1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Суврат ва сийрат

09:30 / 01.05.2019 3722 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(“Ўзим билан танишув” туркумидан)

Сеҳргарлар Мусо (алайҳиссалом)га: “Ҳассани биринчи бўлиб сен ташлайсанми ёки биз ташлайликми?” – деганларида: “Сиз ташланг!” – дедилар. Ташлашган эди, сеҳргарларнинг ҳассаси одамлар кўзига илон бўлиб кўринди. Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳассалари эса ҳақиқий илон бўлиб, уларнинг сохталарини ютиб юборди. Сеҳргарлар ўзларини ерга отдилар.    

Одил инсон бирон бир баҳсда, аввало, бошқаларнинг даъвосини имкон қадар эшитади. Агар уларнинг даъволари тўғри ва ҳақ бўлса, мужодалага ўрин йўқ. Ундай бўлмаса, унинг ўзи тўғри ва ҳақ сўзни келтиради.  

Инсон табиати Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳамда сеҳргарларнинг ҳассаларига ўхшайди. 

Сеҳргарлар қора арқонни эшиб-бураб, кимёвий йўллар билан қотириб, таёқ шаклига келтирдилар. У қўлдан  бўшатилса, мажбурият остида эзилган арқон яна ўз аслига қайтиш учун тўлғона бошлайди. Бу ҳолат кишилар кўзига илон бўлиб кўринади. Чунки уларнинг тафаккурига сеҳргарлар ҳузурига келишлари билан “ҳасса илонга айланади”, деган фикр муҳрланиб бўлган. 

Бу – шакл жиҳатдан шундай. Моҳият жиҳатдан эса ҳассада илонга далолат қилувчи бирон нарса йўқ.  

Хўш, инсон табиати бунга қандай ўхшатилади? 

Инсон ўзида йўқ нарсаларни бошқалар кўзига бор қилиб кўрсатиш даъвосида юради. Масалан, ҳар киши бошқалар олдида худди ўзини жуда кўп фазилатлар эгасидай тутади. Билимлилар орасида билимдондай, олийнасаблар олдида кибор, муттақийлар даврасида тақводор, зодагонлар ичида бойвачча бўлиб кўринишга урунади. Дейлик, беадаб бир кимса, минбарга чиқиб, халққа одоб ҳақида ваъзлар қилади. Буни эшитганларнинг кўнгли айнийди. Чунки буткул қарама-қарши хусусиятли нарсалар бир жойда жамланмайди. Худди балиқ ва сут биргаликда ошқозонга тушганда иллат пайдо қилгани каби. 

Бошқаларнинг одобли, фазилатли бўлишлари ҳақида кўп гапирилади. Лекин эшитувчиларга бунинг таъсири кам, яъни гапирувчининг амали даражасида бўлади. 

Бир киши ўғлини табибга обориб: “Ўғлим кўп асал ейди. Бунинг зараридан қутулолмаяпмиз. Чораси бормикин?” – деди. Табиб бир ойдан кейин келишларини буюрди. Айтилган муддатда етиб келишса, табиб боланинг икки елкасидан маҳкам ушлаб: “Асални кўп емагин!” – деди. Шундан сўнг бола асал ейишни бас қилди ва тез орада соғайиб кетди. Унинг отаси табибнинг олдига келиб, ташаккур билдираркан: “Шу бир оғиз сўзни айтиш учун бизни бир ой интизор қилишингизда не ҳикмат бор?” – деб сўради. Табиб вазминлик билан: “Илк келишингизда ўзим ҳам кўп асал ердим. Бу ҳолда ўғлингизга қилинган насиҳатнинг ҳеч бир таъсири бўлмаслигини сездим ва бир ой муҳлат сўрадим. Шу вақт ичида ўзим ҳам аста-секин бу қусурдан озод бўлдим. Шундан кейингина сўзим ўғлингизга таъсир қилди ва у соғайиб кетди”, – деб жавоб берди. 

Инсон табиатидаги йўқ нарсаларни бор қилиб кўрсатишдан мақсад ҳосил бўлмайди. Буни ҳар кимнинг ўзи яхши билиб туради. Бошқаларнинг кўзи учун шу ёлғонга ўзини ишонаётгандай қилиб кўрсатади.    

