрат қилсалар, шунча эҳтиёжлари зиёдалашади. Қуйида Маккаи мукарраманинг муҳимроқ фазилатларига далолат қилувчи баъзи ривоятлар келтирилади.
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазварада тўхтаб дедилар: «Аллоҳга қасамки, сен Аллоҳ ерларининг яхшисисан ва Аллоҳ ерларининг Аллоҳга севимлироғисан. Агар мен сендан чиқарилмаганимда эди, чиқмаган бўлар эдим» (Жомеъ ат-Термизий).
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Юртларнинг ичида мен учун сендан севимли, ёқимлироғи йўқ. Агар қавм ила мени сендан чиқармаганида ўзингдан бошқа жойда яшамасдим».
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, сендан мен чиқариламан, албатта мен биламанки, сен Аллоҳнинг юртлари ичида менга севимлироғи, Аллоҳга икромлироғисан. Агар аҳлинг мени чиқармаганида эди, мен чиқмаган бўлардим» (Мажмаъуз-завоид).
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи кунида айтдилар: «Албатта Аллоҳ таоло еру осмонларни яратган кунда бу диёрни (ёмон амаллар учун) ҳаром қилди. Бас, Аллоҳ таоло ҳаром қилганидан сўнг қиёмат кунигача бу шундайдир, ундаги тикан ҳам ишлатилмайди, жонзотлар овланмайди, топилган нарсалар олинмайди, магар уни танитиш учун олинади, кўкатлар узилмайди» («Саҳиҳи Муслим», «Ҳаж» боби, 1353-бет).
5. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Макка ва Мадинадан бошқа ҳамма шаҳарларни Дажжол бўйсундиради. Унинг ҳар бир тўсилган ниқоби устида фаришталар саф тортиб қўриқлаб турадилар» («Саҳиҳи Бухорий», «Фазоилул-Мадина» боби, 1881-бет).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ер юзига биринчи чиқадиган киши бу – мен, сўнг Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Бақеъ аҳли мен билан бирга қайта тирилади. Сўнг Макка аҳлини кутаман, мен икки ҳарам орасида ҳашр қилинаман (қайта тириламан)» («Жомеъ ат-Термизий», «Маноқиб» боби, 3692-бет).

Макканинг Қуръони каримда келган исмлари

1. Макка.
«У (Аллоҳ) Макканинг ичида сизларни уларнинг (Макка мушрикларининг) устига ғолиб қилганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган зотдир» (Фатҳ сураси, 24-оят).
Макканинг луғавий маъноси «ҳалок этди, ноқис қилди» деганидир. Ҳаммасини Ҳарам деб номланишига сабаб – у гуноҳларни камайтиради ва уни нафий қилади ёки у ерда зулм қилганни ҳалок этилади. Яъни, у зўравонларни ҳалок қилади, ғурурларини кетказади.
2. Бакка.
«Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак Каъбадурки…..» (Оли Имрон сураси, 96-оят).
Бакканинг луғавий маъноси «бузиш, ажратиш, бекор қилиш, ифтихорни рад қилиш, пасайтириш, бўйсундириш» деганидир. Макканинг Бакка деб номланишига сабаб – у ерда одамларнинг издиҳом қилиб тўпланиши ёки Макка зўравонларининг бўйинларини эгишидир. Зеро, Аллоҳ таоло зўравоннинг ғурурини синдирганидан кейингина у Маккани қасд қилади. Ё бўлмаса Макка мутакаббирларининг ғурурини пасайтиришдир. Бакка деганда ирода қилинадиган жой ҳақида тўртта қавл бор:
– у Каъба жойлашган ўриннинг исмидир.
– у Байтуллоҳнинг атрофи, Макка ва унинг ортидагилардир.
– у масжид ва Байтуллоҳнинг номидир.
– Макка ҳарамнинг ҳаммаси учун қўйилган исм, албатта Бакка бу – Макка деганидир («Зод ал-Мусир фи илмит-тафсир», «Қомус ал-Муҳит»).
3. Уммул-Қуро.
«Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги китобларни тасдиқлайдиган, барча қишлоқларни (ва шаҳарларнинг) онаси – маркази бўлмиш (Макка аҳлини) ҳамда унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Ўзимиз нозил қилган Китобдир» (Анъом сураси, 92-оят) ва яна шўро сурасининг 7-оятида ҳам шу каби келган.
Макка – қишлоқларнинг онаси. Бундай деб номланиши ҳақида тўртта сўз бор:
Биринчи – чунки ер Макканинг пастки қисмидан текисланган. У ернинг киндигида ва дунёнинг ўртасидадир. Яъни, ер курраси сатҳидаги қуруқликдир. Маккаи мукаррама атрофида низом тартиб билан тақсимланган. Макка қуруқ ернинг маркази ҳамда ер курраси сатҳидаги барча шаҳарлардан намоз учун юзланиладиган томондир.
Илмий фалакиёт тадқиқотлари Маккаи мукаррама кўксига бино этилган Каъба Ернинг марказида, деб исботлаган.
Иккинчи – чунки у энг қадимийдир.
Учинчи – чунки у барча одамлар юзланадиган қибладир.
Тўртинчи – чунки у шаъни жиҳатидан қишлоқларнинг энг буюгидир.
4. Ал-Балад.
Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч шаҳар қилгин» (Иброҳим сураси, 35-оят).
Ва яна Балад сурасининг 1–2-оятларида ҳам «балад» сўзи ворид бўлган. Бу ерда «балад» сўзидан мақсад Маккадир.
5. Баладул-амин.
«Мана шу тинч-осойишта шаҳарга қасамки…» (Тийн сураси, 3-оят). Ибн Жавзий: «Бундаги шаҳар Маккаи мукаррамадир. Жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам қўрқоқлар бу шаҳарда омон юришган», деганлар.
6. Балдату.
«(Эй Муҳаммад! Уларга айтинг.) Мен фақат мана шу шаҳарнинг Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилганман» (Намл сураси, 91-оят).
Ибн Жавзий: «У Макка шаҳри», деб айтганлар.
7. Ҳароман амина.
«Ахир Биз уларга тинч-осойишта ҳарамни макон қилиб бермадикми?» (Қасос сураси, 57-оят.)
Яна мана шу лафз билан Анкабут сурасининг 67-оятида ҳам ворид бўлган.
Ҳақиқатдан ҳам мана шу шаҳар тарих мобайнида қандай дин ёки мазҳаб бўлишидан қатъий назар тинч-осойишта бўлиб келган. У ерга фақат эҳромдагина кирилган. Агар бирор хавф етгудек бўлса, ўша тинч жойга қочиб киришган. Бу осойишталик нафақат инсон, балки ҳайвонот ва набототни ҳам ўз ичига олган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Албатта бу шаҳар еру осмон халқ қилинганидан бери Аллоҳ у ерда (ҳайвон овлаш, ўсимликни пайҳонлашни) ҳаром қилган», деганлар. То қиёмат кунигача Аллоҳ ҳаром этгани сабабли бирор тиканни узиш ёки овни ҳайдаб кетиш ҳаромдир.
8. Водин ғойри зий заръин.
«Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим» (Иброҳим сураси, 37-оят).
Ибн Жавзий айтишларича, «экин ўсмайдиган водий» Макка шаҳри бўлиб, у ерда экин ҳам, сув ҳам бўлмайди.
9. Маъад.
«(Эй Муҳаммад), албатта сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот шак-шубҳасиз сизни бир қайтадиган жойга қайтаргувчидир» (Қасос сураси, 85-оят). Ибн Аббос айтадилар: «Яъни, сизни Маккага албатта қайтаргувчидир».
10. Қоря.
«(Эй Муҳаммад), сизни ҳайдаб чиқарган қишлоқдан кўра (аҳолиси) кучли-қувватлироқ бўлган қанчадан-қанча қишлоқни ҳалок қилганмиз» (Муҳаммад сураси, 13-оят).
Ибн Жавзий: «Қишлоқдан мурод Макка шаҳридир», деганлар.
11. Масжидул-ҳарам.
У тўрт хил истеъмол қилинади:
А) Каъба;
«Юзингизни Масжидул-ҳарам томонга буринг» (Бақара сураси, 144-оят).
Б) Каъба ва унинг атрофидаги масжид;
«Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)ни Масжидул-ҳарамдан Масжидул-ақсога сайр қилдирган (Аллоҳ) барча айб-нуқсондан пок Зотдир» (Исро сураси, 1-оят).
В) Макканинг жамики жойи;
«Албатта сизлар Масжидул-ҳарамга тинч-омон кирурсизлар» (Фатҳ сураси, 27-оят).
Қатода: «Масжидул-ҳарам Маккадир», дедилар.
Г) Ҳарамнинг барча жойи;
«Ҳеч шак-шубҳасиз мушриклар нопок кимсалардир, бу йилдан сўнг Масжидул-ҳарамга яқин келмасинлар» (Тавба сураси, 28-оят).
Ибн Аббос ва Атолар: «У ҳаромнинг жамики еридир», дейишди.

Маккаи мукаррама ҳарами

Макка атрофи ўралган жойларнинг ҳукми Макканинг ҳукмидадир. Аллоҳ таоло Маккада нимани ҳаром қилган бўлса, ўша нарсани шу ерларда ҳам ерни яратганидан то қиёмат кунигача ҳаром қилган. Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломни ҳарам ҳудудида турғизиб тош ўрнатишни буюрди. Иброҳим алайҳиссалом уни ўрнатдилар. Демак, мана шу тош ҳаром билан ҳалолни ажратишдаги аввалги чегара эди. Макка фатҳидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тамим ибн Асад ал-Ҳузоъийни юбориб, уни янгилатдилар. Мусулмон халифалари ва уларнинг аъёнлари ҳар томондан янгиладиларки, ҳатто ҳарамни ўраб турган ердаги байроқларнинг адади 943 тага етди. У байроқлар тоғлар, адирлар ва тепаликларга ўрнатилган. Кўп қисми бузилиб кетган. Фақатгина ислоҳ қилиб янгилаганларигина бор.
Ҳарам ҳудудини ўраб турган чизиқнинг узунлиги 127 км, ҳарамнинг масофаси 550 км. Аллоҳ таоло мана шу доиранинг ичини одамлар йиғиладиган, омонлик ери қилди.
Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Кимки у жойда (яъни, Масжидул-ҳарамда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, аламли азобдан тоттириб қўюрмиз)» (Ҳаж сураси, 25-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни: «Еру осмон халқ қилинган кундан бери Аллоҳ бу шаҳарда наботот узиш, ҳайвон овлаш ва бошқа турли ёмон ишларни ҳаром қилган. Аллоҳ ҳаром қилгани сабабли бу то қиёмат кунигача ҳаромдир. Мендан олдин бирор кишига у ерда уруш ҳалол қилинмаган. Менга фақат бир оз фурсатга кундузи рухсат берилган. Бу нарса Аллоҳ ҳаром қилгани сабабли то қиёмат кунигача ҳаром қилинган. У ерда бирор тиконни юлиш, овни ҳайдаб кетиш, тушиб қолган нарсани олиш мумкин эмас. Лекин тушиб қолган нарса танишиники бўлса, етказиш мақсадида олиши мумкин. У ерда ҳожат ушатмайди» (Имом Муслим ривояти, 1353-ҳадис).
Саид ибн Мусаййаб: «Менга етиб келдики, Макка аҳли ҳаром қилинган нарсани ҳалол қилиб олишмагунича ҳалок бўлишмайди» («Ахбор Макка лилфакиҳий», 1501, санади ҳасан). Мужоҳид ҳарамнинг одоблари ҳақида гапириб: «Агар ҳарамга кирсанг, бирор кишини итариб юборма, бирор кишига озор берма ва бирор кишини сиқиб чиқарма», дедилар. Масжидул-ҳарам билан ҳарамнинг баъзи ҳудудлари орасида тахминий масофа қуйидагича: Танъим – 7,5 км, Нахла – 13 км, Узотулабан – 16 км, Жаърона – 22 км, Ҳудайбия – 22 км, Жабал Арафот – 22 км.

Танъим масжиди

Бу масжиднинг номи «Масжиди уммул мўминин Оиша розийаллоҳу анҳо»дир. Бу Масжидул-ҳарамни шимол томонида бўлиб, Маккадан Мадина томонга 7,5 км узоқликда жойлашган. Мана шунинг ўрни ҳарамнинг чегарасидаги ўринга яқинроқдир. Ҳижрий тўққизинчи ҳажжатул вадоъ йилида уммул мўминин Оиша розийаллоҳу анҳо умрани ният қилиб эҳромга кирганлари учун бу маконга масжид қурилди ва у онамизнинг исмлари билан аталди. Худди шу нарса Жобир розийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган. Оиша розийаллоҳу анҳо ҳайз кўриб Каъбани тавоф қилишдан бошқа барча ҳаж амалларини бажарганлар. Ҳайздан пок бўлгач, Каъбани зиёрат қилганлар. Тавоф қилиб бўлиб: «Эй Аллоҳнинг расули, сизлар ҳаж ва умра ибодатини бажарасизлар-у, мен ҳажнинг ўзини бажараман, холосми?» деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Абу Бакрга Оишани бирга олиб, Танъимга бориб, ҳаждан кейин зулҳижжа ойида бирга умра қилиб келишни буюрганлар.
Ибн Журайж: «Атони кўрганимда у зот Оиша розийаллоҳу анҳо умра қилган ўринни сифатлаб, Муҳаммад ибн Али Шофеъий қурган масжид ўрнига ишора қилдилар. Оиша масжидининг қайта қурилиши икки шарафли масжид ходими томонидан амалга оширилди. У ернинг ўрни 84.000 м.ни ўз ичига олиб, 100 миллион риёл (Саудия пул бирлиги) сарф этилди. Энди масжиднинг масофаси 6000 м. 150.000 мусулмонни ўз ичига олади.

Ҳубайбнинг шаҳид этилиши

Ҳил томонда 200 метрдан кейин Танъим масжиди шимолида улуғ саҳобий Ҳубайб ибн Адий қатл этилганлар. Бу саҳоба Ражийъ деган жойга (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан динни ўргатиш учун) юборилганларнинг асирга тушганларидан биридир. Бу воқеа ҳижратнинг тўртинчи йили содир бўлган. Макка аҳли бу саҳобани ўлдиришдан олдин «Муҳаммад сенинг ўрнингда бўлса, биз унинг бўйнига қилич уришимизни яхши кўрасанми?» дейишганида, у зот: «Шу маконда бўйниларига қилич уриш у ёқда турсин, ҳатто мен аҳлим ҳузурида турсам-да, у зот ўз жойларида турганларида бирор тикон кириб озор беришини ҳам яхши кўрмайман», дедилар. Шунда Абу Суфён: «Одамлардан бирортасининг яхши кўрилишини Муҳаммадни саҳобалари яхши кўрганидек кўрмадим», деди. Ҳубайб розийаллоҳу анҳу икки ракат намоз ўқиганларидан кейин: «Аллоҳ номига қасамки, агар сизлар қатл этилишидан қўрқиб намозини узайтирмоқда, демаганингизда намозни (ракатини) кўпайтирган бўлар эдим», дедилар. Бу саҳоба мусулмонлар ичида қатл этилаётган пайтда икки ракат намоз ўқишни одат тусига киргизган биринчи шахс эдилар. Қатл этилаётганда ушбу байтни айтдилар:

«Қандай ўлишимнинг не қизиғи бор,
Мусулмон ҳолимда шаҳид бўлсам, бас!
Ўлимим Аллоҳнинг йўлида бўлгач,
Унинг измида-ку ҳар қандай нафас».

Курдий жаноблари бу саҳоба шаҳид бўлган ўринларига бино қилинган ярим шакл минора суратини келтирганлар. Бу нарса 1377 ҳижрий йилгача мавжуд бўлган.

Жиърона

Бу ер ўша маконда яшовчи бир аёлнинг исми билан номланган.
Имом Фокиҳий Ибн Аббоснинг санадлари билан ривоят қилишларича, Аллоҳнинг «Ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз» (Наҳл сураси, 92-оят), деган сўзи мана шу хотин ҳақида нозил бўлган. Бу хотин Қурайшнинг Бани Тайм қабиласидан бўлиб, исми Рийта, лақаби Жиърона бўлган. Ўзи аҳмоқ эди.
Бугунги кунда у Сараф водийси бошланишида, Масжидул-ҳарамнинг шарқий шимолий томонида бўлиб, 24 км.дан кейин келади. У билан Макка орасини Маъбад йўли боғлаб туради. У ернинг сувининг ширинлиги зарбулмасал қилинади. Жиъронада яна бир масжид бўлиб, Макка аҳли унга боришади. Икки улуғ масжид ходими томонидан икки милён риёл сарф қилиниб, 430 метр масофа қайта қурилди.

Ўлжалар тақсимоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккизинчи ҳижрий фатҳ йили Ҳунайн ғазотида Ҳавазондан қўлга туширилган ўлжа ва асирларни Жиъронада қолдирдилар. У ерда ўн кундан кўпроқ кеча тунаб қолсалар ҳам, ўлжаларни тақсимламадилар. Ҳавазон қабиласи тавба қилиб келишини кутиб шундай қилдилар. Эндигина ўлжаларни Жиъронада тақсимлаб бўлганларида Ҳавазон вакиллари тавба қилиб келиб қолишди. Улар асирлар ва молларини қайтариб беришларини сўрашган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё асирларни ё молларни танланг», дедилар. Улар асирларни ихтиёр қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан хурсандлик билан асирларни қайтаришни талаб қилдилар. Ўша кечаси у зот алайҳиссалом қайтиб кетдилар ҳамда қўшинни Мадинага қайтиб кетишга буюрдилар.

Ажойиб ўрин

Жиърона ишора қилиш ўринли бўлган жойлардандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнгилларни яқинлаштириш мақсадида (иймони заифларга) ҳадялар улашиб, ансорийларга ҳеч нарса бермаганларида уларнинг баъзилари гапиришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ансорлар жамоаси, одамлар қўй ва туялар билан қайтиб кетишганида сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтиб кетишга рози бўлмайсизларми?» дедилар. Бу гапни эшитиб қавмдаги одамлар йиғлайверишганидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Ва: «Бизлар тақсимотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан насибадор бўлишга розимиз», дейишди.
Жиъронада «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо этинг» (Бақара сураси, 196-оят) ояти нозил бўлган.

Ҳудайбия

Ҳарам ҳудуди ташқарисидаги ўрин бўлиб, Макка йўлидаги бир қудуқнинг номидир. Ҳозирги вақтда Шумайс қудуғига нисбат бериб Шумайсия дейилади. Бу ҳақда 832 ҳижрий санада вафот этган Ал-Фасий зикр қилганлар. Ана шу ерда янги қурилган масжид бор. У Масжидул-ҳарамдан 24 км, ҳарам ҳудудидан 2 км узоқликда жойлашган. Ана шу масжид ёнида қора тош ва алебастердан қурилган қадимий масжид бор. Масжидул-ҳарам билан ҳарам ҳудуди ораси 22 км.дир.

Ризвон байъати

Олтинчи ҳижрий санада Ҳудайбияда Ризвон байъати бўлиб ўтган. Бунга сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга Маккага умра қилиш учун жўнаб, Ҳудайбияга етиб келишганида Қурайш уларни ман қилиб тўсиб қўйганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан музокара қилиш учун Усмон ибн Аффонни юбордилар. Усмон розийаллоҳу анҳу уларнинг олдиларидан қайтавермагач, ўлдирилибди, деган хабар тарқалди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшга қарши урушиб, ўлдирилса ҳам, қочмасликка байъат қилдилар. Мана шу ҳақда қуйидаги оятлар нозил бўлди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳга байъат қилурлар» (Фатҳ сураси, 10-оят); «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди» (Фатҳ сураси, 18-оят).
Бу байъат Ризвон байъати деб номланади.

Ҳудайбия сулҳи

Усмон розийаллоҳу анҳу соғ-саломат қайтиб келдилар. Қурайш сулҳ ишини тақдим қилдилар. Бу сулҳ Ҳудайбия сулҳи деб номланган. Ана шу макон номига нисбат бериб шундай дейилган. Ҳудайбия сулҳидан кейин Мадинаи мунавварага қайтаётган пайтларида Фатҳ сурасининг 1-оятидан 5-оятигача нозил бўлган.

Қудуқдан сув оқиб чиқиш мўъжизаси

Барро розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Ҳудайбия куни 114 киши эдик. Ҳудайбияда бир қудуқ бўлиб, бир томчи сув қолмагунича суви тортиб олинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқ четига ўтириб, дуо қилиб, оғизларига сув олиб унга ташладилар. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўзимиз ҳам сувга қондик, ҳатто уловларимизни ҳам сувга қондирдик».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари орасидан сув оқиб чиқиш мўъжизаси

Жобир розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Ҳудайбия куни одамлар чанқаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида бир идиш бор эди. У зот ундаги сувда таҳорат олдилар. Одамлар худди ўшандек идишда сув келтириб қўйишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга нима бўлди?» дегандилар, улар: «Бизларда таҳорат олгани ва ичгани мана шундан бошқа сув йўқ», дейишди. У зот алайҳиссалом қўлларини идишдаги сувга қўйгандилар, бармоқлари орасидан сув худди булоқ каби отилиб чиқди. Биз ундан ичиб, таҳорат қилдик». «Қанча эдинглар?» деган саволга Жобир розийаллоҳу анҳу: «115 та эдик. Агар юз минг бўлганимизда ҳам бизга кифоя қилар эди», деб жавоб бердилар.

Нихла

Макка билан Тоиф ўртасидаги бир макон бўлиб, шимоли-шарқий томонда ҳарамнинг чегарасидадир. У икки қисмга бўлинади:
1. Нихла Яманийя – Тоиф йўлининг чап томонида.
2. Нихла Шомийя. У яна Мазийқ деб ҳам номланади. Бу Маккадан 45 км узоқликда жойлашган. Икковининг орасини Доа номли узун тоғ ажратиб туради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нубувватнинг ўнинчи йили, яъни 619 милодий йили Тоифдан қайтаётиб, ана шу маконга тушганларида жинлардан бир неча нафари Қуръонни эшитиб иймон келтиришган.
Имом Бухорий Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уккоз бозорига боришни қасд қилиб бир неча нафар саҳобалар билан йўлга тушдилар. Ўша пайтларда шайтонлар билан осмон хабари тўсилиб қолган эди. Улар эса учқунлар билан қайтариб юборилар эди. Шайтонлар қайтиб келиб: «Нима бўлди экан?» деб айтишди. Баъзилари: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизга учқун юборилмоқда. Бу нимадир сабабга кўра бўлган. Ернинг машриқи-ю мағрибини айланиб кўринглар-чи, биз билан осмон хабарини нима тўсди экан?» дейишди. Улар Тихома томонга юзланишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Нихлада Уккоз бозорига боришни қасд қилаётганларини кўришди. У зот саҳобалар билан бамдод намозини ўқидилар. Жинлар Қуръонни эшитиб қулоқ тутишди ва бир-бирларига: «(Эй қавм), дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол иймон келтирдик. Бизлар энди Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз» (Жин сураси, 1–2-оятлар), деб айтишди.
Аллоҳ таоло Набийсига қуйидаги оятни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг, менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитиб…» (Жин сураси, 1-оят).

Абдуллоҳ ибн Жаҳш бошчилигида Нихлага отлиқ юборилиши

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш розийаллоҳу анҳуни саккизта муҳожир билан бирга Қурайш карвонини кузатиб, улар ҳақидаги хабарни билиш учун Нихлага юбордилар. Ражаб ойининг охирги кунида карвон ўтиб қолди. Шунда саҳобалар баъзиларига: «Агар қавмни шу кеча шундоғича қолдирсангиз, ҳарамга кириб олиб, сизларни у ерга киришингизга монеълик қилади. Агар урушсангиз, сизлар билан уруш ҳаром қилинган ойда урушган бўлади», деб айтишди.
Охири қодир бўлгунча урушишга келишиб олишди. Қурайшдан Амр ибн Ҳазрамийни ўлдириб, Усмон ибн Абдуллоҳ ва Ҳакам ибн Кайсонларни асирга олишди. Ҳамда баъзи молларни қўлга киритишди. Мана шу Исломдаги аввалги қатл, аввалги асир ва аввалги ўлжадир. Бу нарса уруш ҳаром қилинган ойда содир бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларни урушишга буюрмаган эдим-ку», дедилар. Қурайш: «Муҳаммад ва унинг саҳобалари уруш ҳаром қилинган ойда урушишди», деди.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Сиздан шаҳри ҳаром – уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг, у ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжидул-ҳарамдан тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш, Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан ҳам каттароқ гуноҳдир» (Бақара сураси, 217-оят), деб айтди.
Макка фатҳ этилганидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайндан Тоифга қараб юриб Нихла Яманийя, кейин Қарнул манозилдан ўтиб Тоифга яқин жойда қўшин тўпладилар.

Нихладаги Уззо бутининг бузилиши қиссаси

Макка фатҳ этилганидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валидни Уззо бутини бузиш учун юбордилар. У Қурайшнинг Бани Кинона қабиласига тегишли бўлиб, энг улкан бутлардан эди. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Эй мушриклар), Лот ва Уззо ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?» деб айтилган (Нажм сураси, 19-оят).
Холид ибн Валид ўттизта отлиқ билан йўлга тушиб, ўша бутни буздилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб келиб, бу ҳақда хабар бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор нарса кўрдингми?» дегандилар, у киши: «Йўқ», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ҳали уни бузмадинг, қайтиб бориб бузгин», дедилар. Холид ибн Валид ғазаб билан қайтиб, қиличларини яланғочлаб борсалар, олдиларидан қора, яланғоч, сочлари тўзғиган бир аёл чиқди. Ибодатхона қўриқчиси унга қараб бақирди. Холид ибн Валид у аёлни қилич билан уриб иккига бўлиб ташладилар. Кейин қайтиб бориб, бу ҳақда хабар бергандилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, мана шу Уззо эди. Сизларнинг шаҳрингизда (унга) ибодат қилинишидан ноумид бўлди», дедилар.
Бу нарса Нихла Шомийяда бўлган эди. «Маъолим» китоби соҳиблари бутнинг бузилишидан олдинги ўрнини аниқлаб берганлар.

Азоту лабан

Сел ва ундан бошқа нарсалардан тўпланиб қолган ботқоққа «азот» дейилади. Азоту лабан – унда дўнглик, тоғ бўлиб, у ер сувининг ранги сутга мойил бўлгани учун «сут ботқоғи» деб номланган. Ана шу ерда жанубий ҳарам чегараси бор. У Масжидул-ҳарамдан 16 км узоқликда жойлашган. Ҳозирги кунда у ер Ақийшийя деб номланади. Бу нарса ўша ерлик Ибн Ақийшга нисбат бериб айтилган. Бу киши тўққизинчи ҳижрий асрда ўша ернинг эгаси бўлган. Бу ерлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иттифоқчи бўлган Хузоъа қабиласининг диёрлари эди. Бану Бакр қабиласи эса Қурайш билан иттифоқчи эди. Ҳудайбия сулҳидан кейин Бану Бакр Хузоъага ҳужум қилди. Бу урушда Қурайш Бану Бакрга ёрдам берди. Қачонки, қабиласидагилар Хузоъа қабиласининг бошлиғи Навфалга «Биз ҳарамга кириб бўлдик», деган эди, Навфал: «Эй Бани Бакр, қасамки, сизлар ҳарамда ўғирлик қилмоқдасизлар. Сизларнинг бу қилмишингизга ўч етиб қолмасмикин?» деди. Бу нарса Ҳудайбия аҳдномасининг бузилиши эди. Сўнгра Хузоъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берди ва Маккани фатҳ қилиш учун саккизинчи ҳижрий йили юриш қилди.

Ҳарам аҳли

Улар Маккаи мукаррамада яшовчи кишилардир. Яъни, ҳарам ҳудуди ичкарисига кирувчилардир. Уларнинг ҳаж учун эҳром боғлашлари ҳарамдаги маконларидан бўлади. Умра учун эҳром боғлашлари ҳарам ҳудудининг барчасидан бўлади.

Ҳил аҳли

Уларнинг манзиллари мийқотда ёки ҳарамгача бўлган мийқотнинг ичидадир. Улар ҳаж ва умра учун ўз манзилларидан эҳром боғлашади.

