1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Улуғларнинг синовларга сабр-бардоши

16:48 / 27.03.2017 3678 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халифа Валид ибн Абдулмалик Димашққа Урва ибн Зубайрни чорлади. Урва халифанинг чақириғини ижобат қилиб, Димашққа катта ўғли билан бирга келди. Урва халифанинг ҳузурига келганда халифа жуда хурсанд бўлиб, уни кенг қарши олди. 

Сўнгра кутилмаган воқеа рўй берди.

Бу воқеа қуйидагича бўлди: Урва ибн Зубайрнинг ўғли халифанинг отхонасига учқур отларини томоша қилиш учун кирган эди, отлардан бири уни тепиб ҳалок қилиб қўйди.

Мусибатланган ота ўғлининг қабрига тупроқ тортиб, ҳали қўлини қоқмасдан бир оёғи қорасон касаллигига дучор бўлиб, унинг болдири шишиб кетди. Шиш тезлик билан катталашиб борар эди. Халифа нима қилиб бўлсада уни даволатиш учун турли томонлардан табиблар чақиртирди. Лекин барча табиблар “агар болдир кесилмаса, шиш бутун жасадга ўтиб кетади ва бу унинг вафот этишига сабаб бўлади”, дейишди. Уларнинг гапига қулоқ солишдан бошқа иложи қолмади. 

Болдирни кесиш учун ўзи билан бирга гўштни кесадиган асбоб ва суякни кесадиган аррани олиб келган жарроҳ Урвага қараб: “оёғингизни кесаётганда қаттиқ оғриқни сезмаслигингиз учун сизга маст қилувчи дори ичирсак”, деди.

Урва: Соғайишимни умид қилиб турган нарсамга асло ҳаромдан фойдаланмайман, деди.

Жарроҳ: Унда сизга бехуш қилувчи нарса ичирайлик, деди.

Урва: Аъзоларимдан бири кесилса-ю, ҳеч қандай оғриқни сезмасдан Аллоҳдан савоб умид қилиб туришни хоҳламайман. 

Жарроҳ Урванинг болдирини кесишга қасд қилганда, Урванинг олдига бир нечта кишилар кириб келишди. 

Урва: булар кимлар?, деди.

Унга: Булар оёғингиз кесилаётганда оғриқнинг қаттиқлигидан оёғингизни қимирлатиб юбориб, сизга зарар етиб қолмаслиги учун сизни ушлаб туришга келишган, дейилди.

Урва: Уларни қайтаринглар, уларга ҳожат йўқ. Зикр ва тасбеҳлар билан уларнинг ўрнига ўзим кифоя қиламан, деди. 

Сўнгра жарроҳ ишга киришди. Аввал тиғ билан гўштни кесди. Суякка етиб борганида унга аррани қўйиб арралай бошлади. Урва эса “Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дер эди. Жарроҳ арралар эди, Урва эса таҳлил ва такбир айтар эди. Болдир кесиб бўлинди. Сўнгра қонни тўхтатиш ва жароҳатни куйдириш учун қозонда қиздирилган ёғга Урванинг болдири ботирилди. Урва узоқ муддатга хушдан кетди. Шу куни у Қуръондан бўлган кундалик вазифасини ўқий олмади. Ҳа, ёшлигидан то вафот этгунга қадар фақат шу куни ўқий олмади. У ҳар куни кундузи Қуръоннинг тўртдан бирини мусҳафга қараб ўқир эди ва кечаси шу жойни қиёмда ёддан ўқир эди. У Қуръондан бўлган кундалик вазифасини фақат бир мартагина қолдирган. У ҳам бўлса, мазкур воқеа сабабидан қолдирган эди.

Урва хушига келганидан сўнг кесилган оёғини олиб келишларини сўраганида, унга оёғи олиб келинди. Урва оёғига тикилиб қаради ва: “қоронғу кечаларда сени устингга мени мингазиб масжид сари қатнатиб қўйган Зотга қасамки, албатта, сен билан бирор марта ҳаромга юрмаганимдан У Зотнинг Ўзи хабардордир”, деди. Сўнгра Маън ибн Авснинг қуйидаги байтини ўқиди:


Қасамки, чўзмадим шубҳага қўлим

Оёқларим фаҳшга бошлаб бормади

Етакламади унга кўз-қулоқларим

Фикрим ҳам, ақлим ҳам бормади унга

Биламан, менга етган бундай мусибат,

Мендан олдин ҳам ўзга бировга етган



Урва Мадинаи-мунавварага оиласининг олдига кўтариб олиб келинганида у дарҳол уларга қарата: “Кўриб турган нарсангиз сизларни қўрқитиб юбормасин! Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга тўртта ўғил бериб, сўнгра биттасини олди ва учтасини менга қолдирди, Унга ҳамд бўлсин! Менга тўртта аъзони (икки қўл ва икки оёқни) бериб, сўнгра биттасини олди ва учтасини менга қолдирди, Унга ҳамд бўлсин! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло мендан озини олган бўлса, кўпини қолдирган. Бир марта мени мусибат билан синаган бўлса, кўп марта мени офиятда асраган”, деди.

Мадина аҳли ўзларини имоми ва олими бўлган Урва ибн Зубайрнинг келганидан хабардор бўлгач, унга таъзия билдириш учун у кишининг уйига ёпирилиб кела бошлади. Билдирилган таъзиялар ичида энг чиройлиси Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Толҳанинг сўзи бўлди. У шундай деди: “Эй Абу Абдуллоҳ, дарҳақиқат аъзоларингиздан бир аъзо ва ўғилларингиздан бири жаннатга сиздан олдин кирганининг хуш-хабарини қабул қилинг!. Иншаа Аллоҳ, бутун жасад ўзининг баъзи аъзосига эргашади. Аллоҳ таоло биз муҳтож бўлган сизнинг илмингиз, фиқҳингизни ва фатволарингизни сақлаб қолди. Аллоҳ булардан ҳаммамизни манфаатдор қилсин. Аллоҳ таоло сизга савоб берувчи ва сизни гўзал ҳисоб қилувчидир”.


Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азизлар Ислом уламолари умматни турли фитналардан сақланиш ҳақидаги чора ва тадбирлар ҳақида тўхталиб шундай дейилган Уммат ичидаги насиҳат қилувчиларга, давоми...

4484 14:01 / 24.03.2017
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ айтадилар Акам тунни намоз ўқиб ўтказди. Мен онамнинг оёқларини ушлаб ўтказдим. Менинг туним ўзимни ҳурсанд қилганчалик унинг давоми...

3734 16:52 / 27.03.2017
...Соғлом фикрли ақлли одамлар одамларни ўзини фойдасига эмас балки зарарига деб билади. Улар билан ёндашиб ёки қарор қабул қилиб одамларга суяниб олишмайди. Лекин давоми...

8164 14:28 / 15.03.2017
Савол Халқ орасида тарқалган Ал фақру фахрийrdquo яъни, фақирлик менинг фахримдир, деган гап ҳадисми ёки йўқмиЖавоб Мазкур ривоятнинг тўлиқ матни Ал фақру фахрий давоми...

3627 10:15 / 24.03.2017
Аудиолар

211077 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130337 14:35 / 11.08.2021