Масалан, совуқда қалтираётган киши бошқаларга “совқотмаяпман” дейиши мумкин. Лекин бу унга совуқни камайтирмайди.    

Сеҳргарлар айёрлик, ҳийла ва найрангларнинг барча турларидан ҳабардор эдилар. Бу ҳақда уларда етарли билим бор эди.  Улар асл билан сохтани жуда тўғри фарқлай олардилар. Уларда фақатгина маърифат йўқ эди. Мусо (алайҳиссалом) ҳассасининг ерга тушиши уларга етишмай турган ана шу маърифатни туҳфа этди. 

Асл билан сохтанинг орасида осмон билан ерча фарқ бор. Буни назари ўткир олим кишиларгина кўра олади. Улар сохтанинг ўрнида асл пайдо бўлганини дарров пайқашади  ва ўз сохталарини ташлаб, аслни маҳкам ушлайдилар. 

Агар инсонда билим ва маърифат бўлмаса, оддий тош билан гавҳарнинг фарқига бормайди. Унга гавҳарнинг васфи қанчалик баён қилинмасин, у тошдан воз кечмайди. Агар у гавҳарнинг қанчалик қимматбаҳолигини билса ва шунга эҳтимом қилса, унинг фойдаларидан баҳраманд бўлади. Агар қўлидаги тошини гавҳардан афзал билса, у тош бир куни бошини ёради. 

Инсонда етарли билим ва маърифат бўлса, ҳақиқий одоб соҳибининг ҳузурида ўзининг нақадар тубан ва жирканч хулқ эгаси эканидан хабар топади. Бундан ўнғайсизланади ва уялади. Унинг қаршисида ўз виждони билан юзлашади. Ўз ҳолини тафаккур ила идрок эта бошлайди. Икки ўртадаги фарқни аниқ-равшан тушуниб етгач, унда ўзгаришлар содир бўлади. Қуёшнинг нури шағамнинг шуъласини йўқ қилгани каби унинг ҳузурида  ўзининг  “фазилат”лари йўқ бўлиб келади. Зеро, у бошқаларга ана шу “фазилат”лари хусусида бонг урарди.  

Қуёш қаршисидаги шағамнинг дунёни ёритишга қудрати ҳам, журъати ҳам қолмайди. Қуёш ва ўзга ёритгичлар йўқ пайтда шағам ўзини “энг катта қудрат соҳиби” деб эълон қилишга журъат этади. Унинг бутун қудратига биргина нафас билан нуқта қўйилишини эсдан чиқаради. 

Дунё – музейга ўхшайди. Инсонлар музейга нимадир фойда олиш учун кирадилар. Агар шундай бўлмаса, ҳеч ким музейга кирмасди. Музейдан бирон кишининг портретми, экспанатми олиб чиққанини кўрганмисиз? Йўқ! Унда ундан нима олиб чиқилади? Кўп нарса! Лекин ундан ҳеч нарса олмасдан чиқиш ҳам мумкин. Дунёдан кўп нарса олиб чиқолган кишигина, шубҳасиз, ютуққа эришади.  

Ғуломиддин ОЗОД



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эътибор билан қарайдиган бўлсак, Ислом динининг батафсил ҳукмларини баён қиладиган барча манбаларимизда .Либос китоби, бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ давоми...

2197 09:10 / 05.08.2019
Закариё Абдий Иброҳим Нахаий ҳақида шундай дейди У бетоб бўлиб қолгач, йиғлади. Ундан Эй Абу Имрон, нега йиғлаяпсанrdquo деб сўрашди. У Қандай қилиб йиғламай, ахир давоми...

2824 12:01 / 19.11.2018
Муфтий ҳазратлари, гарчи ўз ватанидан четга чиқиб, олис ўлкага шайланганини сир тутсада, айғоқчилар унинг сафаридан хабар топиб, миршаблар ёрдамида ушлаб олишди. давоми...

4233 10:05 / 29.11.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қилдилар ва .Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон банда давоми...

8298 06:30 / 20.01.2023