Офоқийюн

Улар ҳаж ва умра учун эҳром боғланадиган мийқотлар чегарасининг ташқарисида яшовчилардир. Мана шулар қуйидаги мийқотларинг биридан ўтаётиб эҳром боғлайди.

Эҳром мийқотлари

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳли учун Жуҳфани, Нажд аҳлига Қарнул манозилни, Яман аҳли учун Яламламни мийқот – эҳром боғлаш ўрни этиб тайинладилар. Ўша жойлар уларга ҳам, бошқа томонлардан ҳаж ва умра қилмоқни хоҳлаб келганларга ҳам мийқотдир. Ким мана шу белгиланган ерларга яқин турса, ўша турган жойи мийқотдир. Ҳатто Макка аҳли ҳам Маккадан эҳром боғлайди (Имом Бухорий ривояти).
Муслимнинг ривоятларида «Ироқ аҳлининг мийқоти Зоту-ирқдир», дейилган.

Маккаи мукаррама билан мийқотлар орасидаги тахминий масофа

Қарнул манозил – 80 км.
Зоту ирқ – 90 км.
Яламлам – 130 км.
Жуҳфа – 187 км.
Зулҳулайфа – 410 км.

Зулҳулайфа

Уни Абёру Али деб ҳам номлашади. Бу жой Мадина аҳли ва ана шу ердан ўтганларнинг мийқотидир. Шимолий томонда Маккаи мукаррамадан 410 км узоқликда, Масжиди Набавиййадан 10 км узоқликда жойлашган.
Унинг астрономик ўрни шимолдан доиранинг энига кесишган 44, 24, 24 рақамларига тўғри келади.
Шарқдан узуна чизиқнинг 33, 32, 39 рақамларига тўғри келади. У ерда Зулҳулайфа масжиди, Мийқот масжиди ва Шажара масжидлари бор.
Асарларда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка томонга чиқадиган бўлсалар, Шажара номли масжидда намоз ўқирдилар.
Уни янгидан бино қилиб кенгайтириш икки шарафли ҳарамнинг ходими томонидан 200 милён риёл сарф қилиш ҳисобига амалга оширилди. Саҳнаси ва қўшимча ерларини ҳисоблагандаги масофа 90.000 м. Бу 5.000 мусулмонни ўз ичига олади. Минораси 64 м. бўлиб, қуббаси 28 м.

Қарнул манозил

Катта тоғдан ажралган кичкина тоғ Қарнул манозил дейилади.
Қарнул манозил Нажд аҳли, унга қўшни бўлганлар, Ҳалиж ва бошқа Риёз ҳамда Тоиф йўлидан келувчилар мийқотидир. Маккаи мукаррамага иккита асосий йўл борлигини ҳисобга олиб, мийқот ва эҳром нуқтасини чегаралаб, икки масжид бино қилинган. Булар:
1. Мийқоту сайлул кабир;
2. Мийқоту водий муҳаррам.

Сайлул кабир мийқоти масжиди

Бу масжид Масжидул-ҳарамдан 80 км узоқликда жойлашган. Шимолий-шарқий томондан 40 км узоқликда Тоиф шаҳрининг шимолида жойлашган. Масжид 1402 ҳижрий санада қурилган. Шимолий томонда Сайлул кабир шаҳри жойлашган. Астрономик ўрни шимолий томондан энига кесишган доиранинг 51, 37, 21 рақамларида, чизиқнинг узунасига 25, 25, 40 рақамларида жойлашган.
Масжиднинг қўшимча ерларини қўшгандаги масофаси 2600 м. У 3000 мусулмондан кўпроғини ўз ичига олади. Унинг қурилишига 76 милён риёл маблағ сарфланган. Бу ерда ҳаж ва умрага эҳром боғловчилар муҳтож бўлишганида хизмат кўрсатиш хоналари ҳам қўшимча қилинган.

Водий муҳаррам масжиди

У Қарнул манозил мийқоти деб ҳам танилади. У Сайлул кабир масжидининг жанубий томонида бўлиб, икковининг ўртасидаги масофа 33 км. Масжидул-ҳарамдан 76 км узоқликда, Тоифдан 10 км узоқликда жойлашган.
Астрономик мавқеси шимолий томондан доиранинг энига кесишган 43, 20, 21 рақамларида, шарқий томондаги чизиқнинг узунасига 39, 19, 40 рақамларида жойлашган.
Саҳнаси 40х25=1000 метр. Асосий кириладиган жойнинг устида 25х15=375 метр ўлчовда аёллар учун намоз зали бор. Энди эркагу аёллар учун тайёрлаб қўйилган ўриннинг барчаси 1375 метрдир.
Жанубий-ғарбий устун томонда тўртбурчак шаклли минора бўлиб, 30 метр баландликдадир. Бу масжидни қуришга 55 милён риёл маблағ сарф қилинган. Шунингдек, бу ерда ҳаж ва умрага эҳром боғловчиларнинг эҳтиёжини қондириш мақсадида қулайликлар яратилган.

Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нубувватнинг 10-йили, яъни 619 милодий санада Тоиф ва Макка аҳлининг кирдикорлари сабабли Тоифдан хафа бўлиб қайтаётганларида, қуйидагича воқеа содир бўлади. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қарнул манозилга етганларида Жаброил алайҳиссалом келиб: «Аллоҳ қавмингизнинг сўзини ва сизни рад қилишганини билиб, тоғлар подшоҳини сизнинг буйруғингизни амалга ошириш учун юборди», дедилар. Кейин ўша тоғ подшоҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб салом берди-да, «Эй Муҳаммад, сиз хоҳлаган нарса бўлади. Агар хоҳласангиз, мана бу Маккадаги икки тоғ – Абу Қубайс ва унинг тўғрисидаги Қуъайқаъон тоғларини устларига ёпаман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Балки уларнинг белларидан Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан, якка Ўзига ибодат қиладиган зурриётларни халқ қилиб қўяр», дедилар.

Зоту ирқ

Бир тоғга мансуб бўлиб, юқорисида Ирқу Асвад деган жой бор. У минтақадаги энг олий чўққидир. Ҳозир у Зарийба деб номланади. Мана шу ер Ироқ аҳли ва ўша ердан ўтганларнинг мийқотидир.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу айтишларича, Кўфа ва Басра шаҳарлари фатҳ этилганида ўша ерликлар Умар розийаллоҳу анҳу ҳузурларига келиб: «Эй мўминлар амири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд аҳлига Қаранни мийқот учун чегаралаб бердилар. Бу нарса йўлимизда машаққат туғдиради», дейишганида, у зот: «Унинг баробаридаги йўлни топишга ҳаракат қилинглар», деб Зоту ирқни уларга чегара қилиб берганлар.
Оиша розийаллоҳу анҳодан қилинган бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ироқ аҳлига Зоту ирқни мийқот қилиб бердилар.
Унинг шимолий-шарқий томонида 90 км.дан кейин Масжидул-ҳарам туради. Шимол томонда Сайлул кабир (Қарнул манозил) 35 км узоқликда туради. Астрономик ўрни шимолдан доиранинг энига кесишган нуқтада 09, 56, 21 рақамларида, шарқдан узунасига чизиқнинг 10, 26, 40 рақамларида жойлашган. Мийқот масжиди авваллари мавжуд бўлган, кейинчалик йўл қулай бўлмагани учун йўқ бўлиб кетган. Шунинг учун икки шарафли ҳарам ходими буйруғи билан 1414 ҳижрий санада Зоту ирқнинг мийқоти учун масжид бино қилиш бошланди. Риёз йўлини Ашира билан ўтаётганда Зоту ирқ боғлайди. Ундан кейин Сайлул кабир боғлайди.

Яламлам

Ҳозирги пайтда у Саъдийя дейилади. Бу жой Яман аҳлига ва шаҳарнинг жанубидан ўтувчилар учун мийқотдир.
Маккаи мукарраманинг жанубида 100 км узоқликда жойлашган. У ерда қадимий масжид бор. Астрономик ўрни шимолдан доиранинг энига кесишган нуқтада 10, 42, 20 рақамларида, шарқдан узунасига чизиқнинг 40, 54, 39 рақамларида жойлашган.
Макка билан Жозон ўртасига асфалт ётқизилганидан кейин Лайс йўли орқали бу ерга етиб келиш қийин бўлиб қолди. Ҳаж ва умра қилувчиларга енгиллик яратиш мақсадида мийқотнинг ғарбий томонига масжид қурилди. Унинг ҳажми 25х25=625 метрдир. У 1500 мусулмонни ўз ичига олади. Унинг қурилишига 11 милён риёл маблағ сарф қилинган. У Масжидул-ҳарамдан 130 км узоқликда, ғарбий-жанубдаги эски ўрнидан 21 км узоқликда жойлашган.

Жуҳфа

Бу жой Миср, Шом ва ўша ерга келувчиларнинг мийқотидир. Масжидул-ҳарамнинг шимолий-ғарбий томонидан 187 км узоқликда, жанубий-шарқий томондаги Робиғ шаҳридан 17 км узоқликда, шарқ томондан Қизил денгиздан 15 км узоқликда жойлашган. Параллел нуқтаси Маккаи мукаррамадан 211 км олдин ҳижрат йўлида туташади. Астрономик мавқеси шимол томондан доиранинг кесишган жойидаги 15, 42, 22 рақамларда, шарқ томондан чизиқнинг узунасига 50, 08, 39 рақамларда жойлашган. Ана шу ерда янги бир масжид бино қилинган. Унинг ҳажми 30х30=900, 10 милён риёл харажат қилинган. Бу 2200 мусулмонни ўз ичига олади.
Робиғ шаҳри Жуҳфанинг рўпарасида бўлгани учун Робиғдан ёки бироз олдинроқдан эҳром боғлаш жоиз.
Шу ерда Аббос ибн Абдулмуталлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 8 ҳижрий санада Фатҳ ғазотидан келаётган пайтда Жуҳфада учрашганларига ишора қилиб ўтмоқчимиз. Аббос ўшанда Маккаи мукаррамадан аҳли аёллари билан муҳожир ҳолатда чиқдилар.

Шарафли Каъба

Каъба ҳақида сўз юритар эканмиз, қуйида унинг исми, бино қилиниши, қора тош, мултазам, хатим, мезоб, рукнул яманий, шозурвон, ичкаридаги манзара, Каъба эшиги, Каъба калити ва каъбапўш тўғрисида тўла маълумотга эга бўласиз.

Қуръони каримда шарафли Каъбанинг исмлари

1. Каъба.
«Аллоҳ Каъба – Байтул ҳарамни одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди» (Моида сураси, 97-оят). Яна Моида сурасини 95-оятида ҳам Каъба сўзи келтирилган.
Байтуллоҳ тўртбурчак бўлгани учун Каъба деб номланди. Араблар барча тўртбурчак уйни Каъба деб номлашади. Ердан баланд бўлгани учун ёки бинолардан ажралиб тургани учун Каъба деб номланди, дейувчилар ҳам бўлди.
2. Байт – уй.
«Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак Каъбадирки…» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Бундан ташқари Бақара сурасининг 125–127-оятлари, Оли Имрон сурасининг 97-ояти, Анфол сурасининг 35-ояти, Ҳаж сурасининг 26-ояти, Қурайш сурасининг 3-оятларида ҳам келган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Биринчи бўлиб қайси масжид қурилган?» деб сўралганида, у зот: «Масжидул-ҳарам», дедилар. «Кейин қайси?» деб сўраганларида, у зот: «Масжидул-ақсо», деб айтдилар. Али розийаллоҳу анҳу: «Ундан олдин ҳам уйлар бўлган, лекин Аллоҳга ибодат қилиш учун қурилган биринчи уй Каъба эди», дедилар («Саҳиҳи Муслим»).
3. Байтуллоҳ.
Аллоҳ таоло уни Ўзига нисбат бериб: «Иброҳим билан Исмоилга «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша ерда ибодат қилиб тургувчилар, рукуъ-сажда эгалари учун пок тутинг», деб буюрдик», деб айтган. Яна бу сўз Иброҳим сурасининг 37-ояти, Ҳаж сурасининг 26-оятларида ҳам келган.
Қуртубий: «Уйнинг Ўзига нисбат бериб қўйиши унинг шарафини кўтариб ҳурматли бўлиши учундир. Бунда Холиққа махлуқ изофа қилинмоқда.
4. Байтул ҳарам.
«Аллоҳ Каъба – Байтул ҳарамни одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди» (Моида сураси, 97-оят). Яна Моида сурасини 2-оятида ҳам шу сўз келган.
Ибн Жавзий: «Байтнинг ҳарам деб аталишига сабаб – у ерда ов қилиш, дарахтларини юлишнинг ҳаромлиги учундир.
5. Байтул атиқ.
«Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни, зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва эски уйни тавоф қилсинлар» (Ҳаж сураси, 29-оят). Яна Ҳаж сурасининг 33-оятида ҳам келган. Шарафли бўлгани учун бу уй атиқ деб аталди. Ёки ерга биринчи қурилган уй бўлгани учун ё ғарқ бўлиш ва жавр кўришдан озод бўлгани учун ёхуд махлуқотлардан бирортаси унга эга бўлмасдан, ҳур бўлгани учун шу ном берилди. Бу уй фалон кишининг уйи, дейилмайди, балки Аллоҳнинг уйи, дейилади. Бирор киши у уйга эгалик қилишни хоҳласа, Аллоҳ уни ҳалок қилади. Ёки бу уйнинг атиқ деб номланишига яна бир сабаб Аллоҳ ўша ерда қул мўминларни азобдан озод этгани учундир.
6. Қибла.
«Албатта биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз» (Бақара сураси, 144-оят).
Қибла – бу ўша томонга қараб намоз ўқиладиган жойдир.

Қибланинг бино қилиниши

Тарихий ривоятларда келишича, Каъба тарих мобайнида 12 марта қурилган. Баъзи ривоятлар зонний ва баъзиси қатъий эканини кўрсатади. У қуйидагилар томонидан қурилган:
1. Фаришталар.
2. Одам алайҳиссалом.
3. Шис ибн Одам алайҳиссалом.
4. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссалом.
5. Имлиқ.
6. Журҳум.
7. Қусай ибн Килоб.
8. Қурайш.
9. Абдуллоҳ ибн Зубайр (65 ҳижрий сана)
10. Ҳажжож ибн Юсуф (74 ҳижрий сана).
11. Султонмурод Усмоний (1040 ҳижрий сана).
12. Икки шарафли ҳарам ходими подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз (1417 ҳижрий сана).
Қуйидаги ривоят ер халқ қилинишидан олдинги Каъбанинг ўрнини баён қилади: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс айтишларича, ернинг яратилишидан 2 минг йил аввал Каъба қурилган. Каъба оқ, кулранг бўлиб, ҳатто Арш сув устида бўлган. Ер эса унинг остида гўё чўкканга ўхшаб сувга теккис бўлган.

Одам алайҳиссалом даврларида Каъба қурилиб, то Иброҳим алайҳиссалом бино қилган пайтгача бўлган давр

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни жаннатдан туширганида «Мен сен билан бирга бир уй ёки манзилни ҳам туширмоқдаманки, Аршимнинг атрофи тавоф қилинганидек, унинг атрофи ҳам тавоф қилинади. Аршим атрофида намоз ўқилганидек, унинг атрофида ҳам намоз ўқилади», деди. Тўфон бўлган пайтда у юқорига кўтарилди. Набийлар у ерни ҳаж қилардилар. Лекин ўрнини билишмас эди. Иброҳим алайҳиссаломга ўша ер тайинланди, у зот эса ўша уйни бешта тоғдаги (тошлардан) бино қилдилар. Ўша тоғлар – Хиро, Сабир, Лабанон, Жабали тур, Жабал ал-хайр. Сизлар бу тоғлардан қодир бўлганингизча фойдаланаверинг», дедилар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг Каъбани бешта тоғдан бино қилишлари мўъжиза сифатида бўлган. Баъзи тарихчиларнинг мана шуни ақлий жиҳатдан рад этишларида ибратланарли нарса йўқ. Бошқа томондан гапириладиган бўлса, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани бино қилишларидан олдин ҳам у уй борлиги таъкидланади.
Имом Бухорий Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда келтирилишича, Иброҳим алайҳиссалом юриб бориб, ҳеч ким кўринмайдиган тепаликдан Каъба томонга юзланиб, қўлларини кўтариб ушбу оятдаги дуони айтдилар: «Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим» (Иброҳим сураси, 37-оят).
Бундан билинадики, Иброҳим алайҳиссалом Исмоил ва унинг онасини бу водий, яъни Маккада тарк қилганларидан кейин ана шу уйга юзландилар. Оятдаги «Сенинг ҳурматли Байтинг» сўзи Иброҳим алайҳиссаломдан олдин ҳам бу уй борлигига далилдир. Фақат бу уй бузилиб, унинг пойдевори қолгани, мана шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом билан Исмоил алайҳиссаломлар уни кўтариб қуришгани келиб чиқади.

Уйнинг пойдевори

Уйнинг биринчи қурилган кунидан бери минг йиллар ўтган бўлса-да, кучли, матонатли экани намоён бўлади. Уни Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар кўтаришган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб…» деб айтган (Бақара сураси, 127-оят).
Сўнгра Каъба биноси мана шу пойдевор устига бир неча марта қурилган. Бу ҳақда Язид ибн Румон: «Ибн Зубайр Каъбани бузиб, қайта қурганида у ерга тошларни киргизди. Мен ўша ерда Иброҳим алайҳиссалом пойдевор қилиб қурган тошларни кўрдим, гўёки у туянинг ўркачига ўхшар эди», дедилар («Саҳиҳи Бухорий»).
Бундан билинадики, Ибн Зубайр Каъбани эски пойдевор устига қурганлар. 1417 ҳижрий йили ернинг остидаги 1 метр 40 см чуқурликда ана шу эски пойдевор кашф қилинди. Аён бўлдики, пойдевор тошлари бир-бирига мустаҳкам киришиб, унинг ўртасини боғлаб турган ҳеч қандай тиргак йўқ эди. Ўша пойдевор устига уй янгидан қурилаверди.
Бу пойдевор қурилганига беш минг йил бўлгани, ҳаво инжиқликлари, селлар оқишига қарамасдан ҳеч нарса бўлмаганига ишора қилиш ўринлидир. Бунга яна Иброҳим алайҳиссаломдан олдин қурилган пайтни ҳам қўшамиз. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу пойдевор Аллоҳ ерга Ўзи меросхўр бўлгунича Каъбани кўтариб туришга салоҳиятлидир. Демак, Каъба пойдевори холис тавҳид ва тўғри дин учун абадий мўъжиза бўлиб қолажак.

Мулоҳаза

Қурайшнинг Каъбани бино қилиши аввалгиларига қараганда анча яхши эди. Юқорида эса Ибн Зубайр қурганлари, Ҳажжож вайрон қилганидан кейинги қурилиш ҳақида гапирдик. Энди икки шарафли масжид ходими пайтидаги Каъбанинг бино этилгани ҳақида батафсил гапирамиз.

Қурайшнинг Каъбани бино этиши

Қурайш Каъбани қуришга ҳижратдан 18 йил аввал киришди. Улар бино қурилиши учун фақат ҳалол пул киритишга келишиб олишди. Унинг қурилишига зўраки олинган маҳр, судхўрлик ортидан топилган бойлик, одамлардан зулм билан тортиб олинган маблағни сарфламадилар. Шунинг учун қурилиш ярмига борганда маблағ етмай қолди. Улар Ҳижр томондан уч метрга яқин (жой) чиқаришди. Ва яна уларнинг энг яхши қилган ишлари шу бўлдики, Каъбага киришни хоҳловчилар учун матоф (Каъбадаги махсус жой) баробарида эшик ўрнатиб, ўша эшикнинг муқобилидаги орқа эшикни тўсиб қўйишди. Кейин Каъбанинг устини ёпишди. Чунки бир қанча ўғрилар Каъбанинг ичидан конларни ўғирлаб кетишган эди. Хатимга қўйилиши учун Каъбага тарнов ўрнатишди. Каъба биносини 8 метр-у 64 см қилиб кўтаришди. Аввал 4 метр-у 32 см эди. Бу бинонинг энг катта хусусияти унинг қурилишида, тошларни кўчиришда ва ҳажарул-асвадни ўрнатишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иштирок этишларидир.

Ҳакамлик қиссаси

Қурилишда Қурайш ҳажарул-асвад қўювчи шарафли киши ким бўлиши ҳақида ихтилоф қилишди. Келишмовчилик давом этиб, урушга айланишига оз қолди. Ўша пайтдаги Қурайшнинг оқсоқоли Абу Умайя ал-Махзумий: «Бану шайба эшигидан ким биринчи бўлиб кирса, ўша киши ҳакамлик қилади», деб айтганида у ердагилар бу фикрга қўшилишди. Ўша эшикдан биринчи кирган киши Аллоҳнинг расули Муҳаммад алайҳиссалом бўлишларини Аллоҳ хоҳлади. Улар Муҳаммад алайҳиссалом кириб келганларида қичқириб: «Бу ишончли кишидир. Биз бундан розимиз!..» дейишди. Бу ҳақда хабар берилганида у зот бир ридо келтиришни талаб қилдилар ва ҳажарул-асвадни унинг ўртасига қўйиб, қабила бошлиқларига ридонинг ҳар томонидан ушлашни буюрдилар. Улар уни ўрнига олиб боришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан қора тошни ўз жойига қўйдилар. Қавмдагилар бундан рози бўлишди.

1417 ҳижрий йили Каъбанинг қайта қурилиши

1040 йили султон Мурод Усмоний замонида буткул қайта қурилганидан кейин, яъни 375 йил ўтиши муносабати билан буюк Каъбанинг биноси таъмирлашга киришилди. 1417 ҳижрий йили пойдевори мустаҳкамланиб, Шозурон ва ҳалқалари ислоҳ қилиниб, ташқи деворлар сайқалланиб, тошлар орасидаги бўшлиқ ёпилиб, шифти икки янги шифтга ўзгартирилди.
Қуйида қўшимча маълумотлар ҳақида келтирамиз:
Каъбанинг баландлиги 14 метр.
Мултазам томондан унинг узунлиги 12 метр-у 84 см.
Хатим томондан узунлиги 11 метр-у 28 см.
Рукни яманий билан Хатим оралиғи 12 метр-у 11 см.
Икки рукн оралиғи 11 метр-у 52 см.

Ҳажарул-асвад – қора тош

Матоф ерида 1 метр-у 10 см баландликда Каъбанинг жанубий рукнига маҳкамлаб қўйилган тошдир. У тошнинг узунлиги 25 см, энига 17 см. У Каъбанинг деворларига ўтқазилган. Аввал у тош бир бўлак бўлган. Қаромита замони ва бундан бошқа пайтлардаги ҳодисалар оқибатида зоҳир кўриниши синиб, саккиз кичик бўлакка бўлиниб кетган. Унинг энг катта ҳажми битта хурмо миқдоричадир. У тошлар бошқа катта тошга ўтқазилиб, кумуш билан ҳалқасимон қилиб қўйилган. Ана шу тош ўпилиб, табаррукона ушланади, кумуш билан ўраб қўйилган нарсани эмас! Ўша тош ва кумуш рамка икки шарафли ҳарам ходими томонидан 1422 ҳижрий санада таъмирланган.

Тошнинг ранги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳажарул-асвад жаннатдан тушганида сутнинг рангидан ҳам оқроқ эди. Одам болалари хатоси уни қорайтириб юборган», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Яна баъзи ривоятлар борки, Каъбага киргизилган қисми оқдир. Мужоҳиддан ривоят қилинишича, бу зот айтдилар: «Ибн Зубайр Каъбани (қайта қуриш мақсадида) бузганларида қарасам, Каъбанинг ички қисмидаги барча нарса оқ экан» (Фокиҳийнинг «Ахбори Макка» китобидан).
Демак, бу ривоятлардан билинадики, хатолар сабабли қора бўлган қисми унинг фақат зоҳиридир. Шу сабабли қора тош, дейилган бўлса ажаб эмас.
Ибн Заҳийра: «Билиш лозимки, хатолар тошгаки ўз таъсирини ўтказганидан кейин қалбларга унинг таъсири кучли ва воқеъийдир. Демак, ундан четланиш шартдир», дедилар.

Ҳажарул-асваднинг фазилати

У тош ёқутлардан бири бўлиб, жаннатдан тушган. Каъбанинг рукнига қўйиш учун Иброҳим алайҳиссаломга ҳозир қилинган. Кейин Қурайшнинг Каъбани қуриш асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни муборак қўллари билан ушлаб ўз ўрнига қўйганлар. Пайғамбар алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарларнинг у тошни ўпишлари шарафини яна ҳам зиёда қилади. У тавофнинг бошланиши ва тугашидир. Тарих давомида набийлар, солиҳлар, ҳожиларнинг лаблари у тошга теккан. Унинг олдида қилинган дуо ижобат бўлади. Ким тошни табаррукона ўпган бўлса, қиёмат куни у гувоҳ бўлади.
Имом Термизий ривоятларида келишича, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қора тошга қиёмат куни кўрувчи икки кўз, гапирувчи тил беради ва у ҳақ билан ўпувчи кишига гувоҳлик беради», дедилар.

Ҳажарул-асвадни ўпиш

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажарул-асвад ва рукнул яманийдан бошқасини ўпмаганлар.
Умар розийаллоҳу анҳу ҳажарул-асвад олдига келиб, уни ўпиб: «Биламанки, сен зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган тошдирсан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпмаганларида мен ҳам сени ўпмас эдим», деганлар. Умар розийаллоҳу анҳунинг бундай дейишларига сабаб ўша пайтдаги одамлар эндигина бут-санамларга ибодат қилишдан қутулишган эди. Жоҳилларнинг ўша қора тошни ўпишни худди жоҳилиятдаги араблар каби тошга ибодат қилиб улуғлаш бўлса керак, деб тушуниб қолишлари мумкин эди. Умар розийаллоҳу анҳу тошни ўпиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалларига эргашиш учундир, деб баён қилдилар. Чунки уни ўпиш жоҳилиятда бутларга қилинган эътиқоддагидек, унинг фойда ёки зарар бергани учун эмас эди.
Умар розийаллоҳу анҳу сўзлари агар киши ўша нарсанинг ҳикматини билмаса, дин ишларида шариатга таслим бўлиб, эргашиш учун айтилгандир.

Қора тошни ўпиш одоблари

1. Тошни озор бермасдан, бирор кишини суриб юбормасдан ўпиш лозим. Чунки уни ўпиш суннат, одамларга озор бермаслик эса фарздир. Ҳеч қачон фарзни тарк қилиш билан суннат адо этилмайди. Балки такбир атиш ёки ишора қилиш билан ҳам кифояланилаверади. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Тошнинг олдидан ҳеч ким сиқиб чиқарилмайди, бирор кишига озор берилмайди, ўзи ҳам озор топмайди», дедилар.
Ато: «Рукнни бирор кишига озор бериб ушлагандан такбир айтиб қўйган яхшироқдир», дедилар.
Шу ерда ҳажарул-асваднинг ёнига уни ушлагани келганларни тартибга солувчи қўриқчи аскарларни тайин қилинганига ишора этмоқни лозим топдик.
2. Эркаклар тўп бўлиб туришганида хотинлар тошни ушлаш учун тиқилинч ичига кирмасликлари лозим.
Имом Бухорий ривоятларида келтирилишича, Оиша розийаллоҳу анҳо эркаклар томонда уларга аралашмасдан тавоф қилардилар. Бир хотин: «Эй мўминлар онаси, бориб тошни ушламаймизми?» деган эди, Оиша розийаллоҳу анҳо: «Узоқда тургин», деб уни рад этдилар.
Фокиҳий саҳиҳ санад билан қилган ривоятда айтилишича, бир хотин Оиша розийаллоҳу анҳо билан бирга тавоф қилди. Рукнга етиб келганларида: «Эй мўминлар онаси, уни ушлаб кўрмаймизми?» деди. Шунда Оиша розийаллоҳу анҳо: «Аёлларга рукнни ўпиш лозим эмас, амалингда давом этгин. Лекин бўш жой бўлса, қора тошни аёллар ўпишининг зарари йўқ», дедилар.
3. Тошни ўпаётганда ёки ишорадан кейин қўлни кўтарганда овозни баланд қилмаслик.
Саид ибн Жубайр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот: «Агар рукнни ўпсанг, хотинларни ўпгандек овозингни баландлатмагин», дедилар.
Ато эса: «Тошни ушлаб, кейин қўлингни ўпсанг, овоз чиқармагин», дедилар.
4. Ҳажарул-асваднинг қаршисидаги чизиққа туриб олиб дуо ва намоз ўқимаслик. Хусусан, бу нарса тиғиз пайтда бўлмаслиги лозим. Чунки ана шу дуо ва бошқа амаллар чизиқ тўғрисида бажарилса, тавоф йўналишига тўсқинлик қилиб, кўплаб кишиларга озор етказади.

