1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Ўлим қачон мусибат бўлади-ю, қачон неъмат бўлади?

12:29 / 15.03.2017 5278 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 2002 йил 4 январда қилган жумъа хутбалари)

Алҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога неъматларига мувофиқ, зиёдасига кофий ҳамдлар бўлсин! Эй Роббимиз, Важҳинг жалоли ва салтанатинг азаматига муносиб ҳамдлар Сенга хосдир. Эй Аллоҳ, Сен Субҳонсан. Мен Сенга сано айта олмайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтгандексан. Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Унинг шериксиз эканлигига гувоҳлик бераман. Саййидимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг қули, расули, танлагани, халили ҳамда юборган набийларининг энг хайрлиси эканлигига, шунингдек, Аллоҳ у зотни бутун оламларга баширу назир қилиб юборганлигига шаҳодат келтираман. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ва у зотнинг олига қиёматга қадар доимий ва тўхтовсиз салоту салом ва баракотлар юборгин. 

Эй мусулмонлар, сизларга ва ўз гуноҳкор нафсимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия қиламан. Аммо баъд. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Қуръонида шундай деб марҳамат қилган: “(Мутлақ) ҳукмронлик “қўли”да бўлган зот – Аллоҳ баракотли (буюк)дир ва У ҳар нарсага қодирдир. (У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк, 1-2). 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Ушбу оятда Аллоҳ азза ва жалла ўлимни ҳаётдан олдин зикр қилиб, унга аҳамият берганига назар солинглар, мулоҳаза қилиб кўринглар! Ваҳоланки, замонга ва инсон яшаб турган воқеликка нисбатан олиб қарайдиган бўлсак, аслида ҳаёт ўлимдан олдин келади. Шу билан бирга илоҳий баён замон ва вақт тартибига эътибор қаратмади. Фақатгина “ўлим ва ҳаётни яратган зотдир” деди. Бундан кўзланган ҳикмат инсон эътиборини ўзи яшаб турган ҳаётдан кўра эртага борадигани бўлмиш ўлимга кўпроқ жалб этиш, ўлимга кўпроқ аҳамият беришига ундашдир. Бундан мақсад сен ҳозирги ҳаётингда яшаб туриб, кўпроқ яқинда йўлиқадиганинг бўлмиш ўлим ҳақида кўпроқ ўйлагин. Шунинг учун ҳам ўлим ҳаётдан олдин зикр қилинди. Лекин инсон бу ҳаётда Аллоҳнинг баёнига, оятига зид тарзда яшайди, хоҳласин, хоҳламасин, эртага борадигани ўлимдан юз ўгиради. Шунга қарамасдан Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг диққатимизни ўлимни эслашга қаратиб, шундай деганлар: “Лаззатларни вайрон қилувчи, жамоаларни тарқатиб юборувчи ўлимни кўп эсланглар! Ким гуноҳлари кўпайган пайтда ўлимни эсласа, Аллоҳ унинг гуноҳларини камайтиради. Ким тоатлари камайганда ўлимни эсласа, Аллоҳ унинг тоатларини кўпайтиради”. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлимни кўп эслашга тарғиб қилишларига қарамай, кўпчилик инсонлар эртага рўпара келадиган ўлимларидан юз ўгириб, ўзларини ўлимни унутганга солиб, фоний дунё зийнатларига алданиб яшашади. Мана шундай юз ўгиришлари эртага улар учун ўлимни мусибатга айлантиради. Бундан ташқари ўлимга ва ўлимдан кейинги ҳаётга тайёргарлик кўрмаслик ҳам ўлимни мусибатга айлантиради. Қолаверса, ўлимни мусибатга айлантирадиган сабаблардан яна бири инсоннинг ўзидир. Аллоҳ таоло Қуръонда турли услублар билан ўлимни зикр қилган бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўплаб ҳадиси шарифларида ўлимни эслашга қаттиқ тарғиб қилган бўлишларига қарамай кўплаб инсонлар ўлим ҳақида сўз юритишдан ўзларини олиб қочадилар, ўлим ҳақида сўз очганлардан эса юз ўгирадилар. Агар ўлим ҳақида суҳбат бўлаётганда ўлимни ёқтирмайдиган кишига имкон берилса, ўша суҳбатдан дарҳол қочиб кетган бўлар эди. Ёки ўшандай кимсаларга имкон берилганда, ўлим ҳақида гапираётган кишини дарҳол гапиришдан тўхтатган бўларди. Бу ҳол эса жуда кулгили манзарадир. Агар ўлим ҳақидаги суҳбатни эшитишдан қочишнинг ўзи кишини ўлимдан озод қилганда эди, бу оқилона ва мақбул иш бўлган бўларди. Лекин ўша қочаётган кимса ҳам, бошқалар ҳам яхши биладики, ўлимдан ҳеч ким қоча олмайди. У ҳеч ким қутула олмайдиган қадардир. Қуйидаги оят эгаси бўлмиш Аллоҳ рост сўзловчидир: 

“Айтинг: “Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи зотга (Аллоҳга) қайтарилурсиз. Бас, (У) сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур” (Жумуъа, 8). 

