1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Бешикда гапирганлар қиссаси

14:37 / 27.03.2017 5104 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ марҳамат қилдилар: «Уч кишидан ташқари ҳеч ким бешикда гапирмаган. Булар: (биринчиси) Исо ибн Марям , (иккинчиси) Журайжнинг соҳиби”.

Журайж ўзини ибодатга бағишлаган обид банда эди. Ибодатхонани макон тутган эди. Кунларнинг бирида олдига онаси келди, у намоз ўқиётган эди. “Эй Журайж!” деб овоз берди. Журайж: “Эй Аллоҳ! Онамми, намозимми?” деди ва намозда давом этишга қарор қилди.

Онаси чақиришни (ҳар сафар уч мартадан) уч кун давом эттирди. Учинчи чақиришининг сўнгида: “Парвардигоро, у бузуқ хотиннинг юзини кўрмагунича унинг жонини олма!” дея қарғади. Ўша пайтларда гўзаллиги билан ҳамманинг оғзига тушган бузуқ хотин бор эди.


У “Хоҳласангиз, уни мен йўлдан оздираман”, деди ва Журайж олдига бориб, ўзига чорлади. Аммо Журайж унга эътибор бермади. Сўнг хотин бир чўпоннинг олдига борди, ундан ҳомиладор бўлди. Болани туққач, “Бу бола Журайждан”, деди. Халқ (ғазаб билан) келиб, Журайжга (одамлар): “Сен бу фоҳиша билан зино қилдинг, у сендан бола туғди!” дедилар. Журайж: “Бола қаерда?” деди. Халойиқ болани олиб келишди. Журайж: “Мени ўз ҳолимга қўйинглар, намозимни ўқиб олай”, деди. Намози тугагач, боланинг олдига борди, қорнига нуқиб: “Ҳой бола! Отанг ким?” деб сўради. Гўдак: “Фалончи чўпон”, деб жавоб берди. Шундан кейин халқнинг Журайжга ҳурмати янада ошди.

(Учинчиси:) Бир замонлар бир гўдак онасини эмиб ётарди. У ердан чопқир отга минган, қадди-қомати келишган киши ўтди. Уни кўрган аёл: “Ё Аллоҳ, ўғлим шунга ўхшасин!” деб дуо қилди. Гўдак кўкракни оғзидан чиқариб, ўша одамга бурилиб қаради ва “Ё Аллоҳ! Мени бунга ўхшатма!” деди. Сўнг яна эмишда давом этди.

Кейин (она-боланинг ёнидан) бир тўп одам ўтди. Бир аёлни олдиларига солиб ҳайдаб борар, “Сен зино қилдинг-а, ўғрилик қилдинг-а!” дердилар. Аёл эса: “Менга Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У нақадар яхши вакилдир!” дерди.

Боланинг онаси: “Ё Аллоҳ! Болам бунга ўхшамасин!” деди. Гўдак яна эмишдан тўхтаб, аёлга қаради ва “Ё Аллоҳ! Мени шунга ўхшат!” деди.

Ана шунда (она-бола) ўзаро гаплаша бошлашди. Гўдак айтди: “Башанг кийинган киши ўтди. Сиз “Ё Аллоҳ, ўғлим шунга ўхшасин!” дедингиз. Мен: “Ё Аллоҳ! Мени бунга ўхшатма!” дедим. Кейин мана бу аёлни олиб ўтишди, уни уришар, “Зино қилдинг, ўғрилик қилдинг!” дейишарди. Сиз “Ё Аллоҳ! Болам бунга ўхшамасин!” дедингиз. Мен бўлсам, “Ё Аллоҳ! Мени шунга ўхшат!” дедим. Ўша отлиқ золим киши эди. Шунинг учун мен “Ё Аллоҳ! Мени бунга ўхшатма!” дедим.

Анови “зино қилдинг, ўғрилик қилдинг!” дейишаётган аёл зино ҳам қилмаган, ўғрилик ҳам қилмаган эди. Шу боис “Ё Аллоҳ! Мени шунга ўхшат!” дедим» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шарҳ. Гапириш ёшидан олдин гапирган болаларнинг сони ривоятларга кўра еттитагача боради.