Қора тошнинг кумуш рамкаси

Ҳажарул-асвадга биринчи бўлиб кумуш қоплатган киши Абдуллоҳ ибн Зубайрдир. Ҳар гал зарурат туғилганида унга кумуш қоплатишни халифалар давом эттиришган.
1375 ҳижрий (1955 милодий) йили шаъбон ойида подшоҳ Сауд ибн Абдулазиз томонидан янги кумуш қопланди. 1422 ҳижрий санада икки шарафли ҳарам ходими томонидан таъмирланди.

Мултазам

У ҳажарул-асвад рукни билан Каъба эшиги оралиғи бўлиб, ўлчами икки метрдир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Мултазам рукн билан эшик оралиғидадир», дедилар. Мужоҳид: «Рукн билан эшик орасида мултазам бордир», дедилар.
Бу жой дуолар ижобат бўладиган ўриндир. Дуо мобайнида икки билак, кафтни кўкракка ёпиштирмоқ суннатдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот тавоф қилиб, намоз ўқиб, кейин рукнни ўпиб, сўнгра тош билан эшик олдида тик туриб, икки қўл, чаккаларини кўкракларига ёпиштириб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай қилиб турганларини кўрдим», дедилар. Абу Зубайр: «Абдуллоҳ ибн Умар, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайрлар мултазамда туришганини кўрдим», дедилар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Қора тош билан Каъба эшиги олдида бирор киши туриб Аллоҳга дуо қилса, барча яхши кўрган нарсаларининг ҳожати чиққанини кўради», дедилар.
Мужоҳид: «Рукн билан эшик орасидаги жой мултазам деб номланади. Одамлар ўша ерда Аллоҳдан бирор нарса сўрашса ёки бирор нарсадан паноҳ тилашса, Аллоҳ уни уларга беради», дедилар.

Хатим

У Ҳижру Исмоил деб ҳам номланади. У ярим доира шаклидаги очиқ бинодир. Хатим деб номланишига сабаб у Каъбадан синдириб олингандир. Қурайш Каъба биносини янгилаганда ўша ерни қолдирган. Исмоил ҳижри дейилишига сабаб Иброҳим алайҳиссалом Каъбанинг ёнига арок дарахтидан Исмоил ҳамда оналарига капа қуриб берганлар. Демак, ҳижр каъба қисмидан бўлмаган. Лекин Қурайш Каъбадан қолдириб, ҳижрга киритган жойи шак-шубҳасиз Каъбадир. Ҳажми 6 газу 1 қарич, яъни уч метрдир.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хатим ҳақида сўраб: «У Каъбаданми?» десам, у зот: «Ҳа», дедилар. Мен: «Унда нима учун Каъбага қўшиб юборишмаган?» десам, у зот: «Қавмингнинг, яъни Қурайшнинг маблағи етмай қолган…», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилиятдан энди қутулганини ҳисобга олмаганимда Каъбани бузишга буюриб, унинг чиқиб кетган жойини киргизиб, ерга ёпиштириб, икки эшик, яъни шарқ ва ғарб томондан эшик очиб, Иброҳим алайҳиссалом бунёд этган пойдеворга етказар эдим», дедилар. Ибн Зубайрни Каъбани бузишга ундаган нарса мана шу эди. Язид: «Ибн Зубайр бузиб, қайта қураётганларида гувоҳ бўлдим. Ҳижрни Каъбага киритдилар. Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдевордаги тошларни кўрдим. У худди туянинг ўркачига ўхшар эди», деганларида, Жарир: «Унинг ўрни қаерда эди?» дедилар, у киши: «Ҳозир сенга кўрсатаман», дедилар. Жарир у киши билан Ҳижрга кирдилар. Язид ўша маконга ишора қилиб: «Мана бу ерда», дедилар. Жарир: «Ҳижрни тахминий ўлчаб кўрсам, 6 газ ёки шунга яқин эди», дедилар. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларида ҳам очиқ-ойдин келган. Имом Муслим ривоятларида эса: «Ҳижрдан олти газ қўшдим», деб айтилган.
Бу ривоятлардан билинадики, Ҳижр Каъба қисмидандир. У Каъба атрофидаги тахминан 3 метрлар чамаси жойдир. Бошқа ер эса Каъбадан эмас. Шунга биноан тавоф ҳижрнинг орқа томонидан дурустдир. Ким Каъба ичида намоз ўқишга имкон топа олмаса, Каъбанинг чамаси 3 метр ёнидаги хатим қисмида ўқиса, гўёки Каъба ичида намоз ўқигандек бўлади.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Бу онамиз: «Мен Каъба ичига кириб намоз ўқишни яхши кўрар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан ушлаб ҳижрга киргиздилар, Каъбага киришни хоҳласанг, мана шу ерда ҳам ўқийвергин. Чунки у Каъбадан бир бўлакдир», дедилар», деб айтдилар.
Бошқа ривоятда Оиша розийаллоҳу анҳо: «Ҳижрдами, Каъбадами – қайси бирида намоз ўқишга аҳамият бермайман», дедилар.
Салафлардан қилинган ривоятда «Хатимда, мезоб остида дуолар мустажобдир», дейилган.
Шайбоний: «Саид ибн Жубайрнинг Каъбани ҳижрда қучиб турганларини кўрдим», дедилар.
Золим Ҳажжож ибн Юсуф халифа Абдулмалик ибн Марвонга мактуб ёзиб, унда Ибн Зубайр Каъбани ўзгартириб, унинг ўрни бўлмаган жойларни қўшиб, бошқа эшик очганини айтган ва энди Каъбани қайтадан бино қилишини сўраган эди. Ҳажжож Каъбани ўзи айтганидек ўзгартириб бўлганидан кейин Абдулмалик билдики, Ибн Зубайр Каъба қурилишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек амалга оширган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилият замонидан эндигина қутулганини ҳисобга олмаганимда Каъбани бузиб, чиқиб кетган жойларини қўшиб олган бўлар эдим…», деганлар.
Халифа Абдумалик Ҳажжожга рухсат бергани учун пушаймон чекиб: «Ҳажжож бузишидан олдин ушбу ҳадисни эшитганимда Ибн Зубайр қурганларини қолдирар эдим», дедилар (Муслим ривоятлари).
Ривоят қилинишича, баъзи аббосий халифалар имом Молик ибн Анасдан Каъбани бузиб, ҳадисда зикр қилинганидек, Ибн Зубайр қурганлари каби яна қайта қуриш учун фатво сўрашганида, Имом Молик розийаллоҳу анҳу: «Эй мўминлар амири, ўтиниб сўрайман, Байтуллоҳни подшоҳларга ўйинчоқ қилиб қўйманг, хоҳлаган киши уни бузиб ўйнайвермасин. Шу ҳолат бўлаверса, одамлар қалбида Каъбанинг ҳайбати кетиб қолади», дедилар. Имом Моликнинг ушбу гапларидан кейин Каъба мана шу ҳолатда қолади.
Яна бошқа қўшимча маълумотлар:
Хатим деворининг баландлиги 1 метр-у 32 см.
Деворнинг эни 1 метр-у 55 см.
Икки кириш орасидаги масофа 8 метр-у 77 см.
Каъба деворидан Хатим деворигача 8 метр-у 46 см.
Каъбадан Хатимгача мавжуд бўлак 3 метр.
Мултазам томондаги очиқлик ўлчами 2 метр-у 29 см.
Муқобил очиқликдаги ўлчам 2 метр-у 23 см.
Ташқаридан девор айланасининг узунлиги 21 метр-у 57 см.

Мезоб

Каъба томида, Хатим устидаги тарнов бўлиб, ёмғир ёғганда, том ювилганда сувни кетказиш учун ўрнатилган. Буни Қурайш томни қурганида биринчи бўлиб ўрнатган.
Баъзи салафлардан ворид бўлишича, дуо мезоб остида ижобат қилинади.
У 1417 ҳижрий йили Каъбани қуриш асносида янгиланган. Аввалги мезоб ўлчовидек қилиб Усмонли халифалигидаги султон Абдулмажидхон 1273 ҳижрий йили ҳадя қилган. Унинг бошланишига «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», чап томонига «Йа Аллоҳ» деб ёзилган. Бу мезоб икки шарафли ҳарам ходими подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан янгиланган. Мезобнинг тепа қисмига қушларнинг қўнишини ман этиш учун тилла суви юритилган михлар киргизилган.

Мезоб ҳақидаги қўшимча маълумотлар

Соф узунлиги 2 метр-у 53 см.
Деворнинг ички миқдори 58 см.
Девордан ташқаридаги узунлик 1 метр-у 95 см.
Баландлиги 23 см.
Эни 26 см.

Яманий рукн

Яман томонга қараган ҳажарул-асвад қаршисидаги Каъбанинг рукни. Бу рукн Иброҳим алайҳиссалом кўтарган Каъба пойдевори устидаги рукндир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ҳажарул-асвад ва рукни яманийнигина ўпардилар.
Файрузободий: «Тошни истилом қилиш ўпиш ёки қўл билан ушлаш орқали амалга оширилади», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукни яманийни муборак қўллари билан ушлаганларига биноан уни истилом қилиш шунга қодир кишиларга суннатдир.
Имом Фокиҳий саҳиҳ санад билан ривоят қиладилар. Саид ибн Жубайр агар рукни яманий олдидан ўтсалар, қўллари билан ушлаб, қўлларини оғзиларига қўярдилар.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу: «Расулуллоҳдан эшитдим, у зот: «Ҳажарул-асвад билан рукни яманийни ушлаш хатолар учун каффоратдир», дедилар», деб айтдилар (Термизий ривояти).
Бу ўринда ҳам дуолар ижобат бўлади.
Мужоҳид: «Бирор киши қўлини рукни яманийга қўйиб дуо қилса, дуоси ижобат бўлади», дедилар («Ахбори Макка лилфакиҳий»).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукни яманий билан ҳажарул-асваднинг орасида «Раббана атина фиддуня ҳасанатан вафил ахироти ҳасанатан ва қина азабаннар» дуосини ўқирдилар (Бақара сураси, 201-оят) (Сунани Абу Довуд).
Маъноси: «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин».

Хатим оралиғидаги ва рукни яманийдаги дуо ҳақида

Бу ўринларда дуо ижобатдир.
Ривоят қилинишича, Қосим ибн Муҳаммад агар Каъбани тавоф қилиб, ҳижр билан рукни яманий орасида турсалар, паноҳ тилардилар.
Бошқа ривоятда Қосим ибн Муҳаммад, Умар ибн Абдулазиз ва Нофеъ ибн Жубайрлар Каъба саҳнида эшик рўпарасида туриб амал қилишар эди.

Шозурвон

Хатим томондан ташқари матоф ери ёнида Каъба девори остида кўтарилиб қўйилган жойлардир. Каъбанинг аслидан бўлган саҳна шозурвон эмас. Шозурвон у ердан 13 см баландликда, энига 45 см ҳажмдадир. Зиёратчилар у ерда Аллоҳга тазарру қилиб дуо этишади.
Шозурвон Иброҳим алайҳиссалом пойдевор қурган пайтларида Каъба деворидан деб ҳисобланган. Қурайш эса Каъба девори пойдеворини қураётиб, ер устига чиқиб қолганида уни ноқислигича қолдирган.
Баъзи ривоятларда келишича, Абдуллоҳ ибн Зубайр шозурвонни Каъба деворига сув тегишидан ҳимоя қилиш ва унда михлаб қўйилган ҳалқаларга Каъбапўшнинг ипларини боғлаш учун қурдирганлар. Яна одамлар Каъба девори ва пардасига издиҳом пайтида суркалиб зарар беришларидан ҳимоя мақсадида ҳам барпо этилган. Шозурвон ва хатим паштангига Каъбапўшни боғлаш учун 43+12=55 та мис ҳалқа ўрнатилган. Шозурвон тоши энг қаттиқ, кучли мармар тошдан ясалган. 1417 ҳижрий санадаги Каъбани қайта қуриш асносида шозурвоннинг эски мармарлари янгиланган.

Бошқа маълумотлар ҳақида

Мултазам томондаги шозурвон узунлиги 12 метр-у 84 см.
Икки рукн оралиғи 11 метр-у 52 см.
Рукни яманий ва хатим оралиғи 12 метр-у 11 см.
Хатим паштанги 11 метр-у 28 см.

Каъбанинг ички манзараси

Каъбанинг шифтини кўтариб турувчи учта тахтали устуни бор. Айланаси 44 см. Ҳар устун оралиғи 2 метр-у 35 см. Кириш эшигининг тўғрисида меҳроб бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбанинг ичидаги намоз ўқиган ўринлари меҳроб қилинган бўлса керак.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу агар Каъбага кирсалар, эшикни орқаларида қолдириб, тўғрига қараб юрардилар-да, ўзлари билан рўпараларидаги девор орасида уч газга яқин масофа қолдириб, сўнгра намоз ўқирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда намоз ўқиганлар, деб Билол кўрсатган жойни танлардилар. Лекин Каъбанинг қайси томонига қараб намоз ўқилса, ҳеч кимга зарари йўқ (Имом Бухорий ривояти).
Каъба ичига кирилганида ўнг томонда Каъбанинг томига олиб чиқувчи зина бор. Унинг эшиги ва қулфи бор. Ўша эшик тавба деб номланади. У ер тўсилган бўлиб, Каъба деворлари ўша тўсиқ ичидадир. Рангли, нақшдор мармар билан ўралган. Каъба шифти ва унинг девор атрофлари яшил ипак билан тўсилган бўлиб, у ипакка «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадан расулуллоҳ. Инна аввала байтин вудиъа линнаси лаллазий бибакката мубаракан ва худан лил аламийн. Қад нара тақаллуба важҳика фиссамаи фалануваллияннака қиблатан тарзаҳа фавалли важҳака шатрал масжидил ҳарам, йа ҳаннан, йа маннан, йа залжалали вал икрам», деб ёзиб қўйилган.
Парданинг баландлиги 7 ярим метр. Уч ва беш йил орасида ўзгартириб турилади. У Каъбанинг ички томонида бўлиб, қуёш, ёмғир, ғубор ва шамолда бўлмагани учун унча эскирмайди. Биринчи ички ёпиб турувчи бу мато 1403 ҳижрий йили Маккадаги «Кисва» фабрикасида тайёрланди.
Каъбанинг ичида яна катта сандиқ бўлиб, унда бойликлари сақланади.

Каъбанинг шифти

Каъбанинг шифти бўлмаган. Биринчи шифт Қурайш қурилишида бунёд қилинган. Ҳозирги пайтда тепа ва паст қисмга ажратилган шифт мавжуд. Каъба томига оқ мармар ётқизилган ҳамда Каъба томидан девор кўтариб қўйилган. Унинг баландлиги 80 см. Каъбапўшни боғлаш учун йўғон хода ҳам бор. Том тепасида 1 метр-у 28 см х 1 метр-у 04 см масофасидаги очқич бор. Устида эса мустаҳкам маъдандан ёпқич бор. 1417 ҳижрий йили Каъба ичига нур тушиши учун қаттиқ ойнага алмаштирилди. Каъбани ювиш, Каъбапўшни алмаштириш асносида ўша туйнук очиб қўйилади. Томга Каъба ичидан доирасимон нарвонда кўтарилинади. У элликта зинани ўз ичига олади. Бу нарвон кучли ойнадан ишланган бўлиб, подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан 1417 йили Каъба қурилиши асносида ўрнатилган.

Каъба эшиги

Иброҳим алайҳиссалом Каъбани бино қилганларида ерга ёпиштириб икки эшик қурдилар. Одамлар шарқий эшикдан кириб, ғарбий эшикдан чиқишар эди. У фақат очиқ бир нарса эди, холос. Кейин яман подшоҳларидан бири Асъад Туббаъ учинчи очилиб-ёпиладиган бир тавақча қурди. Қурайш Каъбани қурганида ғарбий эшикни ёпиб, шарқий эшикни икки тавақда қолдириб, ердан баланд қилиб қурди.
Ривоят қилинадики, Оиша розийаллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Нима учун Каъба эшиги баланд қилиб қурилган?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни қавминг қилган, улар ўзлари хоҳлаганларни кирдириб, хоҳламаганларни ман этиш учун шундай қилишган. Агар қавминг эндигина жоҳилиятдан қутулгани учун қалблари инкор этишидан қўрқмаганимда хатим деворини Каъбага қўшиб, эшигини ерга ёпиштирган ҳолда қурар эдим», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ривоятда: «Ер билан эшикни тенг қилиб, икки эшик қуриб, бирини шарқий томонга, иккинчисини ғарбий томонга қурардим ҳамда Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдеворга етказар эдим», дейилган.

Тавба эшиги

Каъбага кирилганда ўнг томонда томга олиб чиқувчи зина бор. Ўша ерда бир эшик бор. У тавба эшигидир. У эшикнинг қулфи ва пардаси мавжуд.

Каъба эшиги ва тавба эшигини янгилаш

Бу икки эшик ва унинг зийнатлари тарих давомида янгиланиб келинган. Подшоҳ Холид ибн Абдулазиз чиқарган фармон билан Каъба эшиги ва тавба эшиги соф тилла қопламаси билан янгиланган. Бу фармон 1399 ҳижрий йили амалга оширилган. Икки эшик қурилишига 280 кг олтиндан ташқари 13 420 000 риёл сарф этилган. Иншоот синчи ва икки эшикка қалинлиги 10 см.лик тик номли дарахт ишлатилиб, унинг устига соф, нақшинкор тилла қопланган. Бу икки эшик қурилишига тўла бир йил вақт кетди, яъни ҳижрий 1398/12/1 ҳижрий йили бошланди.

Бу икки эшик ҳақида қўшимча маълумотлар

Каъба эшиги узунлиги 3 метр-у 10 см.
Энига 1 метр-у 90 см.
Чуқурлиги 50 см.
Матофдан баландлиги 2 метр-у 25 см.
Тавба эшиги энига 70 см.

Эслатма ва тарғибот

Эшикка ёзилган оят қа калималар остонада турувчилар учун у макон ва мақомнинг улуғ эканини эслатиб туради. Яъни, улар Раҳим, Рауф, Ғафур сифатли Зотнинг уйи эшиги олдида туришибди. У ерда Унга қўллар кўтарилиб, раҳмат талаб қилиниб, Унга кўнгил ёзилади. Банда талаб қилиб, умид этиб Аллоҳдан беришини сўраш лозим. Эшикнинг икки тепа бурчагига «Аллоҳу жалла жалалуҳу, Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи васаллам», деб ёзилган. Яна қуйидаги оятлар ҳам ёзилган: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. (Жаннат)га тинчлик билан соғ-омон киринглар» (Ҳижр сураси, 46-оят); «Аллоҳ Каъба – Байтул ҳарамни, уруш ҳаром этилган ойни одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди» (Моида сураси, 97-оят); «Ва айтинг, Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи рост (яъни, гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (қиёмат куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи рост (ўнг томоним билан) чиқаргин ҳамда мен учун Ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин» (Исро сураси, 80-оят); «У Ўз устига (осмону ердаги бор мавжудотга) раҳмат-марҳамат қилишни ёзиб қўйгандир» (Анъом сураси, 12-оят); «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деган» (Ьофир сураси, 60-оят).
Бу оятларнинг ёнида «Ла илаҳа иллаллаҳу Муҳаммадун расулуллоҳ», деб ва яна «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг. Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз» (Зумар сураси, 53-оят), деб ёзилган. Эшик тутқичига «Аллоҳу акбар», деб, қулф остига Фотиҳа сураси ва унинг остига: «Аввалги эшик икки шарафли ҳарам ходими подшоҳ Абдулазиз ибн Абдураҳмон оли Сауд томонидан 1363 ҳижрий йили ишланган», деб ёзилган. Унинг остига: «Ушбу эшик икки шарафли ҳарам ходими подшоҳ Холид ибн Абдулазиз оли Сауд томонидан 1399 ҳижрий йили ишланган», деб ёзилган. Эшикнинг ҳар томонига 15 та Аллоҳнинг гўзал исмлари ёзилган. Тепа қисмига: «Йа восеъ, йа монеъ, йа нофеъ», ўнг қисмига: «Йа олим, йа алийм, йа ҳалим, йа азийм, йа ҳаким, йа раҳим», чап қисмига: «Йа ғаний, йа муғний, йа ҳамид, йа мажид, йа субҳон, йа мустаъон», деб ёзилган.

Каъба калити

Каъба хизмати ва қоровуллиги деганда улуғ Каъбага хизмат қилиб, уни қулфлаб очиш тушунилади. Бу араб тилида Сидана вал ҳижаба, дейилади. Биринчи бу нарса Исмоил алайҳиссалом қўлларида бўлган. Кейин ўғиллари Собит ва унинг болаларига ўтган. Сўнгра тоғалари қўлида, яъни Журҳумда бўлган. Сўнгра Қусай ибн Килоб қўлига етиб келгунича Хузоада бўлган. Қусай ибн Килоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртинчи боболаридир. Саккизинчи ҳижрий йили Макка фатҳ бўлганидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Усмон ибн Талҳадан Каъба калитини сўрадилар-да, Каъбани очиб, унга кириб чиқдилар, сўнг: «Огоҳ бўлинг! Ҳар бир жоҳилиятдаги қон ёки мол ё шаън мана бу икки оёғим остидадир. Лекин ҳожиларнинг хизмати ва Каъба қоровуллиги ундай эмас. Мен уни жоҳилиятда ким бошқарган бўлса. ўша кишида қолдирдим», деб қуйидаги оятни ўқидилар: «Албатта Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради…» (Нисо сураси, 58-оят).
Кейин Усмон ибн Талҳани чақириб, калитни унга топширдилар-да: «Эй Талҳа фарзандлари, мана буни олинглар, у авлоддан-авлодга ўтиб, абадий сизларда қолади. Сизлардан уни фақатгина золимларгина тортиб олади», дедилар («Мажмаъуз-завоид»).
Ибн Касир ифода этишларича, кўпгина муфассирлар қуйидаги: «Албатта Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради…» ояти Усмон ибн Талҳа ҳақларида нозил бўлган, дейишади. Шу оятга биноан калит уларга топширилди. Усмон вафот этганларида амакиларининг ўғли Шайба олди, кейин Шайба болалари эгалик қилишди. Мана шу алфозда катталардан мерос бўлиб қолаверди. Улар Шайбийлар деб аталади. Ҳадисда «Абадий сизлар у калитни қўлга киритинглар…», деганида Абу Талҳа болаларининг насли ва Каъба қоровуллиги қиёматгача давом этишига ишора бордир. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боқий қолувчи мўъжизаларидан эди. Чунки Каъба қоровуллиги энг буюк ва улуғ ҳамда рақобатчилар рақобат қиладиган вазифалардандир. Айниқса, ҳоким ва нуфузли кишилар бу нарсага кўпроқ қизиқишади. Бу вазифани Шайба оиласига топширилиши қўлида еру осмон мулки бўлган Зот уларни (ҳар хил ёмонликлардан) ман этишига далилдир.
Ҳали ҳам ушбу калит ана шу аҳд вакиллари бўлмиш Бани Шайба қўлидадир. У калитнинг узунлиги 40 см. Соф олтин билан ишланган, ипакли қутида сақланади. У қути ҳар йили кисва фабрикасида тайёрланади. Устига: «Албатта Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради…», деб ёзиб қўйилган. Нарига томонига: «Буни ясашга икки шарафли ҳарам ходими Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан амр этилган», деб ёзиб қўйилган.

Эшик қулфи

1309 йили ясалган эски қулф асосида 1399 ҳижрий йили Султон Абдулҳамид Усмоний томонидан қайта ишланди. Бу ўзгартириш янги эшикка хос ҳолатга муносиб бўлди. Уни қайта таъмирлашга эҳтиёж қолмади. Бу қулфнинг узунлиги 34 см. Ҳар томонининг эни 6 см.дан. Ҳар томонда сариқ мисдан бир бўлак бор. У томоннинг узунлиги 8 см, эни 2 см. У қулфга қуйидаги ибора ўйиб ёзилган: «Холид ибн Абдулазиз оли Сауд томонидан 1399 ҳижрий йили ясалган».

Каъба устига ёпилган мато ҳақида

Ривоят қилинишича, Каъбага биринчи бўлиб мато ёпган киши Исмоил алайҳиссаломдирлар. Баъзилар эса биринчи бўлиб яманлик Туббаъ Асъад ал-Ҳимярий ёпган, дейишади. Яна баъзилар булардан бошқа кишилар ёпган, дейишади. Исломда биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сўнгра халифалар ўз замонларида мато ёпишган. 1258 милодий, 656 ҳижрий йили Аббосийлар халифалиги барҳам топганидан кейин Каъба устига ёпиладиган мато Миср ва Ямандан келтириладиган бўлди. Подшоҳ Солиҳ Исмоил Қалавун Қоҳира четидаги учта қишлоқни мато тўқишга жалб этганида, мато Мисрдан келадиган бўлди. Кейин у қишлоққа ана шу ғояда 947 ҳижрий йили Султон Салимхон Усмоний бошқа еттита қишлоқни қўшди. Сўнгра Муҳаммад Али Баша мато ишлари учун ҳукумат бошқармасини тузди. То 1924 йил милодий, 1343 ҳижрий йилдаги фавқулоддаги сабаблар бўлгунича Миср ҳукумати мато ишлаб чиқаришни ва уни ҳар йили юборишни ўз тасарруфига олди. 1924 милодий йилдан кейин бу масъулиятли ишни подшоҳ Абдулазиз оли Сауд ўз бўйнига олиб, Маккаи мукаррамада мато чиқариш учун иншоот қуришга амр қилди. Биринчи мато 1346 ҳижрий йили тўқиб чиқарилди. 1355 ҳижрий йили Саудия ҳукумати билан Миср ҳукумати ўртасида келишув тузилгунга қадар мана шу фабрикада мато тўқилди. То 1381 ҳижрий йили тўхтаб қолгунга қадар Миср яна ҳар йили мато жўнатишни бошлади. 1382 ҳижрий йилдан бошлаб Саудия ҳукумати мато фабрикасини қайта очиб, яна ишлаб чиқаришни бошлади. Ҳозир Маккаи мукаррамада янги мато фабрикаси ишламоқда.

Каъба учун мато ишлаб чиқарадиган фабрика ҳақида

Милодий 1972 йили, 1392 ҳижрий йили подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз оли Сауд Маккаи мукаррамада янги фабрикага асос солди. Фаҳд ибн Абдулазиз ўша пайтларда вазирлар маҳкамаси раисининг иккинчи ўринбосари ва ички ишлар вазири лавозимида ишлар эди. 1977 милодий, 1397 ҳижрий йили валиаҳд бўлганида ана шу фабрикани очди. Ўша пайтдан бери фабрика ҳар йили Каъба матосини ишлаб чиқаради. Бу фабриканинг муҳим ишларидан яна бири Каъбанинг ички пардаларини ишлаш, хусусан, набавий ҳужралари пардасини тўқиш, Саудия байроғидан нусхалар кўпайтириш, Каъба матоси остида ҳадялар ишлаб чиқаришдир. Бу билан мамлакатга келган меҳмонларга тақдим этиш учун керакли нарсалар эҳтиёжи қондирилади.
Кисва фабрикаси 100 минг метр тўртбурчак ерни ўз ичига олади. 240 тадан кўпроқ ишчи ишлайди. Ҳозирда у Масжидул-ҳарам ва Масжидун-набавий ишлари умумий бошлиғлигига қарайди.

