1447 йил 5 Рамазон | 2026 йил 23 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Бузуқ қалб ва онг ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчайди

19:00 / 17 февраль 550 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ

«Албатта, мен юзимни ҳаниф бўлган ҳолимда осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зотга юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман» (Анъом сураси, 79-оят).

Бу иқрор Иброҳим алайҳиссаломнинг мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар Унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ою юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг Ўзигагина юзланганларини эълон қилишларидир. У кишининг бу юзланишлари, ушбу йўллари, миллатлари ҳанифлик деб номланади. Бу фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.

Албатта, мушрик қавм Иброҳимдан буни эшитиб, индамай кетавермади. Одатдагидек, ботил фикрларини ҳимоя қилиб, у киши билан баҳслашишни бошладилар.

ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭﯮ ﯯ ﯰ ﯱ

«Қавми у билан тортишди. У айтди: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми?! Ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани хоҳласа, (ўшандан қўрқаман). Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган. Эслатма олмайсизларми?» (Анъом сураси, 80-оят).

Бузуқ қалб ва онг ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчайди ва ўз кўзи ила кўради. Ҳар қандай ёмонликни яхшилик деб баҳолаши ва уни ҳимоя қилиши турган гап. Бундай ҳолга тушиб қолганлар ўзларини тўғри йўлга даъват қилувчиларни ҳам душман деб биладилар. Уларга қарши ҳар нарса қиладилар. Мана, Иброҳим алайҳиссалом ўз Роббига юзланганлигини эълон қилишидан ва ҳали мушрикларга, уларнинг худоларига тил теккизмасидан аввал баҳсга киришдилар. Ўзлари ибодат қилаётган, на фойда, на зиён етказа олмайдиган, тош, ёғочдан ишланган бут-санамлар ва осмон жисмларининг заифлигини, ақийдалари пучлигини унутиб, камолот соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида тортиша бошладилар. Ҳақиқий мўмин бўлган Иброҳим алайҳиссалом ҳам ҳақиқий мўминнинг йўлини тутдилар. У киши ўзлари иймон келтирган, Унинг йўлини тутган ягона Аллоҳ таоло ҳақида ишонч ва хотиржамлик, сабот ва кўнгли тўқлик билан сўзлай бошладилар.

«Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми?» – деди.

Мени ҳидоятга солган Зот ҳақида мен билан тортишасизларми? У менга Ўзини танитди. Мен ақлим, виждоним ва бутун вужудим ила Уни танидим. Энди эса сизлар, У борми-йўқми, деб, мен билан гап талашасизларми?

«Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман».

Ўзингиз ёғоч ёки тошдан ясаб олган бутлардан, юлдуз, ой ва қуёшдан ва шунга ўхшаш сиз Худо деб, Аллоҳга шерик қилаётган нарсадан қўрқмайман. Уларнинг ҳаммасини менинг Роббим яратган, улар бировга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсалардир.

«Магар Роббим бирор нарсани хоҳласа, (ўшандан қўрқаман)».

Яъни, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгадан қўрқишнинг ҳеч ҳожати йўқ.

«Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган».

Аллоҳнинг илмидан ташқари ҳеч қандай илм йўқ.

«Эслатма олмайсизларми?»

Ана ўшанда ширк эмас, якка ва ягона Аллоҳга ибодат қилган бўлар эдингиз.

ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ

«Қандай қилиб мен сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай?! Ҳолбуки, сиз у ҳақида (У Зот) сизга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб, қўрқмайсиз-ку!» Ушбу икки жамоанинг қай бири омонликка ҳақлироқ?! Агар билсангиз» (Анъом сураси, 81-оят).

Оддий мантиқ айтиб турибди. Сизлар Худодан қўрқмай, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни Унга шерик қилиб олдингиз ва яна қўрқмай юрибсиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, нима учун мен ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?!

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Роббонийлари ва аҳборлари уларни гуноҳни айтишларидан ва ҳаром ейишларидан қайтарсалар бўлмасми давоми...

2072 19:00 / 03.12.2024
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Жумуъа, Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар барча нарсанинг эгаси, барча айблардан холи, ўта иззатли, давоми...

3343 14:09 / 02.11.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Агар икковларининг гуноҳга борганлари билиниб қолса, ўринларига устиларига ноҳақлик тушганлардан иккита давоми...

826 19:00 / 17.06.2025
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ўзларида Таврот бўла туриб, унда Аллоҳнинг ҳукми бўла туриб, қандай қилиб сени ҳакам қилурshyлару, сўнгра ўшандан давоми...

1268 19:00 / 24.09.2024
Аудиолар

232704 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151150 14:35 / 11.08.2021