Яна Аллоҳ таоло бундай деган: “Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо, 78). 

Сени кутиб турган нарсадан қочишинг мумкин эмас. Ҳаётинг тугагандан кейин олдингда биргина йўл – ўлим бор экан, ундан қочишинг тўғри қарор эмас. Бу йўлдан орқага тисарила олмайсан. Нега боришинг аниқ бўлган кейинги бекатдан кўзингни юмиб оласан?! Ахир бу кулгили иш-ку! Қадимгиларнинг бир гапи бор: “Энг ёмон бало, кўпинча, кулгили бўлади”. 

Эй биродарлар! Мен сизларга ушбу дақиқаларда энг катта хато нималигини баён қилиб бераман. У хато - инсоннинг бориши аниқ бўлган нарсадан юз ўгиришидир. Кейин ўзимга ва сизларга унинг давосини, чорасини баён қилиб бераман. Агар биз ўша давони истеъмол қилсак, ўлимни эслаш бизга осон бўлиб қолади. Қолаверса, ўлимнинг мусибат бўлиш маъноси ҳам эриб, йўқ бўлади. Ўлимдан юз ўгиришимиздаги хато ва хатар шуки, инсон ўлимдан юз ўгирганда, ўша ўлимни яшаб турган ҳаёти учун фидо қилган бўлади. Юз ўгиришнинг бундан бошқа изоҳи йўқ. Яъни ўлимдан юз ўгириш, уни билмаганга олиш, ўзни уни унутганга солишнинг маъноси – биз ўлимни ва ўлимдан кейинги ҳаётни ўзимиз яшаб турган ушбу дунё учун фидо қилган бўламиз. 

Мен боқий нарсани фоний нарса учун фидо қиладиган инсондан ажабланаман! 

Борадиган жойини юрадиган йўли учун фидо қиладиган инсондан ажабланаман! 

Дарёнинг нариги қирғоғига кўприк орқали ўтилади. Аммо у инсон ўша кўприк учун нариги қирғоқни фидо қилмоқда. Жиннилик қилиш ҳам бир санъат. Аммо бу иш жинниликнинг энг ёмон санъатидир. Бунинг жиннилик эканида асло шубҳа йўқ. 

Азиз биродарлар, биз бу дунёда яшар эканмиз, худди ўша кўприкда юргандек бўламиз. Бир куни нариги қирғоққа ўтамиз. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: 

“Айтинг: “Дунё лаззати қисқадир. Тақволи кишига эса, охират яхшидир” (Нисо, 77). 

У Зот яна шундай деб марҳамат қилади: “Кофир бўлганларнинг шаҳарма-шаҳар сайр этиб (яйраб) юришлари Сизни зинҳор алдаб қўймасин! Арзимас роҳат. Кейин эса борадиган жойлари – жаҳаннам. Нақадар мудҳиш жой у!” (Оли Имрон, 196-197). 

Аллоҳ таоло қуйидаги оятда яна шундай дейди: “Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир*. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир” (Ҳадид, 20). 

Бу ҳақиқатни ҳамма билгани ҳолда, кўпчилик инсонлар қутулиш ва қочиш имкони бўлмаган боқий ҳаётни фоний дунё учун фидо қилаверади. Касалликнинг хатари мана шудир. Инсон ҳаётидаги ўлим билан боғлиқ мусибатнинг кўриниши мана шудир. 

Аслида ўлимнинг ўзи мусибат бўлмайди, балки инсоннинг ўлим борасидаги муносабатлари, ўзини тутиши, у билан бўлган алоқаси мусибат бўлади. У ҳолда бу мусибатдан қутулишнинг йўли қандай? Нима қилсак ўлимни эслаганимизда роҳатланадиган бўламиз? 

Бунинг чораси – ўлимдан кейинги ҳаётга тайёргарлик кўришимиздир.

Бунинг чораси – Аллоҳ билан бўладиган муомаламизни ислоҳ қилишимиздир.  

Бунинг чораси – охиратдаги ҳаётимизни обод қилишимиздир. 

Бунинг чораси – барча ғамларимизни охират ғамига айлантириб олишимиздир. 