Матонинг сифати

Каъба устидаги мато қора рангга бўялган соф ипакдан тўқилади. Матонинг тўла кўриниши арабча етти рақами шаклида бўлади. Унда қуйидаги ёзувлар такрор келган: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ, субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи субҳаналлоҳил аъзим. Йа Аллоҳу, йа Ҳаннану, йа Маннан».
Мато беш бўлакдан иборат. Тўрт бўлаги тўрт томонни тўсади. Бешинчиси эса парда бўлиб, у эшик ёпиш учун қўйилади. Бу бўлаклар бош томонидан эски мато ечиб олинганидан кейин осилади. Матонинг остидан оқ материал қўйиб юборилади. Рукнлар тепадан бошлаб пастигача устидаги мато тўқиш орқали маҳкамланади. Уни тайёрлаш учун 47 ўрам материал ишлатилади. Ҳар бирининг узунлиги 14 метр, эни 95 см.
Матонинг учдан бирининг тепа қисми ҳалқасимон белбоғига Қуръон оятлари ёзилган. Белбоғи остида ва яна бир қанча бўш жой бўлиб, кашта билан ёзиш мумкин. Ҳар йили зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Каъбага янги мато кийдирилади. Ҳайитнинг биринчи куни Каъба янги кийимда зоҳир бўлади.

Мато ҳақида қўшимча маълумотлар

Матонинг баландлиги 14 метр.
Ишлатиладиган ипакнинг вазни 670 кг.
Эшик томондаги матонинг эни 11 метр-у 68 см.
Ҳажарул-асвад билан рукнул яманий оралиғи 10 метр-у 18 см.
Хатим томон 9 метр-у 90 см.
Рукнул яманий билан рукнуш шомий оралиғи 12 метр-у 04 см.
Матонинг ясси кенглиги 658 метр квадрат.

Каъба усти матосининг ҳалқасимон белбоғи

У матонинг учдан бири тепа қисмида бўлиб, ҳар томондан 45 метр узунасига, 95 см энига ўраб туради. У бадиий санъат бўлиб, матога яна ҳам гўзаллик, ҳайбат бағишлайди. Унга сулус хати билан Қуръоний оятлар ёзилган бўлиб, исломий безаклар тилла суви юритилган кумуш симлар билан чекилган. У 16 бўлакдан ташкил топиб, Каъбанинг ҳар томонига 4 бўлакдан ўрнатилган.

Қуйида ўша бўлакнинг узунлиги ва унга ёзилган нарсалар ҳақидаги қўшимча маълумотлар

Биринчи – мултазам эшиги томондагиси:
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. «Эсланг, Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг (дедик)» (Бақара сураси, 125-оят). Бу оят ёзилган ўрин 289 см.
2. «Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қилгувчилар (ўша ерда ибодат қилиб) тургувчилар, рукуъ-сужуд эгалари учун пок тутинг», деб буюрдик» (Бақара сураси, 125-оят). Бу оят ёзилган ўрин 303 см.
3. «Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен Эшитгувчи, Билгувчисан» (Бақара сураси, 127-оят). Бу оят ёзилган ўрин 314 см.
4. «Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйинсунгувчилардан қилгин ва зурриётларимиздан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишиларни (чиқаргин). Бизга (қиладиган) ибодатларимизни ўргатгин ва тавба-тазарруъларимизни қабул эт! Шубҳасиз, Сен тавбаларни қабул қилгувчи Раҳмлисан» (Бақара сураси, 128-оят). Бу оят ёзилган ўрин 338 см.
Иккинчи – хатим томондаги ёзилган оятлар:
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
1. «Ҳаж мавсуми маълум ойлардир. Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида жуфтига яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара сураси, 197-оят). Бу оят ёзилган ўрин 323 см.
2. «Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан таъминланиб олинг! Албатта энг яхши озуқа Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!» (Бақара сураси, 197-оят.) Бу оят ёзилган ўрин 238 см.
3. «Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арафотдан тушганингиздан кейин Машъарул ҳарамда Аллоҳни зикр қилинг» (Бақара сураси, 198-оят). Бу оят ёзилган ўрин 252 см.
4. «У зот сизларни – гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангизда – ҳақ йўлга ҳидоят қилгани каби сизлар ҳам У Зотни эсланг, зикр қилинг. Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан гуноҳларингизни мағфират қилишини сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир» (Бақара сураси, 198–199-оятлар). Бу оят ёзилган ўрин 199 см.
Учинчи – Каъба эшиги муқобили томонида:
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. «Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун белгилаб бериб, сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим – Уйимни тавоф қилгувчилар қиём, рукуъ, сажда қилгувчилар учун пок тутгин, (дедик)» (Ҳаж сураси, 26-оят). Бу оят ёзилган ўрин 328 см.
2. «Одамлар орасида юриб, уларни ҳажга чақиргин, улар сенга, яъни даъватингга жавобан яёв ҳолларида ва барча йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар» (Ҳаж сураси, 27-оят). Бу оят ёзилган ўрин 243 см.
3. «Улар ўзлари учун бўлган манфаатларга шоҳид бўлиши учун ва маълум кунларда, яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини қурбонлик учун сўйиш устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар» (Ҳаж сураси, 28-оят). Бу оят ёзилган ўрин 337 см.
4. «Бечора камбағалларга ҳам едиринглар. Сўнгра қурбонлик қилганларидан кейин улар кирларини кетказсинлар, назрларини тўла адо қилсинлар ва эски уйни тавоф қилсинлар» (Ҳаж сураси, 28–29-оятлар). Бу оят ёзилган ўрин 304 см.
Тўртинчи – ҳажарул-асвад билан рукнул яманий оралиғидаги оятлар:
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳнинг сўзи ростдир. Бас, Ҳақ йўлдан тоймаган ва мушриклардан бўлмаган Иброҳимнинг динига эргашинглар, деб айтинг» (Оли Имрон сураси, 95-оят). Бу оят ёзилган ўрин 254 см.
2. «Албатта одамлар ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят маёғи бўлган Каъбадир» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Бу оят ёзилган ўрин 267 см.
3. «Унда мақоми Иброҳим бор. Бу уйни Иброҳим алайҳиссалом қурганига оят-аломатлар бордир. Шунингдек, унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омон бўлур» (Оли Имрон сураси, 97-оят). Бу оят ёзилган ўрин 203 см.
4. «Йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса, бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган Зотдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят). Бу оят ёзилган ўрин 303 см.

Каъбанинг ҳалқасимон қилиб айлантириб чиқилган белбоғи остидаги нарсалар

Каъба устидаги матонинг мултазам эшиги томонидан бошқа барча томонида учтадан қандилга ўхшаш чекилган кашта бор. Мултазам томонда эса катта бир бўлак чекилган нарса мавжуд. У «Ихда» деб номланади. Матонинг ҳар рукнида тўртбурчак бир чекилган кашта бўлиб, у «Сомадийя» деб аталади. Ўша бўлакка Ихлос сураси ёзиб қўйилган. Ҳар бирининг ҳажми 82х85 см.
Аммо тўртта томондаги учтадан қилинган қандиллар қуйидагичадир:
1. 72х58 см. «Алҳамдулиллаҳи роббил аламийн», деб ёзилган.
2. 46х65 см. «Йа Ҳаййу, йа Қайюму», деб ёзилган.
3. 46х65 см. «Йа Раҳману, йа Раҳийму», деб ёзилган.
Мултазам эшиги томонда «Ихда» деб номланган бўлак 490 см.
Бу мато Маккаи мукаррамада ишлаб чиқарилган. Уни Каъбага икки шарафли ҳарам ходими Фаҳд ибн Абдулазиз ҳадя қилган.

Хатим томонда

Шимолий томонда қуйидаги оятлар ёзилган:
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳрибон эканлигимни хабар беринг» (Ҳижр сураси, 49-оят). Бу оят ёзилган ўрин 240 см.
2. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан» (Бақара сураси, 186-оят). Бу оят ёзилган ўрин 243 см.

Эшикка муқобил томон
(Каъбанинг орқа томони)

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. «Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан катта фазлу марҳамат бордир» (Аҳзоб сураси, 47-оят). Бу оят ёзилган ўрин 244 см.
2. «Ким бирор-бир ёмон иш қилса ёки Аллоҳнинг буйруқларига итоат этмасдан ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар» (Нисо сураси, 110-оят).

Ҳажарул асвад билан рукнул яманий оралиғида

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. «Иш шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта бу ҳурмат дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж сураси, 32-оят). Бу оят ёзилган ўрин 242 см.
2. «Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман» (Тоҳа сураси, 82-оят). Бу оят ёзилган ўрин 237 см.

Мулоҳаза

Мато устига бадиий шаклда ёзилган нарсалар доим бир кўринишда туравермайди. Балки баъзи вақтларда ўзгаришлар бўлиб туради. Бундан мақсад янада афзалроғига етишишидир. Албатта бу нарса масъул шахслар муваффақ бўлгандан кейин амалга оширилади.

Каъба эшиги пардаси

Бу парда «Барқаъ» – ёпинчиқ деб аталади. Бу ҳам Каъба матоси тўқиладиган жойда тайёрланади. Аммо матонинг бошқа жойларига қараганда каштаси ажраб туради.
Парданинг узунлиги 6 метр-у 32 см.
Парданинг эни 3 метр-у 30 см.
Унинг четида саккизта доира ичига «Аллоҳу Раббий», яъни «Раббим Аллоҳ», деб ёзиб қўйилган. Ўртасида учта доирага «Ҳасбияллоҳ», яъни «Аллоҳ Ўзи кифоя қилур», деб ёзиб қўйилган. Парданинг атрофига Фотиҳа сураси 10 та доира ичида ёзилган. Парданинг тепа қисмига «Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз» ояти ёзиб қўйилган (Бақара сураси, 144-оят).
Икки узун доира остида: «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман. Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. У жаннат тақводор зотлар учун тайёрлаб қўйилгандир» (Оли Имрон сураси, 133-оят), деб ёзилган. Бу оятнинг пастидаги 4 та қандил ичига «Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир» ояти ёзилган (Нур сураси, 35-оят). Унинг пастида «Оятал-Курсий» ёзилган. Унинг пастида: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Албатта Аллоҳ Ўз пайғамбарига у киши кўрган тушни ҳаққи-рост қилди».
«Албатта сизлар (эй мўминлар), иншааллоҳ, Масжидул-ҳарамга тинч-омон кирурсизлар» деб ёзилган (Фатҳ сураси, 27-оят). Сўнгра икки доиранинг бирига Ихлос сураси, ўртасига «Бисмиллаҳ…» ёзилган. Икки доира ўртасига қуйидаги оят ёзилган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Менинг турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг. Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларининг барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53-оят). Бу оятнинг пастида: «Ла илаҳа иллаллоҳу маликул ҳаққул мубин. Муҳаммадун расулуллоҳ содиқул ваъдул амин», деб ёзилган. Парданинг энг пастига Қурайш сураси ёзилган.
Ушбу парда Маккаи мукаррамада ясалиб, уни икки шарафли ҳарам ходими Фаҳд ибн Абдулазиз оли Сауд Каъбага ҳадя этган.

Ер юзидаги энг ҳурматга лойиқ соя

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба соясида ўтирганлар. Шунинг учун ушбу соя ер юзидаги энг ҳурматли соядир.
Имом Бухорий Хаббобдан қилган ривоятда келтирилишича, Хаббоб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба сояси остида чопонларига суяниб ўтирганларида биз у зотга шикоят қилдик…», деганлар.
Муҳаммад ибн Сувқа: «Биз Саид ибн Жубайр билан бирга Каъба сояси остида ўтирганимизда, у зот: «Сизлар ҳозир ер юзидаги энг ҳурматли сояда турибсизлар», дедилар», деб айтдилар.

Байтул маъмур

Ердаги Каъба осмондаги Байтул маъмур тўғрисида жойлашган. Али розийаллоҳу анҳу ва Ибн Аббос розийаллоҳу анҳулар Тур сурасининг 4-оятидаги Байтул маъмур ости ҳақида гапириб: «У Каъба тепасида қарама-қарши турувчи осмондаги уйдир. Унинг осмондаги ҳурмати ердаги Каъбанинг ҳурмати кабидир. Ўша Байтул маъмурда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқишади. (Агар у ердан чиқишса) ҳечам қайтиб кира олишмайди», дейишди («Тафсиру Ибн Касир»).

Каъбатуллоҳ атрофини айланиб чиқиш учун чегараси махсус белгилаб қўйилган жой ҳамда Сафо ва Марва орасида саъй-ҳаракат қилиб югуриладиган жой ҳақида

Иброҳим алайҳиссалом мақоми
Замзам қудуғи
Сафо
Марва
Саъй қилиш

Матоф

Матоф – Каъбатуллоҳ атрофини айланиб чиқиш учун чегараси махсус белгилаб қўйилган очиқ жой. Мақоми Иброҳимдан бошқа у ерда бирорта ҳам бино йўқ. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 125-оятида: «Иброҳим билан Исмоилга Менинг байтимни тавоф қилувчилар, ўша ерда ибодат қилиб турувчилар, рукуъ-сажда эгалари учун пок тутинг, деб буюрдик», деб айтган.
Биринчи Каъба атрофидаги матофга тош ётқизган киши Абдуллоҳ ибн Зубайрдирлар. 5 метрга яқин қилиб тош терганлар. Шундан кейин то 1375 ҳижрий йилгача ўзгартириш давом этди. У тухумсимон шаклда катта ва кичик, 40-50 метр ўқ атрофида пайдар-пай териб борилган. Ҳаж ва умра қилувчилар кўпайиб кетганида матофни кенгайтириш тақозо этилади. Бундай қилиш билан майда тошлар, ўтувчи йўллар чиқарилиб, минбар, замзам қудуғи, тўрт мақом, мақоми Иброҳимнинг эски бинолари кўчирилди. Шундай қилиб, матоф ўрни кўплаб кишиларни сиғдирадиган бўлди.
Яна қуёш ҳарорати билан беллаша оладиган совуқ мармар тош ётқизилди. Қаттиқ ҳароратда ҳам яланг оёқ тавоф қилиш учун имкон топилди. Бундан ташқари матофнинг барча атрофи совуқ зам-зам суви билан таъминланди.
Масжидул-ҳарам кечаю кундуз тавоф этувчи, ибодат қилувчи, рукуъ ва саждани бажарувчилар учун очиқдир. Бу нарса тарих мобайнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириқларига «лаббай» дейиш билан амалга ошиб келмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абдуманноф болалари, агар мендан кейин бу ишнинг тасарруфи қўлингизда бўлса, кечаю кундузги соатларда Аллоҳнинг уйини тавоф қилувчиларни ман этмангиз», деганлар («Мажмаъуз завоид»).

Тавоф одоблари

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каъба атрофини тавоф қилиш худди намозга ўхшайди. Фарқи намозда гаплашмайсизлар, тавофда гаплашаверасизлар. Ким тавофда гапирмоқчи бўлса, фақат яхши сўзларни гапирсин», дедилар.
Тавоф қилувчи киши қалби ва тили билан Аллоҳга йўлиқиб, қайси тилда бўлса ҳам, дунё ва охират яхшиликларини сўрамоғи лозим. Лекин шавтларда махсус дуо ва зикрлар йўқ. Дунё ишларини гапириш билан нафсини машғул қилмайди. Бирор кишини суриб юбориб озор ҳам бермайди.
Шоир қуйидагича байт айтади:

Эй Аллоҳ уйини тавоф этувчи банда,
Жисм бир шаҳарда, руҳ эса бошқасида.
Сомад, Воҳид сифатли Зот Аллоҳга шошасан,
Бунда нима қилдинг, энди нима қиласан?
Билки, қалбсиз, нигоҳсиз бажарилган тавоф,
Мараз қалбга асло бўлолмайди даво.

Иброҳим алайҳиссалом мақомлари

«Мақом» луғатда тик турган киши қадамининг ўрнидир. Иброҳим мақоми – бир тош бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом Каъба қураётган пайтларида унинг устида туриш учун Исмоил алайҳиссалом келтирганлар. Исмоил алайҳиссалом Каъбани кўтариш учун тошларни узатардилар. Иброҳим алайҳиссалом эса уни муборак қўллари билан қўярдилар. Бино кўтарилган сари тош (мақоми Иброҳим) ҳам кўтарилаверар эди («Жомиъул латиф»).

Иброҳим мақомининг фазилати

1. У ерни намозгоҳ қилиб олиш ҳақида. Аллоҳ таоло мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олишга буюрган. Бу мақоми Иброҳимнинг (тошнинг) фазилатли ва шарафли эканига далолат қилади. Умар розийаллоҳу анҳу: «Роббим менга уч нарсада мувофиқ келди. (Биринчиси), мен: «Эй Аллоҳнинг расули, мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олсак», деганимда «Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинглар» ояти нозил бўлди», дедилар («Саҳиҳи Бухорий»).
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажлари сифати ҳақида гапириб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъба олдига келдик. У зот рукнни истилом қилиб уч бор юришни тезлатиб, тўрт марта оддий юрдилар. Кейин мақоми Иброҳимга етиб келиб «Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинглар» оятини ўқидилар. Ўзлари билан Каъба ўртасида мақомни қолдирдилар», дедилар.
2. У жаннатдан келтирилган ёқут тош. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рукн ва мақом иккиси жаннатдан келтирилган. Агар Аллоҳ унинг нурини яшириб қўймаганида мағриб билан машриқ орасини тўсиб қўяр эди», деганлар. Имом Байҳақий ривоятларида: «Агар одам болаларининг хатоси унга таъсир этмаганида эди, мағриб билан машриқ орасини тўсиб қўярди», дейилади.
3. У ерда дуолар мустажобдир. Ҳасан Басрий ва бошқа уламолар мақомнинг орқасида дуо мустажобдир, дейишди.

Очиқ-ойдин оятлар

У тош илоҳий аломат ва Иброҳим алайҳиссалом учун боқий қолувчи мўъжизадир.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 96–97-оятларида: «Албатта одамлар (ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишлари) учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадир. Унда мақоми Иброҳим (ҳамда у учун) очиқ оят-аломатлар бордир», деб айтган.
1. Иброҳим алайҳиссаломнинг икки қадамлари бу тошга ботиб қолишида рамзий бир маъно бор. Бу – агар банда иймонида ихлосли бўлса, Аллоҳ мўмин учун барча нарсани бўйсундиришидир.
Иброҳим алайҳиссаломнинг тошдаги оёқ излари нам бўлган, оёқкийимсиз, ялангоёқ бўлганлар (Абу Толиб).
Шу ерда бир нарсага ишора қилиш ўринлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари боболари Иброҳим алайҳиссалом оёқларига ўхшар эди. Бу ҳақда Қурайш Каъбани қурганида ҳамда Ибн Зубайр қурилиш қилганида иштирок этган саҳобий Жуҳм ибн Ҳузайфа ал-Қурайший шундай дейдилар: «Мен Набий алайҳиссаломнинг оёқлари Иброҳим алайҳиссаломнинг оёқларига ўхшаш бирорта оёқ кўрмадим. Мен бу ўхшашликни мақомда кўрдим».
Имом Бухорийда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Иброҳим алайҳиссаломга энг ўхшовчи одамман», деганлар. 1400 ҳижрий йилда вафот этган Тоҳир ал-Курдий: «Икки оёқнинг бирининг тошдаги чуқурлиги 10 см, иккинчисиники 9 см. Унда оёқ бармоғи кўринмайди, чунки мақом йиллар давомида очиқ тургани ҳамда кўп ушлангани сабабли бармоқларнинг ажраб турган изи кетиб қолган. Қадамнинг ҳар бири узунлиги 22 см, эни 11 см. Бу нарса Иброҳим алайҳиссаломнинг узунликлари замонамиз кишиларига ўхшашига ишора қилади.
2. Бино кўтарилган пайтдаги мақомнинг баландлиги. Тарихчи Тоҳир ал-Курдий ифода этишларича, мақомнинг баландлиги 20 см бўлган. Унинг мўъжизаларидан бири бино кўтарилгани сари то Каъба биноси тугагунича баландлашидир. Каъба биноси кўтарилгани каби мақом ҳам ҳавода юксалади.
3. Бошқа набийларга қараганда бу зотнинг қадам излари қолиши. Бу нарса Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан бўлган. Минг йиллардан бери Масжидул-ҳарамда содир бўлган селлар ёки ўғриларнинг кўплаб ҳаракати ҳам унга зарар етказа олмаган. У илгарилари темир тўсиқ ёки ғилоф билан тўсилмаганига ишора қилиш ҳам ўринлидир.
Имом Фокиҳий саҳиҳ санад билан қилган ривоятда келтирилишича, Маккада Журайж исмли бир яҳудий ёки насроний киши бор эди. Мақоми Иброҳим йўқотиб қўйиб қидирилганида унинг уйидан топилди. У бу обидани Рум подшоҳига етказмоқчи бўлган экан. Ундан тортиб олиниб, бўйнига қилич урилди.
Умар ибн Хаттоб замонларида сел келиб, мақомни олиб кетди. Сув қуриганда Макканинг остки қисмидан топилиб, олиб келинди. Умар розийаллоҳу анҳу уни ўз ўрнига қўйдилар. Ушбу сел Умму Наҳшал деб номланган. Чунки унда Умму Наҳшал исмли аёл вафот этган эди.
Бундан ташқари мақом устида кўплаб ҳодисалар юз берган, лекин Аллоҳ таоло уни мана шу кунгача сақлаб қўйган.
4. Мушрикларнинг унга ибодат этишларидан сақлангани. Араблар жоҳилиятда тошларга ибодат қилишларига қарамасдан, ҳажарул-асвад билан мақом тошига ҳурматлари баланд бўлгани учун уларга ибодат қилишмас эди. Аллоҳ Ўзи сақлагани учун шундай бўлди. Чунки Ислом ҳажарул-асвадни истилом қилиш билан, мақомни ортида намоз ўқиш билан улуғлаган. Ҳаргиз Ислом баъзи санам тошларни эҳтиром қилишга иқрор бўлган, дейилмади. Бундай дейиш ибодат ва ширкнинг бир туридир.

Мақом ҳақида тадқиқот

Шайх Тоҳир ал-Курдий ҳижрий 1367/8/27 санада жуда ҳам нозик маълумотларни зикр қилди. Биз уни сиз азизларга қисқа ҳолатда баён этамиз.
Ушбу мақоми Иброҳим мармар тошга ўрнатилган бўлиб, бу мармар узунасига ҳам, энига ҳам мақоми шариф билан бир хил ўлчамдадир. Бу мақоми Иброҳимни ўраб турган мармар бошқа бир мармарли тагкурси устида бўлиб, ҳар томондан эни узунлиги 1 метр, баландлиги 36 см. Мақом тошининг ранги қизил билан сариқ оралиғида бўлиб, оққа яқинроқдир. У куб шаклидадир. Мақомнинг пастки қисми тепасидан кўра бироз кенгроқ. Иброҳим алайҳиссаломнинг икки қадамлари баландлиги ярмигача шўнғиган.

Қўшимча маълумотлар

Мақом тошининг баландлиги 20 см.
Юқоридан уч ёғининг узунлиги 36 см.
Тўрт томонининг узунлиги 38 см.
Юқоридан ўраб олган ўлчам 146 см.
Суппасидан ўраб олган ўлчам 150 см.
Қадамнинг бирининг чуқурлиги 10 см.
Қадамнинг иккинчиси чуқурилиги 9 см.

Мақом айвончаси

Бу мақомга мусулмон халифалари томонидан катта аҳамият бериб келинган. У қадам кумуш сандиққа солиниб, 3х6=18 метрли айвонча бино қилинган. Бу бино кейинчалик тавоф қилувчиларга халақит берадиган бўлиб қолди. Ислом олами уюшмаси бу бинони бузиб, ўрнига мақом устига шишали ғилоф ўрнатишни ўрганиб, 1985-рақам билан олий ташкилотга олиб чиқилди. 1387/7/18 ҳижрий, 1967 милодий йили подшоҳлик бу нарсага рози бўлганидан кейин амалга оширилди. Кейин бу мақом ажойиб кристалл ичига қўйилиб, темир ўраб қўйилди. Мармар супанинг умумий ҳажми – 130х180=2 метр-у 34 см.
Бундай ўзгартириш орқали ҳаммаси бўлиб 18 метр бўлган собиқ ердан 15 метр-у 6 см.га яқин масофа иқтисод қилиниб қолинди.

Янги супача ҳақида қўшимча маълумотлар

Тўсиб қўйилган нарсанинг ён томони 80 см.
Қалинлиги 20 см.
Баландлиги 1 метр.
Супачанинг баландлиги 75 см.
Айвоннинг умумий баландлиги 3 м.
Мисдан ихота қилинган нарсанинг вазни 600 кг.
Айвоннинг умумий вазни 1700 кг.
Супачанинг умумий майдони 2 метр-у 4 см.

Айвончанинг янгиланиши

Икки шарафли ҳарам ходими олий фармон билан металл бинони янги мис бинога ўзгартиришни, яна ички тармоқни олтин билан қоплаш, ташқарисига 10 миллиметрлик иссиқдан тўсиш, ҳам синишнинг олдини олиш учун шаффоф ойна қўйишни ҳам амр қилди. Чунки мақом равшан ҳолатда кўриниши лозим эди. Шунингдек, қора гранитли бетон супачани оқ мармарга ўзгартиришни ҳамда матоф ерига ўхшаши учун яшил гранитлар билан безашни ҳам буюрди. Бу иншоот ҳижрий 1418/10/21 санада 2 миллион риёл сарфлаш билан амалга оширилди.

Мақомга қўлни суртиб уни ўпиш ҳақида

Суннатларда ворид бўлганки, ўпиш, қўлни суртиш ҳажарул-асвад билан рукнул-яманийга хосдир. Мақомнинг шарафи эса у ерда намоз ўқишдир. Мақомга қўлни суртиб, уни ўпиш суннат эмас. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Зубайр розийаллоҳу анҳу мақомга қўлини суртаётган бир қавмни кўриб: «Сизларнинг мақомга қўл суртишингиз амр этилмаган. Фақат унинг олдида намоз ўқишингиз буюрилган», дедилар.
Ато розийаллоҳу анҳу мақомни ўпган ёки икки қўл суртган кишини кариҳ кўрдилар. Қатода розийаллоҳу анҳу: «Мақом ҳузурида намоз ўқишга амр этилди(к), суртишга эмас», дедилар.
Шу ерда ишора қилиш лозим бўлган нарса шуки, салафлар мақом очиқ бўлган пайтда ўпиб, қўл суртмоқни кариҳ кўришди. Энди у ўраб ихота этилганидан кейин тўсилган нарсани ўпиб, унга қўл суртиш ундан ҳам кароҳиятлидир.

Айвонча билан атроф ўртасидаги масофалар

Ҳажарул-асвад билан айвонча орасидаги масофа – 14 метр-у 5 см.
Рукну шомий билан айвонча оралиғи – 14 метр.
Шозурвон билан айвонча оралиғи – 13 метр-у 25 см.
Замзам тараф билан айвонча оралиғи – 12 метр-у 0,5 см.

Замзам қудуғи

Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Имоил ҳамда унинг онаси Ҳожарни олиб Маккага келдилар. Иброҳим алайҳиссалом икковларига хурмо ва сув қолдириб қайтиб кетдилар. Озуқалари тугагач, икковлари чанқаб қолишди. Ҳожар Сафо томонга юриб, бирор кишини кўриб қоларман, деб у ерда турдилар. Сўнгра Марва томонга юриб, у ерда ҳам турдилар, лекин ҳеч кимни кўрмадилар. Мана шу ҳолатда югуришда давом этдилар. Еттинчи югуришларида бир овоз эшитдилар. Қарасалар, бир фаришта қанотини қоқиб сув чиқарди. Ҳожар у сувдан ичиб, боласини ҳам эмизди. Маккага Яман томондан бир қабила келиб тушди. Бу қабила Журҳум дейиларди. Улар Аллоҳ хоҳлаганича Маккада туришди. Каъбанинг ҳурматини топташганида замзам суви тўхтаб қолди. Асрлар ўтиши билан бирор киши билмайдиган даражада йўқ бўлиб кетди. Набий алайҳиссалом боболари Абдулмуталлиб кечаларнинг бирида туш кўрдилар. Унда бир овоз замзам сувини кавлаб олишни буюрди. Абдулмутталиб қудуқни кавлагандилар, сув кўринди. Бу сувдан барча киши ичиши мумкин эди. Демак, ҳожиларни сув билан таъминлаш иши Абдулмутталиб зиммаларида бўлиб, кейин Аббос ибн Абдулмутталибга ўтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага фатҳ куни иқрор бўлдилар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замзам олдига келганларида одамлар сув билан у ердагиларни таъминлаётган эдилар. Шунда у зот: «Ишлайверинглар, сизлар яхши иш устидадирсиз», дедилар. Сўнг яна: «Агар қаршилик қилмасангиз, туядан тушиб, арқонни елкамга қўйиб, мен ҳам сув тортишар эдим», дедилар (Бухорий).
1953 милодий – 1373 ҳижрий йилгача қудуқдан сув челак воситасида чиқарилар эди. Мазкур йилдан кейин насос воситасида ҳовузларга ва ҳовузлардан қудуқ биносининг атрофидаги жўмракларга чиқарилди.