Айнийга кўра, ҳадисда учта дейилишига сабаб – бу пайтда Расулуллоҳ бошқаларини ҳали ваҳий орқали билмаганларидан бўлиши мумкин. Чунки у зот ғайбни билмасдилар. Аллоҳ таоло билдирган нарсанигина билардилар. Ҳазрат Юсуфга гувоҳлик берган гўдак, Фиръавн оловга ташлатмоқчи бўлган аёлнинг боласи ва ҳазрат Яҳё гапириш ёшидан олдин тилга кирган болалар қаторида зикр қилинган. Қуртубий “Бу уч гўдак бешикдалигида, бошқалари эса бир оз каттароқ, аммо ҳануз гапириш ёшига кирмаган пайтларида гапирган”, дея таъвил қилган.

Ҳадисдан Журайж намозда гапиргани билиняпти. Ҳолбуки, гапириш намозни бузади. Олимлар масалага бундай изоҳ беришган: Эҳтимол, Журайж замонидаги шариатда намозда гапириш мумкин бўлгандир. Зеро, Исломнинг илк йилларида, тегишли оят тушгунига қадар намозда гапириш, турли ҳаракатлар қилиш мумкин бўлган. Оят тушгач, буларнинг бари тақиқланган. Шу билан бирга, Журайжнинг гапиришини ичида, ўзига сўзланиш тарзида ҳам тушуниш мумкин.

Журайж онасига жавоб бериш билан намозида давом этиш ўртасида иккиланиб, кейин намозида давом этишни танлади ва онасининг қарғишига қолди.

Баъзи олимлар ҳадисдан, бундай ҳолатда онага жавоб бериш керак, деган ҳукмни олишган. Улар: “Журайж ўқиётган намоз нафл эди, онанинг чақириғига жавоб бериш эса вожибдир”, дейишади. Бу борада Расулуллоҳнинг “Агар Журайж олим бўлганида, онасининг чақириғига жавоб бериш нафл намозда мумкин эканини биларди”, деган сўзлари ривоят қилинган. Журайж обид эди, олим эмасди. Олим обиддан устунлигига ушбу қисса ҳам далолат қилади.

Имом Нававий айтади: “Онасининг дуоси қабул қилинди. Чунки Журайж намозни қисқа қилиб, онасига жавоб бериши мумкин эди. Аммо у онасининг ибодатхонани ташлаб, дунё ишларига қайтишини талаб қилишидан қўрқиб, жавоб бермади”.

Ҳадисдан чиқадиган хулосалар:

* Ота-она ҳақи улуғ. Фарзанд узрли ҳолатда, мажбуран уларни норози қилган бўлса ҳам, ота-она қарғиши унга тегади.

* Ота-оналар фарзандларини имкон қадар тушунишга ҳаракат қилишлари ва раҳмдил бўлишлари керак. Журайжнинг онаси унинг ўлимини, бузуқлик тўрига тушиб қолишини тилаб янада оғирроқ қарғаса бўларди. Лекин она буларни тилга олмади, фақатгина “Ёмон хотинларнинг юзини кўрмасдан ўлма!” деди.

* Журайж кучли эътиқод ва соғлом имон эгаси эди. Шу боис, истагига мувофиқ, ғайриоддий воқеа содир бўлди – бешикдаги бола гапирди.

* Икки ишдан бирини танлашга тўғри келиб қолса, муҳимроғи олдин бажарилади.

* Валийлар каромат кўрсата оладилар. Бу уларнинг талаб ва истаклари билан ҳам амалга ошиши мумкин.

* Нафсининг чидашига ишонган одамгина ибодатнинг қийинини танласин.

* Бузуқлик қилганнинг ҳурмати қолмайди.

* Таҳорат ва намоз олдинги умматларда ҳам бор эди. 


Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Профессор ўзи лексия қилаётган магистрларга Ота кимrdquo деган саволни ташлади. Жавоблар турлича бўлди. Ҳар кимнинг жавобидан ўз отасига бўлган муомаласи билиб давоми...

4539 15:40 / 22.04.2017
Агар биз азиз умримизни ташкил қиладиган дақиқалар ҳақида мулоҳаза қилиб кўрсак, уларнинг нақадар ғанимат лаҳзалар эканлиги кўз ўнгимизда намоён бўлади1.Ўтиб давоми...

3212 09:55 / 25.03.2017
Ҳар бир ишга сабаблар тайин қилинган бўлиб, ўша сабаблар юзага чиқарилган пайтда унга боғланган ишлар ҳам юзага чиқаверади. Масалан, чанқаган киши сув ичса, давоми...

2440 21:24 / 21.04.2017
Мусъаб ибн Саъд ривоят қилади Саъд ўзини бошқалардан фазилатлироқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба давоми...

4482 14:07 / 24.03.2017
Аудиолар

121499 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42989 14:35 / 11.08.2021