Агар биз ушбу ишларни қилсак, яъни ўзимиз билан Аллоҳнинг ўртасидаги йўлни Ўзи буюрган тарзда, Ўзига юзланган ҳолда обод қилсак, биз учун ўлимдан кўра севимлироқ ҳеч нарса қолмайди. Чунки, бу пайтда ўлим биз учун Аллоҳга етишиш эшигига айланиб қолади. Буйруқларига лаббай деганинг, васиятларини рўёбга чиқарганинг ва бунинг натижасида қалбинг Унинг муҳаббати билан тўлиб-тошган Мавлойингга етишиш эшигига айланиб қолади. Сен билан Унинг ўртасидаги тўсиқ, сени Уни кўришдан тўсиб турган парда ўлимдир. Бундан бошқа нарса эмас. Агар юқорида айтилган даво чораларини қўлласанг, Уни кўришга бўлган шавқ сенинг қалбингни ўша тўсиқ тезроқ юмалаб, ўртадаги парда олинишини кутадиган қилиб қўяди. Юқорида айтилганлар ўлимдан қочиш касалидан қутулиш чораларидир. Сизларга бир кичик ҳикояни мисол тариқасида келтираман. 

Бир инсон бир ҳовлини ўн йилга ижарага олди. Келишувга кўра, у ўн йил тўлгач, ўша ҳовлидан чиқиб кетиши керак. Ижарага олган ҳовлисининг яқинида ўзининг ҳам ҳовлиси бор эди. Лекин у жуда хароба эди. Бу одам ижарага олган ҳовлисида яшай бошлагач, ҳовлининг гўзаллиги, ундаги безаклар, шинамлиги, барча қулайликларга эгалиги уни алдаб қўйди. Натижада ўн йилдан кейин кўчиб борадиган ўзининг хароба ҳовлисини унутди. Йиллар кетидан йиллар ўтаверди. У бўлса хали ҳам ўша ижарага олган ҳовлисининг гўзаллигидан маст бўлиб яшарди. Яқинда у ердан чиқиб кетишини асло хаёлига ҳам келтирмасди. Ўн йил тўлгач, ҳовлининг эгаси келиб, дарвозани таққиллатди. Ижарачига ижара муддати тугаганлигини, шунинг учун бу ҳовлидан чиқиб кетиши зарурлигини эслатди. Ижарачи мана шу пайт ўзининг хароба ҳовлиси борлигини эслади. Эслади-ю, афсусланди. Чунки хароба ҳовлиси яшашга яроқсиз эди. Ўз ҳовлисини узоқдан кўрди-ю, ўзига ўзи деди: “Эҳ, афсус! Бу ҳовлимни яшаш учун яроқли ҳолга келтирмадим-а!” Бу одамга ижарага олган шоҳона ҳовлисидан чиқиб кетиши мусибат бўлди. Нима сабабдан мусибат бўлди? Чунки, у ўзининг хароба ҳовлисини унутган, ўн йил тўлгач, ижарага олган ҳовлисидан чиқиб кетишини ўйламаган эди. Мана шу нарса унинг зийнатли ҳовлидан кетишини мусибатга айлантирди. 

Лекин ақлли одамга қаранглар! Ижарага олган ҳовлисига қадам босганидан бошлаб ҳар куни ўзининг хароба ҳовлисига бориб, бир-икки соат ўша ерда бўлар, ҳовлини таъмирлаб, баъзи биноларини қайтадан қуриб, ўн йилдан кейин бориб яшашга тайёрлар эди. Муддат тугагач, ўзининг таъмирланган, янгидек ҳолатга келган ҳовлисига кўчиб ўтади. Ҳовлиси унга гўёки “Хуш келибсан! Мана мен, сен яшашинг ва ҳурсанд бўлишинг учун тайёрман, келақол!” деяётгандек бўлади. Ўн йил тўлиб, ҳовлининг эгаси келганда, у бу ҳовлидан ўзининг ҳовлисига шошилиб, ҳурсанд бўлиб кўчиб ўтади. Ижарада яшаган ҳовлисидан узоқлашиб, ўзининг таъмирлаган ҳовлисига кўчаётганда қалби севинчга тўлган бўлади. Чунки, у ўн йил мобайнида ўзининг ҳовлисини кўзни қувонтирадиган қилиб таъмирлаган эди. Ўзи ҳам ўша ерда яшашни бесабрлик билан кутаётганди. 

Бу қисса бу дунёда яшаётган инсоннинг қабри, охирати билан бўладиган муносабати ҳақидадир. 

Бир куни Сулаймон ибн Абдулмалик Салама ибн Динорни зиёрат қилди. Зиёрат асносида Сулаймон Саламадан сўради: “Эй Абу Ҳозим, нега биз ўлимни ёмон кўрамиз?” Шунда Салама: “Чунки сизлар дунёларингизни обод қилиб, охиратингизни хароб қилгансиз. Шунинг учун обод диёрдан хароб диёрга кўчишни ёқтирмайсизлар” деб жавоб берди. Аслида иш аксинча бўлиши керак эди. Яъни ўлимдан кейинги ҳаётни обод қилиб, дунёда зарурат учун, ҳожат миқдорича яшаш керак эди. Мана шундай яшаган инсон ҳаргиз ўлимни ёмон кўрмайди. 