Қудуқ ҳақида

Замзам қудуғи Каъбадан 21 метр нарида жойлашган. Замзам ҳақидаги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қудуқни тўлдирувчи булоқлардан 11 литрдан то 18,5 литргача сув бир сонияда тортиб олинади. Демак, бу бир дақиқада 60х11=660 литр, бир соатда 660х60=39600 литр ва ҳоказо сув деганидир. Тўлдирувчи булоқнинг ҳажарул-асвад томонидан узунлиги 75 см, баландлиги 30 см ҳажмдаги тешиги бор. Мана шу тешикдан энг катта миқдордаги сув отилиб чиқади. Микбарийя томонда яна бир тешик бўлиб, узунлиги 70 см, баландлиги 30 см. Сафо ва Марва томонда бошқа кичик тешиклар ҳам бор.

Қудуқ ҳақидаги қўшимча маълумотлар

Матоф остидаги қудуқ тешиги 1 метр-у 56 см.
Тешикдан бошлаб қудуқнинг чуқурлиги 30 метр.
Тешикдан сув кўлами чуқурлиги 4 метр.
Тўлдирувчи булоқларнинг чуқурлиги 13 метр.
Булоқдан унинг қаъригача 17 метр.
Ёни 1 метр-у 46 см билан 2 метр-у 66 см оралиғидадир.

Қудуқ биносининг бузилиши

Замзам қудуғи устини 8 метр-у 3 см х 10 метр-у 7 см – ҳаммаси бўлиб 88 метр-у 8 см ҳажмдаги бино ўраб турар эди. Ушбу бино 1381-1388 ҳижрий йиллар орасида матофни кенгайтириш мобайнида бузилиб, матоф остидаги совутилган Будрумга – ярим ертўлага замзам сувини ичиш ўрни кўчирилди. Ушбу ярим ертўлага 23 та зина билан тушилади. У ерда эркаклар ва аёллар кирадиган жой ажратиб қўйилган. Ҳаммаси бўлиб 350 та жўмрак бор. 220 та жўмрак эркаклар хонасида, 130 та жўмрак аёллар хонасида жойлашган. Қудуқни тўсиқ ойна ичидан кўриш мумкин.

Замзам сувининг фазилати ва хусусиятлари

Замзам суви жаннат булоқларидан бир булоқ, жаннат меваларининг энг афзали бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом дуолари туфайли Аллоҳ уни ато қилган. Бу сув ободонлаштиришга, Маккаи мукаррамада ҳаёт давом этишига сабаб бўлиб, ҳарамдаги энг очиқ-ойдин мўъжиза ва Байтул-ҳарамдаги манфаатли неъматларнинг энг буюгидир. Бу ер юзидаги энг яхши сувдир. У Жаброил алайҳиссалом воситаларида зоҳир бўлган, ер юзидаги энг муқаддас булоқ. Кўп марта Муҳаммад алайҳиссалом қалблари ювилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу сувда муборак тупуклари билан барака ҳосил бўлишига сабабчи бўлганлар.
Бу сув таомларнинг таоми ва барча дарднинг давосидир. У бош оғриқни кетказиб, кўз нурини равшанлаштиради. Яхшиликни ният қилиб у сувдан ичилса, Аллоҳ бу тилакни тўла-тўкис қилиб беради. Ундан тўлғазиб олиш иймон аломати ва нифоқдан четланишдир. Бу сув яхшиларнинг шароби ва туҳфа ҳамда меҳмондорчиликнинг энг афзалидир. Бу сув билан жисм қувватни ҳосил қилади. Кўп ичиш билан тугаб қолмайди. Мана беш минг йил ўтибди ҳамки, ер юзидаги қудуқ сувларининг энг қадимийсидир.

Замзам сувини ичиш одоблари

Замзам сувини ичувчи киши идишни ўнг қўлида ушлаб, қиблага юзланиб, «Бисмиллаҳ…»ни зикр қилиб, хоҳ тик туриб ёки ўтириб, ичиш мобайнида уч марта нафас олиб, ундан тўйиб, ичиб бўлганидан кейин Аллоҳга ҳамд айтиб, дунё ва охират яхшиликларини дуо қилиб сўраши маҳбуб амалдир. Чунки бу ижобат бўладиган вақтлардир.

Замзам суви бирлашмаси

1415 ҳижрий йили Макка шаҳрида ушбу бирлашма тузилди. У сувни қудуқдан темир бетонли ҳовузларга кўчирувчи анжомлар билан бойитилган. Бу ҳовузларнинг кенглиги 15.000 метр. У олий ҳовузга боғлиқ бўлиб, олий ҳовузнинг вазифаси идишларга сувни томдириб қуйиб бериш, машиналар ёрдамида мамлакатнинг турли жойларига, хусусан, Масжидул-набавияга етказиб беришдир.

Сафо, Марва, Масъа

Сафо – кичик тоғча бўлиб, саъй қилиш ана шу ердан бошланади. У жанубий томонда шарққа яқин бўлиб, Каъбадан 130 метр узоқликда жойлашган. Унинг устига айланма, қуббасимон шифт ёпилган. Бу ернинг зикри қуйидаги оятда келтирилган: «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир» (Бақара сураси, 158-оят).
Сафо тепалиги буюк тарих давомида кўплаб ҳодисаларга гувоҳ бўлган. Булардан биринчиси – Сафо тепалигидаги даъват. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб: «Эй (инсонлар), тонг отди», дедилар. Қурайш у ерда тўпланган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни иймонга, тавҳидга, рисолатга чақириб, дўзахдан огоҳлантирдилар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Яқин қариндошларингизни (дўзахдан) огоҳлантиринг» ояти нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига кўтарилиб: «Эй Бани Фиҳр! Эй Бани Адий!» деб Қурайш қабиласига нидо қилгандилар. Улар тўпланишди. Бу чақириққа келишга имкони йўқлар нима бўлганини билиш учун элчи юборишди. Абу Лаҳаб ва Қурайш жамоаси етиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мен сизларга мана бу водийга отлиқлар келиб, сизларга ҳужум қилмоқчи, десам, менга ишонасизларми?» дедилар, улар: «Ҳа, ишонамиз, чунки сендан ёлғон содир бўлганини ҳеч билмаймиз. Сен фақат рост сўзлайсан», дедилар. Бу сўзларни Абу Лаҳаб эшитиб туриб: «Доим қўлинг қурисин», деган эди, қуйидаги оят нозил бўлди: «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! Аниқки, у қуриди – ҳалок бўлди. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ. Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини ҳам ловуллаб турган алангали дўзахга киражак» (Масад сураси, 1-5 оятлар) (Имом Бухорий ривояти).
Иккинчи воқеа Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Роббингиздан Сафо тепалигини биз учун олтин қилиб беришини сўраб дуо қилинг, шундагини иймон келтирамиз», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чиндан ҳам иймон келтирасизми?» дедилар. Шунда улар: «Ҳа», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг айтганларини қилиб дуо қилгандилар, Жаброил алайҳиссалом келиб: «Роббингиз сизга салом айтди. Агар хоҳласангиз, уларга Сафони олтин қилиб берар экан. Кимда-ким олтин қилиб берганидан кейин куфр келтирса, ўша кишини шундоқ азоблайман, – дедики, – оламда ҳеч кимни у даражада азобламайман. Агар хоҳласангиз, уларга тавба ва раҳмат эшикларини очиб бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тавба ва раҳмат эшикларини очгин», дедилар. Бошқа ривоятда қуйидаги оят нозил бўлди, дейилади: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни қайтарган нарса фақат аввалги умматлар у мўъжизаларни кўргач, иймон келтириш ўрнига уларни ёлғон, деганларидир» (Исро сураси, 59-оят).
Учинчи воқеа Абу Жаҳлнинг ҳазрат Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонлик қилиши ҳақидадир. У Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида Сафодалик пайтларида келиб, у зотга озор берди. Кейин тош билан уриб бошларини ёрди. Қон эса бошларидан оқди. Бу воқеадан Ҳамза ибн Абдумутталиб хабардор бўлиб, Каъба олдида Қурайш жамоаси ичида турган Абу Жаҳл олдига келди-да: «Сен менинг жиянимни сўкяпсанми? Ахир мен унинг динидаман-ку», дедилар, кейин камонлари билан уриб ундан шовуллатиб қон оқиздилар.
Тўртинчиси – ваъдалашилган жой Сафодир. Ислом давлати муваффақият қозонганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этиш учун келдилар ҳамда Холид ибн Валид ва у билан бирга бўлганларни Макканинг пастки томонидан кириб, Сафо тепалиги олдида тўпланишга буюриб: «Ваъдалашилган жой Сафодир», дедилар («Саҳиҳи Муслим»).
Бешинчиси – дуо ва шукр жойидир. Макка фатҳидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрга юзланиб, кейин Каъбани тавоф қилдилар. Тавоф тугаганидан кейин Сафога келиб кўтарилдилар, Каъбага қараб қўлларини кўтариб Аллоҳга ҳам айтдилар, хоҳлаганларича дуо қилдилар («Саҳиҳи Муслим»).
Олтинчиси – авф ва омонлик жойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафода турганларида ансорлар келиб, Сафони ўраб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Абу Суфён ҳовлисига кирса, у омондир. Ким қуролини ташласа, у омондир. Ким эшигини беркитиб олса, у омондир…», дедилар («Саҳиҳи Муслим»).
Еттинчиси – Исломга кириш жойидир. Маккадан Набий алайҳиссаломни чиқариб, у зотга озор бериб курашган кишилар Аллоҳнинг тавҳидига гувоҳлик бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларини эътироф этиб, Исломга киришга байъат қилиш учун Сафога тўпланишди. Бундай иш содир бўлгани учун Аллоҳга аввалдану охирида ҳамд бўлсин.
Абу Суфённинг хотини Ҳинд Қурайш аёллари билан Исломга байъат қилиш учун келганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигида эдилар. Умар розийаллоҳу анҳу эса аёлларга байъат нима эканини таълим берардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлардан Аллоҳга бирор нарсани шерик келтирмасликка байъат олганларида, Ҳинд: «Билдимки, агар Аллоҳга бирор нарса шерик қилинса, У биздан беҳожат бўлар экан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўғирлик қилмасликка байъат қилинглар», деганларида, Ҳинд: «Ҳур аёл ҳам ўғирлик қиладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино қилмасликка байъат беринглар», деганларида, Ҳинд: «Эй Аллоҳнинг расули! Ҳур аёл ҳам зино қиладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликда осийлик қилмасликка байъат беринглар», деганларида, Ҳинд: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, даъват қилаётган нарсангиз мунча ҳам яхши ва олиҳиммат», деди.
Саккизинчи воқеа – Даббатул арзнинг чиқиши. Аллоҳ таоло: «Қачон (кофирларнинг) устига сўз – азоб тушганида (яъни, қиёмат яқинлашиб қолганида) Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар», деб айтган (Намл сураси, 82-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш мағрибдан чиқиши ҳамда Дажжол ва Даббанинг зоҳир бўлишидан олдин (яхши) амалларни қилиб қолишга шошинглар», деганлар.
Энди бу Дабба (жонивор) қайси макондан чиқиши ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар: «Маккадаги Сафо тепалигидан», дейишган. Яна баъзилар: «Абу Қабис тоғидан чиқади», дейишган. Баъзилар эса: «Масжидларнинг энг буюги, ҳурматлиси ва шарафлисидан чиқади», дейишган. Хулоса қилинадиган бўлса, юқоридаги учта сўз бир-бирига яқиндир. Чунки Сафо Абу Қабис тоғининг аслидандир. У масжидларнинг энг буюги Масжидул-ҳарамдадир.

Марва

У оқ қаттиқ тошдан бўлган кичик тоғдир. Ушбу тоғ Каъбанинг рукнуш-шомийидан 300 метр узоқликда, шимолий-шарқий томонда жойлашган. У ҳаж маросимларидан бири бўлиб, саъй қилинадиган ернинг шимолий ниҳоясидир.
Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ буюрган маросимлардандир», деб айтган (Бақара сураси, 158-оят).

Саъй қилинадиган ўрин

Бу Сафо ва Марва оралиғида узун масофадир. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ҳаж ва умра маносикларидандир. Бу отамиз Иброҳим алайҳиссалом, Исмоилнинг оналари Ҳожарнинг суннатларидан. Аллоҳ бизга буни амр қилган. Набиййимиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни бажарганлар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот: «Иброҳим алайҳиссаломга ҳаж маносиклари амр этилганида саъй қилинадиган ўринда шайтон дуч келиб қолди. Улар мусобақа ўйнашган эди, Иброҳим алайҳиссалом ўзиб кетдилар», дедилар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилинган бошқа ривоятда келтирилишича, кейин Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар ва ўғли Исмоилни олиб, Маккага келдилар. Ҳожар Исмоилни эмизардилар. Уни масжид тепасидаги замзам устида чўзилган жойга қўйдилар. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, бирор сув ҳам йўқ эди. Иброҳим алайҳиссалом икковини бир идишда хурмо ва сув билан у ерда қолдирдилар. Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом йўлга тушдилар. Исмоил онаси Ҳожар у зотга яқинлашиб: «Эй Иброҳим, ҳеч кимсасиз водийда бизни қолдириб қаерга кетмоқдасиз?» деб бир неча марта айтсалар ҳам, индамадилар. Ҳожар: «Аллоҳ сизга бу нарсани буюрдими?» деганларида Иброҳим алайҳиссалом:: «Ҳа», дедилар. Ҳожар: «Ундай бўлса, Аллоҳ бизни зое қилиб қўймайди», деб қайтиб кетдилар. Иброҳим алайҳиссалом йўлларида давом этиб, Санийя деган жойга келдилар. Ҳеч ким кўринмайдиган маконда Каъбага юзлари билан юзланиб, қўлларини кўтариб қуйидагича дуо қилдилар: «Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, улар намозни тўкис адо қилсинлар, деб шундай қилдим. Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни барча мевалардан баҳраманд этгил. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).
Ҳожар ўғиллари Исмоилни эмиздириб, идишларидаги сувдан ичиб юргандилар. Бир куни у сув тугаб, ўзлари ва ўғиллари чанқаб қолишди. Ўғилларига қарасалар, у беҳад типирчилар эди. Ҳожар буни кўриб чидолмай, йўлга равона бўлдилар. Сафо тепалиги турган ерларига энг яқин жой эди. Ўша ерда туриб, бирор кишини кўриб қолармикинман, деб водийга юзландилар. Аммо бирор кишини кўрмадилар. Сўнг Сафодан туша бошладилар. Водийга етиб келиб, кўйлакларининг бир томонини кўтариб, бир оз тез югуриб водийни кесиб ўтдилар. Кейин Марвага келиб, у ерда ҳам бирор кишини кўриб қолармикинман, деб турдилар. Шу алфозда етти марта Сафо ва Марва орасида лўкиллаб югурдилар. (Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу Сафо билан Марва оралиғидаги одамларнинг ҳаракат қиладиган ҳолатидир», дедилар.) Ҳожар охирида Марвага етиб келганларида «Жим бўл!» деган овозни эшитдилар. Бу чақириқ Ҳожарга буюрар эди. Ҳожар яна қулоқ тутиб кўриб, овозни аниқ эшитдилар. Ва: «Агар сенда ёрдам бўлса, ҳақиқатда эшитдим», дедилар. Қарасалар, замзам ўрнида бир фаришта қаноти билан ниманидир қидирар эди. У шундай ҳаракат қилар экан, сув кўриниб ҳавза бўла бошлади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам агар Сафо билан Марва оралиғини тавоф қилсалар, Батнул масил деб номланган жойда саъйни тезлатиб бажарардилар. Бундай саъй қилинадиган жойга икки яшил байроқ билан белги қилиб қўйилган.
Жобир розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажлари қуйидагича ривоят қилинади. Кейин у зот Сафо томонга чиқиб унга яқинлашдилар-да: «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ буюрган маросимлардандир» (Бақара сураси, 158-оят), деган оятни ўқидилар. Сўнг: «Аллоҳ бошлагин, деган жойдан бошлайман», деб Сафодан саъйни бошлаб, то Каъбани кўргунларича кўтарилдилар. Қиблага юзланиб, Аллоҳга такбир айтиб, Уни якка, деб қуйидаги дуони ўқидилар: «Ла илаҳа иллаллаҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайъин қодир. Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу анжаза ваъдаҳу ва насора ъабдаҳу ва ҳазамал аҳзоба ваҳдаҳу».
Унинг ўртасида уч марта ана шу дуони такрорладилар. Кейин Марвага тушиб, Батнул водийга етганларида саъй қилиб, кўтарилганларида оддий юрдилар. Шу тариқа Марвага келдилар. Марвада ҳам Сафода бажарган амалларини қилдилар («Саҳиҳи Муслим»).

Бақара сурасининг 158-ояти нозил бўлишининг сабаби

Аҳли китоблар айтишларича, Исоф ва Ноила Каъбада зино қилиб, икки тошни силашди. Исоф Сафога, Ноила Марвага одамлар ибрат олиши учун боғлаб қўйилди. Улар кўп муддат туришгач, у ерда ибодат қила бошлашди. Исломда шу сабабли Сафо ва Марва орасида саъй қилинади, деб таъна қилишди. Жоҳилият аҳли бутлари сабаб ана шу боис саъй қилишади, дейилганида мусулмонлар Сафо ва Марва орасида саъй қилишдан тўхтаб қолишди. Шунда Аллоҳ таоло «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ буюрган маросимлардандир» оятини нозил қилди (Бақара сураси, 158-оят).

Саъй қилинадиган жойдаги ислоҳотлар

Саъй қилинадиган ер эгри, нишаб, пастлаб ва кўтариладиган макон эди. Уни ислоҳ қилиш ва текислаш тарих давомида аста-аста бўлди. Ниҳоят бугунги кундаги ғоятда чиройли, тоза макон юзага келди. Устига шифт ёпилиб, икки қават қилиб қурилди. Илгари масжид билан саъй қилинадиган макон ўртасида бино ҳамда қадим замонлардан бери бозор бор эди. Атрофида эса дўконлар мавжуд бўлган.
Саъй қилиш эса бозорнинг ўртасида бўлар эди. Саъй қилишнинг осон бўлиши учун Саудия ҳукумати бу макондаги дўконларни бузиб Масжидул-ҳарамга қўшишга, бир иморатга жойлаштириб, икки қаватли қилиб қуришга, у ерни текислаб мармар ётқизишга амр қилди.
Саъй ўрни Сафо тепалигининг охиридаги деворидан бошлаб Марва тепалигининг охирги деворигача 394,5 метр узунликдадир. Эни эса 20 метрдир. Демак, жами масофа 394,5х20=7890. Иккинчи қаватни қўшсак, 15780 метр. Пастки қаватнинг баландлиги 11,75 метр. Юқори қаватники эса 8,5 метр. Сафо билан Марва ўртасида пастки қаватга кириш ўрни бор бўлиб, юқори қаватга эса ичкаридан иккита оддий зина мавжуд. Бири Сафо олдида, иккинчиси Салом эшиги олдида жойлашган. Ва яна юқори қаватга чиқиш учун Сафо ёнида кўтарилувчи қурилма ва унга қўшимча эскалатор ҳам бор. Устунлар ўртасидаги дарчаларга эгилувчан темирлардан деразалар ўрнатилган. Сафо ва Марва оралиғидаги масжидга кирувчи ва чиқувчилар учун юқорида еттита кесувчи йўл қилинган. Бу саъй қилиш мобайнида кириб-чиқувчилар халал бермаслиги учун мўлжалланган. Пастки қисм иккига бўлиб қўйилган. Биринчи қисм Марва томонга борувчиларга, иккинчи қисм ундан қайтувчиларгадир. Бу икки қисмнинг ўртасида ногирон ва қариялар араваси юриши учун махсус йўл қурилган. Бино тўла совутгич билан таъминланган. Эркакларга саъй мобайнида икки яшил байроқчага етиб келганида бироз тезлаб югуриш суннат амалдир. Ана шу жойга чизиқ ҳамда яшил лампалар билан белги қилиб қўйилган. 1417 ҳижрий йили Марва қаршисидаги шимолий майдон бир хил қилиб текисланди. Саъй тугаганидан кейин чиқиш учун эшиклар ўрнатилди. Шунингдек, иккита кўприк ҳам қурилди. Бири юқориги қаватга кўтарилиш учун, иккинчиси тепа қаватдан кўчага чиқиш ва кўчадан кириш учундир.

Масжидул-ҳарам

1. Масжиднинг кенгайтирилиши.
2. Сауд оиласининг аввалги кенгайтириши.
3. Сауд оиласининг иккинчи кенгайтириши.
4. Масжид саҳнаси.
5. Масжид эшиклари.
6. Масжид меъзаналари.
7. Ҳар турли хизматлар.

Масжидул-ҳарам ҳақида

У Каъба атрофи, матоф ҳамда намозга тайёрлаб қўйилган саҳнадир. Тарих давомида то Умар ибн Хаттобдан бошлаб икки шарафли ҳарам ходими томонидан кенгайтирилган ўринларни ўз ичига олади.

Масжидул-ҳарамнинг фазли

Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, биринчи бўлиб қайси масжид ер юзига қурилган?» десам, у зот: «Масжидул-ҳарам», дедилар. Кейингиси қайси эканлигини сўрасам, у зот: «Масжидул-ақсо», дедилар. Икковининг ўртасидаги қурилиш муддати қанчалигини сўрасам, у зот: «Қирқ йил», дедилар» («Саҳиҳи Муслим»).
Ибн Қайюм: «Масжидул-ақсонинг бино қилиниши, деб Исҳоқ алайҳиссалом бунёд этган бино назарда тутилган. Кейин Сулаймон алайҳиссалом уни янгилаганлар», деб айтдилар («Зодул маъод»).
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг масжидимда ўқилган намоз бошқа масжидда ўқилган намоздан минг марта афзалдир. Лекин Масжидул-ҳарам ундай эмас. Чунки Масжидул-ҳарамда ўқилган намоз бошқа масжидда ўқилган намоздан юз минг марта афзалдир», деганлар («Сунани Ибн Можа»).
Масжидул-ҳарамдаги намознинг фазилати бошқа барча масжидлардагига қараганда 55 йил, 6 ой, 20 кечага тўғри келади. Бундан ташқари шуни ҳам билишимиз керакки, бу зиёдалик қазо намозларининг ўрнини босмайди. Агар иккита қазо намози бўлса-ю, Масжидул-ҳарамга кириб намоз ўқиса, улар адо этилмаган бўлади. Фақат ўқиган ўша намозининг ўрнини босади.

Каъба атрофида сафларнинг идора қилиниши

Илгарилари одамлар мақоми Иброҳим орқасида имом билан бирга намоз ўқишар эди. Бу томон намоз ўқувчиларга торлик қилиб қолганида 120 ҳижрий йили вафот этган Макка волийси Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қусрий Каъба атрофида айланасига саф тортишни жорий қилди. Бу ишга тобеъинлардан кибор фуқаҳолар ва бошқа салафи солиҳ уламолар рози бўлишди. Ва бу ҳозиргача шундай давом этиб келмоқда.
Ибн Журайж Ато розийаллоҳу анҳуга: «Агар Масжидул-ҳарамда одамлар камайиб қолса, мақомнинг орқасида намоз ўқишни яхши кўрасизми ёки Каъба атрофида бир саф бўлишними?» деганларида, Ато: «Каъба атрофида бир саф бўлишни», деб қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «(Эй Муҳаммад), сиз (ўша Кунда) фаришталар арш атрофини ўраб олган ҳолларида…» (Зумар сураси, 75-оят).
Бу ерда қуйидаги нарсага ишора қилмоқ керакки, Байтуллоҳда намоз ўқиётган киши тўппа-тўғри Каъбага юзланмоғи вожиб. Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинганидек, у зот: «Мағриб билан машриқ ўртасида қибла бор. Лекин Байтуллоҳда ундай эмас», деганлар.
Ибн Абулҳусайн: «Каъба масжид аҳлининг қибласидир. Масжид эса ҳарам аҳлининг қибласидир», деганлар.
Сауд оиласининг аввалги ва иккинчи кенгайтириши жараёнида Будрум, устки қисм, саъй қилинадиган ўрин ва Масжидул-ҳарам атрофидаги майдон жиҳозланди. Чунки барча намозхонлар учун Масжидул-ҳарамни кўриш, Каъбага чегара бўлган ўринларга юзланиш қийин эди. Мана шу ноқулайликнинг олдини олиб, Саудия ҳукумати қироли Каъба атрофидаги сафларнинг тўғри бўлиши учун ерга ётқизилган тошларга доирасимон чизиқ чиздирди.

Масжидул-ҳарам ичида намоз ўқувчилар олдидан ўтишнинг ҳукми

Доктор Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ал-Жибрийн мана шу унвон остида бир рисолача ёзиб, бу мавзуда уламолар фикри ва далилларини келтирдилар. Ана шу китобдаги маълумотларни қисқа ҳолда келтирамиз.
1. Намоз ўқувчи сутраси орқасидан ўтиши жоиз.
2. Имомга эргашувчилар олдидан ўтиш жоиз.
3. Матоф чеккасида намоз ўқувчилар олдидан бир неча киши ўтиши жоиз.
4. Сажда қилинадиган ўриндан, яъни 1 метр ва чорак метр атрофида намоз ўқувчини олдидан ўтиш жоиз.
5. Масжид йўлида ва кириладиган жойда намоз ўқиётган бўлса, ўтиш жоиз. Чунки бу ўринда намоз ўқиш афзал бўлгани учун ўтиши ҳаром эмас.
6. Имомнинг ва якка ўқувчининг сажда ўрнига кирувчи макони олдидан ўтиш жоиз эмас. Лекин жуда зарурий иши бўлса жоиз. Бунга сабаб ҳадисда намоз ўқувчининг олдидан ўтиш ман этилгани Масжидул-ҳарамда ҳам ман этилади, деб айтилган далил кучли бўлмагани учундир. Чунки ҳадисда «Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи киши ўша ўтиши қандай ёмон иш эканини билганида эди, қирқ (йил, ой, ҳафта) тўхтаб туриши намоз ўқувчининг олдидан ўтганидан яхшироқ (эканини биларди)», дейилган.

Ислом тарихи мобайнида Масжидул-ҳарамнинг кенгайтирилиши

1. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу қўшимча қилишлари – 17 ҳижрий/639 милодий.
2. Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу қўшимча қилишлари – 26 ҳижрий/648 милодий.
3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розийаллоҳу анҳу қўшимча қилишлари – 65 ҳижрий/685 милодий.
4. Валид ибн Абдулмалик қўшимча қилишлари – 91 ҳижрий/709 милодий.
5. Абу Жаъфар ал-Мансур Аббосий қўшимча қилишлари – 137 ҳижрий/755 милодий.
6. Муҳаммад ал-Маҳдий Аббосий қўшимча қилишлари – 160 ҳижрий/777 милодий.
7. Муътазид Аббосий қўшимча қилишлари – 284 ҳижрий/897 милодий.
8. Муқтадир Аббосий қўшимча қилишлари – 306 ҳижрий/918 милодий.
9. Малик Абдулазиз қўшимча қилишлари – 1375 ҳижрий /1955 милодий.
10. Икки ҳарам ходими қўшимча қилишлари 1409 ҳижрий /1988 милодий.
Келгуси саҳифаларда Умар ибн Хаттоб ва Маҳдийнинг қўшимча қилишлари аҳамиятли бўлгани учун қисқа баён қилиб ўтамиз. Бундан ташқари Усмонийлар қурган бино ҳамда Саудларнинг аввалги ва иккинчи кенгайтиришлари ҳақида ҳам сўз юритамиз.

Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳунинг Каъба атрофини кенгайтиришлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда Абу Бакр розийаллоҳу анҳу даврларида Масжидул-ҳарам атрофида девор бўлмаган. Чунки ҳар томондан ҳовлилар ўраб турар эди. Умар ибн Хаттоб даврларида бу ер тор бўлиб қолди. Шунда у зот масжидни кенгайтириши мақсадида ҳовлиларни сотиб олдилар. Баъзилар ҳовлиларини сотишни истамаганида уларга қарата: «Сизлар Каъба олдига кўчиб тушгансизлар. У сизлар устингизга кўчиб келмаган. Мана шу йўқ қилинишига асосий сабаб», дедилар. У зот бу уйларнинг маблағини Каъба хазинасидан ажратганларида уй эгалари уни олишди. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу биринчи бўлиб масжид атрофига девор қуриб, дарвоза ўрнатган ҳамда ерга биринчи бўлиб тош ўрнатган зотдирлар.

Халифа Маҳдий (Каъба атрофини) кенгайтиришлари

Масжидул-ҳарамни шарқий, шимолий ва ғарбий томондан кенгайтириш ишлари амалга оширилди. Лекин жанубни Иброҳим водийси томонда сел йўли бўлгани учун кенгайтирмади. Ана шунда Каъба масжиднинг ўртасига тўғри келмади. 169 ҳижрий йили Аббосийлар халифаси Маҳдий масжидни кенгайтириб, Каъбани унинг ўртасида қолдиришга амр қилди. Муҳандислар водий йўли борлиги учун кўп мол-дунё кетишини хабар беришди. Халифа Маҳдий: «Бундай кенгайтиришни албатта амалга ошираман. Агар бу ўзгартиришга Байтулмолдаги мусулмонларнинг барча молини сарф қилиб бўлса ҳам», деди. Ва ниҳоят бу режани амалга оширди. Бу айтилган сўзлар бино жуда чиройли ҳолатда амалга оширилганига далолат қилади. Ушбу бинонинг қолдиқлари 810 йил (яъни, 169 ҳижрий/785 милодийдан бошлаб 979 ҳижрий/1571 милодийгача) тик турди. Ҳозирги кунимизгача масжиднинг жанубий томонида ўша бинонинг устунларидан бир нечтаси қолган. Унда тарихий ёзув бор.

Усмонлилар қурган бино

979 ҳижрий/1571 милодий санада Каъба ёнидаги Қойитбой мадрасаси хароб бўлиб қолгани сабабли шарқий пешайвон устида ёриқ пайдо бўлди. Султон Сулаймон Қонуний масжидда буткул қурилиш олиб боришни амр қилди. 980 ҳижрий/1572 милодий йили иш бошланди. Ўғли Султонмурод даврида, яъни 984 ҳижрий/1576 милодий йили қурилиш тамомланди. Шу ерда бир нарсага ишора қилиш керакки, ўшанда масжид саҳнаси кенгайтирилмаган. Усмонлилар матоф атрофига қурган бу бино 440 йил вақт яшади.

Саудлар давридаги Масжидул-ҳарам

Подшоҳ Абдулазиз 1344 ҳижрий/1925 милодий йили Масжидул-ҳарамда ислоҳ талаб этган барча ўринларда қурилиш олиб бориш учун фармон қабул қилди. Яна саъй қилинадиган ерга тош ётқизиш, шифтини янгилаш, саҳнадан тўсиб турувчи нарсаларни олиб ташлаш ва матофни кенгайтиришга амр этди. Ҳамда лозим бўлган таъмир ишларини ҳам олиб борди. Шуни билиш керакки, 306 ҳижрий/918 милодий санадан бери масжид ҳеч қандай кенгайтирилмаган. Масжид фақат 50 минг намозхонни ўзига сиғдира оларди, холос. Лекин ҳаво, денгиз, қуруқликдаги нақлиёт воситалари ривожланганидан кейин ҳамда Саудия ҳукумати сояси остида хавфсизлик таъминланганидан сўнг ҳожилар сони кўпайиб, масжид торлик қилиб қолди. Подшоҳ Абдулазиз 1368 ҳижрий/1948 милодий санада икки шарафли ҳарамни кенгайтиришга бел боғлаганини эълон қилди. Ва у ҳақда лозим бўлган тадқиқотларни олиб борди. Бу қурилиш 1373 ҳижрий/1953 милодий санада подшоҳ вафот этганидан кейин ҳам давом этди.

Саудларнинг аввалги кенгайтириши

Кенгайтириш иншоотига лозим бўлган тадқиқотлар олиб борилганидан кейин 1375 ҳижрий/1955 милодий йили подшоҳ Сауд Абдулазиз даврида иш бошланди. Ушбу кенгайтириш ишлари 20 йил давом этди. 1 миллиард риёл маблағ сарф қилинди. Бу ишга 55 мингдан кўпроқ ишчи ёлланди.

Саудларнинг шу билан бирга томни кенгайтириши

Икки шарафли ҳарам ходими томни намоз учун жиҳозлаб қўйишга амр қилди. Яна овоз етказувчи ускуналар, ёруғлик ускуналари, сув таъминловчи идишлар ва ҳар томонга эскалаторлар билан жиҳозланди.
Бу ишлар 1406 ҳижрий/1986 милодий санада амалга оширилди. Унга 300 милён риёл сарф қилинди. Томни кенгайтириш билан гўё масжидга тўла яна бир қават қўшилгандек бўлди. Томнинг масофаси 42 минг метр бўлиб, тиқилинч пайтларда 105 минг намозхонни сиғдиради.

Икки ҳарам ходимининг олиб борган қурилиши ҳамда кенгайтириши

Икки ҳарам ходими Фаҳд ибн Абдулазиз 1409 ҳижрий/1988 милодий санада Масжидул-ҳарамда қурилиш ва кенгайтириш ишларини олиб бориш учун биринчи ғиштни қўйиб берди. Ушбу иш расмий ҳолатда 1413 ҳижрий/1993 милодий санада ниҳоясига етди. Бу кенгайтириш умра эшиги билан подшоҳ Абдулазиз эшиги ўртасидаги бинодан иборатдир. Унинг асосий сатҳий масофаси 19 минг метр. У Будрум, остки йўлак, юқори йўлак ва томни ўз ичига олади. Намоз учун тайёрлаб қўйилган бинонинг умумий масофаси – 19000х4=76000 метр. Том тепасига биринчи қават йўлагини тўсиш учун учта гумбаз қурилди. Ҳар бир гумбаз масофаси 15х15=225 метр. Унинг баландлиги 13 метр. Биринчи қават ва томга кўтарилиш учун қурилган эскалатор учун ҳам икки бино қўшимча қилинган. Ҳар қаватдаги устунлар сони 530 тага етади. Пойдеворида ҳаво айланиб туриши учун туйнуклар бор.

Масжид атрофидаги майдон

Икки шарафли ҳарам ходими кўрсатмасига биноан Масжидул-ҳарамни ўраб турган майдонларни намоз учун тайёрлаб, ерига оқ, совуқ, доира шаклидаги мармар ётқизилди. Ҳамда кифоя қилгудек ёруғлик билан таъминланди.

Қўшимча маълумотлар

Шарқий саъй ўрнининг Қашошийядаги майдони 46 минг метр.
Кичик бозор майдони 28 минг метр.
Шом томон майдони 14 минг метр.
Майдонларнинг умумий масофаси 88 минг метр.
Майдоннинг сиғими 220 минг намозхон.

Саудларнинг аввалги ва иккинчи кенгайтириш мақсадидаги қурилишининг баъзи хусусиятлари

Будрумнинг баландлиги 4 метр.
Пастки қаватнинг баландлиги 9 метр-у 80 см.
Юқори қават 9 метр-у 64 см.
Ташқи томонларнинг баландлиги 20 метр-у 96 см.
Тўққизта миноранинг баландлиги 89 метр.
Кирувчи эшикларнинг умумий сони 95 та.
Эскалатор учун қурилган ташқи бинолар 7 та.

Масжидул-ҳарамнинг масофаси ва сиғдириш қуввати

1. Саудлар аввалги кенгайтиришидан олдинги масжиднинг масофаси 29 минг метр. Жами 29 минг метр. Сиғдириш қуввати (матофдаги бинолар бузилишидан олдин) 50 минг намозхон. Жами (матофдаги бинолар бузилишидан кейин) 72 минг намозхон.
2. Саудларнинг аввалги кенгайтиришида (Будрум + пастки + юқоридаги қаватлар) масофаси 131 минг метр, жами 160 минг метр, сиғдириш қуввати 327 минг намозхон, жами 399 минг намозхон.
3. 1406 ҳижрий санадаги аввалги кенгайтиришда томнинг намоз учун ҳозирланиши. Масофаси 42 минг метр, жами 202 минг метр. Сиғдириш қуввати 105 минг намозхон, жами 504 минг намозхон.
4. Саудларнинг иккинчи кенгайтиришида (Будрум + пастки + юқори қават + том) масофаси 76 минг метр, жами 278 минг метр, сиғдириш қуввати 190 минг намозхон, жами 694 минг намозхон.
5. Масжидни ўраб турган майдонларнинг намозга тайёрланиши. Масофаси 88 минг метр. Жами 660 минг метр. Сиғдириш қуввати 220 минг намозхон, жами 914 минг намозхон, тиқилинч, издиҳом пайтларда миллиондан кўпроқ намозхон.

Масжидул-ҳарамнинг эшиклари

Қурайш Каъбадаги матоф атрофини яшаш жойига айлантирганидан кейин матоф ва Каъбага кириш учун уйлар орасида очиқ-бўш жойлар қолдириб кетилган. Умар ибн Хаттоб Масжидул-ҳарамни кенгайтириш жараёнида масжид атрофига девор қурдириб, уларга эшик ўрнаттирдилар. Бу кенгайтиришилар тарих давомида зиёдалашиб, охири икки шарафли ҳарам ходими томонидан кенгайтирилганидан кейин эшиклар сони 95 тага етди. Унга Будрум, ер ости йўли, биринчи қават эскалатори, саъй қилинадиган ерларда ўтиш йўллари, Шом томондаги кўприклар ҳам киритилади. Бу эшик 1-рақамли подшоҳ Абдулазиз эшигидан бошланиб, икки шарафли ҳарам ходими кенгайтирган бинодаги 95-рақамли подшоҳ Абдулазиз зинаси номли эшик билан тугайди. Ва яна бунга қўшимча равишда охирги вақтларда очилган юқоридаги рақамлар силсиласига киритилмаган, саъйдаги Бани Шайба ёнида жойлашган, ўтишда кириш учун ўрнатилган эшик ҳамда Марвада очилган эшикни ҳам зикр этишни ўзимизга лозим топдик.

Масжидул-ҳарамнинг миноралари

Масжидул-ҳарам биносида 9 та минора бўлиб, ундан саккизтаси асосий кирилувчи тўртта дарвозада жойлашган. Улар:
1. Подшоҳ Абдулазиз дарвозаси.
2. Фатҳ дарвозаси.
3. Умра дарвозаси.
4. Подшоҳ Фаҳд дарвозаси.
Тўққизинчи минора саъй бошланадиган ўриндаги Сафо ёнига жойлашган. Барча минора 7 метр масофадаги пойдевор устига қурилган. Минора ўртасида айланма зина жойлашган бўлиб, эҳтиёж туғилганида балконга олиб борадиган йўлдир. Минора олти қисмга бўлинади. Унинг баландлиги қуйидагичадир:
Пойдевор баландлиги – 32 метр-у 35 см.
Биринчи балкон – 12 метр-у 15 см.
Икки балкон оралиғи – 19 метр-у 0,9 см.
Иккинчи балкон – 12 метр-у 26 см.
Қопқоғи – 7 метр-у 33 см.
Ой шакли – 5 метр-у 8 см.
Умумий баландлиги – 89 метр.

Эскалатор ҳақида

Икки шарафли ҳарам ходими даврида биринчи қават ва томда тавоф қилувчиларга қулай бўлиши учун эскалаторлар ўрнатилди. Улар масжид атрофининг етти жойига тақсимланган. Ўша эскалаторлар қуйидаги маконда жойлашган: Ажйод эшигида, Сафода, Марвада, Фатҳ эшигида, Шомийяда, Саудлар томонидан иккинчи кенгайтирилган бинонинг икки томонида. Буларнинг ҳар бири 375 метр масофада тўртта йўналиш билан жиҳозланган. Ҳар бир зина бир соат ичида 1500 кишини ташиш қувватига эга. Бунга қўшимча равишда масжид биноси ичида бир нечта лифтлар ҳам мавжуд.

Совутиш стансияси

Саудлар томонидан қурилган иккинчи кенгайтирилгандаги бинода, ер ости йўлида, саъй қилинадиган макондан бошланиб то 600 метр узоқликда, Масжидул-ҳарамдан бошлаб Ажйод кўчасигача ҳавони совутиш мақсадида энг замонавий совутгичлар ўрнатилган.

Ҳожатхоналар

Подшоҳ Абдулазиз эшиги тўғрисида, кичик бозор саҳнасида, ернинг остида икки қаватли эркаклар ва аёллар учун бино қурилган. Яна Марва майдони яқинида умумий 14 минг метр масофадаги икки қаватли бино бор. Ана шу бинолар ҳожатхонадир. Улар таҳоратхоналарни ўз ичига олиб, энг замонавий мармарлар билан безалган. Бу ерда яна кийимлар илиш учун ўринлар тайёрлаб қўйилган. Эркаклар ва аёллар учун алоҳида қурилган. Бу биноларга қўшимча равишда яна масжиднинг шомий томонида ҳам ҳожатхона мажмуаси қўшилган.

Сел сувларини бартараф қилиш

Масжидул-ҳарам бир водийда жойлашган бўлиб, узлуксиз равишда сел у ерга хавф солиб туради. Умар ибн Хаттоб ва у зотдан кейинги халифалар тарих давомида бу хатарни даф этишга кўп уриниб кўрдилар. Охири икки ҳарам ходими марказий минтақада ёмғир ва сел сувларини кетказиш, уларни оқизиб юбориш мақсадида ер сатҳидан 4 метр чуқурликда сув чиқиб кетувчи иншоотни барпо этишга буйруқ берди.

Машиналар учун туннел

Машиналари билан масжидга келганлар билан пиёдалар кесишган ўринда тиқилинчнинг олдини олиш ва Масжидул-ҳарам атрофида издиҳомни енгиллатиш мақсадида кичик бозор минтақасида машиналар учун ерости йўли бунёд этилди. Яна подшоҳ Абдулазиз эшиги майдонини намоз учун тайёрлаб, масжид атрофидаги майдонлар билан боғлаш ишлари ҳам амалга оширилди. Бу ер ости йўли ғарбдан Шабийка кўпригидан бошланиб, шарқдан Абу Қабис кўпригигача 1500 метр узунликда чўзилган. Унинг ёпиқ қисми 661 метр. Бу ер ости йўли икки алоҳида йўналишни ўз ичига олади. Биринчиси – Жиддадан ва Макка ғарбидан келувчилар кириши учун. Иккинчиси эса – Машоир ва Макка шарқидан келувчилар кириши учундир. Бунга қўшимча равишда 4 та машина тўхташ ўрни бунёд этилган. Намоз ўқувчиларни кўтариб-тушириб, кейин масжид майдонига кўчириш эскалатор ва оддий зиналар воситасида амалга оширилади. Ушбу ер ости йўли туннели чироқлар, ҳаво айлантиргич ва телевизор назорати билан ҳам жиҳозланган.

* * *

Мино
Хийф масжиди
Тош отиш жойи
Муҳассар водийси
Муздалифа
Машъарул-ҳарам масжиди
Арафот
Намра масжиди
Сахрот масжиди
Раҳмат тоғи
Арна водийси

Умму Салама розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Аллоҳ таоло арафа куни дунё осмонига тушиб, фаришталарига: «Менинг розилигим фазлини талаб қилгани сабаб сочи тўзиган кишини олиб келинглар. Эй арафа аҳли, гуноҳларингизни кечирдим», деб айтади» («Ахбор Макка лилфакиҳий»).
Арафа куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг кўп дуолари «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду биядиҳил хойру ъала кулли шайъин қодир» эди.

Мино

Мино қон тўкилгани учун шундай номланган. Баъзилар: «Одамлар у ерда тўплангани учун Мино деб номланган», дейишди. Араблар одамлар тўпланган жойни Мино деб аташади. Мино Макка билан Муздалифа оралиғида, Масжидул-ҳарамни шимолидан 7 км узоқликда, ер ости йўлидан 4 км узоқликда жойлашган. Ҳожилар зулҳижжа ойининг 9, 11, 12-кунлари шошилганлар тунашади. Аллоҳ бу ҳақда оят ворид қилган: «Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз. Ким икки кунда шошилиб зикрни тўхтатса, унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир» (Бақара сураси, 203-оят).
Бу жой ҳарам ҳудуди ичидаги маросим бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом у ерда тош отганлар, Исмоил алайҳиссалом ўрниларига қўчқор сўйганлар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тош отиб, видолашув ҳажи асносида қурбонлик қилганлар. Мусулмонлар ҳам тош отиб, қурбонлик сўйишган. Бу ерда Хайф масжиди ва уч тош отиш ўрни бор. Мана шу маконда ансорларнинг машҳур биринчи ва иккинчи ақаба байъати содир бўлган.
Видолашув ҳажи асносида шу маконда Наср сураси нозил бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу жойда тунаб, ташриқ куни ва кечаси намоз ўқиганлар. Ва қурбонлик қилганлар. У зот: «Мен мана шу ерда қурбонлик қилдим. Минонинг барча ерида қурбонлик сўйилур. Сизлар юкларингиз олдида тўхтаб қурбонлик сўяверинглар», деганлар. Яна ушбу маконда Мурсалот сураси нозил бўлган.
Саудия Арабистони ҳукумати ҳожиларга қулай шароит яратиш мақсадида бор кучини сарф қилиб, Минони текислаб, тоғ чўққисини тартибга келтириб, Минодаги шаръий минтақани кенгайтириш ишларини олиб борди. Бундан мақсад кўп миқдордаги ҳожиларни сиғдириш эди. Ва яна йўлларни тартибга солиш, кўприклар қуриш, ичимлик сувларини етказиб бериш, ёнғинга чидамли чодирлар ўрнатиш, таҳоратхона ва ҳожатхоналар қуриш, бепул муолажалар хизматини кўрсатиш, хавфсизликни таъминлаш, йўл ҳаракатини тартибга солиш ва бундан бошқа хизматлар йўлга қўйилди. Бундан ташқари Мино ҳудудини аниқлаш учун ҳар томонга йўл кўрсатувчи белгилар бор.

Пиёдалар учун йўл

Минога кетишда Масжидул-ҳарам билан Муздалифа орасига пиёдалар юриши учун йўл бунёд этилди. Ушбу йўлга соя соладиган нарсалар, ҳожатхона ва ичиш учун жўмраклар ўрнатилган. Йўлнинг эни 30 метр.

Хайф масжиди

Тоғ сатҳидан пастда, сел сувидан баландликда бўлгани учун Хайф масжиди деб номланган. Ушбу масжид Мино тоғининг жанубий ёнбағрида, кичик жамрага яқин жойда жойлашган. Ушбу масжид ўрнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан олдинги набийлар намоз ўқишган.
Язид ибн Асвад розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилдим. У зот билан бирга Хайф масжидида бомдод намозини ўқидим», деб айтдилар (Термизий ривояти).
Абдураҳмон ибн Муоз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Минода хутба айтдилар… Кейин муҳожирларга буюргандилар, масжиднинг олди томонидан тушишди. Ансорларга буюргандилар, масжид орқасидан тушишди. Бундан кейин қолган одамлар тушишди», дедилар («Сунани Абу Довуд»).
Тарих давомида мусулмон халифалари томонидан ушбу масжид аҳамиятли жой бўлган.
1407 ҳижрий/1987 милодий йили 90 милён риёл маблағ сарфланиб бино кенгайтирилган. Ушбу масжид биносининг 4 та минораси бор. 410 та совутгич, 1100 та вентилятор ўрнатилган. Бинонинг ёнида 1000 дан зиёд ҳожатхона, 3000 дан зиёд таҳорат қилиш учун жўмрак бор.

Мурсалот ғори

Мурсалот сураси ушбу ғорда нозил бўлгани учун шу ном билан аталди. Имом Бухорийнинг Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятларида келтирилишича, бу зот: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Минодаги ғорлардан бирида кетаётганимизда у зотга Мурсалот сураси нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тиловат қилардилар. Мен эса у зотнинг оғзиларидан чиқаётган нарсани эшитиб, қабул қилиб олар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари у сабабли нам бўлар эди…», дедилар.
832-ҳижрий санада вафот этган Ал-Фосий: «Ушбу ғор Минодаги машҳур ғорлардан бўлиб, Хайф масжидининг орқасида, Яман томондаги тоғ ёнида жойлашган. Бу сўзни халаф олимлари салаф олимларидан эшитиб асар қилиб келишган», дедилар.
Билодий: «Бу ғор жанубий ва ғарбий томондан масжидга ташриф буюрувчилар келадиган тарафда, Хайф масжиди билан Собиҳ тоғи оралиғида жойлашган. Минодаги машҳур ва маълум ғордир. Ушбу ғор Хайф масжидидан жанубга узунасига чўзилган ғорнинг устидадир» («Маъолиму Макка ат-Тарихийя»).

Тош отиладиган ўринлар

Учта тош отиладиган маносиклар ўрни Минода жойлашган: кичик тош отиш жойи, ўрта тош отиш жойи ва Ақаба (Қомусил муҳит).
Ҳаж амалларидан бири тош отишдир. Бундай амалдан мақсад Аллоҳнинг буйруқларига бўйин эгиш ҳамда отамиз Иброҳим алайҳиссаломга иқтидо қилишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Сизлар учун Иброҳимда гўзал намуна бордир», деб айтган (Мумтаҳана сураси, 4-оят).
Тош отишдан яна бир мақсад Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга иқтидо қилиш ва шайтонга адоватни изҳор қилиб қўйиш ҳамдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ҳаж амалларини мендан олинглар. Аллоҳ таоло: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар», деб айтган (Фотир сураси, 6-оят)». Бизлар тош устунига тош отаётганимизда шайтоннинг ғазабини келтириш, хўрлаш ва ҳақоратлаш бордир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келтирилишича, Иброҳим алайҳиссаломга ҳаж амалларини адо этиш буюрилганида Жаброил алайҳиссалом билан бирга Жамратул ақабага бордилар. Ушбу ерда шайтон кўринган эди, еттита майда тош отдилар, у қайтиб кетди. Жамратул вусто, яъни ўрта тош отиладиган ўринда ҳам кўринган эди, еттита майда тош отдилар («Мажмаъуз-завоид»). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни чошгоҳ маҳалда тош отдилар. Кейингисини эса қуёш заволга кетганидан кейин отдилар (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тош отиш ва Сафо-Марванинг орасида саъй қилиш Аллоҳ зикрини қоим қилиш учун амалга киритилди», дедилар (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажи асносида тош отадиган жойлар орасида қурбонлик куни қуйидагича хутба айтдилар: «Эй инсонлар, бу қайси кун?» десалар, саҳобалар ҳаром кун, яъни ов ва шунга ўхшаш нарсалар ҳаром қилинган кун, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу қайси шаҳар?» десалар, саҳобалар: «Ҳаром шаҳри», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу қайси ой?» десалар, саҳобалар: «Ҳаром ойи», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта бу кунингизда ҳаром бўлгани каби бошқа кунларда ҳам қон, мол ва обрўларингизга тажовуз қилиш ҳаромдир», деб бир неча марта айтдилар. Кейин бошларини кўтариб: «Аллоҳим етказдимми? Аллоҳим етказдимми? Бу ерда ҳозир бўлганлар кела олмаганларга етказсин. Яна мендан кейин баъзиларингиз баъзиларингиз гарданига қилич уриб, диндан қайтиб кетмасин», дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Тош отиш устунчалари

Уч ҳавза ўртасидаги мавжуд устунлар шайтон зоҳир бўлганида Иброҳим алайҳиссалом тош отган маконларига аломатдир. Лекин устунлар атрофидаги ҳавзалар одамлардан заҳматни енгиллатиш, тош отиш доирасини кенгайтириш ва отилган тошларни бир маконда жамлаб олиш мақсадида 1292 ҳижрий санадан кейин қурилган. Бу маконни кўрган кишида Жамратул ақаба ҳавзаси бир томондан қурилган экан-да, деган фикр туғилади. Бунга сабаб авваллари ана шу Жамра тоққа ёпишган бўлган. Очиқ томондан унга тош отилган. Кўчани кенгайтириш мақсадида тоғдан бир қисми олиб ташланганида ҳавза эски тош отиш ўрнидан ярим доира шаклида қолган. Бу тоғчанинг баландлиги бир неча ўн метрлар чамаси, узунлиги 100 метрлар атрофида эди. Ҳожилар кўпайиб кетишини назарда тутиб, 1383 ҳижрий санадан кейин тош отиш ўрнига юқори қават биноси қурилди. Ушбу бино тош отиш кўприги деб номланди. У бир неча марта кенгайтирилди. Жамратул ақаба билан Жамратус суғро ораси 200 метр атрофидадир.

Муҳассир водийси

Муҳассир – чарчаш, юришдан тўхтаб қолиш ёки ҳасратда қолиш маъноларини билдиради.
Ибн Қайюм: «Бу водийнинг Муҳассир деб номланишига сабаб – Абраҳанинг филлари мана шу ерда юришдан тўхтаб қолди. Аллоҳ ушбу ерда филларни ва фил эгаларини ҳалок қилди», дедилар. Ҳожи Муздалифадан Минога қайтиш асносида бироз тез юриши суннат амалдир. Жобир розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, агар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳассир водийсига келсалар, бироз ҳаракатга тушиб етиб келардилар («Саҳиҳи Муслим»).
Яна Ибн Қайюм: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳассир водийсига келсалар, туяларини бироз ҳаракатлантириб, юришни тезлатардилар. Аллоҳнинг душманларига азоб тушган ердан мана шундай тарзда тез юриб чиқиб кетардилар. Чунки бу ерда Аллоҳ бизга хабар берган фил соҳиблари ҳалокатга учрашган», дедилар.
Бошқа жиҳатдан Муҳассир водийсида жоҳилиятдаги араблар тўхтаб, ота-боболарини мақтаб фахрланишар ва улар қилган ишларни эслашар эди. Шариат уларга хилоф қилган ҳолда у ердан тез ўтиб кетишни жорий қилди. Умар розийаллоҳу анҳу Муҳассир водийсидан тез ўтишга ишора қилиб: «Сендан биз безовта бўлиб ўтамиз, насоро динига мухолиф бўлган ҳолда», деб айтдилар. Мино билан Муздалифа орасидаги ҳудудга кўрсаткич белги қўйилиб, унга «Муҳассир водийси» деб ёзиб қўйилган. Бу ер ҳаром бўлиб, маросим жойи эмас.

Фил қиссаси

Яман подшоҳларидан бирининг ноиби Абраҳа исмли шахс қабилалар ҳаж ва тавоф учун Каъбани қасд қилиб кетишаётганини кўргач, одамлар Каъбадан ўзи томон юзланишлари мақсадида Санъо шаҳрига каниса қурдирди. Бани Канона қабиласидан бир киши ўша канисага кириб, у ерда катта ҳожат чиқариб ифлос қилди. Абраҳа бу киши қилган ишдан ғазабланиб, Каъбани бузиш мақсадида катта қўшин ва бир қанча филларни олиб йўлга чиқди. Муҳассир водийсига етиб келганида филларнинг етакчиси ётиб олди. Каъбадан бошқа томонга юзлантириб қўйишса, югуриб кетарди. Улар шу ҳолда туришганида Аллоҳ таоло устларига тўп-тўп қушларни юборди. Улар тош отганда одамларнинг бирортасига тегса, бирор аъзосини узиб ҳалок қиларди. Улар қочарди-ю, аммо йўлда тўкилиб боришарди. Аллоҳ Абраҳага шундай дард бердики, у дард туфайли унинг бармоқлари узилиб тушар эди. Абраҳа Санъога худди қуш каби етиб борди, юраги кўкрагидан кўриниб турган ҳолда ҳалок бўлди. Ушбу ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан озгина олдин 571 милодий санада содир бўлган. Бу ҳақда қуйидаги оят нозил бўлган: «1. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? 2. У Зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) хийла-найрангларини барбод қилмадими? 3–5. У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!» (Фил сураси, 1–5-оятлар.)

Муздалифа

Ушбу макон Мино билан Арафот орасида жойлашган. Унинг муздалифа деб номланишига сабаб – одамлар кечанинг бир бўлагида у ерга тушишгани ёки жам бўлиб тушишгани ёхуд улар Минога яқин бўлишгани ё Одам алайҳиссалом Ҳавво билан ўша ерда топишгани учундир. Муздалифанинг чегараси Муҳассир водийсидан Маъзамингачадир. Маъзамин икки бир-бирига юзланган тоғ бўлиб, ўртасида йўл бор. Узунлиги 4 км ва бир қанча юз метр бўлиб, масофаси 12,25 км.
Муздалифанинг бошланиши ва тугаши ҳақида хабар берувчи ишора-белгилар бор. Астрономик ўрни маркази ва масжиди билан узунасига шарқ томондан 22, 54, 39 даражада, энига шимол томондан 00, 23, 21 даражалардадир. Бу ер ҳарам ҳудуди ичига кирувчи маросим жойидир. Аллоҳнинг сўзида зикр қилинганидек: «Энди Арафотдан тушганингиздан кейин Машъарул-ҳарамда Аллоҳни зикр қилинг» (Бақара сураси, 198-оят).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу: «Муздалифанинг барча жойи Машъарул-ҳарамдир», дедилар.
Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида, Муздалифада масжид томондан тушаётганларида шом билан хуфтонни жамлаб ўқидилар. Ва у зот: «Мана шу ерда турдим», деб ҳаммасини бир маконга жамладилар. Ушбу макон 9-зулҳижжа куни қуёш ботганидан кейин Арафотдан тушаётган пайтда ҳожилар ётиб қоладиган жойдир. У ерда шом билан хуфтонни қаср қилиб, бир азон ва икки такбир билан жамъу-таъхир қилиб ўқишади, Аллоҳга дуо қилишади. Бомдод намозидан кейин Минога кетишга ҳаракат қилишади. Ана шу ердан отадиган тошларини олишлари мумкин. Иложи топилмаса, йўлдан ёки Минодан олишади.
Аллоҳ меҳмонларининг роҳатини кўзлаб Саудия ҳукумати Машъарул-ҳарам масжидини кенгайтиришга, ҳожилар ётиб қолишига шароитлар яратишга, ичимлик сувлари етказиб беришга, тиббий ёрдам шароитларини яратишга (унинг бир томони эркаклар учун, иккинчи томони аёллар учундир) ҳамда кўчадаги ҳаракатларни тартибга келтиришга киришди. Ҳали ҳам ҳожилар хизмати ва роҳатланиши учун ҳукумат қўшимча кучини сарф қилмоқда.

Машъараул-ҳарам масжиди

Ушбу масжид йўлнинг 5-рақамида жойлашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларидан тушаётганларида ушбу масжидга ҳам кирардилар. Ушбу масжид қурилиши, кенгайтирилиши Саудлар даврида 5 милён риёл маблағ сарфлаш эвазига амалга оширилган. У узун масжид бўлиб, шарқдан ғарбга узунлиги 90 метр, эни 56 метр. Масофаси 5040 метр, 12 минг намозхонни ўзига сиғдиради. Масжиднинг орқа томонида 32 метр баландликдаги икки минора бор. Унинг шарқий, шимолий ва жанубий томонларидан кирадиган жойлари бор. Ёнида эркак ва аёллар учун махсус ажратиб қўйилган ҳожатхона ва таҳоратхона мавжуд. Муздалифадаги масжид билан Намира масжиди ораси 7 км масофадир.

Арафот

Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз бир-бирларини топишишгани учун Арафот деб номланди. Ёки Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатганлари учундир. У зот: «Арофта?» («Ўрганиб бўлдингми?») деганларида, «Ҳа», деганлар. Мана шундан кейин Арафот деб номланиб қолди, деб Ибн Аббос айтдилар.
Ёки одамлар бу ерда гуноҳларини эътироф этишгани ёки бошқа сабабларга кўра шу номни олди.
Ушбу макон ҳарам ҳудудидан ташқаридаги маросим ўрнидир. Арафот Масжидул-ҳарамнинг жанубий-шарқий томонида, Масжидул-ҳарам кўчасидан ўтилганида 22 км узоқликда жойлашган. Арафотнинг астрономик ўрни икки доира орасида, энига шимолий томондан 49, 19, 12 – 32, 22, 12 даражада, икки чизиқ орасида узунасига, шарқий томондан 21, 57, 39 – 39, 94, 39 даражада жойлашган. Унинг умумий масофаси 10,4 км. Ўша ерда Арафот ҳудудини кўрсатувчи ишоралар бор. Мана шу маконда зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни барча ҳожилар тўпланиб, бир азон ва икки иқомат билан пешин ва асрни қаср қилиб жамъу тақдим билан ўқишади. Ва муяссар бўлганича дуои хайрда бўлишади. Чунки Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж – бу Арафотдир. Арафотнинг барча ери туриш жойидир», деб айтганлар («Мажмаъуз-завоид»).
Бу ҳақда Қуръони каримда: «Агар Арафотдан тушганингиздан кейин…», деб айтилган (Бақара сураси, 198-оят).
Арафотда қуйидаги оят ҳам нозил бўлган: «Бугун Мен сизлар учун дининигизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида сураси, 3-оят).
Умар розийаллоҳу анҳу: «Мен тушсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда турган эканлар. Арафа куни Жабалур роҳма ва тошлар олдида туриб Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилаётган эканлар», деб айтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу ерда турдим, Арафотнинг барча ери туриш жойидир», дедилар.
Саудия Арабистони подшоҳлиги кўчаларни кенгайтириш, чироқлар, ичимлик суви, тиббий ёрдам, хавфсизлик билан таъминлаш учун куч-қувватини узлуксиз равишда сарф этмоқда. Бунинг мисоли тариқасида айтиш мумкинки, Арафот билан муздалифада 9 та узунасига йўл қурилиб, ҳар бирининг учтадан йўналиши бор. Бунга қўшимча равишда Арафотнинг доира шаклидаги йўли, узунасига ва энига бўлган йўллари бунёд этилиб, ёнидаги ўринларда ҳам қурилиш ишлари олиб борилди. Ҳамда ташқаридаги ҳожилар учун 240 минг метр масофадаги ўрин, ичкаридаги ҳожилар учун 250 минг метр масофадаги ўрин барпо этилди. 1414 ҳижрий санада Намира масжиди ва Жабалур роҳма атрофини ўраб турувчи минтақаларнинг об-ҳавосини мўътадил бўлиши учун катта оқувчи сувлар кичик бўлак сувларга бўлиб ташланди. Яна соатига 140 куб метр сув пуркагичлар билан 15 та от қувватига эга насосларда сув ҳавога юборилади. Шунингдек, қуёш нури таъсирини озайтириш, ҳавони шимиб олувчи ҳароратни енгиллатиш мақсадида 100 мингта дарахт экилди.

Намира масжиди

Масжиднинг ғарбий томонида Намира номли тоғ бўлгани учун ушбу ном билан аталган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафа куни Намирадаги чодирга тушганлар. Қуёш заволга кетганидан кейин Арана водийсига кўчиб ўтиб, у ерда хутба айтиб, намоз ўқидилар. Кейин Сахротга кўчиб ўтдилар. Қуёш ботганидан кейин муздалифа томонга ҳаракат қила бошладилар. Жобир розийаллоҳу анҳу Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажлари хусусида гапириб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб Арафотга келдилар. Намирага чодир ўрнатилган экан, ана шу ерга тушдилар. Қуёш бироз мойил бўлган эди, Қасвога кўчишни амр этиб, у ерга кўчиб ўтдилар. Батнул водийсига келиб, одамларга хутба айтдилар… Аввал азон, кейин такбир айтиб, пешин ўқидилар. Сўнгра такбир айтиб, аср ўқидилар. Кейин уловларини миниб ўринларига келдилар ва туялари Қасвони Сахротга қаратиб қўйдилар. Қуёш ботгунича қиблага юзланиб тик турдилар», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Арана водийсида қилган хутбалари ва ўқиган намозлари ўрнида иккинчи ҳижрий асрнинг яримларида, Аббосийлар халифалиги даврининг аввалида масжид бино қилинди. Батнул водийси Арафот қисмидан эмас. Тарих давомида масжид кенгайтирилаверганидан масжиднинг олд томони Арафотнинг ташқарисида, масжиднинг орқа томони Арафот қисмига кириб қолди. Ҳозирги кунда ана шу ерни кўрсатувчи белгилар қўйилган. Ҳожилар пешин ва аср намозини ўқишганидан кейин Арафот ҳудуди ичидан кўчмоқлари лозим. Кимда-ким қуёш ботгунгача масжиднинг олд томонида туриб, ўша ердан Муздалифага қўзғалса, Арафотда тургани дуруст эмас.
Масжид Арафотнинг ғарбий чегарасида, шимол томондан чизиқнинг кесишган нуқтасидан 00, 21, 21 даражасида, шарқ томондан чизиқнинг узунасига 03, 58, 39 даражасида жойлашган.

Саудлар томонидан масжидда олиб борилган қурилиш ва кенгайтириш ишлари

Саудлар замонасида масжиднинг қурилиши ва кенгайтириш ишлари 237 милён риёл сарф қилиш орқали амалга оширилди. Масжиднинг шарқдан ғарбга қараб юргандаги узунлиги 340 метр. Шимолдан жанубга қараб юргандагиси 240 метр. Масофаси 110 минг квадрат метр. Ундан 28800 га яқини орқа қисмники. Иккинчи қават эса 120 метр. Масжиднинг орқа томонида 8000 квадрат метр миқдордаги сояли масофа мавжуд. Масжид ўзига 350 минг намозхонни сиғдиради. Унинг 6 та минораси бўлиб, ҳар бирининг узунлиги 60 метр. Ва яна учта қуббаси ҳам бор. 10 та асосий кириш жойи бўлиб, 64 та эшикни ўз ичига олади. Бундан ташқари 663 та ҳаво музлатгичи, хорижга узатувчи радио ва бутун дунёга ибодат маросимларини намойиш қилувчи сунъий йўлдош учун хона, 1000 дан ортиқ ҳожатхона, 15 минг таҳорат қилиш учун жўмрак ва 4500 куб метрлик сув сақловчи иккита идиш билан ҳам жиҳозланган.

Сахрот масжиди

Ушбу масжид Арафотдаги Жабалур роҳмага кўтарилишда ўнг томонда жойлашган. У ердан озгина кўтарилган бўлиб, пастгина девор билан ўраб қўйилган. У ерда катта ҳарсанг тош бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа кечаси Қасво туялари устида ана шу тошнинг устида турганлар. Жобир розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келтирилишича, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин билан аср намозини Намира масжиди ўрнида ўқиб, туриш лозим бўлган маконга келиб, Қасво номли туяларини Сахрот томонга қаратиб қўйдилар. Юрадиган йўлларига йўналиб, қиблага юзланиб, то қуёш ботгунича тик туриб, қуёш гардиши кетгунича Суфрага бориб озгина турдилар.
Худди мана шу ўринда Моида сурасининг 3-ояти нозил бўлган. Ушбу маконнинг қибла томонидан ўнг томонда узунлиги 13,3 метрлик девори, унинг чап томонида 8 метрлик девори бор. Қибланинг муқобилида тўғри бўлмаган доира шаклидаги девори мавжуд.
Шайх Бакр Абу Язид: «Тоғнинг тепасига кўтарилишнинг ўнг томонида, жанубда ярим метрга яқин калта девор билан ўралган супача бор. Мана шу масжид Сахрот деб аталади», деганлар.

Раҳмат тоғи

Бу тоғ Илол ва Нобит ҳамда Қурийн деб ҳам номланади. У қаттиқ катта тошлардан иборат бўлиб, 7 ва 8 рақамлари орасида, Арафот шарқида, чизиқнинг энига шимолий томондан 02, 21, 21 даражаларда ва чизиқнинг шарқий томондан узунасига 05, 69, 39 даражаларда жойлашган. Намира масжидидан 1,5 км узоқликдадир. Жанубий томондаги зинаси 168 та. Тоғнинг сатҳи кенг, текис ер бўлиб, 57 см баландликда тиргак девор бор. Майдончасининг ўртасида 40 см чамаси баландликда скамейка ҳам мавжуд. Унинг ҳар тарафида баландлиги 8 метр, энига 1,80 тўртбурчак йўл кўрсатувчи байроқ ўрнатилган. Бу тоғнинг пастида Сахрот масжиди ва Зубайда булоғидан оқувчи сув бор. Текис жойларида 4 метр баландликда сув пуркагичлар бўлиб, тепа қисмида сувни пуркаш учун ҳаракатлантирувчи трубалар жойлашган. Бундай машиналарни амалга оширишдан мақсад қуёш ҳароратини пасайтириш ва ҳавони мўътадиллаштиришдир.
Тоғ ҳақидаги қўшимча маълумотлар:
Чўққидан тоғнинг баландлиги – 65 метр.
Денгиз сатҳидан тоғнинг баландлиги – 372 метр.
Жануб томондан узунлиги – 170 метр.
Шимолий томондан узунлиги – 200 метр.
Ьарб томондан унинг эни – 100 метр.
Шарқ томондан унинг эни – 170 метр.
Уни ўраб турган жойлар ҳажми – 640 метр.

Урна водийси

Бу Маккаи мукаррамадаги водийлардан биридир. Намира масжидининг олд қисми ушбу водийда жойлашган бўлиб, Арафотдан ташқари ҳудуддадир. Водийнинг ўзи Ҳилнинг ичида бўлиб, машъар (маросим) эмас. Бу водий Ҳил билан ҳарамнинг ажратувчи чегарасидир.
Абдуллоҳ ибн Урайс розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Суфён ал-Ҳузалий исмли шахснинг Мадинага ҳужум қилиш учун одам йиғаётганини билиб қолиб, Урнадалик (ёки Нахладалик) пайтларида менга: «Агар Холидни кўриб, шайтонни эсга солсанг ва унинг титраётганини кўрсанг, уни ўлдиргин», дедилар. Мен Урнага борсам, у: «Кимсан?» деди. Мен: «Араб (бир ривоятда «хузоалик») кишиман, сен мана бу кишига (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга) қарши чиқаётганингни эшитдим», дедим. У: «Шунинг учун келдингми?» деган эди, мен: «Ҳа», деб у билан бирга юрдим-да, уни қатл қилиб, бошини олишга ҳам улгурдим. Келганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нажот топган чеҳра», деб менга бир асо бердилар-да: «Қиёмат куни мен билан сенинг ўртангдаги аломатдир», дедилар». Абдуллоҳ вафот этганларида ўша асо кафанлари ичига қўйиб дафн этилди (Ахбор Макка, Сийрату Ибн Ҳишом).
«Бу кун, бу ой ва бу шаҳарларингизда ҳаром бўлгани каби молларингиз ва қонларинигизга тажовуз қилиш бошқа жойда ҳам ҳаромдир. Жоҳилият ишларидан барчаси оёғим остига ташланган. Жоҳилият қонлари ҳам (оёғим остига) қўйилган. Қонларимиздан аввалги бўлиб оёқ остига қўйилгани Ибн Рабийъа ибн Ҳориснинг қонидир. У Бани Саъд қабиласида эмизилган. Уни Ҳузайл ўлдирган. Жоҳилиятдаги рибо ҳам (оёқ остига) қўйилган. Оёқ остига қўйилган биринчи рибо Аббос ибн Абдулмутталиб рибосидир. Унинг барчаси қўйилган. Аёллар ҳаққида Аллоҳга тақво қилинг. Чунки уни Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилгансиз. Сизларнинг улар устидаги бурчларингиз ёмон кўрган кишингизни тўшагингизга ўтқазмаслигидир. Мабодо, аксини қилишса, оғритмайдиган қилиб уринг. Уларнинг сизлар устингиздаги бурчлари озиқ-овқат ва кийим-кечакларини яхшилик билан таъминламоқлигингиздир. Мен сизларга шундай нарсани қолдириб кетмоқдаманки, агар уни мендан кейин ушласангиз, ҳечам адашмайсизлар, бу – Аллоҳнинг китобидир. Нима учун мендан сўрайсизлар-у, ҳеч нарса демаяпсизлар?» десалар, саҳобалар: «Сиз ҳақиқатда (бўйнингиздаги вазифани етказиб, адо қилиб, насиҳат қилдингиз)», дейишди. Шу пайт Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтариб, одамлар томонга бурилиб: «Аллоҳим, гувоҳ бўл, Аллоҳим, гувоҳ бўл, Аллоҳим, гувоҳ бўл», дедилар («Саҳиҳи Муслим»).

Баъзи археологик маконлар

Набий алайҳиссалом туғилган ўрин
Ҳиро ғори
Арқам ибн Абуларқам ҳовлилари
Абу Толиб дараси
Дорун надва
Ҳадича ҳовлилари
Савр ғори
Абу Қубайс тоғи
Қуъайқиъон тоғи
Байъат масжиди
Жин масжиди
Шажара масжиди
Рояҳ масжиди
Холид ибн Валид масжиди
Муҳассаб
Ал-Фатҳу бил жумум масжиди
Зий тува масжиди
Зубайда булоғи
Муалло мақбараси
Сариф

Набий алайҳиссалом туғилган ўрин

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ҳовли Абу Толиб дарасида жойлашган бўлиб, ушбу дарада Бани Ҳошим ҳам яшаган. Бу ҳовлига Аббосийлар халифаси Хорун ар-Рашиднинг онаси масжид қурдирган. 1370 ҳижрий (1950 милодий) санада шайх Аббос Қаттон уни буздириб, ўзининг шахсий маблағидан умумий кутубхона қурдирган. У Масжидул-ҳарамнинг шарқий майдонидан шарқий томонда бўлиб, тепасига «Маккаи мукаррама кутубхонаси» деб ёзиб қўйилган.

Ҳиро ғори

Бу ғор Масжидул-ҳарамнинг шарқий-шимолидаги Нур тоғи чўққисида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан баландлиги 621 метр, тоғ бағридан 281 метрдир. У тоғга чиқиш машаққатли бўлиб, чамаси бир соатда кўтарилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб юборилишларидан олдин ушбу ғорда ибодат қилардилар. Бу тоғ яна Ҳиро тоғи деб ҳам аталади. Ьорнинг эшиги шимол томондан эди. Икки тошнинг ўртасидаги 60 см кириладиган ердан ўтиб, у ерга етиб олинади. Ьорнинг узунлиги чамаси 3 метр. Бошланишида табиий очиқлик бор. Ьорнинг эни эса тафовутлидир. Тепа қисми 1 метр-у 30 см. Баландлиги 2 метр. Икки кишини сиғдиради. Бири иккинчиси орқасида тура олади. Ўнг томонда ўтириб ??? ўқиш учун бир кишини сиғдирувчи супача бор. Мана шу ғорга Жаброил алайҳиссалом биринчи ваҳий «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг» оятини олиб келган (Алақ сураси, 1-оят). Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро тоғи яқинида Жаброил алайҳиссаломни кўрганлар. Кунларнинг бирида бу тоғга: «Эй Ҳиро, тўхта!» деб айтганлар. Ушбу воқеалар қуйидаги ҳадисларда келади.
Оиша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (ваҳийнинг) биринчи бошланиши уйқудаги ростгўй тушда намоён бўлар эди. Тушларида худди субҳ тонгига ўхшаб келар эди. Кейин у зот холи қолишни хоҳлаб қолдилар. Ҳиро ғорига кириб, у ерда бир неча кунлаб қолиб ибодатда бўлардилар. Кейин аҳллари Ҳадичанинг ҳузурига қайтиб, у ерда овқатланиб юрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳиро ғорига фаришта келиб: «Ўқинг», деди. «Мен ўқишни билмайман», дедим. У мени бир қисиб, қийинчилик етказди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқинг», деди. «Мен ўқишни билмайман», десам, у мени иккинчи марта қисиб, машаққат етказди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқинг», деди. «Мен ўқишни билмайман», дедим. У мени учинчи марта қаттиқ қисди. Кейин қўйиб юбориб: «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг», деди (Алақ сураси, 1-оят)». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтганларида оёқлари титрар эди» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳирода яшадим. Анча турганимдан кейин пастга тушсам, кимдир чақирди. Ўнг томонимга қарасам, ҳеч ким кўринмади. Бошимни кўтариб тепага қарасам, бир нарсани кўрдим. Ҳадичанинг ҳузурига бориб: «Мени ўраб қўйиб, устимдан совуқ сув қуйинглар, мени ўраб қўйиб, устимдан совуқ сув қуйинглар», деганимда «Эй (либосларига) бурканиб олган зот» (Муддасир сураси, 1-оят) нозил бўлди». Бошқа ривоятда: «У Зот Жаброил эканлар. Ер билан осмон орасида курсида ўтирган эканлар», дейилади (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида эканликларида ғор ҳаракатланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Эй) Ҳиро! Устингда набий, сиддиқ ёки шаҳид бор», дедилар. Ўшанда тоғ устида Расулуллоҳ алайҳиссалом, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққослар бор эди.

Дорул арқам

Бу ҳовли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўтлари Арқам ибн Абуларқамга мансуб ҳовлидир. Пайғамбар этиб юборилганларининг бошланишида бу ҳовли Ислом даъватининг маркази эди.
Мусулмонлар ўша ҳовлида жамланиб сир ҳолатда намоз ўқишар эди. Қачонки, Умар ибн Хаттоб Исломга кирганларида мусулмонлар сони қирқтага етиб, исломлари ва намозларини очиқчасига эълон қилишни бошлашди. 171 ҳижрий/787 милодий йили Аббосийлар халифаси Маҳдийнинг жорийси Хайзурон қизи бу ҳовлига масжид қурди. Ҳовли саъй қилинадиган ўриннинг ташқарисида, Сафодан 36 км узоқликда жойлашган. Ушбу ҳовли мусулмон халифалари томонидан катта аҳамият берилиб, таъмирлаб келинган. 1375 ҳижрий/1955 милодий йили Каъба атрофини кенгайтириш мақсадида бузиб, номи қолиши учун Сафо ёнидаги саъй қилинадиган жойда ўрнатилган аввалги эшик ана шу ҳовлига яқин бўлгани учун Дорул арқам эшиги, деб номланди. Унинг ўрни эскалатор ёнида бўлса ажаб эмас.

Абу Толиб дараси

Ушбу дара Али дараси ва Бани Ҳошим дараси деб ҳам номланади. Чунки Бани Ҳошим манзили шу ерда бўлиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам мана шу ерда туғилганлар. Бу дара Абу Қубайс тоғининг чап томонида, Ҳанодимнинг ўнг томонида жойлашган. Макка қумлик ерларига 300 метр яқинликда, Масжидул-ҳарам тепасидаги «кечасиги бозор» деб таниладиган ерга туташади. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришни режа қилишганида Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб (Абу Лаҳабдан ташқари) барча мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишга келишиб олишди. Бану Кинонанинг тушавериш жойидаги Миҳсаб деган жойда Қурайш билан Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб ўртасида келишув битими тузилди. Унда ўзаро никоҳ қилмаслик, олди-сотди қилмаслик, бирга ўтирмаслик, аралашмаслик, гаплашмаслик, сулҳ тузмаслик, то Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл этиш учун топширишмагунича уларга чиройли муомала қилмаслик бандлари бор эди. Улар бу битимларни ёзиб Каъбага осиб қўйишди. Нубувватнинг еттинчи йили муҳаррам ойида Абу Толиб дарасига Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб қабиласини ҳибс қилиб қўйишди. Бу икки қабила фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина эҳтиёжларига керакли нарсани сотиб олиш учун чиқишар эди. Муҳосара қаттиқлашиб, улар қийин аҳволга тушиб қолишди. Жонларини дарахт барги ва пўстлоғи билан сақлашга ўтишди. Муҳосара уч йил ўтганидан кейин Ҳишом ибн Амр, Зуҳайр ибн Умайя, Матъам ибн Адий, Абул Бухтарий ибн Ҳишом ва Замъа ибн Асвадлар саҳифани йиртиб ташлашга бир овоздан келишиб олишди. Одамлар тонг оттирганида улар жамланадиган ерга бориб Зуҳайр: «Эй Макка аҳли! Биз еб-кийиниб юраверсак, Бани Ҳошим қабиласи ҳалок бўлади-ку! Аллоҳ номига қасам, то мана шу золим саҳифа йиртиб ташланмагунича ўтирмайман», деди. Абу Жаҳл бу сўзга раддия бериб: «Ёлғон айтмоқда, Аллоҳ номига қасам, йиртмайди», деди. Замъа: «Эй Абу Жаҳл, сен ўзинг ёлғончисан, ёзган нарсангга рози эмасмиз», деди. Абул Бухтарий эса: «Замъа рост сўзлади», деди. Матъам: «Икковингиз рост сўзладингиз. Ким бундан бошқа сўз айтса, ёлғон гапирибди, у ёзилган нарсани Аллоҳга ҳавола қиламиз», деди. Ҳишом ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади. Абу Жаҳл: «Бу кечаси чиқарилган ҳукм», деб қўяқолди. Бошқа томондан Аллоҳ таоло расулига саҳифани қурт еганини, аммо Аллоҳнинг исмини қолдиргани хабар беришди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу ҳақда амакилари Абу Толибга хабар бердилар. Абу Толиб: «Жияним (Муҳаммад алайҳиссалом) шундай-шундай деб айтмоқда. Агар ёлғон бўлса, биз билан ўзингиз ўртангиз шундоғлигича қолаверсин. Агар рост айтган бўлса, бизнинг еримиздан четлашинглар», деган эдилар, улар: «Инсоф қилдинг», дейишди. Бориб ҳалиги саҳифани қарашган эди, ҳақиқатда қурт уни еб, фақатгина «Бисмикаллоҳума» деган жойини қолдирибди. Шундай кейин саҳифа йиртиб ташланди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга бўлган кишилар дарадан (қутулиб) чиқишди (Имом Бухорий ва Ибн Ҳишом, «Сийрат» китоби).

Дорун надва

Дорун надва – йиғин ҳовлиси. Ушбу ҳовлини Қусай ибн Қилоб ҳижратдан 200 йил аввал қурди. У ерда маслаҳатли ишлар, уруш учун келишув ва ундан бошқа муҳим ишлар режаси келишилгани учун шундай номланди.
Розий: «Қавмнинг мажлиси ва сўзларини жамловчи жой бўлгани учун йиғин ҳовлиси, деб номланди. Уни Маккада Қусай қурган эди. У ерликлар ўша маконда маслаҳат учун тўпланишар эди. Масалан, Аллоҳнинг сўзида ҳам: «Бас, у ўзининг жамоасини чақираверсин», деб надий-жамоа сўзи ишлатилган (Алақ сураси, 17-оят). Бу шундай ҳовли эдики, Қурайш бошлиқлари Ислом даъватига батамом нуқта қўйиш учун худди мана шу ҳовлида режа тузишган эди. Баъзи саҳобалар Мадинага (қочиб) чиқиб кетишганидан кейин Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам Маккани ташлаб чиқиб кетишларидан қўриб у зотни ўлдиришга келишиб олишди. Аллоҳ эса уларнинг исканжаларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қутқариб, муҳожир бўлиб чиқиб, агар кофирлар кариҳ кўрса ҳам, динини зоҳир қилишни ирода этди.
Умар ибн Хаттоб халифалик даврлари асносида у ерга тушганлар. Исломнинг бошланишида амир ва халифалар у ерга тушиб туришган. Аббосийлар халифаси Мўътазид 284 ҳижрий/897 милодий йили масжидни кенгайтириш асносида масжидга киргизиб юборган. Унинг масофаси 37х36=1332. Унинг ҳозирги ўрни Арвиқа ва матофнинг шимолий-ғарбий томонида бўлиб, ҳали ҳам бир эшик мана шу надва номи билан аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Ҳадича онамиз ҳовлилари

Бу ҳовли Абу Суфён ҳовлиси орқасида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Ҳадича онамиз учун қургандилар. Худди шу ҳовлида қизлари туғилиб, хотинлари Ҳадича вафот этгандилар. Ушбу ҳовлида бир неча марта ваҳий нозил бўлган. То Қурайш Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни муҳосара қилиб қатл этишга келишгунларича у зот мана шу ҳовлида яшаганлар. (Ўша куни) у зотга ваҳий келиб, мўъжиза содир бўлди. Уларнинг олдидан ўтаётиб, бошларига тупроқ сочганларидан кейин мушриклар ҳеч нарса кўрмай қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қуйидаги оятни ўқидилар: «Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар» (Ёсин сураси, 9-оят).
Мушриклар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлиларига бостириб киришса, тўшакларида Али ухлаб ётган эдилар. У зот эса Абу Бакр розийаллоҳу анҳу билан бирга Мадинага ҳижрат қилган ҳолда чиқиб кетган эдилар. Аллоҳ таоло ушбу воқеага ишора этган ҳолда: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар. Аллоҳ ҳам макр қилур. Аллоҳ маккорроқдир» (Анфол сураси, 30-оят), деб айтган.
Кейин у ҳовлини Муовия сотиб олиб, масжид қилдилар. Ва биноларини янгилаб, Абу Суфён ҳовлиларидан бир эшик очдилар. Тарих давомида бу ҳовлида кўплаб ўзгаришлар содир бўлди. Охирги ўзгаришни 1369 ҳижрий йили Аббос Қаттон ўз нафақасига қизлар учун махсус мадраса қуриш билан амалга оширди. Кейин 1385 ҳижрий йили Каъба атрофини кенгайтириш асносида бузиб ташланди.