Эй биродарлар, яхшилаб мулоҳаза қилиб кўринглар! Мен ўзим билан Хожам, Холиқим ўртасини Унинг амрларига бўйинсўниш, зикрини кўпайтириш, неъматларига шукрни кўпайтириш билан обод қилган чоғимда қалбим Унга бўлган муҳаббат билан тўлади. Шу билан бирга қалбимда Унга бўлган муштоқлигим ҳам ортади. Агар қалб Аллоҳга муштоқлик ҳисси билан тўлса, ўлимнинг хатари, уни эслангандаги қўрқув, тисарилиш, ёқтирмаслик ҳислари эриб битади. Аксинча, ўлимни эслаганда бошқа пайтларда топилмайдиган ажиб ёқимли ҳисларни туядиган бўлиб қолади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳога шундай деган эдилар: “Ким Аллоҳ билан кўришишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам у билан кўришишни яхши кўради. Ким Аллоҳ билан кўришишни ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам у билан кўришишни ёқтирмайди”. Оиша розияллоҳу анҳо сўрадилар: “Ўлимни ёқтирмасликчи? Ахир барчамиз ўлимни ёқтирмаймиз-ку, эй Расулуллоҳ?” Бунга жавобан Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Ундоқ эмас. Лекин мўминга Аллоҳ Ўз розилигининг, мағфиратининг ва жаннатининг хушхабарини берса, у банда Аллоҳ билан кўришишни яхши кўриб қолади. Аллоҳ ҳам у билан кўришишни яхши кўради. Агар кофирга Аллоҳнинг ғазаби, азоби хабари етказилса, у Аллоҳ билан кўришишни ёмон кўриб қолади. Аллоҳ ҳам у билан кўришишни ёмон кўради”. 

Бу ҳадис бизга шу нарсани баён қиляптики, агар мўминга ўлим соати яқинлашса, Аллоҳ унга борадиган жойининг хушхабарини беради. Ана шу соатда ўша мўмин учун бу дунёдан чиқиб, Мавлоси ва Холиқи билан кўришишдан кўра севимлироқ нарса бўлмас экан. Аммо кофир кимсага ўлим соати яқинлашса, Аллоҳ унга қайтадиган жойини кўрсатиб қўяди. Ана шу соатда ўша кофир учун бу дунёдан кетишдан кўра ёқимсизроқ нарса бўлмас экан. 

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир. Аллоҳнинг сўзларида ўзгартириш йўқдир. Ана шу буюк ютуқдир” (Юнус, 62-64). 

Дунё ҳаётидаги хушхабар фироқ соатида, ўлим келганда бўлади. Аллоҳ таоло мўмин бандасига саодатни ёзиб қўяди. Кейин Борий азза ва жалла ўша бандасининг охиратдаги мақомини, уни кутиб турган саодат белгиларини кўрсатади. Ўлим ўша пайтда у банда учун таърифга сиғмас ҳурсандчилик лаҳзаси бўлади. Шунда ўша мўмин банда саййидимиз Билол розияллоҳу анҳунинг ўлим соатлари яқинлашиб, унинг шиддати кучайганда атрофларида турган кишиларнинг йиғисини ва маҳзунлигини ҳамда “Вой, қандай мусибат!” деганларини эшитганларида: “Вой, қандай ҳурсандчилик! Эртага севиклиларим Муҳаммад ва унинг саҳобалари билан кўришаман” деб айтган сўзларини қайтаради.  


Нозимжон Ҳошимжон таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу сарлавҳа остидаги бобда кофир қавмларнинг вояга етмай ўлиб кетган ёш болалари ҳақида келган таълимотлар ҳақида сўз кетади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан давоми...

2769 05:00 / 13.03.2017
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қуйидагиларни гапириб берган экан Аллоҳнинг бандаларидан бир давоми...

10447 05:00 / 14.03.2017
...Бугунги кунимизда мусулмонларнинг тушкун ҳолини кўриб, ҳафсаласи пир бўлаётганлар кўп. Лекин, ушбу ҳадис бошқа оят ва ҳадислар билан бир қаторда келажакИслом ва давоми...

5826 05:00 / 13.03.2017
Мазкур ҳадиси шариф quotЖаброил ҳадисиquot номи билан шуҳрат қозонган бўлиб, у ҳақида Ибн Дақиқ алийд р.ҳ. quotХудди Қуръоннинг онаси quotФотиҳа сурасиquot бўлгани каби давоми...

3099 05:00 / 14.03.2017
Аудиолар

120303 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41942 14:35 / 11.08.2021