Савр ғори

Бу ғор Савр тоғида жойлашган бўлиб, Масжидул-ҳарамдан 4 км узоқликда, жанубий томондадир. Денгиз сатҳидан унинг баландлиги 748 метр, тоғ бағридан 458 метрдир. Бу ғор кичик кемага ўхшовчи ичи катта ғовак тошдир. Баландлиги 1.25, узунлиги 3.5х3.5 метр. Унинг икки тешиги бор. Бири ғарб томонда. Худди мана шу ғарб томондан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганлар. Ким кирмоқчи бўлса, қорни билан судралиб кириши керак. Ушбу ғор тўққизинчи ҳижрий асрнинг бошланишида ҳамда ўн учинчи ҳижрий асрда кенгайтирилган. Энг баландлиги пастки қисмида ўйиб ишланган зинадан ҳисобланса, 1 метр. Иккинчи тешиги шарқ томонда. Мана шу иккинчи тешик аввалгисидан кенгроқ. Баъзи сўзларга қараганда, ғорга қириб-чиқиш осон бўлиши учун у ер янгиланган. Икки тешик оралиғи 3,5 метр. Бу ғор чўққининг пастида жойлашган бўлиб, унга кўтарилиш қийин, бунинг учун бир ярим соат чамаси вақт кетади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розийаллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилишни қасд қилиб ушбу ғорга етишганида, Абу Бакр Сиддиқ у зотдан олдин ғорга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни асраб-авайлаш мақсадида у ерда илон ёки йиртқич бормикин-йўқмикин, деб қараб чиқдилар. Кейин Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр кечаси икковлари ҳузурларида ётиб қолардилар. Саҳар чоғида қайтиб кетиб, тонгни Маккада Қурайш билан бирга оттирардилар. Қоронғу ғира-ширади улар ҳақидаги хабарни икковларига етказар эдилар. Абу Бакрнинг қуллари Омир ибн Фахийра Абдуллоҳ кетганларидан кейин из йўқолиши учун қўйларини ҳайдар эдилар («Саҳиҳи Бухорий»).
Қуйидаги оятда ана шу ғорнинг зикри келган: «Агар сизлар унга (яъни, Пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз, (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ьамгин бўлма, албатта Аллоҳ биз билан биргадир», дейиши билан Аллоҳ Ўз томонидан унинг устига – қалбига бир хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади» (Тавба сураси, 40-оят).
Абу Бакр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғорда турсам, мушриклар изини кўриб қолдим. Ва: «Эй Аллоҳнинг расули, агар бирортаси оёғини кўтарса, бизни кўриб қолади», десам, у зот: «Иккита кишининг учинчиси Аллоҳ эканига гумонинг борми?» дедилар», деб айтдилар (Бухорий ривояти).
Қидирувчиларнинг шашти сусайиб уч кун ўтганидан кейин икковлари ҳузурларига йўл кўрсатувчи Абдуллоҳ ибн Урайқит икки улов билан келиб олиб кетди. Абу Бакр розийаллоҳу анҳу қуллари Омир ибн Фахийрани мингаштириб Мадинаи мунавварага равона бўлишди.

Абу Қубайс тоғи

Ушбу тоғ Сафо ҳамда Масжидул-ҳарамга чўзилган бўлиб, денгиз сатҳидан баландлиги 420 метр, тоғ этагидан 120 метр. Чунки унда биринчи бўлиб қурилиш ишларини олиб борган шахс исми Абу Қубайс бўлган. Баъзилар бошқа сабабларга кўра шундай номланган, дейишди. Жоҳилият даврида бу тоғ Амийн деб ҳам аталган. Чунки ҳажарул-асвад ушбу тоғда сақланган. Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинганидек, қора рукн (тош) осмондан туширилган ва у Абу Қубайс тоғига қўйилган. У гўёки оқ биллурга ўхшар эди. У ерда қирқ йил тургач, Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдеворга қўйилган.
Мунзирий: «Бу ҳадисни Табароний «Кабир» китобларида саҳиҳ санад билан мавқуф ҳолда ривоят қилганлар», деб айтдилар. Ушбу тоғ Ахшаб деб аталган Макка шарқида жойлашган икки тоғнинг биридир. Ахшаб у қаттиқ, деганидир. Иккинчи Ахшаб эса Қуъайқиъон деб аталган тоғдир. Бу икки Ахшаб тоғи ҳақида тоғлар фариштаси: «Эй Муҳаммад, агар улар устига икки Ахшаб тоғини ташлаб, бостириб юборишимни хоҳласангиз, албатта буни бажараман», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Йўқ), Аллоҳ уларнинг пушти камаридан Якка Ўзига ибодат қиладиган зурриётларни чиқариб қўйишини умид этаман», деганлар («Саҳиҳи Бухорий»).

Қуъайқиъон тоғи

Бу Масжидул-ҳарамга шимол ва ғарбий-шимол томондан туташган улкан тоғдир. Юқоридаги ҳадисда келганидек, икки Ахшаб деб ном олган тоғларнинг биридир. Бугунги кунда бу тоғнинг ҳар томон ва кўчаларга чўзилиши ҳисобига у бир неча исмлар билан ном олган. Масалан, шимолий-ғарбий томони Ибодий тоғи, Ҳужун ва Муъаллот қабристонига чўзилган томони Судан тоғи, Қарора билан Фалақ оралиғи Қарора деб номланади. Аммо жанубий томонидан бир қисми ҳиндлар яшаган ернинг ёни бўлгани учун ҳинд тоғи деб номланади. Қуъайқиъон тоғи денгиз сатҳидек 410 метр, тоғ этагидан 110 метр чамасида баланд.

Байъат масжиди

Биринчи Ақоба байъати Минонинг мана шу ўрнида нубувватнинг 12-йили, яъни 621 милодий санада, июл ойида бўлиб ўтди. Ушбу байъатда Мадинадаги Авс ва Ҳазраж қабиласидан 12 та бошлиқлар иштирок этишди. Иккинчи Ақоба байъати ҳам худди шу маконда бўлиб ўтди. Иккинчиси эса нубувватнинг 13-йили, 622 милодий санада, июн ойида бўлиб ўтди. Ушбу байъатда эса Мадина аҳлидан ташкил топган 73 та эркак ва икки аёл иштирок этди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинаи мунавварага келишга чақириб: «Қачонгача биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка тоғларида қочиб юришларига қараб турамиз», дейишди. Ушбу иккинчи байъат катта Ақоба байъати ҳам деб танилади. 144 ҳижрий/761-милодий йили Абу Жаъфар ал-Мансур томонидан ушбу байъат қилинган ўринга масжид қурилган. Бу ҳақда масжиднинг қибласи ташқарисига ёзиб маҳкамлаб қўйилган тахтача бор.
244 ҳижрий санада вафот этган Ал-Азрақий, 272 ҳижрий санада вафот этган Ҳарбий ва Ибн Жавзийлар, 832 ҳижрий санада вафот этган Ал-Фосий, 986 ҳижрий санада вафот этган Ибн Заҳиралар бу ҳақда зикр қилишган. Ушбу макон тарих давомида мусулмон халифалари томонидан аҳамият бериб келинган. Усмонийлар томонидан қурилган ҳозирги бино тош ва алебастрдандир. У макон Минодан Маккага тушишдаги кўприкнинг ўнг томонида Ақоба тош отиш томонидан 300 метр узоқликдадир.

Жин масжиди

Пиёдалар ўтадиган кўприк ёнида, Муъаллога кўтарилишда чап томонда жойлашган. Жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилиш учун келишганида, у зот алайҳиссалом ушбу масжид ўрнига доира чизиб, Ибн Масъудни у ерда қолдирганлар. Шу сабаб бу масжид Жин масжиди деб номланади. Юқоридаги бўлимларда айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нубувватнинг ўнинчи йили Тоифдан қайтишлари асносида Нихла ўрнида улар билан учрашганлар. Жин деб номланишидан ташқари бу масжид Ҳарс деб ҳам аталади. Ушбу масжид 1421 ҳижрий йили янгиланган.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маккадалик пайтларида саҳобаларга: «Ким жинлар ишида, яъни учрашувида қатнашишни хоҳласа, ҳозир бўлсин», деганларида мендан бошқа ҳеч ким ҳозир бўлмади. Бирга юриб Макканинг юқорисига етиб борганимизда оёқлари билан бир чизиқ чизиб, кейин у ерда ўтиришимни буюрдилар. Сўнгра юриб, ўринларидан туриб Қуръон ўқидилар. Кўпгина қора нарса ўраб мен билан у зот ўрталарини тўсиб қўйди. Ҳатто у зотнинг овозларини эшитмай қолдим. Булут бўлаклари каби улар парчаланиб кетиб боришарди. Ҳатто у жинлардан бир бўлаги қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод вақтида бўшаб кўрина бошладилар. Кейин менинг олдимга келиб: «Ана бу бир жамоа жинлар нима қилди?» дегандилар, мен: «Улар жинларми, эй Аллоҳнинг расули?» дедим. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинларга озуқа қилиб суяк ва тезакни бердилар. Кейин тезак ёки суякдан бирор киши тозаланиш мақсадида фойдаланишини ман қилдилар» (Ибн Касир тафсири).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан яна ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жинларга учрашилган кечада Жуҳунга етиб келдик. У зот бир чизиқ чизиб, ундан олдинроққа юриб бордилар. Жинлар у зот атрофларини ўраб олишди. Жинлар бошлиғи Вирдан: «Мен сени уларнинг олдига олиб бораман», деди. Мен: «Аллоҳдан бошқа бирор киши менга паноҳ бўлолмайди», дедим».
Бошқа бир ривоятда айтилишича, Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бирга эргашиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳужун дарасига кириб, Ибн Масъуд туришлари учун бир чизиқ чизиб бердилар. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтишларича, жинлар чизиққа келиб, ундан ўтиб кета олишмас эди. Кейин Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришди.

Шажара масжиди

244 ҳижрий/858 милодий санада вафот этган Азрақий айтишларича, ушбу шажара, яъни дарахт номини олган масжид Жин масжиди қаршисида жойлашган. Айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнида турган бир дарахтни чақирдилар. У дарахт Жин масжидида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан нималарни хоҳлашини сўрадилар. Кейин амр қилгандилар, ўз ўрнига қайтиб борди (Фокиҳийнинг «Макка хабарлари» китобидан).
Фокиҳий: «Шажара масжиди Ҳарс (Жин) масжиди рўпарасида эди. Ўша масжидда бир дарахт бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахт ўрнида турганида чақиргандилар, у («лаббай» деб) келди», дедилар. Ибн Саъд зикр қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳужунда жуда хафа ҳолда туриб: «Аллоҳим, менга бугун (шундай бир нарса) кўрсатгинки, бундан кейин қавмимни ёлғонга чиқаришига аҳамият бермай», дедилар. Мадинанинг қуйи қисмида бир дарахт турганди, уни чақирдилар. У ерни ёрди-да, келиб салом берди. Кейин Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилгандилар, у қайтиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бундан кейин қавмим ёлғонга чиқарса ҳам, аҳамият бермайман», дедилар (Ибн Саъднинг «Табақот ал-Кубро» китобларидан).
Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳужунда эканликларида мушриклар у зотнинг даъватларини рад этишди. Шунда у зот: «Аллоҳим, бугун менга бир аломат кўрсатгинки, бундан кейин мени ёлғонга чиқарган кишига аҳамият бермай», дедилар. Сўраган нарсалари берилиб, у зотга: «Дарахтни чақиргин», дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган эдилар, дарахт юриб келди-да, у зотга салом берди. Кейин амр қилгандилар, ўз ўрнига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди бундан кейин қавмимдан бирор киши ёлғонга чиқарса, аҳамият бермайман», дедилар.
597 ҳижрий санада вафот этган Ибн Жавзий айтишларича, Макканинг юқорисидаги масжид Шажара, яъни Дарахт масжиди деб номланади. У Жин масжидининг қаршисида жойлашган.
Айтилишича, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ўрнида бўлган бир дарахтни чақирдилар, дарахт чақириқларини қабул этиб, ерда юриб бориб олдиларида тўхтади. Кейин амр этган эдилар, у қайтиб кетди. Ушбу ривоятни Ибн Заҳийра ҳам зикр қилганлар. Ушбу нақллардан мазкур мўъжизалар Ҳужунда зоҳир бўлгани билинади. Бу дарахт Жин масжидининг қаршисидаги масжид ўрнида бўлган бўлса, ажаб эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ўша пайтда) Жин масжидида бўлганлар.
Фокиҳийнинг ривоятидан англашиладики, жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларига далил талаб қилишди. Шунда мана шу мўъжиза зоҳир бўлиб, улар Исломга (кириш учун) байъат қилишди.
Шажара масжиди ҳам Жин масжиди янгиланган 1421 ҳижрий санада янгиланди.
Масжидул-ҳарам томонга пиёдалар учун қурилган кўприкдан аввалги ўрни Жин масжиди яқинидан Муъаллога кўтарилишда чап томонда жойлашган.

Роя масжиди

Имом Бухорий қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳужунга байроқ ўрнатишни амр қилдилар. Ушбу воқеа фатҳ куни содир бўлган эди.
Ибн Ҳишом: «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни Макканинг юқори қисмига тушдилар ва ўша куни ушбу жойда чодир ўрнатилди», деб айтдилар.
Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу маконда масжид қурдилар. Бу масжид Роя – Байроқ масжиди, деб танилади. 272 ҳижрий санада вафот этган Фокиҳий: «У Жубайр ибн Мутъим қудуғи олдидаги буюк тўғон ёнида жойлашган Макканинг тепасидаги масжид. Жубайр ибн Мутъим қудуғининг буюк тўғон жойида бўлгани учун буюк қудуқ дейилади. Водий тепасидаги ушбу тўғонни Умар ибн Хаттоб қурдирганлар».
Ибн Можа ҳасан санад билан Кайсон розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Бу зот: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк қудуқ олдида бир кийимда намоз ўқиганларини кўрдим», дедилар. Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ҳам ривоят қилганлар. Мана шу ривоятлар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маконга келиб, шу масжидда намоз ўқиганларини таъкидлайди.
986 ҳижрий йили вафот этган Ибн Заҳиранинг айтган нарсалари Роя масжиди Макканинг юқори қисмидаги Муддаъий олдида эканини кўрсатади. 832 ҳижрий санада вафот этган Ал-Фосийнинг ушбу масжид Марвадан чамаси 500 метр узоқликда жойлашган, деб айтган сўзидан ҳам фойдаланилади.
Бу ўлчов ушбу сўзни айтган зот асрларидаги олиб борувчи эгри-бугри йўл бўлса, ажаб эмас. Бу ҳақда 597 ҳижрий санада вафот этган Ибн Жавзий ҳам зикр қилганлар.
Лекин ҳаж тадқиқот ишларига мослашган институт томонидан чиқарилган харитага қарайдиган бўлсак, Каъбадан то шу масжидга тўғри чизиқ асосидаги масофа 550 метр чамасидадир. Шуни таъкидлаш жоизки, бу масжид ҳозирги кунда Жавдарийя масжиди, деб номланади.
У Ғазо кўчасидаги Жавдарийяда ўрнашган. 1361 ҳижрий/1942 милодий йили подшоҳ Абдулазиз томонидан, кейинчалик Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан қайта қурилган.

Холид ибн Валид масжиди

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни Холид ибн Валидга Макканинг пастки қисмидан кириб, энг паст уйлар олдига байроқ ўрнатишни буюрдилар. Бошқа ривоятда айтилишича, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лийт томондан, яъни Макканинг пастки қисмидаги Жарвал томондан киришни буюрганларида Холид бажардилар. Демак, байроқ ўрнатилган ўринга масжид қурилди. Ҳозир у рийъу рассом эски Кадий эшиги олдидадир. Бу кўчанинг номи Холид ибн Валиддир. Бу масжид ва минораси 1377 ҳижрий/1957 милодий йили қайта қурилган.

Муҳассаб

Ушбу макон Макканинг юқори қисмидаги Мино билан Мунҳаний оралиғидадир. Бу ер селхона бўлиб, ўзида тошларни жамлагани учун Муҳассаб, деб номланган. Бу ўрин яна Хайфу Бани Кинона ва Абтаҳ деб ҳам номланади. Қурайш билан Бани Ҳошим ўртасида ушбу маконда битим тузилган.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва баъзи саҳобалар Макка фатҳ этилган куни ва видолашув ҳажи бу жойга келишди. Келишдан мақсад, кофирлар шиорини изҳор қилиб, Аллоҳ ва расулига адоватини билдирган ўринда Ислом шиорини изҳор қилишдир. Ҳамда бўлиб ўтган нарсаларни эслаш, Аллоҳ буюк фатҳни берганига ва Маккадан чиқариб юборишга уринишлар бўлишига қарамасдан Маккага бемалол кирилгани учун Аллоҳга шукр қилиб, мусулмон бўлган кишиларга унинг муқобилида яхшиликлар етганининг рамзий бир кўринишидир.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ кофирлар битим тузган Хайфни фатҳ этса, иншааллоҳ, эртага манзилимиз ўша ердадир», дедилар («Саҳиҳи Бухорий»).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан яна ривоят қилинади. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайнга (чиқишни) ирода қилганларида: «Агар Аллоҳ хоҳласа, кофирлар битим тузган Хайфу Кинона эртага манзилимиздир», дедилар («Саҳиҳи Бухорий»).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Минода қурбонлик куни: «Эртага биз кофирлар битим тузган Хайфу Бани Кинонада (яъни, мана шу Муҳассабда) бўламиз. Бу ерда Қурайш ва Кинона Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб билан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни топширмагунича қиз олди-берди қилмасликка, олди-сотди қилмасликка битим тузган», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин, аср, шом, хуфтон намозларини ўқиб, кейин Муҳассабда бироз ўтириб, сўнгра Каъбага бордилар-да, у ерни тавоф қилдилар («Саҳиҳи Бухорий»).
Ибн Умар Расулуллоҳдан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розийаллоҳу анҳумлар Абтаҳга тушишар эди». Имом Термизий бу ҳадисни саҳиҳ, ҳасан, ғариб, дедилар ва таҳсиб деганда Абтаҳга тушиш ирода этилган, деб айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халифалари ва саҳобалари тушган ўринга масжид қурилган. Ҳозирги кунда у Муҳассаб масжиди деб номланади.

Жумумдаги фатҳ масжиди

Жумум Марраз заҳрон водийсидаги жой бўлиб, Бани Сулайм қабиласининг сув манбааси ўша жойдадир. У Мадинаи мунаввара йўлидаги Макка шимолида 25 км узоқликда жойлашган. Танъим масжидидан 18 км узоқликдадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳижратнинг 6-йили рабийъул аввал ойида Зайд ибн Хориса бошчилигида отлиқ юбордилар. Бир хотинга йўлиқишган эди, у отлиқларни Бани Сулаймга қарашли бир маҳаллага йўллаб қўйди. Улар бу ерда бир қанча неъмат ва асирларни қўлга киритишди.
Ҳижратнинг 8-йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу ерга тушиб, Макка фатҳ этилишидан олдин бир кеча тунаб қолдилар. Ўша куни у зот билан 10 минг саҳобалар бирга эди. Ҳамда Бани Сулайм қабиласидан бир қанча жамоа ҳам мазкур куни иштирок этишди. Абу Суфён ҳам шу кун мусулмон бўлди. Имом Бухорий Ҳишом оталаридан қилган ривоятда келтиришларича, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни юришни бошлаганларида бунинг хабари Қурайшга етиб келди. Абу Суфён ибн Ҳарб, Ҳаким ибн Ҳизом ва Бадил ибн Варқолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида хабар топгани чиқишди. Улар юриб келиб, Марраз заҳронга бориб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соқчилари уларни кўриб қолиб, ушлаб олди-да, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келди. Шунда Абу Суфён мусулмон бўлди («Саҳиҳи Бухорий»).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушган ва намоз ўқиган ўринларига масжид қурилган. У Фатҳ масжиди деб танилади. Тарих давоимда бу макон мусулмонлар учун аҳамиятли бўлиб, 1397 ҳижрий йили шайх Бакр Муҳаммад Қутбнинг шахсий жамғармасидан қайта қурилди. Масжидга кираверишда тепасига бу ҳақда ёзиб қўйилган. Масжиднинг қибла томондан узунлиги 20 метр, эни 15 метр. Умумий масофаси 300 кв. метр. Энига 5 метр бўлган очиқлик ҳамда 10 метрлик усти шифтли зал ҳам бор. Чап томонида баланд минора ва хизмат хонаси мавжуд. Минора ёнида Жумумга сув етказиб бериш мақсадида сариқ рангдаги сув сақлаш идиши бор. Ҳижрат йўлидан юрганлар бу масжидни топишга муяссар бўлишади.

Зий тува

Бу Макка водийларидан бир водий бўлиб, ҳозирги кунда у ерларнинг барчаси турар жой бўлиб кетган. Айни кунларда Бажрул қудуғи деб номлаш билан чекланилади. Тува қудуғи деб ҳам номланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда тунаб, тонг отганида ўша қудуқдаги сувда ғусл қилиб намоз ўқиганлар. Кейин Маккага кирганлар.
Имом Бухорий ривоят қилганларидек, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зий тувада тонг отгунича тунаб, тонг отганидан кейин Маккага кирганлар. Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ҳам Маккага келадиган бўлсалар, Зий тувада тунаб, тонг отганида ғусл қилардилар-да, сўнгра кундузи Маккага кирардилар. Кейин Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай қилишларини зикр этардилар («Саҳиҳи Муслим»).
Муслимнинг ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиган ўринлари яқинига қурилган масжиднинг зикри келган. Фокиҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини зикр қилиб, у ўша томонга юзланилганда ўнг томондаги қудуқ яқинидадир, дедилар. Кўчани кенгайтириш мақсадида бузилгунга қадар масжид аниқ қолган. Қудуқ Бажрулда ҳали ҳам мавжуд бўлиб, янги қурилган Жафрий иморатининг орқасидаги туғруқхона рўпарасидадир. Ҳозирги кунда у Зий тува қудуғи, деб танилади.

Зубайда булоғи

174 ҳижрий/791 милодий йили Аббосийлар халифаси Хорун ар-Рашиднинг хотини Зубайда ушбу қудуқни кавлаб сув чиқартирган. У Ҳунайн (Шароиъ)даги Наълон водийсидан оқиб келади. Бу макон Масжидул-ҳарамдан 36 км узоқликда жойлашган. У сув Арафотдан ўтиб, Урна водийсини кесиб, Мино ва Маккага қараб оқади. 1200 йил мобайнида ушбу сув Макка аҳлининг истеъмолдаги суви бўлган. Ҳокимлар унинг ислоҳотига бошчилик қилиб келишган. Охирги вақтларда бу сув тўхтаб қолган. 1421 ҳижрий йили амир Абдуллоҳ ибн Абдулазиз оли Сауд уни янгилаш ва сувидан фойдаланиш ҳақида тадқиқотлар олиб бориш режасини тузди.

Муъалло мақбараси

Бу Маккадаги археологик мақбаралардан бўлиб, Масжидул-ҳарамнинг шарқий томонида жойлашган.
Фокиҳий айтишларича, Маккада Макка аҳлининг мақбараси жойлашган дарадан бошқа бирор дара қиблага текис ҳолда йўналмаган. Чунки унинг барчаси тўппа-тўғри Каъба юзи томон юзланган. Бу мақбара ҳақидаги заиф ҳадисларда зикр қилинишича, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу мақбара мунча ҳам яхши», деганлар. Мазкур қабристонда Ҳадича розийаллоҳу анҳо ҳамда у зотдан бошқа саҳоба, тобеъин ва солиҳ шахслар дафн этилган. Маккаи мукаррамада бундан бошқа археологик қабрлар мавжуд эканига ишора этмоқни лозим топдик.

Сариф

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Маймуна ал-Ҳилолийя 7 ҳижрий йили мана шу ерга келиб, у ерга бино қуриб ва шу ерда 51 ҳижрий йили вафот этганларидан кейин дафн этилгани учун Сариф фахрланади. Маймуна розийаллоҳу анҳонинг қабрлари ҳижрат йўлидан Маккаи мукаррамага кетаётиб, йўлнинг ўнг томонидаги таниқли макондадир. У Маккаи мукаррамадан 20 км узоқликдадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бино қурган маконда Маймуна розийаллоҳу анҳо вафот этганлар. Язид ибн Асамдан қилинган ривоятда келтирилишича, Маккада сингилларининг болаларидан бирор киши қолмаганида Маймунага Макка оғирлик қилиб қолди. Маккада туриб: «Мен бу ерда ўлмайман. Чунки Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўлмаслигим ҳақида хабар берганлар», деб айтганларида, у зотни кўтариб Сарифга, яъни Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурган бинолари (олдидаги) дарахт яқинига олиб келишди. Маймуна мана шу ерда вафот этиб, шу ерга дафн этилдилар (Ибн Касирнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъжизалари» китобидан).

Хотима

Маккаи мукаррама тарихи ҳақида мўъжазгина ёзилган ушбу рисолачани охирига етказган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар айтаман. Ҳадисларнинг тахрижи, воқеалар, сурат ва хариталар тартибига аввалгилар ҳаракати ёрдами эвазига бироз қўшимча қилиш билан китобни ёзиб тугатдим. Бу амалим холис Ўзининг розилиги учундир. Бу муборак шаҳарнинг тарихи ўқувчиларга фойдали бўлиши борасида Аллоҳга дуо қилиб, янада фазлу карамини дариғ тутмаслигини сўраб қоламан.
Шоирнинг қуйидаги шеърида келганидек, ўқувчилардан солиҳ дуоларида шерик қилмоқларини ўтинаман:

Эй биродар, Аллоҳдан сўра мусаннифга раҳмат,
Яхши кўрган нарсангнинг хоҳлаганинг талаб қил!
Ёзувчи гуноҳин сўра кечирилишин албат,
Бу, иншааллоҳ, эҳсонинг бўлур сенинг, шуни бил!

Набийимиз, ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оилалари, саҳобалари ҳамда қиёмат кунигача у зотга эргашганларга саловоту саломлар бўлсин. Бутун оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин.
1427 ҳижрий сана, 19-рамазон, пайшанба.

Доктор Муҳаммад Илёс Абдулғани, 

Анвар Аҳмад таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунда ахборот коммуникация воситалари кун сайин ривожланиб, янги ndash янги чўққиларни эгаллаб бораётгани сир эмас. Деярли ҳар бир инсон уяли телефон, давоми...

4054 21:44 / 19.04.2017
Барчамизга маълумки, Меҳрибон ва Раҳимли зот Аллоҳ номи билан бошланган ва бажарилган ҳар бир ишнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам қутлуғ бўлади. Алишер Навоийнинг давоми...

5099 22:43 / 19.04.2017
Tog`lar orasidagi shifobaxsh, zilol suvlari, yashil tabiati bilan ko`rkam ikki qishloq ahlining xursandchilik onlari edi. Qishloq ahli bolalari ilm olishlari uchun yangi zamonaviy maktab qurilishi haqidagi gaplar butun qishloqqa yoyilgan edi.Bu ishlarga boshchilik qilayotgan Mahmud tog`a давоми...

6911 22:49 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимЗамонавий фандаги Қуръон ҳақиқатлариДин билан дунёни, дунё билан динни ўрганамиз.И.А.Каримов.Алҳамдулиллаҳ. Вас солату вас соламу ъала давоми...

13031 22:41 / 19.04.2017
Аудиолар

131625 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52101 14:35 / 11.08.2021